Темир изларда кечаётган тақдирлар

Йўл – бу тараққиёт, янгиланиш ва ривожланган жамият тимсолидир. Агар дарёлар табиатнинг қон томирлари бўлса, темир йўллар мамлакат иқтисодиётининг қудратли артериялари ҳисобланади. Улар орқали юклар ташилади, узоқ масофалар яқинлашади, шаҳарлар ва саноат марказлари ўзаро боғланади.

Улкан меҳнат, матонат ва бунёдкорликнинг ёрқин намунаси бўлган Навоий кон-металлургия комбинатининг энг муҳим бўғинларидан бири — Марказий кон бошқармасига қарашли Темир йўл транспорти бошқармасидир. Бугун мазкур жамоа ўзининг 60 йиллик шарафли тарихи билан юртимиз саноат солномасида муносиб ўрин эгаллаб турибди. Бу давр Қизилқум  бағрини ўзлаштириш, янги шаҳарлар барпо этиш, мамлакат иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилган инсонлар тақдирининг ажралмас қисмидир.

1966 йилда асос солинган мазкур бошқарма аср мўъжизаси дея эътироф этилган — “Мурунтов” олтин кони ўзлаштирилиши билан чамбарчас боғлиқдир. Олтин қазиб олиш кони, гидрометаллургия заводи, сув иншоотлари ва янги шаҳар қуриш каби улкан бунёдкорликларни темир йўл транспортисиз тасаввур қилиб бўлмасди.

Ҳозирги кунда Темир йўл транспорти бошқармаси энг замонавий ҳаракат таркибига, юқори технологияли ускуналарга ва ўз касбининг ҳақиқий усталари бўлган малакали мутахассисларга эга қудратли саноат тизимига айланди. Сўнгги йилларда амалга оширилган модернизация ва маҳаллийлаштириш ишлари туфайли маъдан ташиш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этяпти.

Модернизация ва маҳаллийлаштириш йўлидан

Темир йўл транспорти бошқармасида турли касб эгалари меҳнат қилмоқда. Жамоа меҳнатсеварлиги ҳамда ишга профессионал тарзда ёндашиши билан ишлаб чиқариш вазифалари сўзсиз бажарилиб, юқори сифатли Қизилқум олтини ишлаб чиқарилишига муносиб ҳисса қўшяпти.

Корхонада амалга оширилган инвестицион лойиҳалар ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда. Жумладан, 2021 йил октябрь ойидан Навоий кон-металлургия комбинати тарихида биринчи бор Темир йўл транспорти бошқармаси Йўл хизматининг янги ташкил этилган участкаси ёрдамида “Балпантов” ва “Томдибулоқ” конлари негизида қазиб олиш карьерини қуриш” инвестиция лойиҳаси доирасида темир йўл устки қисми қурилиш ишларини амалга оширишни бошлашди. 2022 йилда “Балпантов” ва “Томдибулоқ” конлари учун узунлиги 35 километр темир йўл устки қисми ва 9 та стрелкали ўтказгичлар ётқизилди.

Ўша йили “Мурунтов кони негизида қазиб олиш карьерини ривожлантириш V навбати” инвестиция лойиҳаси доирасида қўшимча 600 метр узунликдаги темир йўл ва 2 та комплект стрелкали ўтказгичлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. “Чуқурқудуқ” кони инвестиция лойиҳаси доирасида 5 километрдан ортиқ темир йўл ва 13 та стрелкали ўтказгич ётқизилиб, марказлаштириш, бошқариш ва алоқа қурилмалари билан жиҳозланди.

2023 йилда “Турбай–3-гидрометаллургия заводи” инвестиция лойиҳаси доирасида қисқа вақт ичида 47 километр темир йўл ва 9 комплект стрелкали ўтказгичлар қуриб, фойдаланишга топширилди;

– Эътиборли жиҳати, комбинатда амалга ошириб келинаётган маҳаллийлаштириш дастури бўйича жами 97 та вагоннинг хизмат муддати узайтирилди. Бунинг натижасида вагонларнинг навбатдан ташқари таъмирлаш ишларига жалб этилиши олдинги йилларга нисбатан қарийб 70 фоизга қисқарди. Ағдарма-вагонни четдан харид қилиш нархи 3 млрд 202 млн 744 минг сўмдан ортиқроқ бўлса, уни Вагон хўжалиги маҳаллийлаштириш цехида йиғиш учун атига 522 миллион сўмдан ортиқроқ маблағ сарфланяпти, – дейди Темирйўл транспорти бошқармаси бош муҳандиси Суҳробжон Назаров.

Ҳозирги кунда вагонларни таъмирлаш учун зарур эҳтиёт қисмларни Навоий машинасозлик заводида тайёрлаш йўлга қўйилди.

2024 йилда 22 дона ағдаргичли вагон, 11 дона вагон-цистерналар харид қилинди. 2025 йилнинг биринчи олти ойи мобайнида 15 дона замонавий йўловчи ташиш вагонлари харид қилиниб, Марказий кон бошқармасининг турли саноат корхоналарида меҳнат қилаётган 2,5 минг нафарга яқин ишчи-хизматчиларни ҳар куни Зарафшон шаҳридан “Бессопан” саноат майдонига ишга олиб келиш ва аксинча “Бессопан” саноат майдонидан Зарафшон шаҳрига ишдан олиб қайтишда қулайликлар яратилди.

Локомотив хизмати – муҳим тармоқ

Локомотив хизмати жамоасининг асосий вазифаси олтин таркибли маъданни ташиш жараёнига жалб қилинган тепловозларга техник хизмат кўрсатиш, уларни доимо соз ҳамда ишга шай ҳолатда бўлишини таъминлашдан иборат.

Локомотив хизмати иккита локомотив депосидан ташкил топган бўлиб, улар “Зарафшон” ҳамда “Бессопан” майдонларида жойлашган. Локомотив депоси “Зарафшон” майдони ҳаракат таркибини мукаммал таъмирлаш учун Темир йўл транспорти бошқармасининг асосий таъмирлаш базаси ҳисобланади. Бу ерда локомотивларни жорий таъмирлашдан тортиб, тўлиқ ҳажмдаги капитал таъмирлашгача бўлган ишлар амалга оширилади.

“Бессопан” депоси майдонида эса 2-гидрометаллургия заводига маъданни ташиш жараёнида эксплуатацияда бўлган ҳаракат таркибига кичик ҳажмдаги, шу билан бирга, белгиланган қисқа муддатларда тез ва сифатли хизмат кўрсатиш амалга оширилади. Бошқармада яратилган шарт-шароитлар ва қулай инфратузилмалар таъмирлаш ишларининг сифатли ва тўлақонли бажарилиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Ўтган йиллар давомида олиб борилган амалий ишлар ҳамда маҳаллийлаштириш дастури асосида тепловозларни жорий ҳамда капитал таъмирлаш ишлари корхонанинг ўзида амалга оширилмоқда. Корхонадаги тепловозларни таъмирлаш учун зарур бўлган, меҳнат унумдорлиги ва таъмирлаш сифатини оширишда қўл келадиган кўп турдаги ускуналар харид қилинди.

Йиллик режани ўз вақтида бажариш мақсадида Локомотив хизмати тепловозлар парки йилдан-йилга кенгайиб, замонавий локомотивлар билан янгиланмоқда. 2020-2026 йилларда саккизта магистрал тепловоз харид қилинди. Бугунги кунга келиб, тепловозлар сони 35 тага етди. Бошқармада хизмат кўрсатиш сифатининг ошиши натижасида бир суткада ўртача 160 минг тоннадан ортиқ тоғ массаси ташишга эришиляпти.

Сулола анъанаси давом этади

Халқимизда “Отасига кўра – боласи, дарахтига кўра – меваси” деган нақл бор. Бу ҳикмат замирида чуқур маъно мужассам. Зеро, инсон ўз меҳнати билан нафақат рўзғор тебратади, балки келажак авлод учун ҳаёт мактаби, маънавий мерос ва муносиб йўл қолдиради.

Темир йўл транспорти тизими ана шундай меҳнат анъаналарига бой соҳалардан бири ҳисобланади. Бу тизимда ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида бир оиланинг уч авлоди меҳнат қилиши нафақат бир сулола, балки бутун соҳа учун фахр ва ибрат намунасидир..

Сулолалар фаолият юритаётган корхоналарда жамоавий муҳит барқарор, иш сифати ва меҳнат унумдорлиги юқори бўлади. Чунки бундай оилаларда меҳнат маданияти, касбга ҳурмат ва жамоага садоқат болаликдан тарбияланади.

Тошпўлат Мўминов Темир йўл соҳасида ҳар бир технологик жараён катта масъулият талаб қилишини фарзандларию шогирдларига тушунтириб келди. У 35 йиллик меҳнат фаолиятидан сўнг темир йўл тизимидан нафақага чиққан. Ҳозирда комбинат фахрийси. Унинг ўғли Акмал Мўминов Шимолий кон бошқармасининг Темир йўл транспорти бошқармаси бош муҳандиси, унинг невараси Абдулазиз Мўминов яқинда олий ўқув юртини тамомлаб, бошқармада чилангар бўлиб иш бошлади. Ярим асрдан зиёд вақт давомида соҳада фаолият кўрсатган уч авлод вакилларининг меҳнат йўли алоҳида аҳамиятлидир. Катта авлод оғир шароитларда меҳнат қилиб, соҳанинг мустаҳкам пойдеворини яратган бўлса, иккинчи авлод уни ривожлантириш ва такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшди. Бугунги ёш авлод эса рақамли технологиялар, замонавий техникалар ва инновацион ечимлар асосида ушбу шарафли анъанани давом эттирмоқда.

Устоз машинист мактаби

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг меҳнат йўли фақат шахсий ютуқлари билан эмас, балки тарбиялаган шогирдлари ва эл-юртга келтирган нафи билан ўлчанади. Темир йўл транспорти тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб келаётган тажрибали тепловоз машинисти Ихтиёр Раҳимов ана шундай инсонлар сирасига киради.

Қарийб ўттиз йилдан зиёд меҳнат фаолияти давомида у ўз касбини юксак масъулият ва фидойилик билан адо этиб келмоқда. Темир йўл соҳаси ҳар ким ҳам эплай оладиган касб эмас. У машинистдан мустаҳкам ирода, чуқур билим, юқори малака, интизом ва энг муҳими, инсонлар ҳаёти учун жавобгарлик ҳиссини талаб қилади. Ихтиёр Раҳимов ўзининг касбий маҳорати ва бой тажрибаси билан меҳнат жамоасида алоҳида ҳурмат қозонган.

Бугун Ихтиёр ака тарбиялаган ўнлаб шогирдлар темир йўл транспорти тизимининг турли бўлинмаларида самарали меҳнат қилиб келмоқдалар. Улар устозидан нафақат локомотив бошқариш сирларини, балки ҳалол меҳнат қилиш, интизомли бўлиш, жамоага садоқат ва касбга муҳаббат туйғуларини ҳам ўргандилар. Бу эса ҳар қандай устоз учун юксак эътироф ва энг катта бойликдир. Ихтиёр Зайниддиновичнинг шогирдлари, тепловоз машинистлари Бобур Расулов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Толиб Ортиқов, Шавқиддин Темиров, Раҳим Аҳмедовлар соҳада қарийб ўн йиллик тажриба тўплаб қўйишди. Улар ҳар сменада ўртача олти минг тоннага яқин маъданларни ташиётганлигини ҳисобга олсак, ўтган давр мобайнида қанча маъданни темир излар орқали заводга ташиб беришганини тасаввур этиши қийин эмас.

И.Раҳимов бугун ҳам тажрибали машинист сифатида ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, уларни масъулият ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Чунки у, темир йўл соҳасининг эртанги куни билимли, малакали ва фидойи ёшлар қўлида эканлигини яхши англайди.

* * *

Инсонни улуғлайдиган, эл орасида унинг қадр-қимматини оширадиган энг буюк бойлик – бу унинг билими, касб маҳорати ва ҳалол меҳнатидир. Айнан шу юксак қадриятлар Темир йўл транспорти бошқармаси жамоаси фаолиятида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Авваллари темир йўл тармоқларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ишлари катта маблағлар эвазига пудратчи ташкилотлар томонидан амалга оширилар эди. Қувонарли жиҳати, ҳозирда ушбу катта ҳажмдаги ишларни ушбу жамоа бирдамликда амалга ошириб келмоқда.

Темир йўл транспорти бошқармасида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ривожлантириш давом эттирилмоқда. Корхона ташкил топганлигининг шонли санаси ва касб байрамини муносиб кутиб олаётган аҳил жамоа янги марралар ва янги ғалабалар сари интилмоқда. Бошқарма ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимлари келгусида 2-гидрометаллургия заводига йиллик етказиб бериладиган олтин таркибли маъдан ташиш ҳажмини 60 миллион тоннага етказишдек эзгу ният билан меҳнат қилмоқдалар.

Азамат ЗАРИПОВ,

журналист.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + nineteen =