Тасодифга ишониб… омад кутилмас!

Эркаклар орияти қўзғалганда ва ожиз қолгандагина унсиз йиғлайди…

Мана, футбол бўйича навбатдаги Жаҳон чемпионати тугаб, ғалвир сувдан кўтарилди. Кимга тўй, кимга аза бўлди! Курраи заминнинг қирқ саккизта мамлакатидан ташриф буюрган зарангоёқлар ўзларининг кимлигини, нималарга қодирлигини яхшигина билиб олишди. Кейинги ўн беш йил давомида бир нечта олтин тўпларни, энг нуфузли, дунёвий совринларни бисотларига қаторлаштириб ташлаган ҳатто афсонавий Месси Мессилигини, Роналду Роналдулигини қилолмади. АҚШ, Канада ва Мексикада ниҳоясига етган Жаҳон чемпионати якунланиши билан уларнинг “гуллаган” даврига ҳам нуқта қўйилди. Бу гал Испания футболчилари ўзини кўрсатди.

Ҳамма-ҳаммадан бир бош устунлигини майдонда адолатли ва ҳалол намойиш қилди. Ҳайратланарлиси шуки, салкам бир минг уч юзга яқин футболчиларнинг фақат биргинаси испанлар дарвозасига тўп кирита олди. Жаҳон чемпионатининг саккизта қақшатқич учрашувида дарвозасидан атиги биргина тўп олиб чиқиш ҳамма эриша оладиган натижа эмас. Қойил қолиш керак! Уларнинг ҳимояси оддий ҳимоя эмас, балки мустаҳкам темир қўрғон эканлиги маълум бўлди.

Ҳа, Жаҳон чемпионати тугадими, тугади! Хўш, унда илк бор қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида қандай фикр ва мулоҳазалар билдириш мумкин? Йўл қўйилган хатоларнинг, бой берилган имконият ва йўқотишларнинг сабаблари нималарга бориб тақалади? Табиийки, терма жамоамизнинг энг катта муаммоси ҳар доимгидек мураббийлар масаласи билан боғлиқ бўлди. Бу шахсий фикр, албатта. Яна ҳам аниқроғи, Серечко Катанецдан кейин бизникилар бош мураббийга ёлчимади. Катанецнинг вориси Тимур Кападзе аввалига жиловни қўлга олгандек кўринди. Бироқ футболимиз раҳбарлари терма жамоамиз учун хориждан бошқа мураббий ахтаришга тушгани Тимурнинг ҳафсаласини пир қилган бўлса, ажаб эмас.

Аслида, Каннаваронинг ўтмишда тенгсиз футболчи бўлганлигини ҳеч ким инкор қилолмайди. Бироқ шуни унутмаслик лозимки, зўр футболчи дегани келажакда ундан кучли мураббий чиқишини билдирмайди. Шунингдек, Каннаваро учун жамоамизни Жаҳон чемпионатига тайёрлашда вақт масаласи жуда қисқалик қилди. Италиялик мутахассис ҳар қандай учрашувда асқатадиган янги футболчиларни шахсан ўзи кашф қилишга ҳам улгурмади ҳисоб. Футболда битта зўр футболчини кашф қилиш, таниб қолиш ва терма жамоага бемалол таклиф қилиш учун унинг бир неча ўнлаб, юзлаб ўйинларини обдан таҳлил қилиш лозим. Каннаваро айнан мана шу масалада тахмин қилишга мажбур бўлди чоғи. Мураббийнинг ишончига кирган ҳар қандай футболчидан катта-катта мусобақаларда маҳорати билан рақибларнинг тўрт-бешта аъзосини шошириб қўйиши талаб этилади. Бизнинг терма жамоамизда бундай бўлмади. Бош мураббий чемпионат давомида турли тавсия ва таклифлар асосида ишлади. Унинг қўли билан эски футболчиларга янги либос кийдирилиб, ниҳоятда муҳим вазифа ишониб топширилди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди. Минг бор таҳлил ва танқид қилинг, вақтни орқага қайтариб бўлмайди.

Шуниси таажжубки, катта футбол байрами, яъни мундиални ўттиз беш йил кутиб ҳам, энг биринчи ва тарихий чемпионатни терма жамоамиз сараланган тўлиқ таркиб билан ўтказа олмади. Таркибда Жалолиддин Машариповнинг йўқлиги жуда-жуда билинди. Жалолиддин терма жамоамиз аъзоларини ортидан эргаштира оладиган, мураббийларга фикрини уқтира оладиган, ҳар қандай рақибга қарши кутилмаган хавфни қўллай биладиган, ўйин тизгинини қўлдан чиқармайдиган маҳоратли футболчи эди. Афсуски, унинг имкониятидан фойдалана олмадик. Бу жуда аламли ва оғриқли бўлди. Машарипов Жаҳон чемпионатига нима учун олиб кетилди ва яна нима учун бирорта ҳам расмий учрашувда қатнашмасдан ортга қайтарилди? Мантиқ, мақсад кўринмади…

Хуллас, Жалолиддин Машарипов масаласида шахсан менда жуда жиддий фикрлар бор. Таъкидланишича, унинг соғлиги панд берибди. Гапнинг бўладиганини айтганда, Жаҳон чемпионатида қатнашишни ва яхши натижаларга эришишни мақсад қилган жамоа учун Жалолиддиннинг масаласи доимий диққат-эътиборда туриши шарт эди. Аслида, Жаҳон чемпионатига тайёргарлик деганда жамоа ва футболчилар билан боғлиқ майда-чуйда заррачаларни ҳам алоҳида ўрганиш, муаммоларни бартараф этиш тушунилади. Буниси биргина Жалолиддин атрофидаги муаммолар, холос. Агар терма жамоамизнинг бошқа футболчилари билан боғлиқ масалаларни, муаммоларни тўлалигича ўрганадиган бўлсак, таркибдаги камчиликлар, икир-чикирлар янада кўпайиши эҳтимолдан холи эмас.

Таркибни шакллантириш борасида шунча муаммо бўлгач, терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатига тайёргарлиги юзасидан амалга оширилган ишларнинг барчаси адолатли бўлганлигига турли ва тахминий шубҳалар туғила бошлайди. Аслида жамоамиздан ҳаммамизнинг умидимиз жуда катта эди. Чемпионатгача бўлган вақт оралиғида миллионлаб футбол ишқибозларимиз ҳам шунчаки қўл қовуштириб ўтирганлари йўқ. Ҳамиша фикр, ҳақиқат, дунёвий ғоялар ўртага ташланди. Тош ва тарози ишлаб турди.

Мундиалга тайёргарликнинг сустроқ бўлганлиги Каннаваронинг айби эмасдир, балки. Ушбу жараёнда унга боғлиқ бўлмаган масалалар ҳам бор. Бош мураббийнинг футболчиларимиз билан ота-бола сингари муносабатга кириша олишига фурсат деярли қолмаган эди. Каннаварода ҳозир ҳам бизнинг футболимиз, миллий менталитетимиз борасида умумий фикрлар мавжуд, холос. У бугунга қадар ўзбекларнинг ошини бир неча марта еган бўлиши табиий, аммо ўзи ҳали ўзбекка айлана олгани йўқ. Ўзбекча фикрлашни ҳам ўргана олмаган, чамамда. Жамоамиз мураббийлар штабида, терма жамоалар маркази ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар етакчиларида гуруҳ ўйинларини қандай ўтказиш ҳақида пухта ва мукаммал режа ҳам ишлаб чиқилмаганлиги кетма-кет мағлубиятлардан сўнг табиатан билиниб қолди.

Хатолик, лоқайдлик яна шунда билиндики, чемпионат олдидан ўтказилган иккита ўртоқлик учрашувидаги натижалар қониқарли бўлмаганидан мураббийларимиз, футболчиларимиз тегишли хулоса чиқара билишмади. Бу борада, албатта, калтакнинг энг йўғон томони биринчи галда бош мураббий Фабио Каннаваронинг елкаларига тушиши шарт. Агар Каннаварода юқори даражадаги профессионаллик қобилияти бўлганда эди, Аббосбек Файзуллаевнинг Колумбия терма жамоаси дарвозасига киритган голидан сўнг қайд этилаётган 1:1 натижани ҳеч бўлмаганда ўйин охиригача ушлаб қолишни уддалар ёки ўйин тизгинини бошқа томонга буриб юборар эди. Ваҳоланки, бахтга қарши, рақибларимиз учрашув тугагунча дарвозамизга кетма-кет голлар кирита олишди. Ўйин давомида Каннаваро мураббий сифатида жуда катта хатога йўл қўйди. Биринчидан, ҳисобга қараб тактика қўллашни эплай олмади. Иккинчидан, Колумбия терма жамоасининг ўйин услубини етарлича ўрганмаган ва уларнинг нималарга қодирлигини чуқур англамаган ҳолда йигитларимизни майдонга туширди.

Жаҳон чемпионатининг иккинчи турида Португалиядан олинган йирик мағлубиятдан (Португалия — Ўзбекистон — 5:0) кейин ҳам терма жамоамизнинг кейинги босқичга чиқиш имконияти мавжуд эди. Бу имкониятдан фойдаланиш учун йигитларимиз Конго терма жамоасини йирик ҳисобда мағлубиятга учратиши талаб қилинарди. Футболчиларимизнинг ҳаммаси шунга яраша ҳаракат қилишди ва дастлабки дақиқаларда Элдор Шомуродов рақиб дарвозасига чиройли тўп киритиб, жамоамизни олдинга олиб чиқди. 64-дақиқага қадар ғалаба биз томонда эди. Аммо қолган 26 дақиқа ичида конголиклар кетма-кет тўп киритиб, ғалабани илиб кетишди. Ушбу мағлубият ҳам бош мураббий Каннаваронинг натижадан тегишли хулоса чиқара олмайдиган мутахассис эканлигини англатмайдими? Тайёр ғалабани қўлдан чиқариб юборган бош мураббийнинг фаолиятига бундан бошқа яна қандай баҳо бериш мумкин?

Жаҳон чемпионатида яхши натижалар қайд этишни мақсад қилган мураббий борки, дарвозаларга киритилиши мумкин бўлган ҳар битта голни ҳисобга олган ҳолда қўлланиладиган услубларни тайёрлаб қўйиши лозим. Ҳозир футбол ўйнашни ҳамма яхши билади, лекин ҳамма ҳам ўйин натижаларига қараб тегишли қарорлар қабул қила олмайди. Бунинг учун маҳорат, тажриба ва уқув керак. Учинчи ўрин учун бўлиб ўтган Франция — Англия учрашувининг биринчи бўлимида 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраётган французлар иккинчи бўлимнинг биринчи ярмида инглизлар дарвозасига учта тўп киритишни уддаладилар. Бу, албатта, мураббийнинг кутилмаган ва фойдали қарори ҳамда футболчиларнинг метин иродаси билан боғлиқ масала. Ушбу ўйинда инглизлар йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлишса-да, ҳеч ким Франция футболчиларини ёмон ўйнади ёки мураббийси пала-партиш режаларни қўллади, деб айтолмайди. Бизникилар худди шу масалада сусткашликка йўл қўйишди.

Тўғри, аслида терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатига чиқиши ҳақиқатан ҳам жуда катта ютуқ бўлди. Марказий Осиё ҳамда собиқ иттифоқ таркибидан ажралиб чиққан мустақил мамлакатлар орасидан фақатгина Ўзбекистон терма жамоаси мундиалда қатнашди. Демак, бизда шунга яраша имкониятлар яратилди. Таниш-билишчилик ва коррупция аломатлари нисбатан йўқотилди, футболимизга тоза қон қуйилди. Бас, шундай экан, бундан буён бўлажак мусобақалар олдидан шунга яраша пухта режалар тузиш, ниятларни янада баландроқ олиш мақсадга мувофиқдир. Муҳими, бизда имкониятлар яратилди, тартиб ўрнатилди. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи футболимизга жиддий эътибор қаратаётган бир пайтда дунёвий мусобақаларда номигагина қатнашиш энди ҳеч биримизни қониқтирмаслиги табиий ҳол. Бундан буён эски баҳоналар, гина-кудуратлар ўтмайди. Замон, имконият, зеҳният ўзгарди.

Шуниси қувонарлики, терма жамоамизнинг барча аъзолари Жаҳон чемпионатида жонини жабборга бериб ўйнадилар. Энг сўнгги учрашув ниҳоясига етгач, Абдуқодир Ҳусановнинг кўзларига жиққа ёш келди. Элдор Шомуродов журналистлар қуршовидан ўзини четга олди. Аббосбек Файзуллаев йиғлагандан баттар бўлди. Қолган футболчиларимизнинг армонлари фақат ичига оқди. Уларнинг юзларида зоҳир бўлган афсус ва аламларни ашаддий ишқибозлар сўзсиз англаб олишди. Начора, бу футбол! Кимдир ютади, кимдир ютқазади. Борига ҳам, йўғига ҳам чидаш керак.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бош мураббий Фабио Каннаваро учун ҳам, футболчиларимиз учун ҳам бу галги Жаҳон чемпионати бир синов, танишув саҳнаси бўлди. Терма жамоамизда Жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқи бўлмаганда, эҳтимол, италиялик мутахассис бизга келиб ишлашни истамаслиги ҳақиқатдек туюлади баъзан. Шунингдек, у шартнома имзолаш жараёнида терма жамоамизнинг чемпионатдан катта мақсадларни кўзламаётганлигини ҳам олдиндан билган ҳолда таклифга розилик билдирганмиди? Хўш, энди нима қилиш лозим? Каннаваро кетсинми ёки ишини давом эттирсинми? Бу борада футболимизга масъул раҳбарлар тегишли хулосаларга келиб бўлди. Каннаваро терма жамоамиз билан ишлашда давом этади. Ҳар қалай, шундай маълумот тарқалди. Балки шундай бўлгани ҳам маъқулдир. Мураббийларни ҳадеб алмаштиравериш яхши натижаларни кафолатламайди. Қолаверса, бўлажак Осиё чемпионатига ҳам жуда оз вақт қолди. Биринчи қадамни ҳар доим тушуниш ва хатоларни кечириш мумкин, аммо бундан буён шартни, талабни кучайтириш лозим. Борасан, ютасан, келасан! Тамом! Бошқа йўл йўқ!

Бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида терма жамоамиз барча учрашувларни бой берганидан, натижаларнинг қониқарсиз бўлганидан қатъи назар, йигитларимиз фақат ғалаба учун майдонга тушаётганлиги яшиндек шиддатидан билиниб турди. Ишонамизки, миллий терма жамоамизнинг дастлабки Жаҳон чемпионатида ёққан чироқлари келажакни мангу ёрита олади. Биз учун энг қувончлиси шуки, мағлубиятлардан қатъи назар, кўпгина ёш футболчиларимиз учун дунёнинг энг кучли жамоалари томон сафар ва зафар эшиклари ланг очилди. Бу эшиклардан бир бор мўралаган ўзбек борки, вақти келганда бемалол ўзини кўрсата олади.

Нормурод МУСОМОВ,

журналист.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + sixteen =