Бахт манзили

Улуғ ёшларга етиб, кексалик гаштини суриш чинакам ҳаёт саодати, оила ва жамият учун улкан бахт саналади. Бу ёш инсоннинг ҳаётий тажрибаси, донолиги ва яқинларига берган меҳри билан қадрланадиган олтин даври саналади. Ана шундай файзли ва баракали умр соҳибаларидан бири — бугунги кунда муборак 78 ёшни қарши олган қўштепалик онахон Махфиратхон ая Мўминовадир.

Махфиратхон ая бутун умрини ҳалол меҳнат, юксак сабр-тоқат ва шукроналик билан ўтказган аёлдир. Турмуш ўртоғи Сайдулло ҳожи ота билан елкама-елка туриб, ҳаётнинг турли синовларини матонат билан енгиб ўтдилар. Уларнинг меҳр-муҳаббат ва ўзаро ҳурматга асосланган оиласи бугун кўпчилик учун ҳақиқий ибрат мактабидир.

Бу йил уларнинг турмуш қурганларига 60 йил тўлди. Олтмиш йиллик қутлуғ умр йўли давомида улар 7 нафар фарзандни меҳнатсевар, ҳалол, ва элга нафи тегадиган инсонлар этиб вояга етказдилар. Бугун фарзандларнинг бахтидан қувониб, 27 нафар набира ва 8 нафар чеваранинг меҳрига сазовор бобо ва буви сифатида ҳаёт гаштини сурмоқдалар.

Отахон ва онахоннинг хонадонларидан барака, аҳиллик ва меҳр-муҳаббат аримайди. Ёшларга меҳнатсеварлик, сабр-тоқат, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби миллий қадриятларни уқтириб келаётган бу файзли оила маҳалла аҳлининг ҳам юксак ҳурматига сазовордир.

– Аллоҳга шукур, шу улуғ ёшларга етдик. Ҳаётимизда осон кунлар ҳам, қийин, синовли кунлар ҳам бўлди. Лекин ҳамиша сабр қилдик ва бир-биримизни ҳурмат қилдик. Ҳалол меҳнатдан чекинмадик. Шунинг учун ҳам бугун ҳаётимизда бахт ва қувонч, хотиржамлик мужассам бўлиб турибди, – деди Махфират ая биз билан суҳбатда.

“Узоқ умр кўришнинг сири нимада?” деб сўраган саволимизга онахон табассум ила: “Узоқ умр кўришнинг сири, менимча, кўнгилни пок тутишда, меҳнатдан қочмасликда, ризққа шукур қилишда ва одамларга доимо яхшилик қилиб яшашдадир”, дея жавоб бердилар.

– Биласизми, менинг энг бахтли дамларим қайси онларда? Уйимизга фарзандларим, набираларим ва шириндан-шакар чевараларим жамулжам бўлган вақтдадир. Уларнинг қувноқ овози, кулгиси бутун хонадонимизни файзга, нурга тўлдиради. Уларга қараб, бутун умрим беҳуда кетмаганини ҳис қиламан. Мен учун энг катта давлат ҳам, энг катта бойлик ҳам шу фарзандларимнинг меҳри, набира ва чевараларимнинг бахтидир.

Дарҳақиқат, Махфират аянинг файзли хонадонидан қайтар эканмиз, улар билан кечган самимий суҳбатдан беихтиёр чуқур хулосалар чиқарамиз. Инсоннинг қадри умрининг қанча давом этгани билан эмас, балки уни қандай мазмун билан яшагани, эл-юртга, оиласига ва фарзандларига қандай эзгу мерос қолдиргани билан ўлчанади. Бугунги қаҳрамонимиз каби инсонлар ҳаёти нафақат бир оила, балки бутун маҳалла ва жамият учун ҳам ибрат мактаби бўлиб қолаверади.

Фотима МАНСУРОВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × three =