Саодат салтанатининг маликасиман

Мен бугун ҳаётимга назар ташлар эканман, кўзларимга ёш тўлади. Бу ёшларда алам ҳам, армон ҳам йўқ, булар — шукур, миннатдорлик ва бахт ёшларидир. Чунки инсон баъзида босиб ўтган йўлига — ортга қараб: “Наҳотки мен шунча йўлни босиб ўтдим?” деб ўзи ҳам ҳайратга тушар экан.

Менинг ҳаёт йўлим ҳам осон кечмади. Термизда яшаб, уч нафар фарзандимни асраб-авайлаб, меҳр билан улғайтирдим, ўқитдим ва тарбияладим. Уларни Ватанга содиқ, эл-юртга наф келтирадиган, ҳалол ва муносиб инсонлар қилиб вояга етказишни ҳаётимнинг энг катта вазифаси деб билдим.

Она учун фарзанд — унинг бутун дунёси. Мен ҳам бутун умримни фарзандларимнинг келажагига бағишладим. Уч фарзандимни ёлғиз тарбиялар эканман, ўзимга ҳам, уларга ҳам суянч бўлишга ҳаракат қилдим. Рўзғор ташвиши, иш масъулияти ва ҳаётнинг турли синовлари қаршисида бир нарсани ҳеч қачон унутмадим: фарзандларимнинг келажаги менинг бугунги сабрим ва меҳнатимга боғлиқ.

Шу ният билан ҳаётимда яна бир катта қарорга келдим: фарзандларимнинг келажаги ва имкониятлари кенгроқ бўлиши учун Тошкент шаҳрига кўчиб ўтдим. Ростини айтсам, пойтахтга келган кунимда қалбимда ҳаяжон билан бирга катта ҳадик ҳам бор эди: “Уддалай оламанми? Уч фарзандим билан бу улкан шаҳар бағрига сингиб кета оламанми? Янги муҳитда ўз ўрнимни топа оламанми? Шунча йиллик меҳнатим ва тажрибамни пойтахтда ҳам муносиб давом эттира оламанми?” деган ўйлар мени қийнарди.

Аммо бугун, шу кунларда қувонч кўз ёшларимни тия олмаяпман. Юртимиздаги имкониятлар менинг ўша ҳадикларимни тумандай тарқатиб юборди. Мен қўрққан шаҳар мен учун имкониятлар масканига айланди. Ўзимга ишонмай турган пайтларимда давлатим менга ишонч билдирди. “Ёшим ўтиб кетди”, деб ўйлаганимда, ҳаёт менга: “Ҳали кеч эмас!” деди. “Уч фарзандли ёлғиз она сифатида нимагадир эришишим қийин бўлса керак”, деган хаёлларимни эса давлатимиз томонидан аёллар учун яратилган шароитлар чиппакка чиқариб, қаршимда янги имконият  эшикларини очди.

Мен 25 йилдан ортиқ вақт давомида солиқ тизимида ҳалол меҳнат қилиб келдим. Ҳаётимнинг катта қисми шу тизим, шу юрт ва халқ хизматига бағишланди. Шу йиллар давомида тажриба орттирдим, касбимни севдим ва масъулият билан ишладим. Аммо қалбимнинг бир четида доимо бир орзу яшар эди: олий маълумот олиш. Инсоннинг орзуси баъзан йиллар давомида юрак тўрида жимгина яшар экан. Мен ҳам бу орзумни сўндирмадим. Ҳатто 48 ёшимда бакалавр босқичида таҳсил олиш имкониятига эга бўлдим. Бу мен учун оддий ўқиш эмас, балки ўзимга бўлган “Сен ҳали уддалай оласан!” деган ишонч эди.

Бугун эса Президентимиз томонидан берилган имтиёз асосида, фоизсиз контракт билан солиқ соҳасидаги мутахассислик дипломини олиш бахтига эришдим. Қўлимдаги бу диплом мен учун 25 йиллик меҳнатим, сабрим ва интилишимнинг натижасидир. Бу — уч фарзандини тарбиялаб, уларнинг келажаги учун пойтахтга келган онанинг орзуси, “энди жуда кеч бўлмадимикан?” деб ўзини четга сурмаган аёлнинг ғалабаси, Янги Ўзбекистонда имконият берилса, аёл киши ўз ҳаётини тубдан ўзгартириши мумкинлигининг яққол исботи бўлди.

Энг муҳими, мен диплом олиш билан бирга меҳнат фаолиятимда ҳам янги босқичга кўтарилдим: мени Давлат солиқ инспекциясида давлат солиқ бош инспектори лавозимига тайинлашди. Бу мен учун алоҳида ифтихордир! Чунки мен бу тизимга четдан келган одам эмасман, балки солиқ соҳасининг ичида 25 йиллик меҳнатим, тажрибам ва ҳалол хизматим билан шаклландим. Кичик инспекторликдан бошлаб тажриба орттирдим, меҳнат қилдим, ўргандим ва ўз устимда ишладим. Мен бу тайинловни оддий лавозим сифатида эмас, балки давлатимнинг менга билдирган юксак ишончи деб биламан. Бу ишончни оқлаш эса эндиги энг катта масъулиятимдир.

Бугун мен ўзимни шунчаки бахтли эмас, балки тўкис бахтли аёл деб ҳисоблайман. Чунки фарзандларимнинг камолини кўрдим, уларни эл-юртга хизмат қиладиган инсонлар қилиб вояга етказдим. Бугун набирали бўлдим — оналик бахтининг ортидан энди набиралар меҳри келди. Ҳаёт менга шунча синовлардан кейин ана шу гўзал кунларни кўришни насиб этди. Мен бахтимни фақат диплом ёки лавозимда эмас, балки фарзандларим ва набираларимда, ҳалол меҳнатим билан топган обрўйимда, Ватанимда ва мен каби аёлларга берилаётган имкониятларда кўраман.

Ҳа, мен 48 ёшимда бакалавр бўлдим, бугун солиқ соҳасида мутахассислик дипломини олиб, давлат солиқ бош инспектори сифатида янги масъулиятни қабул қиляпман. Эртага, иншооллоҳ, магистратурада таҳсил олишни ният қилганман. Чунки бир ҳақиқатни ўз ҳаётимда англаб етдим: инсоннинг ёши унинг имкониятини белгиламайди. Ёш — бу шунчаки паспортдаги рақам, орзу эса қалбнинг ёшидир. Агар инсонда ишонч, меҳнат ва сабр бўлса, 48 ёшда ҳам янги ҳаёт бошлаш, 50 ёшдан кейин ҳам янги марраларни забт этиш мумкин. Она бўлиб ҳам ўқиш, фарзанд тарбиялаб ҳам касбда ўсиш, пойтахтга ҳадик билан келиб, унинг бағрида ўз ўрнини топиш мумкин экан.

Шунинг учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдираман. Хотин-қизларга таълим олиш, касб эгаллаш, меҳнат қилиш ва раҳбарлик лавозимларида ўз салоҳиятини намоён этиш учун яратилаётган имкониятларни мен фақат эшитмадим — улардан фойдаландим ва ўз тақдиримда ҳис қилдим. Аёлга ишонч билдирилгани, унинг ёшига эмас, салоҳиятига қаралгани ҳамда она ва меҳнаткаш аёлнинг орзулари қўллаб-қувватлангани учун раҳмат.

Менинг миннатдорлигим фақат сўзда қолмайди. Бу ишончни ҳалол меҳнат, профессионал масъулият, билим ва халққа хизмат қилиш билан оқлайман. Солиқ тизимидаги фаолиятимни янада самарали давом эттириб, Президентим, давлатим ва халқимиз ишончини оқлашга интиламан.

Ҳаётимдаги бу натижаларда фарзандларимнинг сабри ва менга бўлган ишончи, узоқ йиллик меҳнатим, Тошкентга келган кунимдаги қўрқувларим ва энг муҳими, Янги Ўзбекистонда аёлларга яратилган имкониятлар мужассам. Мен Ватанимдан, Президентимдан, Солиқ қўмитаси тизимидаги раҳбарларим, устозларим ва фидоий ҳамкасбларимдан, шунингдек, менга куч берган фарзандларимдан миннатдорман.

Ўзим каби минглаб аёлларга айтадиган сўзим: орзу қилишдан тўхтаманг, ёшингиздан қўрқманг, қийинчиликдан чекинманг. Агар имконият берилса, фойдаланинг, эшик очилса, киринг, йўл узоқ бўлса, сабр билан юринг. Чунки инсонни бахтга олиб борадиган энг катта йўл — унинг ўз қўрқувини енгишидан бошланади. Мен бу йўлни босиб ўтдим ва бугун юрагимда фақат бир сўз бор: шукур. Ўзбекистонга, яратилган имкониятларга, 70 ёшли дуогўй ҳожи онамнинг борлигига, фарзанд ва набираларимга, меҳнат қилиш бахтига эришганимга ҳамда давлат хизматчиси бўлганимга шукур!

Саёҳат САТТОРОВА,

Тошкент шаҳар Учтепа тумани

солиқ инспекциясининг

давлат солиқ бош инспектори.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 4 =