Оламни қалбан ҳис этаётганлар

Айни вақтда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш, ҳар томонлама кўмаклашиш борасида талай ишлар қилинмоқда. Биргина кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун мамлакатимизда бир қатор шароитлар яратиляптики, бунинг замирида инсонийлик, меҳрибонлик фазилатлари акс этган.

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти тасарруфида бугунги кунда олтмиш мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар жамият аъзолигини қабул қилишган. Уларнинг фаолияти жамият томонидан ҳудудий бўлим ва бўлинмалар орқали қўллаб-қувватлаб борилади. Авваллари ҳеч қандай ойлик маошсиз хайрия пуллари эвазига ишлаган бўлим ва бўлинмалар бугунга келиб мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган тегишли фармон ва қарорларга асосан давлат субсидия маблағлари ҳисобидан ташкил этилган бўлиб, ҳар битта бўлим ва бўлинмаларга 3-4 та ишчи ўринлари берилган. Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан доимий равишда ойлик маошлар билан таъминланмоқда. Жойлардаги бўлинмалар ўзларининг янги тадбиркорлик ўқув ишлаб чиқариш корхоналарига эга. Асосан матрас, шолча, чўтка ишлаб чиқариш билан шуғулланган корхоналар бугунга келиб, тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича иш юритмоқда. Жумладан, “Дизайн Принт” ўқув ишлаб чиқариш корхонасида ноширлик хизматлари, ясси ва бўртма нуқтали брайль китоблари чоп этилади.

Ушбу корхонада 40 дан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилади. Бундай ўқув ишлаб чиқариш корхоналарини республика бўйича кўплаб учратиш мумкин.

Қолаверса, жамият юртимиздаги кўзи ожиз инсонларни нафақат моддий, сиёсий жиҳатдан, балки маънавий-маърифий жабҳада ҳам фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Жумладан, жамият томонидан “Ораста қизлар”, “Энг яхши китобхон”, “Брайль саводхонлиги”, “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи”, “Инглиз тили саводхонлиги” каби кўрик-танловларнинг мунтазам ташкил этилиб, янгидан-янги иқтидорларнинг кашф этилиши айнан мана шу жонбозликнинг ёрқин далилидир.

1932 йил 15 июнда ташкил топган Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг ихтиёрий аъзолигига асосланган нодавлат нотижорат ташкилотдир. У Ўзбекистонда яшовчи кўзи ожиз инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, реабилитация қилиш, ижтимоий интеграциялаш, тенг ҳуқуқлилигини ҳамда тенг ҳаёт имкониятларини таъминлашга кўмаклашиш учун республика миқёсидаги жамоат бирлашмаси ташкилий-ҳуқуқий шаклида тузилган. Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳам мустаҳкам алоқаларни ўрнатган. Жамият Oсиё кўзи ожизлар уюшмасининг, Бутунжаҳон кўзи ожизлар уюшмасининг аъзоси ҳисобланади. Россия, Беларусь, Туркия, Қозoғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қувайт, Покистон ва Ҳиндистон каби давлатларда фаолият юритаётган кўзи ожизларнинг жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик ишларини амалга оширмоқда.

“2024–2029 йилларда ЎзКОЖни янгилаш ва юксалтириш стратегияси” доирасида Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти марказий бошқарувининг оммавий-ташкилий, маданий-маърифий, реабилитация ва спорт-соғломлаштириш фаолиятлари бўйича 2025 йил учун тузилган иш режасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг субсидия маблағлари кўмагида ўтган йилнинг 17-18 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида “Янги даврда, янги Марказий Осиёда – бирдаммиз!” ҳамда “Минтақада ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик олий мақсадимиз!” шиорлари остида кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ривожлантириш борасида Осиё ва Марказий Осиё давлатларида фаолият юритаётган кўзи ожизлар бирлашмаларининг саммит тадбирлари ташкил этилди. Мазкур тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Осиё кўзи ожизлар уюшмаси аъзолари, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларида фаолият юритаётган кўзи ожизларнинг жамоат бирлашмалари вакиллари, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти фаоллари, ташаббускор ёшлар иштирок этдилар.

Бутунжаҳон кўзи ожизлар жамиятлари ўртасида ижтимоий алоқаларни шакллантириш, мамлакатларда ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитларни атрофлича ўрганиш ва бу соҳада амалга оширилаётган ижобий тажрибалар билан ўртоқлашиш мақсадида юртимизга жорий йилнинг январь ойида Қозоғистон кўзи ожизлар федерациясининг делегацияси ташриф буюрди. Жумладан, Қозоғистон кўзи ожизлар федерацияси президенти Алмат Сабитжонов ҳамда Қозоғистон бошланғич ташкилот раҳбарларидан иборат вакиллар дастлаб Бухоро, Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, шунингдек, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда жойлардаги “Нурли маскан” кўзи ожиз болалар мактаб-интернати фаолияти билан танишдилар.

Шундан сўнг ташриф Тошкентда Қозоғистон делегациясини Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раиси Эргаш Норпўлатовнинг расмий қабули билан давом этди. Маросимдан сўнг меҳмонлар пойтахтдаги “Dizayn-Print” ва “Cho‘tкa” масъулияти чекланган жамияти ўқув-ишлаб чиқариш корхоналарида ҳамда Tошкентнинг тарихий-меъморий обидаларида бўлишди. Юқори савиядаги учрашувларда икки томонлама меморандум имзоланиб, қатор манфаатли ҳамкорликларга эришилди.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда жамият томонидан тадбиркорлик, ҳунармандчилик, спорт, таълим ва бошқа соҳалар бўйича кўзи ожиз аҳоли вакилларига мунтазам кўмак кўрсатиб келинмоқда.

Хусусан, дунё ҳамжамиятига ҳамоҳанг тарзда бугун мамлакатимизда кўзи ожиз инсонларнинг кутубхоналари замонавий смарт шаклига ўтказилиб, киши эшикдан кириши билан уларнинг юриш-туриши учун қулай, овозли йўналтиргичлар, хоналар билан овозли таништириш ҳамда кутубхона каталогининг овозли тизими амалиётга жорий этилган. Қолаверса, кутубхоналар қошида китобхонлар учун махсус лингафон хоналар, тил ўрганиш, касбга йўналтириш, брайль алифбосига ўргатиш курслари ҳам босқичма-босқич амалиётга жорий этиб келинмоқда.

Албатта, ушбу ғамхўрлик бесамар кетгани йўқ. Бугунги кунда кўриш қобилияти чекланган ёшлар орасида IT соҳасини мукаммал ўрганиб, “Мухлиса” овозли синтезатори, “Brayl кeyboard” каби қатор овозли дастурлар, лойиҳалар ва иловалар яратилмоқда.

Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу беғараз умуминсоний сиёсат нафақат маҳаллий тадбиркорлар, балки чет эллик ҳамкорларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Жумладан, Хитой давлатининг Шанхай шаҳрида жойлашган йирик ва кичик ишлаб чиқариш заводлари учун мўлжалланган техник ускуналар тайёрлайдиган “AMC INDUSTRIAL DEVELOPMENT COMPANY LIMITED” компанияси раҳбари Тан Цзян Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти таркибидаги корхоналар билан шартнома тузиб, минглаб кўриш қобилияти чекланган инсонлар бандлигини таъминлашдек хайрли ишнинг ташаббускори бўлиши ана шу оқилона сиёсатнинг мевасидир. Қисман инвестиция ҳисобига ушбу ҳамкорлик доирасида Тошкент шаҳридаги “Dizayn-Print” ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари янги иш ўринлари билан бойиши кутилмоқда. Шуни алоҳида айтиш жоизки, 2024 йил 26 август куни Давлатимиз раҳбарининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-124-сон Фармони айни муддао бўлди.

2026 йил февраль ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти раиси Эргаш Норпўлатов Бутунжаҳон кўзи ожизлар ассамблeяси вицe-прeзиденти сифатида Қувайт давлатида бўлиб, Осиё кўзи ожизлар уюшмаларининг ассамблеясида иштирок этди. Бу йиғилишда дунё бўйича бугунги кунда кўзи ожизлар ва заиф кўрувчиларга бўлган эътибор ҳамда яратилаётган шарт-шароитлар юзасидан музокаралар олиб борди. Дунё бўйича кўзи ожизларни қийнаб келаётган муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.

Ҳа, айтганча, 2024 йилда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва бир қатор қўшни ҳамдўстлик мамлакатлари кўзи ожизлар жамиятлари ўртасида ўзаро мемoрандум имзоланган эди. Имзоланган келишувларга мувофиқ, жорий йилнинг aпрель ойида Россия Федерацияси кўзи ожизлар жамиятининг таклифига кўра, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг махсус делегацияси Россия кўзи ожизлар жамияти фаолияти билан танишиб қайтди. Жумладан, Рoссия кўзи ожизлар жамияти тасарруфидаги реабилитация марказлари, ишлаб чиқариш корхоналари, спорт-соғломлаштириш марказлари, шунингдек, тифло-музей фаолияти билан яқиндан танишиб, музей учун кўзи ожизлар жамияти тасарруфидаги босмaхонада брайль усулида чоп этилган Қуръон китоби совға қилинди.

2025 йил мобайнида ЎзКОЖ раҳбарияти республика бўйлаб сайёр қабул уюштирди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимлари ўртасида жамият аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Унда барча муаммолар ўрганилди. Кўп қисми ҳал этилди. “Нурли маскан” мактаб-интернатларига ташриф буюрилди.

Йил бошидан буён Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви ҳамда матбуот хизмати ва ташкилий бўлимларнинг йиллик режаларига кўра Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамиятларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди молиявий кўмаги билан бир қатор илмий-амалий семинар-тренинглар, турли тадбирлар, танловлар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, “Инсонийлик кўприги”, “Намунали Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти маҳаллий бўлинмаси”, “Ҳуқуқий саводхонлик aкадемияси” семинар-тренинглари республика бўйича офлайн ва онлайн тарзда ўтказилиб келинмоқда.

Шу ўринда кўришда нуқсони мавжуд фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган саховатпеша халқимизни ва бир қатор жамоат фондларини муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган оқилона сиёсат — ногиронларни қўллаб-қувватловларини тилга олмасликнинг имкони йўқ. Кўзи ожизларнинг ҳар бир ишида камарбаста бўлаётган инсонларга ўз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз. Шунингдек, жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан 80 мингга яқин кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар ва жамиятдошларимиз номидан муборакбод этамиз. Ватанимиз гуллаб-яшнайверсин, Ватанимиз равнақи йўлида биз ҳамиша ҳамқадаммиз.

Турдиали НОРМАТОВ,

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти

ахборот хизмати раҳбари.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + four =