Адолат ва умид даргоҳи
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилояти Халқ қабулхонаси мудири,
“Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари соҳиби Баҳодир Юсупов ҳузурида
Наманган шаҳрига кираверишда пештоқида мамлакат рамзи — Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилояти Халқ қабулхонаси биноси кўзга ташланиб туради.
Бинога кираверишга Президентимизнинг “Инсонларнинг дарду ташвиши билан яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир” деган шиор зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган.
Мурожаатчилар учун кутиш заллари, она ва бола, тиббиёт хоналари энг замонавий анжомлар билан жиҳозланган. Бу идорада мурожаатчилар учун барча шароит ва қулайлик муҳайё.
Дарҳақиқат, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзолангач, ўтган давр ичида мамлакатимизда ташкил этилган Халқ қабулхоналарига юз минглаб ҳамюртларимиз мурожаат қилдилар. Буюк шоир ва мутафаккир, ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, ониким, йўқ халқ ғамидин ғами” деб битилган ҳикмати асрлар ўтса-да, янада аҳамиятлироқ бўлиб бормоқда.
Вилоят Халқ қабулхонаси мудири Баҳодир Юсупов ҳузуридаман. У киши билан 1996 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олаётган даврда танишганмиз. Ўшанда Баҳодир Юсупов Учқўрғон туманидаги “Андижон” жамоа хўжалиги раҳбари эди.
У қайси жабҳада ишлаган бўлса, доимо фидойилиги билан эл назарига тушган. Эл-юрт, давлат манфаатларини муқаддас деб биладиган, шижоатли, сабр-матонатли, меҳр-оқибатли, иймон-эътиқодли ва энг муҳими, камтарин раҳбар. Уни ҳурмат қилишимнинг яна бир боиси — жуда кўп китоб ўқиган зиёли инсон, журналистларга адабиёт ва ижод аҳлига доимо эъзоз ва эътибор билан муносабатда бўлади.
Бу галги суҳбатимиз ҳам самимий руҳда бошланди.
— Халқ қабулхонасидан ҳеч ким ноумид кетмаслиги лозим, — дея сўзини бошлади Баҳодир ака. — Аҳолининг ҳақиқат излаб, адолат қидириб, ҳуқуқларини талаб қилиб ёзган мурожаатлари тажрибали ва билимли ҳуқуқшуносларимиз томонидан чуқур таҳлил этилиб, ечими топилмоқда. Муаммоларни вилоятимиздаги шаҳар ва туманлар Халқ қабулхоналари, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот ва бошқа идоралар вакиллари тезкорлик, шаффофлик тамойиллари асосида қонуний ва холисона ҳал қилишмоқда.
Жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятимиз бўйича Халқ қабулхоналарига 68 минг 100 тадан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатчилар орасида пенсия ва ижтимоий таъминот, алимент ва қарз ундириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари фаолияти, меҳнатга ҳақ тўлаш, дафтарлар асосида ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабарлар ва улар бўйича иш юритишга оид муаммолар, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш, моддий ёрдам ва ҳомийлик масалаларида фуқаролар мурожаатлари миқдори бирмунча ошди.
Фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлиги етарли даражада эмаслиги, қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларидан бехабарлиги, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш, уни рад этиш бўйича қарор оиланинг даромади, бандлиги ва бошқа маълумотлар вазирлик ҳамда идораларнинг электрон маълумотларига асосан инсон омилисиз (аралашувисиз) чиқарилиши ҳам сабаб бўлмоқда. Кейинги пайтларда давлат ижрочисининг бир ойлик иш ҳажми кўплиги, алимент ундирувига оид ҳужжатлар вақтида ўрганилмаслиги туфайли фуқаролар мурожаатлари ортиб бормоқда.
Ўз аҳли аёли ва фарзандлари тақдирига бефарқ қараб, алимент тўлашдан бош тортаётган номард оталар кўпайиб бормоқда. Норасида фарзандларини етаклаб, дарду ҳасратини айтиб, йиғлаб келаётган ёлғиз оналар муаммоларини бартараф этиш учун алоҳида диққат-эътибор зарур. Улар халқ қабулхоналарини адолат излаб умид билан келар экан, уларнинг муаммоси — жамиятнинг ҳам муаммоси деб қабул қилмоқдамиз. Чунки алимент ололмай сарсон бўлаётган моддий ва маънавий ночор аҳволдаги аёллар қарамоғида қанчадан-қанча норасида болалар тарбияланаяпти. Оталар тириг-у, болалар қорни тўймай, усти бут бўлмай бўзлаб турса, бу ҳол бева аёл учун оғир кўргилик-ку! Ходимларимиз шундай мураккаб аҳволга тушиб қолган мурожаатчи аёлларнинг ҳар бирининг дарду ҳасратларини меҳр-шафқат билан эшитиб, ижобий хал қилиш чораларини кўришмоқда.
Айрим масъул мансабдорларнинг фуқарога “отангга бор, онангга бор” қабилидаги сансоларлик муносабатларига чек қўйилмай, фуқаро муаммоси ечимини ўзининг зиммасидан соқит қилиб, аризаларни бошқа идораларга йўналтириш ҳоллари ҳам, афсуски, учраб турибди. Маҳаллий даражада ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларнинг ўз вақтида кўриб чиқилмаслиги оқибатида мурожаатчилар юқори республика даражасидаги раҳбарларга, шу жумладан, Давлат раҳбарининг қабулига кириш учун пойтахтга боришмоқда. Вилоятимиздаги 113 нафар фуқародан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 174 та мурожаат қилинган. Халқ қабулхоналари вакилларининг саъй-ҳаракатлари билан вилоятдаги секторлар раҳбарлари, ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва туман секторлари раҳбарлари томонидан 78 нафар фуқаронинг шундай мурожаати тингланиб, улардан 21 таси ижобий ҳал этилди. 56 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди ва биттаси эса тугатилди.
Маълумотлардан аён бўлдики, жорий йилда мурожаатлар билан ишлаш бўйича камчиликларга йўл қўйган давлат идоралари ва ташкилотларига халқ қабулхоналари томонидан 267 та тақдимнома киритилган бўлса, 297 та таклиф ва 590 та кўрсатма берилди. Натижада 205 нафар масъул ходим огоҳлантирилиб, 255 нафарига эса интизомий жазо чораси кўрилди. 16 нафар масъул ходим ойлик иш ҳақидан жарима тўлади ва 101 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Мурожаатлар билан ишлашда йўлга қўйган масъулиятсизликлари учун йигирма нафар масъул шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Бундан ўн йиллар аввал аҳоли мурожаатларига, арз-додларига эътиборсизлик шу даражага етган эдики, одамлар ўз дарду ташвишлари, муаммою мушкулотларини айтишга безиллаб қолганди. Ёзишмалардан ҳафсалалари пир бўлиб, давлат ва ҳокимият идораларига ишонмай қўйишганди. Халқ адолат ва хақиқатни юзага чиқарувчи ҳуқуқ-тартибот идораларига умидсизлик билан ноиложликдан мурожаат қилишарди. Аризаларга расмиятчилик учун бир қолипдаги берилган жавоблардан шикоятчиларнинг кўнгиллари қолган эди…
Мурожаатларнинг аксарият қисми замирида инсонларга муносиб турмуш тарзи яратиш масаласи турар экан, муаммонинг ижобий ҳал этилиши аҳоли розилиги йўлида қилинган муҳим ва савобли қадамдир.
Халқ қабулхоналарида бугунги муҳит мутлақо ўзгача. Фуқаролар мурожаатларини рўйхатга олиш ва уларни ўрганиш жараёнлари тез ва шаффоф, ўз муддатида, рақамли технологиялардан фойдаланилган ҳолда кўриб чиқилмоқда.
Тажрибали, халқпарвар ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлган нуфузли ҳуқуқшунос ва мутахассислардан таркиб топган вакилларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотлари ташкил этилмоқда. Мурожаатчиларнинг ҳаётий муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш, лўнда қилиб айтганда, одамларнинг оғирини енгил қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар туфайли одамлар Халқ қабулхоналарини адолат ва умид қалъаси деб аташмоқда.
Мамлакатимизда яқин-яқингача ҳам камбағал сўзини ўз номи билан атамас эдик. Оммавий ахборот воситаларида бу сўз кам таъминланган деб ёзиларди.
Муҳтарам Президентимиз биз журналистларга ҳам ижтимоий ҳақиқатнинг кўзига тик қарашни ўргатди. Бойни бой, камбағални камбағал деб айта оладиган бўлдик. Бир пайтлар “бизда ҳамма бой, фаровон яшайди” деб ёлғон гапириш, ёзиш одатий ҳолга айланганди. Гарчи бунга ҳеч ким ишонмаса-да. Бугун эса камбағалликка қарши курашиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳам ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитларни яратишдир. Бу дастуриламалда 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан икки баробарга камайтириш мақсади белгилаб қўйилгани ҳам бежиз эмас.
Албатта, Наманган вилоятида ҳам улкан ўзгаришларни амалга ошириш учун долзарб вазифалар турибди. Шу билан бирга ўз жавобини кутаётган ўткир муаммолар ҳам бор. Аҳоли ҳаётининг барча соҳалари қатори фуқароларимизнинг онги ва дунёқарашида ҳам ўзгаришлар бўлишини давр тақозо этмоқда.
Халқ манфаати — ҳамма нарсадан улуғ. Ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этишда ҳеч кимни эътибордан қолдирмаслик тамойили асосида иш олиб борилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш тизими ўз самарасини бермоқда. Вилоятнинг ҳар бир туманида биттадан энг ночор аҳволда яшовчи, муқаддам бирор-бир ташкилотга мурожаат қилмаган хонадонлар аниқланиб, туман (шаҳар) Халқ қабулхонаси раҳбарлари ўзи ва ёр-дўстлари билан мазкур хонадондаги уйларни таъмирлаб, оиласини камбағилликдан чиқариш ишларига астойдил киришилди.
Биз Баҳодир Юсупов ҳамрохлигида ана шундай хонадонларда бўлдик. Наманган шаҳар 2-сектор ҳудудидаги “Даштбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини Ғирвонсой кўчаси 20-уйда бизни олтмиш олти ёшли Ёқубжон ота Юсупов ҳаяжон билан тўлқинланиб кутиб олди.
— Бу хонадон ўттиз йилдан буён таъмирланмай абгор ҳолатга, тўғриси, яшаб бўлмайдиган аҳволга тушиб қолган экан, — деди Наманган шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Ҳасанбой Қосимов. — Бу хонадонда оила бошлиғи Ёқубжон Юсупов қирқ йил “Навбаҳор” футбол клубида матбуот масалалари бўйича ходим бўлиб ишлаган. Уларнинг қирқ тўрт ёшли ўғли Равшанбек болаликдан биринчи гуруҳ ногирони. Бечора Зуҳрахон она куну тун ногирон ўғлининг парвариши билан овора экан. Қизи Машҳуранинг ҳам ҳаёти ўхшамай, эридан ажрашиб, саккиз йилдан бери икки нафар фарзанди билан ота-онасининг хароб ҳовлисида яшар экан.
Шаҳар Халқ қабулхонаси мудири бизга тақдим этган бу хонадоннинг аввалги ҳолатдаги суратини кўриб, шундай фаровон замонимизда, шаҳар ҳудудидаги аянчли ва ночор яшаган фуқаролар аҳволига ачинмай илож йўқ эди. Зудлик билан чоралар кўрилиб, Халқ қабулхонаси ходимлари ва ҳомийлар ёрдамида Ёқубжон ота Юсуповнинг уйи томлари ва шифт қисмлари тўлиқ қайта қурилди, ташқи деворлар таъмирланди. Хонадонга кириш дарвозаси янгиланди, ҳовли четида оғилхона қурилди. Қўлбола иссиқхона қилиниб, кўкатлар экилди. Икки ойга етадиган сабзавот маҳсулотлари билан таъминланди.
Уйчи туманидаги “Ғайрат” маҳалла фуқаролар йиғини Ойбулоқ кўчасида яшовчи Эрмамат Нурматов хонадонидамиз. Бу хонадон аъзолари ҳам жуда аянчли аҳволда яшаётган бўлган. Уларга туман Халқ қабулхонаси ва ҳомийлари томонидан бир хонали уй, дарвоза, ошхона, бостирма қуриб берилибди. Бошқа уйларнинг эшик-деразалари ҳам янгиланибди. Ҳомийлар томонидан телевизор, газ баллон, газ плита ва икки ойлик озиқ-овқат захираси билан таъминланган. Бу хонадон ҳовлисидаги иссиқхонада турли кўкат ва ризаворлар ўстирилмоқда. Хонадон соҳиби Эрмамат Нурматов ва унинг турмуш ўртоғи ишга жойлаштирилди.
Мингбулоқ туманидаги “Қизилқум” маҳалласида “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” дастури асосида амалга оширилган ишлар ижодкор сифатида бизни жуда қувонтирди. Чекка бир қишлоқдаги йўллар янгидан асфальт қилинибди. Обод хонадонлар ва уларнинг атрофидаги шакл берилган дарахтлару гулларни кўриб ҳавасимиз келди.
Маҳалладаги Алишер Навоий кўчасида 18 та хонадон бор. Уларда 92 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг бир нафари “Аёллар дафтари”да, уч нафари эса “Ёшлар дафтари”да рўйхатда туради. Ушбу кўчада яшовчи олти нафар ишсиз фуқароларнинг уч нафарига ўзини-ўзи банд қилиш ҳамда оилавий даромадини ошириш мақсадида тикув машиналари берилган.
Бу кўчада олтита тунги ёритиш қурилмалари ва электр ҳисоблагич ўрнатилган. Тажриба тариқасида тунги ёритиш учун сарфланган электр энергияси ҳақини аҳоли томонидан тўлаш жорий қилинибди. Хонадонларга соғломлаштириш учун спорт анжомлари берилган ва китоб бурчаклари ташкил этилган бўлиб, эшиклари олдига эса чиқинди ташлаш қутилари ўрнатилган.
Президент Халқ қабулхонаси ташаббуси билан Наманган вилоятида ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбаини шакллантириш ва шу асосда турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилган “Мурожаатдан — даромадга” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Куни кеча шу лойиҳа асосида Норин туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактабида ташкил этилган тадбирда туман халқ қабулхонасига қилинган мурожаатлар асосида ўн учта тикув машинаси, тўртта мотокультиватор, битта автомобиль ювиш ускунаси, битта катта печь, битта принтер берилди. Натижада иш билан банд бўлмаган хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди ва даромад олишлари учун имконият яратилди.
Фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш учун “Маҳалла еттилиги” ишини янада жонлантириш муҳим аҳамиятга эгадир. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, одамлари ҳаётдан рози бўлган Ватан осуда, обод ва файзли бўлади.
Бундай савобли ишда Халқ қабулхоналари, жумладан, Наманган вилояти Халқ қабулхонаси фаолияти ибратли бўлмоқда.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.