Дарслик қуввати билан ёзилган монография
Бадиий асарларни танлаб, мазмун-моҳиятини теранроқ англаган ҳолда мутолаа қилишда адабиётшуносларнинг дарслик, монография ва мақолалари ғоят муҳим ўрин тутади. Биз ёшлигимизда бадиий асарлар билан бир қаторда Иззат Султон, Воҳид Абдуллаев, Матёқуб Қўшжонов, Азиз Қаюмов, Лазиз Қаюмов, Салоҳиддин Мамажонов, Ботирхон Валихўжаев, Бахтиёр Назаров, Наим Каримов, Тўра Мирзаев, Неъматулла Иброҳимов, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Суйима Ғаниева, Иброҳим Ғафуров, Абдуғафур Расулов, Ҳотам Умуров, Санжар Содиқ каби адабиётшунос олимларнинг адабий китоблари ва мақолаларини қунт билан ўқиб улғайганмиз. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида эса Шуҳрат Сирожиддинов, Нурбой Жабборов, Ҳамидулла Болтабоев, Дилмурод Қуронов, Баҳодир Раҳмонов, Сувон Мели, Султонмурод Олим, Баҳодир Карим, Абдулла Улуғов, Узоқбой Жўрақуловлар каби олимлар томонидан ёзилган адабий-таҳлилий мақолалар, китобларни эътибор билан кузатиб борамиз.
Бундай таҳлилий асарларнинг иккита муҳим жиҳати бор. Биринчидан, олимлар таҳлил этган бадиий асарларни кейинчалик тамомила ўзгача нигоҳ билан мутолаа қиласиз. Иккинчидан, ёзувчи ва шоирлар, айниқса, ёш ижодкорлар улардан ўзи учун тегишли хулоса чиқаради, ҳақиқий сабоқ олади!
Ўттиз беш йиллар бурун баъзи ижодкорлар орасида шундай гап юрарди: “Мен ёзаётган пайтимда елкам оша Озод Шарафиддинов кузатиб турганга ўхшайди!..”
Бу, бир томондан, қаламкашнинг ўзига бўлган талабчанлиги ифодаси бўлса, иккинчи томондан, адабиётшунос олимга бўлган юксак эътибор ва эътироф эди. Чиндан ҳам, ўша давр ёзувчи-шоирлари бирор асар ёзса, “бунга Озод Шарафиддинов қандай муносабат билдирар экан?” деб ўйлашининг ўзи катта бир мактаб эди.
Хўш, ҳозирги пайтда ҳам ижодкорлар ва адабиётшунос олимлар ўртасида шундай ришталар мавжудми? Бирор шеър, ҳикоя ёки қисса ёзаётган ижодкор қайси мунаққиднинг “елкаси оша кузатиб тургани”ни ҳис этади? Назаримда, бугун ҳам ана шундай туйғулар оғушида ижод қилаётганлар кам эмас. Анча-мунча ёзувчи-шоирлар янги асари ҳақида филология фанлари доктори, профессор Дилмурод Қуроновнинг фикрларини билишни истайди.
Бу фидойи адабиётшунос олимнинг 2010-2019 йилларда чоп этилган “Адабий жараёнда “Мом синдроми”, “Мутолаа ва идрок машқлари”, “Завқимдан бир шингил”, “Талқин имконлари”, “Адабий ўйлар”, “Назарий қайдлар”, “Адабиёт ва б. ҳақида” деб номланган китобларини ҳам қизиқиш билан мутолаа қилганмиз. Шунингдек, унинг қатор монография, дарслик ва қўлланмаларидан, хусусан, “Адабиётшунослик луғати”дан унумли фойдаланиб келяпмиз.
Адабиётшунос олимнинг навбатдаги китоби “Абдулла Қодирий ижоди масалалари” деб номланган монография бўлди. Муаллиф сўзбоши ўрнида шундай ёзади:
“Эҳтимол, кўзингиз тушган ҳамдир, бир вақтлар “Илк ўқиган китобим “Ўткан кунлар” бўлади, десам, ҳозир ўзимга ҳам ёлғонга ўхшайди. Лекин ҳақиқатда шундай бўлган”, деб ёзганим бор. Худди шундай, мурғак вақтимда яқинларимдан юқтирганим — Қодирийга меҳр умр бўйи мени тарк этмай, билъакс, йилдан йилга ўзим билан баравар улғайиб келмоқда. Фақат бу меҳрда энди англанганлик салмоқлироқ… Беихтиёр болаликдаги беғубор туйғуни соғиниб ҳам қоласан киши, лекин англашнинг ҳам завқи беқиёс-да. Адабиёт мен учун аллақачон “иш”га айланиб бўлганидан, адабий асар ўқиганингда ҳам, бирон нима ёзганингда ҳам ўзингни недир мажбурият остидадек сезасан… Ҳў бир вақтлари ҳис қилганларингни соғинасан киши… Беихтиёр “Ўткан кунлар”ни ё “Меҳробдан чаён”ни варақлай бошлайсан — ортга қайтгандек, ўша ҳисларни кўнгилдан кечиргандек, қониқиш ҳис қилгандек бўласан. Улар ҳақида бирор нарса қораласанг ҳам… Шу тариқа анча-мунча нарса ёзиб ҳам қўйибман, бор бисотимни умумлаштириб, бутунроқ бир нарса қилгим келди…”
Таниқли адиб Ўткир Ҳошимовнинг “Роман қуввати билан қисса, қисса қуввати билан ҳикоя ёзиш керак”, деган сабоғи бор. Шу нуқтаи назардан қаралса, мазкур монография дарслик қуввати билан ёзилгандек ажиб таассурот қолдиради. Унда буюк адиб Абдулла Қодирий ижоди атрофлича тадқиқ этилган. Буни “Абдулла Қодирийнинг бадиий фалсафаси” номли фаслиданоқ кузатиш мумкин.
“Бундан чамаси ўттиз беш йиллар аввал адабий давраларнинг бирида гап “Нима учун ўзбек романлари жаҳон миқёсида эътироф этилмайди?” деган савол теграсида айланди-ю, суҳбатдошлардан бири буни “романларимизда фалсафанинг йўқлиги” билан изоҳлади, — деб ёзади муаллиф. — Ўшанда “Ахир, масалан, “Ўткан кунлар”да ўзига хос фалсафа бор, фақат бу фалсафа, айтайлик, достоевскиёна ё толстоёна мушоҳадалар тарзида муаллиф тилидан эмас, тасвир воситасида берилган” қабилида эътироз қилгандим. Бироқ суҳбат муҳити шундай эдики, эътирозим ҳеч сингишмади, фикримни ўтказа олмадим, аниқроғи, етказа олмадим. Ўшандан бери шу масалани ёритиш истагида яшайман, бироқ ҳар гал шу ишга жазм қилганимда ўзимда бир ожизлик, “Ўйлаганларимни ифода қила оламанми? Яна ўшандагидек етказа олмасам-чи?!” деган ҳадик-андиша туяман-да, пайсалга солиб келаман. Вақт эса аёвсиз ўтиб боради… Сўнгги пайтларда “Яхшидир, ёмондир — борича ёзмасам бўлмайди!” деган ўй миямга ўрнашди…”
Шу тариқа муаллиф юқорида баён этилган фикрларини асослашга ва исботлашга бел боғлаган. У “Ўткан кунлар” романига шунчаки ишқий-саргузашт асар сифатида қараш бирёқламалик эканини таъкидлаб, “Гўзал ва қайғули муҳаббат тарихи замирида мутафаккир бир зотнинг оламу одам моҳияти ҳақидаги теран мушоҳадалари, бадиий фалсафаси ботин” эканини асослаб беради. “Адиб романда чуқур дард билан ёритган, бадиий идрок этишга интилган муаммо ЭРК масаласи эди, — деб ёзади муаллиф. — Ҳозир жадидлар ижоди ҳақида сўз борганда уларнинг марказий муаммоси миллий эрк масаласи бўлганини таъкидлаймиз. Абдулла Қодирий чинакам санъаткор ва гуманист сифатида бу муаммони жуда кенг қўйди: миллий эрк масаласини шахс эрки масаласи билан чамбарчас боғлаб талқин қилди”.
Китобдан ўрин олган “Абдулла Қодирий замона ҳақида”, “Ўткан кунлар”нинг теран илдизларига доир”, “Ўткан кунлар”: нашрлар ва матний муаммолар”, “Меҳробдан чаён”: нашрлар ва матний муаммолар”, “Ўткан кунлар”: рецептив муаммолар” сарлавҳали фаслларида ҳам буюк адибнинг ўз замонасига муносабати ва маънавий олами теран таҳлил этилган.
Китобхонларга яхши маълумки, “Ўткан кунлар”да қаламга олинган даврга “тарихимизнинг энг қора, кирлик кунлари” дея таъриф берилган. Муаллиф “бунда на замонасозлик, на шўро мафкураси таъсири бор — Абдулла Қодирий мансуб бўлган тараққийпарвар зиёлилар авлоди мазкур замонга шундай муносабатда бўлган” деган фикрни илгари суради.
Монографиядаги таҳлилий фикрлар ўқувчини мушоҳадага чорлайди. Негаки, улар замирида буюк адиб шахсиятининг янги қирралари бўй кўрсатади. Қуйидаги жумлага эътибор беринг-а:
“Абдулла Қодирий “Равот қашқирлари” фильмида миллий турмуш манзараларини суратга олишда йўл қўйилган нуқсонларга тўхталаркан, бундай ҳоллардан фориғ бўлиш шартини келтиради: “Менга қолса, ўзбек давлат киносини чин муваффақиятга олиб борадурған нарса мумкин қадар сценария ёзувчиларни ўзбеклардан етишдириш ва ҳозирча бўлса овруполик сценаристлар ёнига ўзбекларни тиркаб қўйиш, артист ва артисткаларни ўзбеклардан тарбиялашдир. Чунки ўзбек турмушини майда-чуйдасигача ўзбек боласи билади. Ўзбек бўлмағач, ҳар қандай мутахассиснинг ҳам афсона кўчасига кириши аниқ ва бу ҳолда “ўзбек киноси”нинг маъноси ҳам бўлмас”1. Улуғ адиб фикридаги мантиққа кўра, ўзбек турмушини тўлақонли бадиий акс эттириш учун “ўзбек турмушини икир-чикиригача билмоқ” талаб қилинади, бунинг учун эса “ўзбек боласи” бўлмоқ керак. Айни пайтда ушбу мантиқни ривожлантириб, ўзбек турмуши тасвиридаги нуқсонларни кўра олмоқ учун ҳам “ўзбек турмушини икир-чикиригача биладиган ўзбек боласи” бўлмоқ керак, дейиш мумкин”.
Мустабид тузум авжи палласига чиқаётган энг мудҳиш замонда ўзбек миллатининг келажагини ўйлаб бу қадар дадил гап айтиш катта жасорат эди. Бундай ҳаётбахш фикр бошқа миллатга мансуб одамдан чиқмаслигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Китобда буюк жадид бобомиз, атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг бетимсол жасорати шу тариқа ёритилган. “Ўткан кунлар” кўз олдимизда йўқликка сингиб бораётган халқнинг ўзлигига дохил урф-одатлар, турмуш тарзимиз ва эътиқодимиз билан боғлиқ миллий сажия, муомала одоби каби жиҳатларни ўзида мангуга сақлаб қолган хазина, десак, янглишмаймиз”, деган хулосага келади муаллиф.
Китобдаги сўнгги фасл адабиёт ихлосмандларининг дилида жўш уриб турган фикрларга пайвастадир. Яъни “Қодирийни қадрлаш масалалари” фаслида муаллиф баъзи кимсаларнинг Абдулла Қодирий ҳақида “Жуда ошириб юбориляптими? Мақтовлардан озроқ тирикларга ҳам қолдирилса яхшимиди? Бунча мақтовга яраша нимаси бор ўзи, шугина бир романими? Жаҳон мезонларида қаралса, ффу…” қабилида валдираб юришларига муносиб жавоб қайтаради.
“Абдулла Қодирийни, — деб ёзади муаллиф хулоса ўрнида, — чин дилдан қадрлаш ҳақида гап бораётир. Яъники адибни бутун ҳолича — бетакрор санъаткорлиги-ю асарларида оз бўлса-да учраб турадиган ғализроқ ўринлари, ҳаёт ҳақиқатига содиқлиги-ю баъзан муросасозликка ҳам боргани, эътиқодда собитлиги-ю гоҳи замона урфига эргашиб, бобомерос эътиқодий масалаларга тегиниброқ ҳам кетгани… — хуллас, бор ҳолича қадрлашимиз керак”.
Монографияда ўқувчининг маънавий оламини бойитадиган бундай теран ғоялар бисёр.
Яқинда “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган ушбу монография китоб жавонларимиздан ҳақли равишда ўз ўрнига эга бўлади, деган умиддамиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси.
