Ибрат сабоғи
(Машҳур ҳуқуқшунос Ҳалима Муҳитдинова таваллудининг 110 йиллиги)
Адолатли судья учун фақатгина қонунни билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ундан мустаҳкам ирода, холис тафаккур, пок виждон ва ҳар қандай пайтда ҳақиқатни ҳимоя қилиш жасорати ҳам талаб этилади.
Инсон умрининг муносиб баҳоси эл-юртга келтирган нафи, одамлар қалбида қолдирган эзгу изи ва келгуси авлодларга кўрсатган ибрати билан ўлчанади. Зеро, эзгу амалнинг нури сўнмайди; унинг пок номи, яратган мактаби ва халққа қилган хизмати яшашда давом этади.
Халқимиз “Яхшининг номи ўчмас”, “Юк кўтарган юзага чиқади”, деб бежиз айтмаган. Зиммасига эл-юрт ташвишини олган, масъулиятдан қочмай, ҳаёт синовлари қаршисида ирода ва матонат кўрсатган инсонгина халқ меҳрига, тарих эътирофига сазовор бўлади.
Бугун биз хотирлаётган халқимизнинг асл фарзандларидан бири — таниқли ҳуқуқшунос, ўз даврининг моҳир судьяси, давлат ва жамоат арбоби Ҳалима Муҳитдинованинг умри ҳам ана шу эзгу ақиданинг ҳаётий ифодаси десак, асло муболаға бўлмайди.
У кишининг ёшлик ва ўсмирлик йиллари ўтган асрнинг мураккаб ҳамда зиддиятли даврига тўғри келган. Ҳалима Муҳитдинова ҳаётнинг энг масъулиятли соҳаларида қатъият ва жасорат кўрсатиб, ҳалол меҳнати, ташкилотчилик қобилияти, одамларга меҳр-эътибори билан жамоатчилик ўртасида юксак обрў-эътибор қозонди.
Бу матонатли аёл 1916 йилда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги қишлоқлардан бирида, оддий деҳқон оиласида дунёга келди. Ўша даврнинг оғир ижтимоий шароити, турли қийинчилик ва чекловларига қарамай, илм-маърифатга бўлган чексиз интилиши, меҳнатсеварлиги ва мустаҳкам иродаси туфайли шарафли ҳаёт йўлини босиб ўтиб, ўзидан ўчмас ном қолдирди.
Меҳнат фаолиятини жамоа хўжалиги котибалигидан бошлаган бу оқила аёл йиллар ўтиб, тинимсиз изланиши, қатъияти, касбий маҳорати ва раҳбарлик салоҳияти билан давлат ва жамоат арбоби даражасига кўтарилди. Бу юксалиш тасодиф ёки тақдирнинг инъоми эмас, балки ҳар бир босқичи машаққатли меҳнат, ўз устида ишлаш, билимга ташналик ва халқ ишончига муносиб бўлишдек юксак масъулият эвазига қўлга киритилди.
Тарих саҳифаларини варақлар экансиз, Ҳалима Муҳитдинованинг нафақат масъулиятли лавозимларда намоён бўлган ташкилотчилик салоҳияти, балки энг қалтис ва таҳликали вазиятларда кўрсатган юксак инсоний фазилатларига ҳам гувоҳ бўласиз. Инсоннинг асл қиёфаси осойишта кунларда эмас, балки мураккаб синовлар қаршисида қандай қарор қабул қилиши ва зиммасидаги масъулиятни қай даражада ҳис этиб бажаришида намоён бўлади.
Ҳалима Муҳитдинованинг ўз халқига бўлган чексиз муҳаббати, фидойилиги ва жасоратини тўла очиб берадиган муҳим бир тарихий воқеа 1944 йилда содир бўлган. Иккинчи жаҳон уруши ҳали давом этаётган, мамлакат иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ниҳоятда оғир аҳволда бўлган бир пайтда Республика ҳукумати тизимида масъул вазифада ишлаётган Ҳалима Муҳитдинова ҳукумат даражасида тузилган махсус комиссияга раҳбарлик қилди.
Ховос тумани ҳудудидаги Жўйлангар, Сармич, Совот ва Чанговул қишлоқларида энцефалит (бош мия шамоллаши) каби ўта хавфли касаллик тарқалиб, аҳоли бошига катта кулфат солади. Одамлар саросимага тушган, тиббиёт ожиз қолган таҳликали бир пайтда Ҳалима Муҳитдинова ўзига юклатилган вазифани шунчаки расмиятчилик юзасидан бажармасдан, ҳақиқий халқ фарзанди сифатида ўз ҳаёти ва саломатлигини хавф остига қўйиб, касаллик тарқалган қишлоқларда яшайди, аҳволни ўрганади. Машъум касалликдан азоб чекаётган инсонларга меҳр кўрсатиб, уларга жуда катта маънавий далда ва умид бағишлайди.
Шахсан Ҳалима Муҳитдинованинг талаби ва ташаббуси билан соғлом болалар касаллик тарқалган қишлоқлардан олиб чиқилиб, Тошкент вилоятининг Зангиота туманига жойлаштирилади ҳамда шу йўл билан уларнинг ҳаёти сақлаб қолинади.
Ҳалима Муҳитдинованинг қатъияти туфайли ҳатто Москвадан малакали шифокорлар касалликка қарши курашга жалб этилади. Зарур тиббий ва ташкилий чоралар кўрилиб, кўплаб ватандошларимизнинг ҳаёти сақлаб қолинади.
Бу жасорат у кишининг нақадар инсонпарвар эканини рўйирост кўрсатади. Ушбу фидойи аёл раҳбарликнинг асл моҳияти одамлардан узоқда туриб топшириқ беришда эмас, балки энг оғир вазиятда халқнинг ёнида бўлишда эканини ўз ҳаёти билан исботлаб берди. Зеро, чин раҳбар кулфат пайтида хавфсиз жой изламайди: бошига кулфат тушган одамлар билан бирга бўлади. Ҳалима Муҳитдинованинг бутун фаолиятида ана шундай инсонийлик фазилатлари устувор аҳамият касб этган.
Ҳалима Муҳитдинованинг Олий судга раҳбарлик қилган йиллари ҳам тарихнинг энг мураккаб ва синовли даврига тўғри келди. Суд тизими ва раҳбар кадрларга нисбатан турли тазйиқлар кучайган, кўплаб инсонлар тақдири қил устида турган, қўрқув ва таҳдиднинг совуқ шамоллари ҳукмрон бўлган шароитда ҳам у киши ўз виждонига, касбий эътиқодига ва адолат мезонларига хиёнат қилмади.
Адолатли судья учун фақатгина қонунни билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ундан мустаҳкам ирода, холис тафаккур, пок виждон ва ҳар қандай пайтда ҳақиқатни ҳимоя қилиш жасорати ҳам талаб этилади.
У киши қайси раҳбарлик лавозимида ишламасин, мансабини ўзига берилган имтиёз сифатида қабул қилмаган, аксинча, халқ ва қонун олдидаги улкан масъулият деб билган. Суд тизимининг обрўси ва нуфузини ҳимоя қилишда, нажот ва чора излаб келган инсонларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда қатъият кўрсатган. Ҳар қандай тазйиқ қаршисида ҳам қонун ва виждонга таяниш мумкинлигини ўз фаолияти билан исботлай олган.
Ҳалима Муҳитдинованинг судьялик фаолиятидаги энг муҳим фазилатларидан бири — инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик эди. Суд ҳужжати ортида инсоннинг ҳаёти, тақдири, ор-номуси ва келажаги турганини у чуқур ҳис қилганини бугун архивларда сақланаётган тарихий ҳужжатлар ҳам исботлаб беради. Ана шундай инсоний ва касбий фазилатлари туфайли бу покдомон аёл суд тизимида ўзининг ҳақиқий “ибрат мактаби”ни яратган кам сонли ва бетакрор ҳуқуқшунослардан бири сифатида тарихда қолди.
Бу кишининг мазмунли ҳаёт йўли ва фаолиятида яна бир муҳим ҳақиқат яққол кўзга ташланади: юксак лавозим инсонни улуғ қилмайди, аксинча, инсон ўзининг ҳалол меҳнати, пок виждони ва эзгу амаллари билан лавозимга зеб беради. Ҳалима Муҳитдинова эгаллаган ҳар бир вазифасининг нуфузини халққа садоқатли хизмати билан юксалтира олди.
Умрининг сўнгги йиллари Тошкент шаҳридаги юридик техникум билан узвий боғлиқ ҳолда кечди. Мазкур таълим даргоҳида ёш авлодга ҳуқуқ илмининг сирларини ўргатди. Уларга фақат назарий билим бериш билан чекланмай, ҳаёт сабоғи, ҳалоллик, адолат, масъулият ва одамийлик мезонларини ҳам сингдиришга интилди.
Чинакам устознинг умри ўз шогирдлари ҳаётида давом этади. Шу маънода, Ҳалима Муҳитдинованинг умри фақат ўзи яшаган йиллар билан чегараланмайди. Унинг ҳаёт ва адолат мактаби шогирдлари, издошлари ва у ҳақдаги эзгу хотиралар орқали ҳамон яшамоқда.
Айни пайтда муҳтарама устозимиз таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш, у кишининг номини абадийлаштириш бўйича кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.
Бу мўътабар аёлнинг машаққатли ва шарафли ҳаёт йўли, ибратли фаолиятини очиб беришга қаратилган кенг қамровли автобиографик китоб нашр этилиши арафасида турибди. Шунингдек, ушбу фидойи инсоннинг ёрқин ва ўчмас қиёфасини катта экранда гавдалантирадиган ҳужжатли фильм тайёрланмоқда.
Булардан кўзланган асосий мақсад — қайси давр ва қандай сиёсий-ижтимоий шароит бўлмасин, ўз халқи ва Ватанига содиқ қолиб, виждонан ва пок меҳнат қилган мўътабар ўзбек аёлининг ҳаёт мактабини кенг жамоатчиликка етказишдир.
Ушбу китоб ва ҳужжатли фильм орқали бугунги ва келгуси авлод вакиллари Ҳалима Муҳитдинованинг босиб ўтган мураккаб, аммо шарафли ҳаёт йўли, судьялик фаолияти, давлат ва жамоат ишларидаги хизматлари, инсоний фазилатлари ҳамда устозлик мероси билан яқиндан танишади. Бу ёш авлодни инсон умрининг қадри, виждон олдидаги масъулият, ҳақиқатга садоқат ва халққа хизмат қилишнинг буюк маъноси ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.
Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янгиланаётган Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, жамият ҳаётида адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларига айланди. Шу маънода, Ҳалима Муҳитдинованинг ҳаёти ва маънавий-ҳуқуқий мероси ғоят қимматли ва ибратлидир.
Дарҳақиқат, Ҳалима Муҳитдинова сингари фидойи инсонларнинг ибратли тақдири бугунги Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги шиддатли ислоҳотларда фаол иштирок этаётган, давлат ва жамият бошқарувида ўз салоҳиятини намоён қилаётган замондошларимиз учун ҳам матонат ва жасорат намунасидир. Айни пайтда бу ҳаёт йўли судьялар, ҳуқуқшунослар, давлат хизматчилари ва мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар учун улкан маънавий сабоқдир.
Ҳалима Муҳитдинованинг халқ ва Ватан олдидаги хизматларини муносиб эътироф этиш, унинг пок номини абадийлаштириш ҳамда бой ҳаётий меросини келгуси авлодларга етказиш бурчимиздир.
* * *
АДОЛАТ ҚУЁШИ
Замонлар алмашар, йиллар ўтар жим,
Тарихга айланар кеча ва бугун.
Аммо эзгу амал билан ўтди ким,
Эл қалбида яшар мангу, бус-бутун.
Ҳақ йўлин ёритган нурли бир сиймо,
Адолат сўзига бахш этган ҳаёт.
Ҳалима опанинг покиза умри –
Ватанга садоқат, халққа ибодат.
Виждони пок эди, оқ эди юзи,
Ҳақиқат жилоси порлар йўлида.
Маёқ деб билди эл ишончин, сўзин,
Қонунни муқаддас тутди дилида.
Олий суд минбари юксак бағоят,
Унда онг синалар, чархланар инсон.
Ўн йиллик меҳнат бу –
минг йиллик заҳмат,
Матонат аталмиш ёрқин бир достон.
Оғир синовларда, машаққатларда,
Қатъият ҳамроҳи бўлди ҳар доим.
Бошин баланд тутди машваратларда,
Ўз виждони амрига қололди қоим.
Қиличи – ҳақиқат, қалқони – қонун,
Эътиқоди эзгу қалъа бу юрак.
Эл ташвишин зиммага олиб,
Халққа хизмат қилди кун-тун, жонҳалак.
Она эди – меҳри тонгдек мусаффо,
Фарзанд тарбияси – энг олий бурчи.
Судья эди – одил, донишманд, доно,
Адолат тимсоли, элнинг суянчи.
Бу икки калима – муқаддас мақом,
Бир умр шарафлаб тутилмиш бошда.
Диёнат аҳлига эш этилган ном
Бугун, мана қутлуғ бир юз ўн ёшда…
Қуёш ботар, аммо зиёси сўнмас,
Ойдин одамларнинг амали эзгу.
Кимки Ҳақ йўлида нур таратди, бас,
Авлодлар қалбида қолажак мангу.
* * *
Албатта, инсон умрининг энг муносиб баҳоси — унинг ортидан айтиладиган эзгу сўз ва давом этадиган хайрли ишларидир. Зеро, бу энг катта ибрат сабоғидир. Халқ қалбига муҳрланган ном тарих саҳифаларидан ўчмайди.
Ҳалима Муҳитдинованинг адолатга, халққа ва Ватанга бахшида умри ана шундай боқий умрлар сирасига киради.
Холмўмин ЁДГОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгаши раиси.
