Ватан десам…
Юртимизда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам тантаналари ўзгача бир шукуҳ билан бўлиб ўтди. Она Ватанимиз ўз ҳурлигини қўлга киритганига 35 йил – навқирон ёшга тўлгани барчамизга қутлуғ бўлсин!
Минг афсуски, элимиз бир асрдан зиёд вақт мобайнида мустамлакачилик шароитида, адолатсизлик ва зўравонлик исканжасида яшади. Ўз тақдирини ўзи белгилаш эркидан маҳрум эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мустақиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини ҳаяжон билан тингладик. У ҳар бир ватандошимиз қалбига сингиб кетди, десак хато бўлмас.
“Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.
Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди…”
Юртбошимизнинг мана шундай ўтли сўзлари ҳар бир ватандошимизни руҳлантирди. Истиқлол шарофати туфайлигина ўзлигимизни англадик. Лекин ана шундай улуғ неъматнинг қадрига ҳамма ҳам етяптими? Мустақиллик берган имкониятларни шукроналик билан юракдан ҳис қиляпмизми?
Мен эса Ватан ҳақида ўйлар эканман, дилимда бир мунаввар ҳислар уйғонаверади. Ахир дунё дунё бўлибдики, не-не замонлар, не-не хоқонлар ўтмасин, жами муқаддас тушунчалар, туйғулар ичида “Ватан” дея аталмиш манзилдан буюкроғи-суюклироғини топмадик. Ватан томирларимизда оқаётган қондайин қайноқ, кўксимизда уриб турган юракчалик азиз.
Қардошимиз озар шоири Акиф Бағирнинг “Ўзбек келаётир” шеърида айтилганидек:
Чиқариб нурафшон йўлга карвонин,
Бошига кўтариб тенгсиз сарбонин,
Куч олиб истиқлол зафарларидан,
Яна юлдузларга тақаб нарвонин,
Ўзбек келаётир тарих қаъридан!
Шу ўринда катта устозларимиздан эшитганим бир воқеа ёдимга тушади. Мустақилликнинг илк йилларида давлат арбоби, профессор олим, устоз Эркин Юсупов Ўзбекистон БМТнинг таълим, маданият ва фан масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти бўлган ЮНЕСКОга аъзо бўлгандан сўнг илк бор бир гуруҳ давлатимиз вакиллари билан ЮНЕСКО штаб-квартираси жойлашган Париж шаҳрига борадилар. Халқаро тадбир бошланиш арафасида ўша вақтда ЮНЕСКО бош директори бўлган Федерико Майор йиғилганларга шундай мурожаат этади: “Хонимлар ва жаноблар! Мен сизлардан узр сўраган ҳолда, бугун дипломатик қонун-қоидаларни бироз бузмоқчиман. Бугунги йиғилишимизда ташкилотимизнинг янги аъзоси бўлган мамлакат вакиллари иштирок этишмоқда. Мен уларни саккизинчи қатордан биринчи қаторга ўтиб ўтиришларини сўрайман”. Шунда масъуллар келиб, Ўзбекистон вакилларини биринчи қаторга ўтказишади. Ҳамма ҳайрон. Аслида, бу ҳолат халқаро дипломатик этикет қоидаларига зид ҳисобланарди. Шунда Майор яна сўзида давом этади: “Хонимлар ва жаноблар, мен шу ишни қилмай, йиғилишни бошлай олмас эдим. Чунки бу янги вакилларимиз Ўзбекистондан келишган. Нима учун уларни биринчи қаторга ўтказганимни сўрасангиз, айтаман. Чунки бу юрт — дунё тамаддунига, илм-фан тараққиёти, маънавият камолотига беҳисоб ҳисса қўшган буюк тарихий шахслар ватанидир. Биз биламизки, дунё тамаддунига энг кўп ҳисса қўшган олиму фозиллар сараланиб, энг буюк хизмат қилган 200 нафари тан олинади. Уларни ҳам саралаб, муносиблар ичра муносиб саккизта буюк даҳо тан олинган. Мана шу саккиз даҳонинг олтитаси Ўзбекистон ҳудудида туғилиб, яшаб, илм-фан ривожига буюк ҳиссаларини қўшган. Бу вакилларимиз эса ана шу даҳо аждодларнинг авлодларидир!” Шунда бутун зал оёққа туриб, Ўзбекистон вакилларини бардавом олқишлай бошлашади. “Шу дамда менинг кўзларимдан тинимсиз ёш оқарди, — дея хотирлаган устоз Эркин Юсупов. — Ва ниҳоят, баъзилар бизни кичик миллат атаб, тан олмай турган бир даврда бу тарихий ҳақиқатни биладиганлар, тан оладиганлар, эътироф ва эҳтиром этгувчилар борлигидан фахр ва ғурур ҳис этаётгандим”.
* * *
Ташкилотимизга хизмат сафари билан келган латвиялик ҳамкасбларимизга ҳамроҳ бўлиб Тошкент вилоятининг кенг пахтазорларидан ўтиб борарканмиз, меҳмонларимиздан бири К.Kaспарс: “Бу пахта эмасми?” деб сўради далани кўрсатиб. Унинг сўзларини тасдиқладик. У эса: “Мен пахтани фақат телевизорда кўрганман”, деди ҳайрат билан пахтазорга боқиб. Меҳмонларимизга ростакам пахтани кўрсатиш учун ҳайдовчимизга йўл четида бир-икки дақиқага тўхташини сўрадик. Йўл-йўлакай ҳамкасбларимиздан бири пахта ҳақида билганларини, у бизнинг миллий бойлигимиз экани, ёшлигидан пахта тергани, бу ерлар фермерларга тегишлилигини тушунтира кетди.
Латиш дўстларимиз пахтазорга ўзгача бир ҳаяжон билан кириб боришаркан, чаноқлардаги қийғос очилган пахталарни авайлаб ушлаб кўришди, у ёқ-бу ёғидан ўтиб, суратга ола бошлашди.
Мен пахтанинг нима эканлигини ҳис этишлари учун уни қўлда узиб олиб кўришини айтдим. Улар эса бир менга, бир пахтага қараб: “Ахир бу мумкинми?” дея сўрашди. “Нега мумкин эмас?” сўрадим англамай. Меҳмон: “Ахир бу бировнинг плантацияси, мулки бўлса, уни сўрамасдан олса бўладими?” деди. Мен қўлимдаги узиб олганим, лўппи пахта чаноқларини узатдим-да: “Фақат меҳмонлар учун мумкин, ахир биз меҳмондўст халқмиз, чинакам пахтанинг нималигини билмай кетмайсиз-ку?!”, дея кулиб вазиятдан чиққан бўлдим. Аммо ичимда бир нарса узилгандек бўлди. Негаки, бировнинг ҳақи, бировнинг омонати деган муқаддас тушунчалар аслида бизники, бизнинг халқнинг асосий қадрияти, қонуни бўлиб келган эмасмиди?
Ҳа, меҳмонлар билан ўтган шу уч кун ичида улардан кўп нарсани, жумладан, ўз миллатига, миллий тилига ғурур-ор деб қарашни, миллатига жуда баланд эҳтиром ва ўта ҳалолликни кўрдим, ўргандим. Англадимки, аслида “инсоф”, “ҳалоллик”, “бировнинг ҳақи”, “виждон” деган тушунчалар инсоннинг миллати, дини билан боғлиқ эмас. У қайси юртдан бўлмасин, ҳақиқий инсоннинг қалбида бўлар экан. Уни оиладаги тарбия, мамлакатдаги қонунлар ва қадриятлар ҳамиша мустаҳкамлаб туради.
* * *
Ўтган йили хизмат сафари билан Беларусь Республикасида бўлдик. Биз ҳафта давомида ҳамкорларимиз билан музокараларни битиргач, юртга шошдик. Меҳмонхонадан чиқиб, аэропорт томон йўл оларканмиз, манзилгача бир соатлик йўл, ўзаро суҳбат авжида эди. Нима бўлдики, биз чиққан енгил машинамиз ва яна олд томонда беш-олтита улов тезликни секинлаштириб, бамайлихотир юра бошлади. Биз ҳайронмиз, ҳеч ким сигнал чалмайди, йўл сўрамайди. Яхшилаб қарасак, олд томонда ғалла ўрадиган комбайн кетаётганини кўрдик. Қарама-қарши йўналиш бўм-бўш бўлса-да, ортда кетаётган ҳеч бир машина қувиб ўтай демасди. Бироз фурсатдан кейингина олддаги уловлар секин-аста йўрғалаб ўта бошлашди. Шунда ҳам комбайн ҳайдовчисидан рухсат сўрагандай тавозе билан бош ирғаб, илиқ сўзлар айтиб, қўл силкитиб, сўнгра айланиб ўтишарди. Комбайнчи ҳам буларга жавобан қўл кўтариб, оқ йўл тиларди. Бироз сукутдан сўнг ҳамроҳимиз қизиқишини яширолмай, ҳайдовчимиз белорус йигитидан оддий бир комбайнчига бўлган бу муомалаю илтифотнинг маъносини сўради. Ҳайдовчимиз хушчақчаққина йигит эмасми, жилмайиб атрофни кўрсатиб, “Булар нима?” дея савол берди. Ҳамроҳимиз атрофга бир қараб олди-да: “Кенг далалар”, деди. Шунда йигит бош силкиди: “Йўқ, бу жаннат-ку! Бу далалар бизни тўйдиради, ризқ беради. Бу ризқни экувчи, етиштирувчи, бу неъматларни йиғиб олиб, дастурхонимизга етказиб берувчи мана шу деҳқон биродарларимиз-да. Улар бизни тўйдирадиган, оиламизга баракот ва хурсандчилик олиб келувчи жаннатий инсонлар. Уларга ҳурмат кўрсатиб, бир оғиз илиқ сўз, раҳматимизни айтмай ўтиш худога-да хуш ёқмайди”. Бу жавобдан кейин биз бир-биримизга маъноли қараб олдиг-у, ўртага бир муддат сукунат чўкди. Бошқаларни билмадим, аммо менинг томоғимга-да бир нима тиқилди.
Биз бугун ҳар нарсадан улуғ бўлган инсон қадри ҳақида кўп гапиряпмиз. Мен гувоҳ бўлганим воқеа эса ҳар қандай буйруқ ё топшириқларсиз, дабдаба-ю шиорлардан холи бўлган самимий инсоний муносабат, оддий инсоннинг баланд қадр-қимматига мисол эди. Бир нарсага амин бўлдимки, ҳар бир мамлакатдаги тараққиёт, ўсиш ва ўзгаришлар, авваламбор, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқаронинг қалбида юртига бўлган меҳру муҳаббатдан, фидойиликдан бошланади.
Ҳа, бор бўлсин фидойи инсонлар!
…Уйга қайтишимиз олдидан Минск шаҳридаги катта бир дўконга кирдик: дўконнинг у бошида турсанг, бу боши кўринмайди. Совға-салом учун ул-бул харид этарканмиз, маҳсулотларнинг хилма-хиллигидан бошим айланиб, мезбон ҳамроҳимиздан сўрадим: “Мана буларнинг қайси бирини олганим маъқул, тоза, сифатлироғи қайси?” Мезбон бироз ажабланиб, мени тушунмагандай, саволимга савол билан жавоб қайтарди: “Тозаси қанақа бўлади?” “Сен ўзинг болаларинг учун қайсини кўпроқ харид қиласан, сифати тозароғи?” У англаб етди, шекилли, жилмайиб жавоб берди: “Бизда “тозароқ” дегани йўқ. Мен ўзим ва болаларимга хуш ёқадиганини харид қиламан, аммо бу маҳсулот сифати билан боғлиқ эмас, унинг таркиби, ёғлилик даражасига боғлиқ бўлиши мумкин. Сифатсиз маҳсулот савдо брендининг обрўйини тўкади, шунинг учун савдога киритилмайди. Бу маҳсулотларимизнинг барчаси сифатли, мен бунга аминман”.
Яқинда йўлимиз тушиб, “Ўрикзор” бозорига кирдик. Аксига олиб, ёмғир қуйиб турибди. Рўзғорга зарурий маҳсулотларни ҳам ола кетиш мақсадида расталарни айлана бошладик. Колбаса ва пишлоқ олиш учун дўконга кириб, маҳсулотлар ёрлиғига боқиб, танлай бошладик. Эътиборимни тортгани, савдо растаси ёнида сосиска, колбаса маҳсулотлари қопларга солинган, баъзилари эшик олдида шундоққина оёқ остида, ёмғир тагида турарди. Сотувчидан сўрадим:
— Маҳсулотни шунақа аҳволда сақлайсизларми? Булар, аслида, қадоқланган, сифат талабларига жавоб берадиган ҳолда сақланиши керакмасми?
— Бу маҳсулотлар вилоятларга жўнатиладигани, сизга тозасидан, қадоқланганидан бераман, — деди совиткични очиб.
— Ахир вилоятдаям буни одамлар ейди-ку! Вилоятларда яшайдиганлар ҳам ўзимизнинг халқ, эл эмасми?! Оладиган одамларнинг соғлиғига зиён эканини биласиз-ку!
Сотувчининг энсаси қотди:
— У ёғи менинг муаммом эмас…
Юрт, Ватан олдидаги бурч, аввало, шу — сени вояга етказган замин, миллат, халқ, юртдошларингга бўлган муносабат, меҳру оқибат, ўз ишингга масъулият ва иймонинг бутлигидан бошланади. Бугун сен кўз юмган кичкинагина иллат эртага катта бир талафот бўлиб ўз бошингга, яқинларинг зиммасига юкланиши тарихда кўп бора такрорланган ва такрорланажак ҳақиқатдир. Аввало, ўзимиз, қолаверса, Аллоҳ олдида юзимиз ёруғлиги, қалбимиз поклиги ҳар биримиз учун буюк саодатдир.
* * *
Ватан мавзусида кўп ёзамиз, аммо бу тушунча, бу меҳрни қалбдан, ич-ичингдан ҳис қилиш қанчалар улкан бахт эканини англаб етавермаймиз баъзида. Яқинда Ҳаж зиёратига бориб қайтган бир дугонамизнинг оналарини йўқлаб бордик. Етмишга яқинлашган бу онахоннинг суҳбатларини эшитиб, ҳаяжонландим. Ҳожи онахонимиз Ҳаж зиёрати таассуротларини шундай ҳикоя қилдилар: “Ҳаж амалларини бажариб юрган кунларимизнинг бирида ибодатга берилиб, ўз гуруҳдошларим, яқинларимдан ажралиб қолиб кетибман. Бир пайт қарасам, нотаниш жойдаман, нотаниш одамлар. Бошқа мамлакат зиёратчилари ҳаммаси ўз байроқларини кўтариб олган. У ёқдан бу ёққа аланглайман: қани энди бизникилар, бизнинг байроғимиз кўрина қолса. Ўша ерда юрган назоратчи йигитнинг ёнига бориб: “Ўзбекистон, мен ўзбекистонликман…” дея амаллаб адашиб қолганимни тушунтирдим. У тушуниб, бош силкиди-да, ёнига бир дастёр йигитни чақириб, алланималар деди. Муслим йигит менга йўл бошлаб кетди. Йигитчанинг ортидан кетяпман-у, ҳар томонга аланглайман, кўзларим кўк, яшил, оқ рангли қадрдон байроқни излайди. Анча юрдик ва ниҳоят бир муюлишдан ўтиб, ҳилпираб турган Ўзбекистон байроғига кўзим тушди. Юрагим бир ҳапқирди, бир ҳапқирдики, кўзларимдан ёш шашқатор бўлиб оқа бошлади. Мен шу ёшга келиб бунчалар соғинчни, бунчалар ҳаяжонни ҳис этмагандим. Шу онда юртим байроғини олиб, кўзларимга тўтиё қилиб сургим, боламни эркалагандай бағримга босиб, қучиб ўпгим келди. Гуруҳдошларим ҳам мендан хавотир олиб туришган экан, кўринишим билан мен томон илдамлашди. Кўзларимдаги ёшни кўриб, хавотир аралаш шошиб сўроққа тутишди. Бироз ўзимга келгач, айтдим: “Қаранг, бизнинг байроғимиз ҳамма юртларникидан чиройли-я!..”
Кейин онахон бир хўрсиниб қўшиб қўйдилар: “Мен-ку, муқаддас зиёратгоҳда бир он юртдошларимни йўқотиб қўйиб, Ватан қадрини ҳис этдим, фироғига чидаёлмадим. Ватандан олисда йиллаб юрганлар бу айрилиққа қандай чидаркан-а?” Бу ҳикояларни эшитиб, ўтирганлар анча пайт сукутда қолдик…
* * *
Бир рассомдан бахтнинг суратини чизиб беришини сўрашганида, у ўйланиб ўтирмай, кафтдаги бир сиқим тупроқ расмини чизган экан. Ҳа, бизнинг бахтимиз, орзу-мақсадларимиз рўёби, шодлигимиз таъми мана шу тупроқдагина тотли, ҳузурбахш. Биз мана шу тупроқ — она Ватан бағридагина чинакам бахтни ҳис эта оламиз, усиз эса ҳар қандай бойлигу шодлигимиз, юксалишларимиз қиймати нолга тенглашади.
Ватанни севиш нимадан бошланади?.. Эҳтимолки, юртга фидойилик, садоқат бу — ҳар қанақа баландпарвоз сўзлар, оташин нутқларда эмас, шу юрт, шу миллат учун қилаётган ижобий амалларимизда, халқнинг корига яровчи меҳнатимиз маҳсулида кўринса, ажаб эмас.
Зилола ХЎЖАНИЁЗОВА,
шоира,
“Шуҳрат” медали соҳибаси.
