Азамат чинорлардан бири
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти лауреати, моҳир сўз устаси Одил Ёқубов ўзбек адабиёти боғида тан олинган азамат чинорлардан бири ҳисобланади. Унинг ҳар бир асари — у роман бўладими, қисса бўладими, драмами, публицистик мақолами — барчаси эълон қилиниши билан дарҳол эътиборга тушарди.
1963 йилда ёзилган, адибни элга танитган “Муқаддас” қиссасини ўқувчилар ютоқиб ўқиганларини кўрганман. Қисса, айниқса, ёшлар қўлидан тушмасди, давраларда у ҳақида қизғин баҳслар кетарди. Покиза маъсума қиз Муқаддас образи шунчалар ишончли ва ҳаётий тасвирланган эдики, ҳатто бир ўқувчи асарни ўқиб, қаттиқ ҳаяжонланибди. У ёзувчига мурожаат қилиб, ўзининг бекободлик эканини билдириб, унда Муқаддасни Бекободдан топиш, у билан танишиш истаги туғилганини, турар жойини аниқ айтиб беришини сўраганига гувоҳ бўлганман.
Шунда Одил ака хижолат бўлиб: “Қаранг-а, ўзини ёзибман-у, қайда туришини сўраш эсимдан чиқибди-я…” — деб қутулганди.
Инсон дардини ёритиб бериш, кўрсатиш, уни авайлаш туйғуси адибнинг ҳамма асарларида балқиб туради. Замон мураккабликлари, мафкура исканжалари сиқувида ижод қилганига қарамай, адиб нозик адабий усуллар топиб, ҳаққоний руҳда ёзилган асарлар яратишга эришди, адабиётимизни бойитиб берди. “Улуғбек хазинаси”, “Диёнат”, “Кўҳна дунё” романлари, қатор қиссалари ана шулар жумласидандир.
Одил Ёқубов тўғрисўз адиб эди, соддафеъл, очиқ қалбли инсон бўлган. Кўп сафарларда бирга бўлганмиз, ижодий суҳбатлар қурганмиз.
Самарқандда “Улуғбек хазинаси” романининг қизғин тақдимоти ўтказилганда мен ҳамроҳлардан бири эдим. Сафарда хушчақчақ ҳамроҳ, латифалардан завқланиб кетса, мароқ билан кулганидан катта-катта кўзлари ёшланиб кетарди. “Буни ҳаёт дейдилар!” — деган оптимистик сўзлар Одил акага тегишли.
Одил ака шахмат шайдоси эди. Ишдан сал бўш қолган пайтларида одамохун адиб Суннатулла Анорбоев билан шахмат майдонида қизғин “жанг қурардилар”. Биз томоша қилардик. Кирибоқ, Одил аканинг шахмат майдонидаги вазиятини тахтага қарамай туриб ҳам билиш мумкин эди. Агар у стол тагида ўнг оёғини ўйнатиб тебратиб турган ҳолда, рақибига мағрур қараб: “Буни ҳаёт дейдилар!..” деб дам-бадам гапириб турган бўлса, тамом: бечора Суннатулла Анорбоевнинг иши чатоқ!.. Аксинча бўлса, Одил акам оёғини ҳам тебратиш эсидан чиққан ҳолда мук тушиб тахтага тикилган, овози ҳам чиқмас эди…
Каминага бир неча йиллар Одил ака билан бирга хизмат қилиш насиб этган. Ўтган асрнинг 70-80-йилларида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишлардик, Одил ака нашриётнинг бош муҳаррир ўринбосари, камина эса бош муҳаррир эдим.
1973 йил қиши бўлса керак, биз бир куни ишдан кейин Одил акам билан Навоий кўчаси бўйлаб уйга пиёда кетдик. Атрофда оппоқ қор… Ёруғ бир кеча. Ҳаво ёқимли эди.
Адиб “Улуғбек хазинаси” романи хаёллари билан банд эди, бутун вужуди билан шу тобда XV асрни кезиб юрарди. У бўлажак роман воқеаларидан ҳикоя қилди, Улуғбек, Али Қушчи ва бошқа қаҳрамонлардан сўз очди, асарни қандай ёзажагини сўйлаб берди. У янги асар завқидан маст эди. Ёзувчи ҳаётида юрак-бағри янги асар сеҳри билан тўлиб-тошган, у ҳақда кимгадир ёрилгиси, кўнглини бўшатгиси келиб турган шундай бахтли лаҳзалар бўлиб туради.
Тез орада роман қоғозга тушди, аввал “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинди, кейин китоб бўлиб чиқди, бошқа тилларга таржималар қилинди. Ҳа, адабиётимизни (Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” трагедиясини ҳисобга олмаса) бадиий юксак, ўзига хос асар билан бойитди.
Одил Ёқубовнинг дўстлари кўп эди.
Атоқли ўзбек адиб ва олимлари: академик Матёқуб Қўшжонов, машҳур ижодкорлар Шукрулло, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Пирмат Шермуҳамедов ва бошқа бир қатор адиблар унинг ҳамсуҳбатлари эдилар.
Чингиз Айтматов билан борди-келдилари борлигини биламан. Чингиз Айтматов ва Одил Ёқубовлар бир-бирларидан тез-тез хабар олиб турадиган, бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган яхши дўстлар эканини айтиб ўтмоқ жоиз. Аввало, улар эскидан ҳамсаф, тенгқур, қолаверса, бир неча йиллар Марказий Осиё халқлари ассамблеясида бирга ҳамкорлик қилишган эдилар. Икки адибнинг бир-бирларига ҳурматлари жуда самимий, ижодларига бўлган муносабатлари ҳам мақтовга сазовор, бошқаларга ибратли эди. Ибратли жойи шуки, ҳар икки адиб ҳам бир-бирларининг янги асарлари эълон қилиниши биланоқ ўқиб чиқардилар, қувонардилар ва ўз фикрларини бир-бирларига етказардилар, ўртоқлашардилар.
Биргина мисол келтириб ўтаман. 1973 йилда ёзилган Одил Ёқубов қаламига мансуб “Улуғбек хазинаси” номли тарихий романи тез орада машҳур бўлиб кетди, ўқувчиларнинг севимли асарларидан бирига айланди, қўлдан тушмай қолди.
Чингиз Айтматов дўстининг асарини ўқиб чиқиб, унга мактуб йўллади. Ушбу мактуб “Ёшлик” журналининг 1993 йил 4-5-сонларида эълон қилинган эди. “Яхши асар ҳақида сўз юритиш қувончлидир, — деб ёзганди мактубида Чингиз Айтматов. — Бу юксак ва бениҳоя бетакрор асар, ўзининг бадиий қиммати билан ҳам эътиборга молик тарихий роман мени қаттиқ ҳаяжонга солди. Ҳаяжонимнинг асосий сабабчиси — ровийликнинг сеҳрли усули, бироқ бунинг барчасидан ташқари сенинг асарингни ўқиб туриб, мен улуғ туркий ғурурни (таъкид бизники — М.А.) ҳис этдим. Улуғбек бизни ҳамиша оқловчи куч, у бизнинг дардимиз ва дунё ҳақида фикр юритишга ҳуқуқ берадиган юксак тажрибавий изтиробимиздир…”
Қандай ажойиб, самимий сўзлар!
Чингиз Айтматов ўзбек дўстини катта ва жиддий ижодий муваффақияти билан табриклар экан, ҳар қандай даврнинг ўз Улуғбеклари бор, деган хулосага келади, Улуғбекнинг машаққатли ҳаёти ва улуғвор фожиани бошидан кечиргани, у ўз даврининг ҳамма қабул қилган тартиб-қоидаларига қарши исён кўтарган шахс эканлигини таъкидлайди. “Зиёли ва ҳақгўй Инсоннинг фожиаси Улуғбек шахси ва тақдирида кечгани”дан ва бу тақдир “Улуғбек хазинаси” романида ишонарли ёритилганидан бағоят таъсирланганини айтади.
Одил Ёқубов ёшлар адабиётига катта қизиқиш билан қарар, ҳамиша уларни рағбатлантириш йўлини танларди. Янги асарлар муҳокамаларида иштирок этар, ўз тажрибаларини ёшлар билан баҳам кўрарди. Каминанинг “Сарбадорлар” тарихий романи муҳокамаси бўлди. 1989 йил 1 декабрь куни эди.
Зални адабиётимиз дарғалари Матёқуб Қўшжонов, Саид Аҳмад, Бўрибой Аҳмедов, Одил Ёқубов, Мирмуҳсин, Пиримқул Қодиров ва Бегали Қосимов, Пирмат Шермуҳамедов, Хайриддин Султонов, Тоҳир Қаҳҳор, Машраб Бобоев сингари бошқа адиблар тўлдириб ўтирар эдилар. Кўпчилик сўзга чиқди. Роман мавзуси янги экани таъкидланди. Муҳокама қизғин ўтди, муаллиф учун кўп яхши фикрлар айтилди. Мен бу фикрларни ёзиб олдим, кейин романни нашрга тайёрлашда фойдаланажагимни айтиб, миннатдорлигимни билдирдим.
Муҳокамадан кейин Одил акам мени табриклаб, кўзларини қисганча, ярим ҳазил аралаш шивирлади: “Бундай… Темурбек билан Сароймулкхонимни бир-бирига учраштирмайсизми!..” Мен ҳам ҳазил билан жавоб бердим: “Агар улар истасалар… учраштиравераман!..” Мароқ билан кулишдик.
Одил ака кўп ўқир эди. Эсимда бор, Уюшмага раислик қилган йиллари иш столи устида имзо қўйилишига муҳтож ҳар хил ҳужжатлар билан бирга, албатта, кимнингдир янги асари қўлёзмаси ярим очиқ ҳолда турган бўларди.
Одил Ёқубов юз ёшга кирди. Бу биринчи юз ёш, холос, ҳали бундай қутлуғ саналарга саноқ ҳам етмай қолиши шубҳасиз.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти лауреати Одил Ёқубов, устозлар Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Шуҳрат, Пиримқул Қодиров сингари улуғ адиблар сафида турадиган ёрқин қалам соҳибидир.
Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси.
