Мактубларда мамлакат тақдири

Аёнки, Алишер Навоийнинг “Муншаот” асари замондошлари Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўғиллари, устозлари, дўстлари ҳамда бошқа яқинларига ёзилган хатлари мажмуасидан иборат.

Тарихдан маълумки, ўн бешинчи асрнинг иккинчи ярми – тўқсонинчи йилларда Ҳусайн Бойқаро салтанатида зиддиятли во­қеалар ҳукм сурди. 1497 йил Ҳисор урушининг тугаши билан ўтказилган биринчи кенгашда Султон Ҳусайн мирзо катта ўғли Бадиуззамонни Астробод ҳокимлигидан Балх вилояти ҳокимлигига ўтказади. Астробод бош­қаруви иккинчи ўғли Музаффар мирзога топширилади. Бу Бадиуззамонга ёқмайди. Ота ва ўғил ўртасида зиддият келиб чиқади. Улар ҳатто ўзаро тўқнашувга тайёрлана бош­лашади.   Бу марказлашган давлатни таназзулга олиб бориши мумкин эди. Шоир бунинг олдини олиш, халқни қирғинбарот урушлардан сақлаб қолиш учун ота-бола ўртасида келиб чиққан кескинликни бартараф этиш, шаҳзодаларни келиштириш ҳаракатига тушади. Улар билан бирма-бир учрашади. Узоқда бўлганларига хатлар ёзади. Навоий битган мактубларининг аксариятида Ҳусайн Бойқаро билан доимий алоқада бўлиб тургани намоён бўлади.   “Муншоат” асаридан 54 та ана шундай хати ўрин олган. Айниқса, Бадиуззамонга ёзган хатида аллома гапни узоқдан бошлайди, келиб чиққан тушунмовчилик юзасидан қарашларини бирма-бир баён этиб, шаҳзодани ҳаёт воқеаларини тўғри баҳолашга ундайди. Ота-онага нисбатан ҳурматда бўлиш ҳақида пайғамбарлар, улуғ алломалар, хусусан, Сулаймон (а.в.с.)нинг фикрларини келтиради. “Ота қодири мутлоқ, она розиқи марсум” (урф-одатларимиз) эканлигини баён этади.

Шоирнинг ота-она қадри ҳақида жуда кўп ашъорлари бўлса-да, уларнинг ҳеч бирини қўшмайди. Бошқа шоирлар шеърига мурожаат қилади. Хатда келтирилган Адиб Аҳмад рубоийсида шундай сатрлар бор:

Атонинг хатосини билгил савоб,

Сени юз балодин қутқарғай Худо.

Ота гуноҳ қилганда ҳам, унга ҳурмат бажо келтиришни, ўрни билан унга тушунтириш лозимлигини айтади. Иброҳим Халилуллоҳ билан отаси Озари буттарош, Юсуф а.с. билан отаси Яъқуб (а.с.), Нўҳ (а.с.) билан ўғли Ҳом ўртасида юзага келган нохуш воқеаларни мисол келтиради. Отаси Нўҳ (а.с.)нинг ҳурматини жойига келтирмаганлиги туфайли Ҳомнинг юзи қора бўлганлигини эслатиб, фикрини асослайди.

Дастлаб Навоий шаҳзодага ўзи ҳам хайрихоҳ бўлиб келгани, асарларида унга бағиш­лаб махсус бўлимлар ажратгани ва насиҳатлар қилганлигини баён этади. Кейин Бадиуззамон йўл қўйган хатоларни бирма-бир санайди. Аввало, унинг давлатга тегиш­ли мулкни кенгашсиз, сўроқсиз мусодара қилаётганини асослайди. Агар шундай қилиш керак бўлганда ҳам олдин маслаҳат қилиш, кенгашиш лозимлигини айтади. Ҳатто бир ўринда   қаттиқ танбеҳ бериб, шаҳзодани чуқурроқ ўйлашга мажбур қилади: шаҳзода Астрободда ҳоким бўлиб турганда отаси   Ироқ мамлакатини босиб олиш учун тайёргарлик кўраётган, қўшин тўплаётган эди. У эса Ироқ мамлакатини олдиндан яқин кишиларига бўлиб берган бўлади. Шоир шаҳзодага шу воқеани эслатади: “Ҳануз ҳеч ерда ҳеч нима йўқ бу нав суратларким, зоҳир бўладур–Сиздан ҳайфдур”, – дейди.   Бадиуззамоннинг бундай йўл тутиши ўзига ва отасининг ҳарбий қудратига қаттиқ ишонганидан бўлса керак, албатта. Аммо Хуросондай бир томони қадим Ҳисори Шодмон ва Қундузга, иккинчи томони Ироқ ва Озарбайжонга чегарадош бўлган қудратли мамлакат қўшинига Ироқдай кичкина давлатни забт этиш унчалик қийин бўлмаса-да, шаҳзоданинг бу иши ўзбошимчалик эди. Кейин амалга оширилиши режалаштирилаётган ҳарбий ҳаракатлар сир сақланиши, душман томонидагилар ундан хабар топмаслиги лозим эди. Бадиуззамон ҳарбий қоидага амал қилмай, Ироқ ҳукмдорларини сергаклантириб қўйди. У Хуросоннинг ғарбий чегарасида бўлган қўшни Ироқ мамлакати Ҳусайн Бойқаро давлатининг ғарбдаги муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган Астрободга таҳдид солиш йўлига ўтди.

Бу хавф асрнинг сўнгги йилларида янада кучайди. Ҳусайн Бойқаро уни ҳис этгани ҳолда маълум муддат мамлакатнинг ғарбий ҳудудларини мустаҳкамлаш мақсадида яқин дўсти Навоийни Астрободга ҳоким қилиб қўйди. Амир Алишер бу ердаги фаолияти давомида ҳукмдорга мактуб йўллаб турди. Жумладан, Ироқ ҳақида ўз мулоҳазаларини шундай умумлаштиради: “Ироққа фаҳмлик, ҳушлиқ кишилар юбориб, доим хабар тутила турса, арз қилар йўсунлиқ хабарларни арзадошт қилиб, юқори юборила турилса, ул бобда не ҳукм бўлса, анга кўра қилилса”.

Навоий 1488 йил Ҳиротга қайтгандан кейин илгари ҳоким бўлган Амир Мўғул яна Астробод ҳокимлигига тайинланади. Бироқ маълум муддат ўтгандан кейин Ҳусайн Бойқарога қарши иш тутгани маълум бўлиб қолгач, бу вазифа Бадиуззамонга юкланади. Амир Мўғул Ироққа қочади. Султон Ёқуббек унга ўз амирлари қаторидан ўрин беради. Амир Алишернинг қўшни давлатга нисбатан ҳушёрликни қўлдан бермаслик ҳақидаги фик­ри асосли эканлиги намоён бўлади. Шаҳзода Бадиуззамон ҳоким сифатида вилоятни яхши бошқаради, ҳудудлари сарҳадини мустаҳкамлайди.

Ҳар бир ҳукмдор ўз мамлакатини кенгайтириш пайида бўлганидек, Ҳусайн Бойқаро ҳам мамлакатининг ғарбий чегарасидаги Ироқ ва шарқий ҳудуддаги Ҳисори Шодмон ва Қундузни қўшиб олишни режалаштирган эди. 1496 йилнинг қиш ойларининг бошида қўшин тўплаб, Ҳисори Шодмон томонга юриш бошлайди. Қиш бўйи Термизда қўним топиб, Жайҳундан ўтишга тайёргарлик кўради. Ҳисори Шодмон ҳукмдори Султон Маъсуд дарё ўзанини кузатиб ҳушёр турганди. Астрободдан Бадиуззамон ўз қўшини билан етиб келади. У отасининг Ироққа қарши ҳужумни кечиктириб, қадим Ҳисорга юриш қилишидан мамнун эмасди. Хатлон вилоятига юборилган Музаффар мирзо душман қаршилигига учрамай, у ерларни эгаллайди. Амударёнинг чап соҳилида жойлашган Қундуз шаҳрига юборилган Бадиуззамон душман истеҳкомига ҳужум қилишдан кўра, хандақ жангини маъқул кўради. Қалъа ичкарисидаги Хусравшоҳ билан борди-келди ишларини бошлаб юборди. Бадиуззамон ўз қўшини билан бу юртга келар экан, саройда бўлаётган фисқи-фасодлардан хабардор бўлганлиги учун ҳам, бемалоллик билан ҳаракат қилади. Подшоҳга Бадиуззамон фаоллик кўрсатмагандай туюлади. Ҳисори Шодмонга қарши уруш ҳаракатларини бошлаб юборган Ҳусайн Бойқаронинг бу юртни олгандан кейин Музаффар Ҳусайн мирзони унга ҳоким қилиб тайинлаб, мамлакатнинг икки муҳим сарҳадига икки ўғлини қўйиб, Хуросон мамлакати тинчлигини таъминлашни кўзлаган бўлиши мумкин. Бироқ Ҳусайн Бойқаронинг 1496–1497 йилнинг баҳорида Ҳисори Шодмонга (ҳозирги Сурхондарё юрти ҳам унинг тасарруфида эди) қилган ҳарбий ҳаракатлари натижа бермади. Уруш ҳаракатлари ўзаро урушмаслик ва дўстона муносабатда бўлиш ҳақидаги сулҳ билан якунланди. Султон Маъсуднинг синглиси термизлик Хонзодабегимнинг қизи Бекабегим Ҳусайн Бойқаронинг Ҳайдар исмли ўғлига унаштирилди. Уруш кутилаётган мамлакатда тўй тантанаси бошланиб кетди. Ўз навбатида Ҳусайн Бойқаро ҳам Султон Маъ­судга қизларидан бирини беришга аҳд қилди. Бир қараганда мамлакатнинг шарқий чегараси ўз-ўзидан мустаҳкамланди. Аммо мамлакатнинг Ғарбий сарҳадидаги Астрободга Музаффар мирзо, Балх вилоятига Бадиуззамон мирзо ҳоким қилиб тайинлангач, юқорида айтилган ота ва ўғил можароси   аланга олди. Чунки Бадиуззамоннинг тўнғич ўғли Мўмин мирзони хатна қилганда подшоҳ Астрободни набирасига ҳадя этган эди. Ота қарорини ўзгартиргани Бадиуззамонга ёқмади. У отасининг душманлари ҳамда Астрободда турган ўғли Мўмин мирзога юборган хатларида шаҳарни топширмаслик, қўшин тўплаб, уруш ҳаракатларига тайёргарлик кўришни топширди. Ҳатто отасига ҳам “Астрободга одам юбормангиз, бермагайман”, — деб ёзди. Навоий Бадиуззамонга ёзган мактубида, ушбу жумлаларни ҳам мулойимроқ битиш кераклиги, Бадиуззамоннинг ўқиган намоз хутбасида отаси Ҳусайн Бойқаро ҳақига дуо қилмаганлиги, ўз нишонининг туғросидан отасининг номини чиқариб ташлаганлиги нотўғри эканлигини таъкидлайди. Отаси Султон Ҳусайн мирзо тўртинчи авлоди бўлишга қарамасдан, ҳар жума куни улуғ боболари Амир Темур номига хутба ўқиттиришни канда қилмаслигини эслатади. “Мирзога (Ҳусайн Бойқаро) ҳам дуодан ўзга не келгай”,   деган гапга алоҳида урғу беради. Хатда ўз оталарига қарши борган тарихий шахсларнинг оқибати, хусусан, Абдуллатиф мирзонинг ўз отасига қарши бориб падари бузрукворини қатл эттиргани ва унинг кейинги тақдирига ишора қилади. Ҳусайн Бойқаронинг Бадиуззамонни қаттиқ яхши кўриши, кўз қорачиғидай авайлаб-асраб келаётганини айтиб шаҳзодани отасига қарши бормасликка ундайди.

Бу воқеаларни саройдаги иғвогарлар қаттиқ кузатиб турар, ота-ўғил ўртасидаги зиддиятларни янада кучайтириш учун бор имкониятларини ишга солишарди. Подшоҳни ўғли Бадиуззамонга қарши қилич кўтаришини истардилар. Уларнинг сафида “Ўзини оқила тутар эди, вале беақл ва пургўй хотин эди” деб З.М. Бобур баҳо берган Хадичабегим ҳам бор эди. Бу кучлар ота ва ўғилни бир-бирига гиж-гижлаб ўзаро муносабатларига раҳна соларди. Фақат Навоий каби подшоҳ яқинидаги адолатли кишиларгина уларни бу йўлдан қайтишга ундар, яқинлашиб келаётган фалокатнинг олдини олишга ҳаракат қилардилар. Шунинг учун Навоий хатида   ўзининг Ҳусайн Бойқаро ва фарзандларига беғараз хизмат қилганлиги, салтанатни мустаҳкамлаш учун бор имкониятини ишлатганини ёзаркан, Бадиуззамонни “ўзининг жони куйганда, ўзгаларнинг этаги куймаслигини” айтиб қаттиқ огоҳлантиради. Ўша дамларда Хуросон давлати устида қора булутлар айланиб турар, яқинлашиб келаётган талофатнинг олдини олишда ўзини масъулиятли сезган шоир: “бу бир неча сўзни тортинмасдан ёздим, маъқул тушса, қабул қиларсиз, тушмаса бу банда айтур сўзни бўйнимдан адо қилмиш бўлғайман”, деб шаҳзодани сергакликка чорлайди. Хатнинг сўнгида уни бировнинг, хусусан, Ҳусайн Бойқаронинг топшириғи билан эмас, ўзининг, ички туйғуси билан ёзганлиги, эл-юрт олдида ўз бурчини бажараётганини таъкид­лайди.

Албатта, Бадиуззамон устоз Навоийнинг хатини ўқиб кўзларига суртади. Унда ёзилганларнинг барчаси ҳақиқат эканлигини ҳис этади. Аммо зиддиятларнинг янада кучайиб бориши ўз падарига қарши қилич кўтаришга мажбур қилади. Ҳусайн Бойқаро томонидан юборилган элчилар ҳам вазиятни юмшата олмайди.

Вазият янада кескинлашганда Навоий подшо билан маслаҳатлашиб, Бадиуззамон ҳузурига отланади. Бутун маҳоратини ишга солиб, шаҳзодани бу йўлдан қайтишга кўндиради. Аммо саройдаги қора кучлар ҳам тинч турмай, Навоий Балхда ишни, юқорида айтилганидек, муваффақият билан тамомлаган ҳам эдики, бундан бехабар Ҳусайн Бойқаро “сулҳнинг Амир Алишер ташаббуси билан бўлмаслигини истовчи Низомулмулк ва унинг тарафдорлари таъсири билан Балх шаҳри амалдори Амир Исроил Барлосга, Бадиуззамон шаҳар чеккасига чиққанда, қалъа дарвозаларини беркитиб, уни шаҳарга киритмаслик ҳақида ёзма буйруқ жўнатди. Бу хат Бадиуззамоннинг қўлига тушиб қолади. Натижада ота ва бола ўртасида мудҳиш уруш бошланади. Бу маъносиз уруш кўплаб бегуноҳ одамларнинг жонига зомин бўлади. Энг даҳшатлиси: саройдаги фитналар,   бевосита Хадичабегимнинг ҳийласи билан Мўмин мирзонинг ўлдирилиши бошқа шаҳзодалар ўртасида ҳам ўзаро зиддиятларнинг кучайишига олиб келади: “Бойқаро ўғиллари бир-бирига ёғийлашди”. Натижада умрининг кексалик даврига қадам қўйган Ҳусайн Бойқаронинг бир-бири билан ёғийлашган фарзандлари ўз тарафдорларининг қутқуси ва қўллаб-қувватлаши туфайли падари бузрукворларига қарши изма-из қўзғолон кўтарадилар. Мамлакатда оғир парокандалик юзага келади. Ана шундай шароитда ҳам Алишер Навоий мамлакатдаги   мавжуд аҳволни изга солиш йўлида тинмай ҳаракат қилади.

Шариф ЁҚУБОВ,

Термиз ДУ доценти,

филология фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =