Жадидона одим

Ёшликда қўлга тушган китобни ютоқиб ўқийверар эканмиз-у, ёш улғайгач, ўйлаб, танлаб мутолаага киришар экан одам. Мен яқинда шундай бир асарни ўқиб чиқдимки, у етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳар бир китобхоннинг дилини равшан қилади.

“Jadid” газетасида йўлга қўйилган “Jadid kutubxonasi” рукни остида “ТИЛДА, ФИКРДА, ИШДА БИРЛИК!” (2-китоб) номли тўпламни мутолаа қилиш давомида кўнглимдан “Бу китоб — миллатимиз фидойиларининг китоби, қалб кўзгуси” деган фикр сира кетмади. Номига муносиб ушбу тўпламга киритилган мақола, очерк ва эсселар йил давомида “Jadid” газетасида нашр этилган бўлиб, уларда халқимизнинг адабиёти, санъати, маданияти, тарихи, бугуни ва келажаги теран акс этган.

Мен тўпламни ички ҳаяжон, руҳий қониқиш, миллатимиз ойдинлари билан фахрланиш, ғурур ва ифтихор туйғуларига ғарқ бўлган ҳолда ўқиб чиқдим. Китобнинг илк саҳифаси Давлатимиз раҳбарининг “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан бошланган. Бу — миллатимиз ойдинлари бўлган жонкуяр жадидларимиз хотирасига кўрсатилаётган юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Китобда нафақат жадид боболаримиз, балки кейинчалик миллатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган ва қўшаётган маърифатпарвар, миллатпарвар олимлар, адабиёт ва санъат намояндалари ҳақидаги мақолалар ҳам ўрин олган. Уларни ўқиб, ўзимиз билган ва билмаган қимматли маълумотлардан баҳраманд бўламиз. Табиийки, бу битиклар инсоннинг маънан юксалиш борасидаги эҳтиёжларини тўла-тўкис қондиради, илм-маърифатга ундайди.

Уммон тубидаги дуру жавоҳирлар каби илм-фан, маърифат нурлари ёлқинланиб турган маънавият сарчашмаси ҳақида, менимча, батафсил сўзлаш зарур. Дарҳақиқат, халқимизнинг бу юксак маънавий бойлигини асраш, замонавий илмлар билан бойитиш, миллат шаъни ва нуфузи учун курашишни мақсад қилган жадидларимизнинг саъй-ҳаракатлари замирида ҳам шу миллат қайғуси ётар эди. Бас, шундай экан, улар ҳақида қанча ёзилса, ўрганилса ҳам оз.

Шу ўринда таниқли ижодкор, журналист Эшқобил Шукурнинг мақоласида келтирилган Шайх Саъдийнинг тўртлиги жадидлик ҳаракатининг асл мазмун-моҳиятини янада ёрқинроқ очиб беради:

Сийна лиммо-лим аламдир,

            қайда малҳамдин дарак,

Янги одам, янги олам

         қайтадан тузмоқ керак…

Демак, жадидларимизнинг мақсади халқимизнинг азалий орзуларини рўёбга чиқариш бўлган. Афсуски, ёвуз кучлар уларнинг йўлига ғов бўлишди, уларни ҳам жисман, ҳам маънан маҳв этишга уринишди. Лекин миллат ойдинларининг қатъияти, ўз мақсади ва халқига садоқати туфайли улар тутган маёқ сўнмади, эзгу йўлни авлодлар давом эттириб келмоқда. Мазкур китоб ана шундай фидойиларнинг шарафли йўли, айни дамда аянчли қисмати ҳақида сўзлайди; ёш авлодни миллат шаъни, обрўси ва ғурури йўлидаги саъй-ҳаракатларда фаол бўлишга чорлайди.

Бу борада “Jadid” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг Ўзбекистон Қаҳрамони, санъат арбоби ва мутаржим Иброҳим Ғафуров билан “Жадидлик энди ўлмайдиган ҳаракатга айланди” мавзусидаги суҳбати айни муддао бўлган. Фикри ожизимизча, тўпламга киритилган барча мақолаларнинг ўзак ғояси худди шу суҳбатдан бошлангандек таассурот уйғотади.

Зеро, унда жадидларнинг нима сабабдан бошларини кундага қўйиб, бу оғир йўлни танлаганлари, мардларча қурбон бўлганларининг асл сабаблари бирма-бир очиб берилгани, ҳар бир сиймо ҳақида мўътабар маълумотлар асосида ҳикоя қилингани, шунингдек, уларнинг ишини давом эттирган замондош маърифатпарварларимиз тўғрисидаги қизиқарли тафсилотлар ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз.

Айниқса, ҳозирги кунда долзарб мавзуга айланган сунъий интеллект технологияларининг яратилиши, ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган бу феноменнинг ижобий жиҳатлари-ю хавотирли томонлари ҳақидаги мулоҳазаларни синчиклаб ўқиш ва мағзини чақиш давр талаби эканини англамасликнинг иложи йўқ.

Таъкидлаганимиздек, ушбу китоб уммони тубидаги жавоҳирлар бисёр, уларни биргина мақолада айтиб тугатиш мушкул. Хусусан, ёш журналист, Отабек Бакиров ёзиб олган Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг саҳна дарғаси Шукур Бурҳонов ҳақидаги хотираларини ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди!

Худди шунингдек, таниқли журналист Гулчеҳра Умарованинг атоқли ёзувчи Одил Ёқубов ҳақидаги хотираларини ўқир экансиз, бу забардаст ижодкорнинг сурати-ю сийрати кўз ўнгингизда бор бўйича намоён бўлади.

Китобдан ўрин олган жадидларимизнинг ҳаёти ва фаолияти, улар бошидан кечирган фожиаларга тўла ялдо кечаларини моҳирона тасвирлаб, миллат ойдинлари сиймосини ҳақиқат нури билан ёритган атоқли адибимиз Хайриддин Султоннинг “Ёзганингиз улусқа марғуб бўлғай” сарлавҳали мақоласидан иқтибос келтиришни жоиз топдик:

“Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган ушбу газета қисқа вақт ичида ижтимоий-маънавий ҳаётимизда, миллий оммавий ахборот воситалари орасида муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётгани қувонарли ҳолдир. Бунинг асосий сабаблари ҳақида гапирганда, газетанинг дастурий йўналишлари, мазмун-мундарижаси, таҳририят ходимларининг билим ва истеъдоди, меҳнаткашлиги ва жонкуярлигини алоҳида эътироф этиш лозим”.

Сайёра РИХСИЕВА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 1 =