Хитой камбағалликни қандай енгди?

2021 йилда Хитой бутун дунёга муҳим бир янгиликни маълум қилди: мамлакатда мутлақ камбағалликка барҳам берилди. Бу шунчаки расмий баёнот эмас, балки қирқ йилдан ортиқ давом этган ислоҳотлар, юз минглаб давлат хизматчиларининг машаққатли меҳнати ҳамда миллионлаб инсонлар тақдирининг ижобий томонга ўзгариши натижаси эди. Бир пайтлар аҳолисининг катта қисми қашшоқликда кун кечирган давлат бу мураккаб муаммони қандай ҳал этди? Мазкур савол нафақат иқтисодчилар, балки сиёсатшунослар, социологлар ва давлат бошқаруви мутахассисларининг ҳам диққат марказида турибди.

Хитой тажрибаси бир муҳим ҳақиқатни кўрсатди: камбағалликни фақат пул тарқатиш билангина енгиб бўлмайди. Агар муҳтож инсонга бир марталик моддий ёрдам берилса, у бу маблағни тезда сарфлаб тугатади. Аммо унга даромад топиш имконияти яратилса, у умрбод ўз аравасини ўзи торта олади. Шу сабабли Хитой модели инсонни боқишга эмас, балки уни фаол иқтисодий ҳаётга қайта жалб этишга қаратилди.

Мамлакатда камбағалликка қарши курашдаги илк қадам эҳтиёжмандларни аниқлаш ва уларни пухта ҳисобга олиш тизими бўлди. Бу ёндашув сиртдан оддийдек туюлса-да, амалда энг муҳим босқичдир. Давлат, энг аввало, кимлар ҳақиқатан ҳам муҳтож эканини таҳлил қилди: ҳар бир қишлоқ, ҳар бир хонадон ва ҳатто ҳар бир фуқаро кесимида маълумотлар жамланди. Улар нега қашшоқликда яшаяпти? Ер майдони йўқми? Йўлсизлик сабабли маҳсулотини бозорга етказиб беролмаяптими? Сурункали хасталик тўсқинлик қиляптими ёки фарзандлари таълим ололмаяптими? Фақат шу каби саволларга жавоб топилгачгина аниқ амалий чоралар белгиланди.

Бу жараёнда Хитой муҳим бир тамойилга таянди: барчага бир хил ёрдам улашиш эмас, ҳар бир оиланинг муаммосига мос ечим топиш. Шунинг учун ҳам ушбу сиёсат “манзилли камбағалликни қисқартириш” номини олди.

Масалан, қишлоқ аҳолисининг асосий муаммоси сув тақчиллиги бўлса, у ерга сув тармоғи тортилди. Агар чекка ҳудудда транспорт алоқаси оқсаётган бўлса, автомобиль йўли қурилди. Ишсизлик ҳукм сурган жойларда эса янги корхоналар ташкил этилиб, касб-ҳунар марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Яъни давлат ҳар бир ҳудуд учун бир хил қолипдаги сценарийни эмас, балки айнан ўша ҳудуд дардига даво бўладиган чорани қўллади.

Яна бир муҳим жиҳат: камбағалликка қарши курашиш фақат марказий ҳукуматнинг вазифаси бўлиб қолмади. Бу борадаги масъулият бошқарувнинг барча бўғинларига тақсимланди. Марказ умумий сиёсатни белгилади, вилоятлар уни молиялаштирди, туманлар ижрони ташкил этди, қуйи бўғиндаги маҳаллий раҳбарлар эса бевосита аниқ оилалар билан ишлади. Ҳар бир масъул шахс ўз ҳудудида камбағаллик қисқариши учун шахсан жавобгар этиб белгиланди. Оқибатда бу саъй-ҳаракатлар расмиятчилик ёки қуруқ ҳисобот учун эмас, балки амалий натижа учун олиб борилди.

Хитой тажрибасида инфратузилманинг ўрни ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Камбағал қишлоққа янги йўл қуриш баъзан минглаб одамларга нафақа тўлашдан кўра кўпроқ фойда келтиради. Чунки йўл тушгач, фермер ўз маҳсулотини шаҳар бозорига осон етказади, сайёҳлар ва инвесторлар оқими бошланади, янги иш ўринлари очилади. Демак, битта йўл лойиҳаси бутун бир ҳудуднинг иқтисодий қиёфасини ўзгартириб юборади.

Шу билан бирга, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ҳам камбағалликни бартараф этишнинг асосий омили сифатида қаралди. Агар фарзанд пухта таълим олса, келажакда юқори маошли иш топиш имкони кенгаяди. Агар фуқаро соғлом бўлса, меҳнат қилиб ўз рўзғорини бекаму кўст таъминлай олади. Шу сабабли Хитой камбағал ҳудудларда замонавий мактаблар, шифохоналар ва малака ошириш марказлари барпо этишга улкан сармоя йўналтирди.

Ҳаётий мисол

Тасаввур қилинг: тоғли чекка қишлоқда Чжанлар оиласи яшайди. Уларнинг бошпанаси хароб, ери тошлоқ бўлгани сабабли ҳосил кам. Туман марказига элтувчи йўл бўлмагани учун етиштирилган озгина картошкани ҳам сота олишмайди. Шу боис оила йиллар давомида қашшоқлик исканжасида кун кечириб келган.

Давлат бу оилани эҳтиёжмандлар рўйхатига киритди. Аввало қишлоққа равон автомобиль йўли тортилиб, электр энергияси ва тезкор интернет тармоғи етказилди. Оила бошлиғига замонавий иссиқхона барпо этиш учун имтиёзли кредит ажратилди. Унинг турмуш ўртоғи маҳаллий марказда тикувчилик сирларини эгаллади. Фарзандлари эса давлат таълим гранти асосида таҳсилини давом эттирди. Орадан бир неча йил ўтиб, иссиқхона маҳсулотлари интернет орқали электрон савдода сотила бошланди. Натижада оила даромади бир неча баробар кўпайиб, улар давлат кўмагига муҳтож бўлмай қолди.

Ушбу мисол Хитой моделининг асл моҳиятини очиб беради: давлат муҳтож оилага тайёр пул бериб боқмади, балки уларнинг ҳалол меҳнати билан барқарор даромад топиши учун қулай шароит яратди. Натижада хонадон нафақат камбағаллик исканжасидан қутулди, балки эртанги кунига мустаҳкам ишонч ҳосил қилди.

Хулоса қилиб айтганда, камбағаллик шунчаки иқтисодий муаммо эмас, балки таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, инфратузилма ва давлат бошқаруви билан чамбарчас боғлиқ бўлган кенг қамровли ижтимоий масаладир. Бинобарин, уни фақат бир томонлама чора-тадбирлар билан эмас, балки комплекс ёндашув орқали муваффақиятли ҳал этиш мумкин.

Хитой тажрибаси бутун дунё учун катта сабоқ бўлди: камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали йўли — аҳолига тайёр маблағ тарқатиш эмас, балки уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши ва даромад кўриши учун тўлиқ имконият яратиб беришдир. Ана шунда инсон давлат ёрдамига қарам бўлиб қолмайди ва ўз келажагини ўз қўллари билан яратишга қодир бўлади.

Мардонбек ҲАСАНОВ,

тарих фанлари бўйича

фалсафа доктори.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + eight =