Жонга ишонч йўқ

Муаллиф ҳақида:

Садоқат ҲАМРАЕВА Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида туғилган.

Ижодий намуналари вақтли матбуот саҳифаларида мунтазам эълон қилиб борилади. Хусусан, “Шарқ юлдузи”, Ёшлик”, “Ўзбекистонда таълим” сингари нашрларда, Туркиянинг “Güncel Sanat”, Тожикистоннинг “Элчи”  газетасида шеърлари эълон қилинган. Шеърий туркумлари турк ва озар тилларига таржима қилинган.

“Кўнгил кўзгуси” номли илк китоби нашр этилган.

— Кампир, менимча, бу сафар ростдан кетаман. Баъзан гулдуракдай гумбурлаб турсанг ҳам сендан розиман, сен ҳам мендан рози бўл.

— Эй, чоли тушмагур, азон эртагини яна бошлади-ку! Кетадиган одам валдираб ўтирадими, “пуф” дейди-ю, ўлади-қўяди, — дея койинди кампир.

— Эҳ, қайсарсан-да, кампир. Бир марта “розиман” десанг, Азроил бўғзингдан олармиди? — дея ғудранган Сайдулло бобо кампири узатган пиёлани олди. Қўллари қалтираб, бир қултум сувни базўр ютди. Сўнг қўли пастга тушиб, пиёлани ерга оз қолганда ташлаб юборди. Гилам устида айланиб-айланиб тўхтаган пиёлани қўлига олган кампир:

— Ҳаҳ, чоли қурмағур, ўлса ҳам шу одатини ташламайди. Пиёлани отиб юбормай, секингина ерга қўйишни ҳеч ўрганмади-да, — дея пиёлани хонтахта устига қўйди. Девордаги соатга қараганди, бомдодгача анча бор экан. Қайта ухлай олишига кўзи етмай, чироқни ўчирмади. Ўрнига бориб ўтирди-да, кўзойнагини бурнига қўндирди. Ёстиғи ёнидаги китобни олиб, тўхтаган жойидан ўқишга тушди. Шу пайт эшик оҳиста тақиллади. У ёқдан бу ёққа ағдарилиб ётган Сайдулло бобонинг сергакланганини кўриб:

— Қўрқманг, чол, Азроил эшик тақиллатиб келмайди, — деди кампир. Кейин овозини бир парда кўтариб: — Келавер, — деди.

Эшик оҳиста очилиб, келини Ҳанифа кириб келди. Бемаҳалда чироқ ёниқ турганидан хавотирланиб келганини айтди. Жон аччиғида тўлғаниб ётган Сайдулло бобо қизидай бўлиб қолган Ҳанифадан қайта-қайта розилик сўради:

— Бизнинг отовга яхши қаранглар. Набирагинам йўқлигимдан ўксинмасин, айтганини қилинглар, — деб тайинлади.

Қайнотасининг тиришиб турган қоқсуяк қўлини авайлабгина сиққан Ҳанифа:

— Тоғажон, сиздан минг марта розиман. Борингизга минг шукур. Аммо ҳали шу кенжатойимизнинг тўйини кўрмай “ўламан” деманг, — деб юпатди. Сўнг қайнотасининг пешонасидаги терни артди.

Келини қўлларини уқалаганига тинчландими ё тонг уйқуси енгдими, Сайдулло бобо мурғак гўдакдай пишиллаб уйқуга кетди. Келини изн сўраб чиқиб кетгач, Ёрқиной момо кўзойнак устидан чолига тез-тез қараб қўйди.

Чолининг ёши саксон бешга қараб кетяпти. Саксон икки, саксон учида ҳам катта-катта хирмонни бир ўзи саранжомлаб қўярди. Уч йил олдин машинани хандаққа тушириб юборганидан бери анча чўкиб қолди. Ўшанда боши қаттиқ зарб еган бўлса-да, касалхонага ётишни бўйнига олмаганди. Шундан бери “ана кетдим, мана кетдим”лари кўпайиб қолди.

Бомдодни ўқиб бўлгач, Ёрқиной момо ўтганларни хотирлаб тиловат қилди. Кейин барча яқинларига, шу жумладан, чолига ҳам омонлик сўраб дуо қилди. Қуёш кўтарила бошлагач, эшикни сассиз очиб, ташқарига чиқди. Эндигина ҳосилга кираётган бодомзорни оралади. Сойда пиёладай, косадай бўлиб тугиб ётган тарвуз палакларини кўздан кечирди.

— Эҳ, бу чол ҳалитдан “ўламан” дейди. У ўлса, бу тарвузлар, бодомлар додини кимга айтади? — дея афсус билан бош чайқади. Сўнг онасининг елинидан айрилмаётган бузоқчага кучи етмаётган набирасига ёрдамга шошди.

— Ҳали бир бузоқни эплолмайдиган набирасини ташлаб кетишга қайсар чолнинг кўзи қандай қияркан? — деб ғудранди. Шу ўй билан қирдек уюлиб ётган ўтин ғарамини айланиб ўтди. Кеча ўрмондан териб келинган ўтинларни хуржундан бўшатаркан, кафтдек кўриниб турган қишлоққа кўз югуртирди. Ҳозир қишлоқда бекорчи одамнинг ўзи йўқ: кимдир пода ҳайдаяпти, кимдир тушлигини хуржунга солиб, эшагини ўрмон йўлида йўрттириб кетяпти. Муштдеккина болалар ҳам янги очиққан жўжаларни кўзлаб, панада писиб ётган мушукларни қувиш билан овора.

Ёрқиной момо кўп ҳаялламай изига қайтди. Уйга кирса, Сайдулло бобо чордана қуриб, Ҳанифа олиб келган ширчойни иштаҳа билан ичаётган экан.

— Ҳа, ўлмагур чол, ҳалигина “кетаман” деяётган эдингиз. Туппа-тузук чой ичиб ўтирибсиз-ку! — деди.

Сайдулло бобо энди оғиз жуфтлаган ҳам эди, шундоққина уй олдига келиб тўхтаган машина товуши эътиборини тортди. Бўйнини чўзиб, деразадан қаради-ю, ўрнидан илдам турди. Яктагини эгнига илиб, ташқарига отланганди, кампири ортидан эргашди:

— Ҳой, чоли тушмагур, қайга отландингиз? Ахир аҳволингиз яхши эмасди-ку! — дея жавради.

Сайдулло бобо машинага ўтираётиб:

— Тўйга кетяпман, — деди.

Уни олиб кетишга келган Баҳодир бобо:

— Ассалому алайкум, омонмисиз, чеча! Қўшни қишлоқда бир ошнам тўй қиляпти. “Сайдулло бобомни олиб келмасангиз, тўйга киритмайман”, деган. Қўйинг, чеча, бизни ошдан қолдирманг, — деди.

— Вой, чоли тушмагур-эй, тўйга борармиш! Қимирлашга ҳам мадорим йўқ, ўламан, деяётган эдингиз-ку!

— Кўп куйинманг, чеча, ош бор жойда ўлим ҳам кутиб турармиш, — деб Баҳодир бобо қаҳ-қаҳ отиб кулди-да, чаққонлик билан рулга ўтирди. Машинасини ўт олдираркан: — Чечамизни ундай қўрқитманг-а, Сайдулло бобо! Дадилсиз, бобо, ҳали дадилсиз! Биргалашиб нечта тўйнинг ошини ошаймиз, — дея кўзини муғомбирона қисиб қўйди.

— Бир кун ундай, бир кун бундай бўлиб қолдик-да, Баҳодирбой…

Чоллар етиб борганида тўйхона анча гавжум эди. Ёши улуғларни эъзозлаб тўрга — чорпояга чиқаришди. Қуш сутидан бошқа ҳамма нарса бор тўкин дастурхонга сергўшт ош тортилди. Чоллар одатдагидек яктакларининг енгини шимариб олдилар. Ҳар тарафдан ошга қўл узатаркан, ёшликдаги шўхликларини эслашди. Кимдир бир тўйда ўн-ўн бешта бола хизматчиларнинг йўлини тўсиб, икки лаган ошни олиб қочганлари ҳақидаги ҳангомани айтганди, даврада гурра кулги кўтарилди.

Баҳодир бобо эндигина оғзига солган бир луқма ош на томоғидан ўтди, на ташқарига чиқди. Ичидан отилиб чиққан кулгига чап беролмай, нафас йўлига тиқилиб қолди. Унинг ҳиқ-ҳиқ этиб қолганини кўриб, чоллар шошиб қолишди. Бир зумда Баҳодир бобонинг кўзлари ола-кула бўлиб, юзи кўкимтир тусга кирди. Сайдулло бобо дарров ўзини ўнглаб олди-да, ёғли қўллари билан унинг кураклари орасига гурсиллатиб урди. Қалқиб кетган Баҳодир бобо тиқилган луқмани отиб ташлади-ю, “ҳоҳ” деганча чуқур нафас олди. Ҳавони ютоқиб симираркан:

— Ўлиб қолишимга бир бахя қолди-я, — деб ҳансиради.

“Жонга ишонч йўқ”, деган ўйни кўнглидан ўтказган Сайдулло бобо эса соқолини тутамлаганча жим бўлиб қолди.

Садоқат ҲАМРАЕВА,

Алишер Навоий номидаги

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети

талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − 1 =