Автобусдаги “кўринмас” йўловчилар
Кун давомида шаҳар бўйлаб қатнайдиган ҳар бир автобусда деярли бир хил манзарага гувоҳ бўламиз: кимдир шошганча валидаторга картасини босади, кимдир эса атрофдагиларнинг эътиборсизлигидан фойдаланиб, тўлов қилмасдан секингина тушиб кетади. Бугун 1700 сўм арзимаган маблағдек туюлиши мумкин. Аммо кунига минглаб йўловчилар томонидан тўланмай қолаётган ушбу кичик сумма ортида катта бир тизим барқарорлиги ва жамиятимиздаги масъулият ҳисси ётибди. Нега хизмат кўрсатиш сифатини талаб қиламиз-у, лекин оддийгина тўлов маданиятига амал қилишда оқсаймиз?
Бугунги кунда автобусларда пул тўламасдан кетиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Илгарилари чиптачилар автобусдаги тўловларни ўзлари назорат қилишарди. Вақт ўтиб, электрон тизим жорий этилгач, бу масъулият ҳайдовчи зиммасига тушди. Ваҳоланки, ҳайдовчининг асосий вазифаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдир: у бир вақтнинг ўзида ҳам рулни бошқариб, ҳам ким йўл ҳақини тўлагани-ю тўламаганини назорат қилолмайди. Йўлкира тўламай кетадиган ҳар бир йўловчи сабабли корхоналарнинг кунлик даромади сезиларли даражада камаяди.
Молиявий тақчиллик эса, биринчи навбатда, хизмат кўрсатиш сифатининг ёмонлашувига олиб келади: автобусларни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказиш, уларга сифатли ёқилғи қуйиш ҳамда эскирган эҳтиёт қисмларини алмаштириш имконияти чекланади. Натижада йўналишлардаги автобуслар сони қисқариб, бекатларда кутиш вақти узаяди, салонларда эса тирбандлик ортади. Бундан яна йўловчиларнинг ўзи азият чекади. Тўлов қилмайдиганлар келтириб чиқарган молиявий муаммолар янги ва шинам автобусларни харид қилиш, ёз кунларида совитиш тизимини тўлиқ ишлатиш ҳамда ҳайдовчиларнинг иш ҳақини ошириш каби режаларни ҳам ортга суради.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда автобусларда йўл ҳақини тўламаганлик учун жарима миқдорини ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш корхонаси директори Муҳаммаджон Қаҳҳоров “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги “Шаҳар йўловчи транспорти тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб пойтахт жамоат транспортида йўловчилар салонга чиққан заҳоти йўл ҳақини тўлаши талаб этилмоқда. Тўловни амалга оширмаганлар “чиптасиз йўловчи” сифатида қайд этилиб, уларга нисбатан жарима қўлланилади. Бу жараёнда назоратчилар махсус планшетлар ёрдамида йўловчининг транспорт ёки банк картаси орқали тўлов ўтказганини текширади.
Ҳозирда автобусда чиптасиз юрган йўловчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 10 фоизи миқдорида жарима солинади. Муҳаммаджон Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, янги тартибдан кўзланган асосий мақсад йўлкира тушумларининг тўлиқлигини таъминлаш, автобуслар қатновида шаффофликни ошириш ва йўналишлар ҳаракатини мувофиқлаштиришдан иборат. Шунингдек, ҳар бир бекат ва вақт кесимида йўловчилар оқими чуқур таҳлил қилиниб, жамоат транспорти фаолиятини тўғри режалаштириш имконияти яратилади. Унинг берган маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки етти ойида 82 мингдан ортиқ чиптасиз йўловчи аниқланиб, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун улардан жами 2 миллиард сўмдан зиёд жарима ундирилган.
Инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин, деган гап бор. Лекин йўлкира ҳақини виждонан тўлаш виждоний ишга айланиши лозим. Токи ҳар биримиз “Битта мен тўламасам нима бўпти?” қабилидаги худбинона фикрдан воз кечмас эканмиз, биз орзу қилган тартиб ва маданият қарор топмайди.
Дурдона САЙФИТДИНОВА,
Ўзбекистон Миллий университети 2-босқич талабаси.
