Тараққиёт фалсафаси ва лидерлик масъулияти
Тарих фанлари доктори, профессор Карим НОРМАТОВнинг “Янги Ўзбекистон бунёдкори” китоби ҳақида сўз
Таниқли олим, тарих фанлари доктори, Қуролли Кучлар академияси профессори Карим Норматовнинг “Янги Ўзбекистон бунёдкори” деб номланган сиёсий эсселар тўпламида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан миллий кадрлар тайёрлаш ва мамлакат тараққиёти йўлида олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг асл моҳияти атрофлича очиб берилган.
Шунингдек, китобда раҳбар кадрларнинг бурчи, вазифаси ва масъулияти, турли соҳалардаги мутахассисларнинг ўзаро уйғунлиги ҳамда мамлакат стратегик ривожининг истиқболлари таҳлил қилинган.
Муаллиф мавзуни етти асосий йўналиш бўйича кўриб чиқади. Хусусан, “Мустақиллик — энг олий неъмат”, “Президент: Ватан, халқ ҳимоячиси ва тимсоли”, “Ўзбек мўъжизаси ҳақида”, “Инновацион ташаббус — таълимот калити”, “Миллий контент — ҳаётимиз кўзгуси”, “Янги Ўзбекистон давлатчилиги ва миллий суверенитети — тараққиётнинг асосий шарти ва гарови”, “Маданият ва санъат жамият ҳаётининг маънавий қиёфаси омили — истиқболи, иқболи демак” каби бўлимлар китобнинг асосий мазмун-моҳиятини белгилаб берган.
“Янги Ўзбекистон бунёдкори” асарида бугунги шиддатли ва таҳликали замонда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тобора юксалиб бораётган сиёсий имижи, обрў-эътибори мамлакатимизнинг дунё миқёсидаги нуфузи ортишига бевосита хизмат қилаётгани алоҳида урғуланган.
“Давлат эркинликни Конституция ва қонунлар орқали таъминлайди. Бироқ эркинликдан фойдаланиш малакасини ким шакллантиради? Бу вазифа – бутун жамиятнинг иши. Кўпроқ эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим, маданият, тиббиёт ва албатта, медиа тизимлари зиммасига тушади. Ҳаёт дарё суви каби ҳеч қачон бир ерда туриб қолмайди – ўзгарувчан! Ўзгармаса, бир жойда депсиниб қолса, ҳамма иш орқага кетади. Шунинг учун Худо инсонни комилликка интилувчи қилиб яратган. Демак, жамиятга ҳам ривожланиш хосдир”, деб ёзади муаллиф.
Истиқлол одимлари эл-юрт ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олмоқда. Бу йўлдаги энг муҳим таянч, кўплаб долзарб савол ва муаммоларнинг ечими эса матбуот ҳамда ОАВда ўз аксини топади. Сўнгги йилларда, эътироф этиш жоизки, муайян даражада босма нашрларга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Аммо бугунги кунда яна бир долзарб масала тўсиқ бўлиб турибди. Бу — матбуот тарқатиш ва китоб савдоси тизимидаги камчиликлардир.
Профессор Карим Норматов китобда оммавий ахборот воситалари, жумладан, босма нашрларнинг келажагини таъминлаш, уларни ўқувчига қизиқарли ва мазмундор ҳолда етказиш борасидаги дадил фикр-мулоҳазаларини илгари суради. “Янги Ўзбекистон бунёдкори” асарида янги даврдаги медиа тарихи ҳамда юртимизда олиб борилаётган медиасиёсатнинг асл моҳияти аниқ далиллар асосида теран очиб берилади.
Биз тизимли ислоҳотларнинг муҳим маррасига яқинлашмоқдамиз. Бундан ўн йил олдин очиқлик, инклюзивлик ва прагматизмга таянган ҳолда Янги Ўзбекистонни барпо этишни бошлаган эдик. Ўтган давр мобайнида узоқ муддатли тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор — қулай ишбилармонлик муҳити, барқарор агросаноат базаси ҳамда барча соҳа ва тармоқларда янги инфратузилмалар барпо этилди ва бу жараён давом этмоқда.
“Дунёда мамлакатлар кўп, халқлар кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам мустақил, озод эмас. Ўша мамлакатлар, миллатлар тарихига кўз ташласангиз, улар ўз эркини бировларнинг қўлига бериб қўйганига, тўғрироғи, бошқаларнинг интеллектуал қудратига қарам бўлиб қолганига гувоҳ бўламиз. Чуқурроқ эътибор берилса, ўша даврларда улар маърифатдан, маънавият ва маданиятдан узоқлашган эди. Бунинг оқибатида тараққиётдан ортда қолишган. Лоқайдликка, бепарволикка берилиб, ёшлар таълим-тарбияси аросатда қолган. Натижада ўз-ўзларини қулликка маҳкум этишган”, деган мушоҳадалар, шубҳасиз, эътиборга лойиқ.
Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт воқелиги шундан далолат беради: матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ягона мақсад атрофида бирлашиб, фидокорона меҳнат қилмоқда ҳамда ёруғ келажагимиз пойдеворини яратмоқда! Сиёсий эсселардан иборат ушбу тадқиқот илмий-амалий нуқтаи назардан чуқур таҳлил этилиб, нашрга тайёрланган бўлиб, у нафақат тадқиқотчилар, балки кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Нодир БЕК,
журналист.
