Йўл-йўлакай: Янгийўлгача ўйлар

Ҳар куни Янгийўлгача йўл босаман. Баъзан равон, баъзан тирбанд йўлдаги қарийб бир соатлик масофа давомида турли тақдирлар ва турфа воқеаларга гувоҳ бўламан.

Кимдир ҳазилга олиб кетадиган арзимас ҳолатни бошқаси фожиага айлантиради. Биров муҳтожга ёрдам қўлини чўзса, худди шу дақиқада ёнидаги бошқа бир йўловчи уни туртиб ўтиб кетади. Бир кўчанинг ўзида — ҳам одамийлик, ҳам бепарволик. Шунда беихтиёр ўйланиб қоламан: орамиздаги бундай тафовутнинг сабаби нимада?

Балки, жавоб эски қарашларни янгилашни унутиб қўйганимиздадир. Телефонимизни алмаштирамиз, кийимимизни янгилаймиз, бироқ бошқаларга муносабатимиз ҳамон ҳаминқадар. Қачонгача “замонавийлик”ни фақат қўлимиздаги қурилма билан ўлчаймиз?

Янгийўлга етиб бориш — фақатгина жисмоний манзил эмас, ҳақиқий янги йўл энг аввало муносабатларимизда бошланиши керак. Акс ҳолда, устимиздаги либос қанчалик янги бўлмасин, ўзимиз ўша эски йўлдан юраверамиз.

Шундай ўйлар билан манзилимга етиб келарканман ва уларнинг айримларини сизлар — ҳамфикрларим билан бўлишишга қарор қилдим.

Замонавий дунёнинг эски шикоятлари

“Ёшлар тарбияси бузилиб кет­япти” деган гап бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолган эмас, балки минг йиллар қаъридан келаётган даъводир. Милоддан аввалги 1750 йилга оид, ҳозир Париждаги Лувр музейида сақланаётган миххат битигида Ларса шаҳридан бўлган Иддин-Син исмли йигит онаси Зинуга: “Бошқа хонадонларнинг ўғиллари йилдан-йилга яхшироқ кийинмоқда, сиз эса менинг кийимимни йилдан-йилга баттар қиляпсиз…” — дея нолигани ёзилган. Ўша пайтларда ҳам катталар: “Ҳозирги авлод борган сари итоатсиз бўлиб кетмоқда”, — дея ташвиш чекишган экан.

Тўрт минг йилдан ортиқ вақт ўтибди: эҳромлар бунёд этилди, империялар қулади, технология тасаввурга сиғмас даражада тараққий этди. Аммо катта авлоднинг кичиклар ҳақидаги шикояти деярли ўзгармади: “Бизнинг давримизда ҳаммаси бошқача эди”, “Ҳозирги ёшлар бузилиб кетяпти”, “Улар бизга қараганда эркинроқ, итоатсизроқ”.

Холис бўлиш учун шуни ҳам тан олиш керак: аввалги кашфиётлар билан бугунги технология орасида жиддий фарқ бор. Радио, телевизор, ҳатто илк интернет ҳам инсон диққатини бўлган, бироқ улар диққатни қасддан ўғирлашга эмас, асосан, ахборот тарқатишга йўналтирилган эди.

Бугунги платформалар эса инсон диққатини ушлаб туришни илмий асосда, мақсадли тарзда лойиҳалаштиради. Алгоритмлар сизнинг ҳар бир ҳаракатингизни таҳлил қилади, сизга энг ёққан ёки энг кўп томоша қилинган контентни таклиф этади ва бу жараён тинимсиз такомиллашиб боради.

Демак, бугунги ёшлар рўпарасида оддий чалғитувчи омил эмас, балки пухта тузилган, доимий ўзини ўзи такомиллаштириб борувчи мураккаб тизим турибди. Бундай механизмга қарши: “Иродам кучли, ўзимни тута оламан”, — деб яккама-якка курашиш катталар учун ҳам, ёшлар учун ҳам бирдек машаққатлидир.

Бу ҳақда “Google” компаниясининг рақамли дизайн этикаси бўйича собиқ мутахассиси Тристан Ҳаррис кўп бор таъкидлаган. У 2013 йилда компания ичида тақдимот қилиб, замонавий иловалар одам диққатини узоқроқ ушлаб туриш учун худди ўйин автоматларидаги каби “ўзгарувчан мукофот” тамойилидан фойдаланишини айтган эди. Яъни фойдаланувчи навбатдаги билдиришномада уни нима кутаётганини олдиндан билмайди ва айнан шу ноаниқлик уни қайта-қайта экранга қарашга мажбур қилади. Кейинчалик у “Google” сафидан чиқиб, “Эътиборга ҳурмат” ҳаракатига асос солди ҳамда технология компанияларини фойдаланувчи психологиясини суиистеъмол қилмасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, муаммо одамларнинг “иродасизлигида” эмас, балки маҳсулотнинг айни шу мақсадда — инсондан имкон қадар кўпроқ вақтни тортиб олиш учун лойиҳалаштирилганидадир.

“Смомби”лар

Кўчада телефонига бутунлай “боғланиб қолган” йигитча йўлидаги тошга қоқилмагунча бошини кўтармай юради: атрофини, йўлни кўрмайди. Тиқилинч автобусда экранга термилиб, транспорт кескин тўхтаганда ўзгалар устига йиқиладиган ҳолатлар ҳам тез-тез учраб туради.

Бу фақат бизнинг кўчаларимизгагина хос кўриниш эмас, балки бутун дунёда кузатилаётган ва ҳатто илмий ном олган ижтимоий ҳодисадир. Мутахассислар экрандан кўз узмай, секин ва гандираклаб юрадиган одамларни “смомби” — яъни “смартфон-зомби” деб атай бошлашди. Чунки четдан қараганда уларнинг ҳаракати даҳшатли фильмлардаги зомбиларнинг қадамига ўхшаб кетади. АҚШда пиёдаларнинг смартфон сабабли жароҳат олиб шифохоналарга мурожаат қилиш кўрсаткичи охирги пайтларда бир неча баробар ошгани қайд этилган.

Муаммо шу даражага етдики, Хитойнинг Чунцин ва Бельгиянинг Антверпен шаҳарларида пиёдалар йўлакларида “смартфон фойдаланувчилари учун махсус йўлак” ажратилди. АҚШнинг бир қанча шаҳарларида эса йўлни кесиб ўтишдан олдин телефондан кўз узмайдиган пиёдалар хавфсизлиги учун асфальтга ўрнатилган светофорлар жорий этилди. Бу ҳазил эмас, ҳаётий хавфсизлик чорасидир.

Хайриятки, хавотирларимизни худди шу кўчалар ва метро вагонларида қўлида телефон ўрнига китоб ушлаб, саҳифа варақлаб кетаётган ёш йигит-қизлар бироз аритгандай бўлади. Хусусан, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Туронбанк” ҳамда Транспорт вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент метросининг бир нечта бекатида “Турон китоб бекати” лойиҳаси йўлга қўйилган бўлиб, йўловчилар сафар давомида китоб мутолаа қилиши, ҳатто уни навбатдаги бекатгача давом эттириши мумкин.

Бундан-да нозикроқ ҳолат — болаларнинг тенгдошлари орасидаги “кимнинг телефони янгироқ” қабилидаги баҳслари оилавий хотиржамликни бузувчи босимга айланаётганидир. Бу ерда гап фақат технологиянинг ўзида эмас. Бу — инсоннинг эътироф этилиш, жамоага мансублик ва тенг бўлиш каби азалий эҳтиёжларининг маҳсулидир. Фақат эндиликда бу эҳтиёжнинг “баҳоси” қимматлашиб, намоён бўлиш шакли янада ошкора тус олди.

“Жентльменлик”

Иш куни якунланиб, йўловчилар уй-уйига қайтаётган паллада метро ёки автобус бекатларида катта тиқилинч юзага келади. Жамоат транспорти эшиги очилишга улгурмасданоқ ёшлар, айниқса, йигитлар биринчи бўлиб, ҳеч кимга қарамай, баъзан атрофдагиларни туртиб бўлса ҳам ичкарига кириб олишга уринишади. Гўдак кўтарган аёллар, қизлар ва ёши катталарга йўл бериш у ёқда турсин, уларни беписандлик билан суриб ўтишади. Қизиқ, улар нега бунчалик шошишади?

Бу ҳолат ҳаммасидан ҳам оғриқли туюлади, чунки у бизнинг чуқур илдизга эга миллий ва умуминсоний қадриятларимизга зиддир. Анъанавий тарбиямизда эркак киши — жисмонан кучли, биринчи галда ҳимоячи, аёлларга, болаларга ва кексаларга йўл очиб берувчи ҳамда жой бўшатувчи сиймо ҳисобланган. “Жентльменлик” деб аталувчи бу одоб қоидаси кучни кўз-кўз қилишга эмас, балки уни ўзгаларга кўмак бериш йўлида сарфлашга қаратилган эди. Бугун эса бу тамойил кўпинча тескари ишлаётгандек: гўё ким чаққон ва кучли бўлса, ўша ҳақ бўлиб чиқмоқда.

Буни шунчаки тарбиясизлик дея баҳолаб қўя қолиш осон, бироқ масаланинг энг хавотирли томони — бу иллатнинг илдиз отиб, авлоддан авлодга ўтиб бораётганидадир. Уйда ота-онага, катталарга нисбатан ҳурматни кўриб улғаймаган бола эртага кўча-кўйда, жамоат транспортида ҳам шундай муносабатни такрорлайди ва ўз навбатида, уни фарзандларига “мерос” қилиб қолдиради. Ва аксинча: агар бугун бекатда кимгадир йўл бериш ёки жой бўшатиш маданияти сўна бошласа, бу келажакда янада каттароқ ҳурматсизликларга йўл очилишининг хабарчисидир.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бу — фақат ёшларнинг “тарбиясизлиги”ми ёки биз — катталар уларга одобни шахсий намуна сифатида етарлича кўрсата олмаяпмизми? Ахир бола қуруқ “ҳурмат қил” деган насиҳатдан кўра, катталарнинг амалий хатти-ҳаракатидан кўпроқ сабоқ олади.

Лайк учун ҳаётини хавф остига қўйганлар

Яна бир тенденция борки, у юқоридагилардан ҳам кўпроқ ташвиш уйғотади. Авваллари ижтимоий тармоқларда ресторан ёки ошхона рекламаси доирасида пул мукофоти эвазига тез ва меъёридан ортиқ таом ейиш мусобақалари, асосан, йигитлар ўртасида кузатиларди. Бугун эса худди шу форматда, айнан реклама ва машҳурлик учун аёл-қизларнинг иштироки сезиларли даражада кўпайди.

Хўш, бу одат бизга қаердан кириб келди?

АҚШдаги энг машҳур “хот-дог ейиш мусобақаси” гўёки 1916 йилдан буён давом этиб келаётган анъана сифатида тақдим этилса-да, аслида 1970 йилларда реклама агентлари томонидан атайин тўқиб чиқарилган пиар бўлиб чиқди; мусобақа биринчи марта 1972 йилда ҳужжатлаштирилган. Ҳозирги интернетдаги “кўп овқат ейиш” видеоларининг негизи бўлган мукбанг атамаси эса Жанубий Кореядан келиб чиққан. У ерда бу ҳолат дастлаб ёлғизлик ва тушкунликни виртуал тарзда “бирга овқатланиш” орқали енгиллаштириш воситаси сифатида пайдо бўлган, сўнгра бутун дунёга, жумладан, реклама бозорига ҳам ёйилган.

Одатда, эркакларга хос деб қаралган бундай ҳаракатларни аёл кишининг бажариши кутилмаган зиддият яратиб, кўпроқ томошабинни жалб этади. Биламизки, кўпроқ кўришлар сони кўпроқ даромад келтиради. Натижада диққат марказида инсон соғлиғи эмас, балки “қизиқарли контент” статистикаси туриб қолади.

Сир эмаски, таомни шошиб ва меъёридан ортиқ ейиш ошқозон деворининг ҳаддан ташқари чўзилиб, ёрилиб кетишига, қизилўнгач жароҳатланишига ҳамда нафас йўлларининг тўсилиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. 2024 йилда хитойлик машҳур мукбанг-блогер Пан Сяотин жонли эфир вақтида айнан шу хатти-ҳаракати оқибатида вафот этди. У бундан олдин ҳам ошқозондан қон кетиши ташхиси билан шифохонага тушган, аммо бир кун ўтибоқ яна меъёрсиз овқатланишни давом эттирган эди. Бу каби мудҳиш воқеалар фақат Хитой ёки АҚШда эмас, дунёнинг турли бурчакларида қайд этилмоқда.

Шарқ халқларида дастурхон шунчаки тамадди қилиш жойи эмас, балки ҳурмат, андиша ва юксак одоб рамзидир. Шу нуқтаи назардан, контент учун атайлаб “тез ва пала-партиш ейиш” жамоатчилик томонидан нафақат тиббий жиҳатдан хавфли, балки миллий қадриятларга зид ҳодиса сифатида қабул қилинади. Ижтимоий тармоқларда бундай видеолар остида нафрат ва ғазабга тўла изоҳларнинг кўпайиши эса, афсуски, алгоритмлар сабабли ушбу мазмундаги контентларнинг янада кенгроқ тарқалишига туртки бермоқда.

Бир телефон – уч ҳаёт

2026 йил августида интернет тармоғини ларзага солган яна бир машъум воқеа юз берди: Ҳиндистоннинг Маҳараштра штатида 18 ёшли йигит ота-онаси унга “iPhone” олиб бермагани учун жарлик ёқасига бориб, ўзини ташлаш билан таҳдид қилади. Уни қутқариб қолишга уринган ота мувозанатни йўқотиб, пастга қулайди, бу даҳшатга чидай олмаган она ҳам ўзини жарликка ташлайди. Шу тариқа уч кишидан иборат бир бутун оила бир неча дақиқа ичида ҳаётдан кўз юмади.

Ҳурматсизликнинг янгича кўриниши(ми?)

Юқоридаги воқеанинг тез ва кенг тарқалгани бежиз эмас. Кўпчилик буни ўқиганда: “Бунга ўхшаш ҳолатларни ўзим ҳам кўрганман ёки эшитганман”, — деган фикрга борди. Чунки смартфон ёки бошқа бир буюм учун ота-онасига шарт қўядиган, қўполлик қиладиган ва ҳатто таҳдидга ўтадиган ёшлар, афсуски, орамизда ҳам йўқ эмас.

Илгари оилавий келишмовчилик, ота-она билан баҳс ёки норозилик тўрт девор ичида қоладиган, ташқарига чиқарилмайдиган ички масала ҳисобланарди. Шарқона тарбияда ота-онага тик боқиш, уларга овоз кўтариш, ҳатто ичида норозилик сақлашнинг ўзи одобсизлик саналган — улар билан очиқча баҳслашиш ёки ошкора шикоят қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.

Бугун эса ёш авлоднинг айрим вакиллари оилавий низоларни, ота-онасидан хафа бўлганини ва шахсий кечинмаларини камера қаршисида минглаб нотаниш одамларга очиқ-сочиқ “ҳикоя” қилиб беришга одатланмоқда. Ижтимоий тармоқларда “Оилам мени тушунмайди”, “Ота-онам билан уришиб қолдим” каби сарлавҳали “storytime” форматидаги видеолар алоҳида йўналишга айланди. Бу кўп ҳолларда оилавий муаммони бартараф этиш учун эмас, балки шунчаки обуначи, лайк ва изоҳ тўплаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: ёшлар бу иллатни — оила сирини кўчага, қолаверса, интернет уммонига олиб чиқишни қаердан ўрганмоқда? Эҳтимол, улар буни ота-онаси ёки миллий анъаналардан эмас, балки кун бўйи кузатаётган рақамли платформалардан олаётгандир? Чунки у ерда шахсий ҳаётни кўз-кўз қилиш уят эмас, балки шуҳрат ва мўмай даромад манбаи сифатида талқин этилади.

Бу ҳолат маданиятлар ёки авлодлар ўртасидаги шунчаки майда тафовут эмас. Бу — ҳар қандай жамият ва даврда бирдек қадрланган муқаддас асосга, яъни фарзанди учун бор умрини, куч-қувватини бахшида этган ота-она меҳнатига нисбатан ҳурматсизликнинг янги ва хавфли қиёфаси эмасми?

Ким айбдор: фарзанд, ота-она ёки тизим?

Баъзан ота-онанинг ўзи фарзандига “йўқ” дейишни билмайди. Чунки уларнинг ўзлари ҳам: “Болам тенгқурларидан кам бўлмасин”, — деган ички босимга таслим бўлади. Бундай вазиятда муаммо болада эмас, балки оиланинг қадриятлар тизимида кўринади.

Илова ва рақамли платформаларни яратувчилар эса ўз даромадларини ошириш мақсадида фойдаланувчини экран қаршисида имкон қадар узоқроқ ушлаб туришга онгли равишда интиладилар. Бу ҳақиқатни кўрмасликка олиш — барча айбни фақат ёшларга юклаб, муаммонинг асл илдизини эътибордан четда қолдириш билан баробардир.

Францияда ўтказилган синов дастури натижалари бўйича мамлакат таълим вазири “синфлардаги таълим-тарбия муҳити сезиларли даражада яхшилангани”ни таъкидлади. Бу — масала нафақат оилавий, балки давлат сиёсати даражасида ҳам ўта жиддий қабул қилинаётганидан далолат беради. Мамлакатимизда ҳам бу муаммо эътибордан четда қолмаган. Хусусан, 2012 йилда Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан умумтаълим мактабларида мобиль телефонлардан фойдаланиш тартиби тасдиқланган. Унга кўра, ўқувчилар таълим муассасаси ҳудудига кирганда телефон овозини ўчириб қўйишлари ва ундан дарс вақтида фойдаланмасликлари шарт. Бироқ амалда ушбу талабларга барча мактабларда ҳам бирдек қатъий риоя этилмаётгани, кўплаб педагоглар ўқувчиларнинг дарс пайтида ижтимоий тармоқларга чалғиб қолаётганидан ҳамон шикоят қилаётгани аччиқ ҳақиқатдир.

Тақиқдан кўра – мулоқот

Бу фикрлар кимгадир айблов қўйиш учун эмас, балки холис кузатув сифатида ўртага ташланмоқда. Шу боис тайёр “қолиплар” тақдим этиш ўрнига, биргаликда мулоҳаза юритиб кўрайлик:

“Телефонни ташла!” деган кескин буйруқ ўрнига, бу матоҳ одамни нега бунчалик ўзига бўйсундириб олаётгани ҳақида фарзанд билан бамаъни мулоқот қилиш кутилган натижани беради. Кўчада ва транспортда смартфонга тикилиб юришнинг хавфини қуруқ тақиқ орқали эмас, балки ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтириш лозим. Энг асосийси, катталарнинг шахсий намунасидир. Агар ота-онанинг ўзи кун бўйи телефон титкилашдан бўшамаса, болага қуруқ сўз билан таъсир ўтказиш амримаҳол. Болага замонавий иловаларнинг инсон диққатини қандай механизмлар орқали жалб қилишини тушунтириш — уни оддий, тобе истеъмолчидан онгли фойдаланувчига айлантиришнинг самарали йўлидир.

Эътиборли жиҳати шундаки, айрим мактабларда ўтказилган “телефонсиз кун” тажрибасида дастлаб ўқувчилар маълум ноқулайлик ва ташвиш ҳис қилишган бўлса-да, орадан бир неча ҳафта ўтиб, синфларда жонли мулоқот ва ўзаро алоқа сезиларли даражада жонлангани кузатилди. Бу эса муаммо ёшларнинг “табиати”да эмас, балки улар яшаётган муҳитнинг тузилишида эканини ҳамда муҳитни ижобий томонга ўзгартириш орқали хулқ-атворни ҳам табиий тарзда ўнглаш мумкинлигини кўрсатади.

Шахсий намуна – энг олий жавоб

Юқорида айтганимиздек, ҳар бир авлод ўзидан кейинги ёшларни “аввалгидек эмас” дея баҳолайди — бу инсоният тарихида такрорланиб келаётган одатий ҳол. Аммо бугунги вазиятнинг фарқи шундаки, эндиликда рўпарамизда оддий вақтихушлик воситаси эмас, балки инсон онги ва диққатини бошқариш учун махсус яратилган улкан тизим қад ростлаб турибди. Шу боис фақатгина “ёшлар айбдор” деган хулоса билан чекланиш — масалага ҳаддан ташқари юзаки ёндашиш бўлар эди.

Аслида, муаммо қаерда ва кимда эканини, уни ким ҳал этиши кераклигини чексиз баҳс қилишдан кўра, ҳар биримиз масъулиятни, аввало, ўзимиздан бошлашимиз мақсадга мувофиқдир.

Шоҳиста ЮНУСАЛИЕВА,

Республика Маънавият ва

маърифат маркази ходими.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + nineteen =