Ҳамкорликда янги минтақавий тафаккур сари

Жорий йилнинг 28-29 сентябрь кунлари Тожикистон Республикасининг Хўжанд ва Гулистон шаҳарларида Иккинчи Фарғона тинчлик форуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган расмий шахслар, ўндан ортиқ давлат делегациялари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вакиллари ҳам қатнашди. Қуйида ушбу анжуман таассуротлари ҳақида сўз юритамиз.

Янги тарихни яратган ҳужжат

Таъкидлаш лозимки, бу нуфузли халқаро тадбир янги мулоқот платформаси эмас, балки 2025 йил 15-16 октябрь кунлари Фарғона шаҳрида “Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамлик” мавзусида бўлиб ўтган Биринчи Фарғона тинчлик форумидаги мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фарғона водийси Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон халқларини тарих, маданият, қўшничилик ва муштарак тақдир билан боғлаб турган макондир. Бу ҳудудда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш фақат давлатлар ўртасидаги дипломатик муносабатлар эмас, балки аҳоли фаровонлиги, иқтисодий тараққиёт ва халқлар ўртасидаги ишонч билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Фарғона тинчлик форумлари ана шу эҳтиёждан келиб чиқадиган минтақавий мулоқот майдони сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Бу йилги форум Хўжанд декларациясининг қабул қилинганига бир йил тўлиши муносабати билан ташкил этилгани алоҳида эътиборга молик. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг янги даврини бошлаб берган ушбу тарихий декларация Марказий Осиёда ўзаро ишонч, тинчлик ва умумий тараққиётга қаратилган сиёсий ироданинг муҳим ифодаси сифатида қаралади.

Маълумки, 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров иштирокида уч томонлама саммит бўлиб ўтди. Унда уч давлат чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартнома ва Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларацияси имзоланди. Бу воқеа Марказий Осиё давлатлари муносабатларида муҳим сиёсий ва дипломатик босқич бўлди.

Энг муҳим жиҳати шундаки, декларациянинг аҳамияти фақат бугунги кун билан чекланмайди, бу — келажак авлодлар учун тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсий мажбуриятдир. Бу келишувнинг тарихий аҳамиятини, аввало, унинг рамзий мазмуни ва минтақавий ҳамкорлик учун очган имкониятлари орқали англаш мумкин. Ушбу ҳужжат уч давлатнинг дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қаратилган умумий сиёсий иродасини ифодалади. Чегара масалаларини музокара ва келишув асосида ҳал этишга интилиш эса минтақада тинчликни таъминлашнинг муҳим дипломатик воситаси десак, хато бўлмайди.

Хўжанд декларацияси Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси муносабатларини фақат сиёсий мулоқот билан чекламасдан, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳам ривожлантириш учун муҳим сиёсий замин яратади.

Биринчидан, чегараолди савдоси ва транспорт алоқаларини ривожлантириш учун қулай шароит шакллантириш имкони кенгаяди. Аҳоли ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларнинг осонлашиши маҳаллий иқтисодиётга, хизмат кўрсатиш соҳасига ва иш ўринларига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Иккинчидан, сув ва энергетика масалаларида ҳамкорликнинг аҳамияти ортади. Фарғона водийсида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларида ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш давлатлар ўртасида доимий мулоқотни талаб этади. Мавжуд келишувларни амалга ошириш ана шу мулоқотнинг амалий йўналишларидан бири саналади.

Учинчидан, маданият, таълим, илм-фан ва туризм соҳаларидаги алоқалар халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлайди. Чунки давлатлараро дўстликнинг барқарорлиги фақат расмий учрашувларга эмас, балки оддий фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ишонч ва ҳамкорликка ҳам боғлиқ. Шу боисдан Хўжанд декларациясининг мазмунини англашда инсон манфаатини марказга қўйиш муҳим. Чегара ҳудудларида яшовчи оилалар, савдогарлар, фермерлар, талабалар ва меҳнаткашлар учун яхши қўшничилик, аввало, кундалик ҳаётдаги қулайлик ва хавфсизликдир.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Париж ва Рим шартномалари Европа интеграциясининг ҳуқуқий пойдеворини яратган бўлса, Марказий Осиёда Хўжанд декларацияси уч давлат ўртасидаги янги муносабатлар босқичини белгиламоқда. Бир сўз билан айтганда, бу тарихий келишувни Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим сиёсий асослардан бири дейиш мумкин. Унинг аҳамияти уч давлат муносабатларидан ташқарида ҳам намоён бўлади: чегаравий масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш, ўзаро манфаатларни уйғунлаштириш ва минтақавий мулоқотни кучайтириш бошқа ҳамкорлик жараёнлари учун ҳам аҳамиятли тажриба ҳисобланади.

Тинчлик форумлари – жамиятлар овози

Хўжанд декларациясининг тарихий аҳамияти уч мамлакат халқлари ўртасидаги дўстликнинг амалий натижалар билан бойиб боришида намоён бўлмоқда. Бунда фуқаролар мулоқоти, маҳаллий ташаббуслар ва жамоатчилик дипломатиясига ҳам эътибор қаратиш зарур. Маданий тадбирлар, ёшлар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари ва журналистлар ҳамкорлиги давлатлар ўртасидаги яқинликни жамият ҳаётига олиб киришга хизмат қилади.

Фарғона тинчлик форумлари мана шу эзгу мақсадларнинг муҳокамасига қаратилгани билан ҳам янада аҳамиятли. Навбатдаги форумнинг Тожикистонда ўтказилиши муҳим келишув атрофидаги мулоқотнинг тизимли давом этаётганини кўрсатди. Бу жараёнда таҳлил марказлари, халқаро экспертлар, илмий доиралар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг фаол иштироки ҳамкорликни фақат давлатлараро даражада эмас, балки жамиятлар ўртасида ҳам мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Шу маънода, анъанавий тус олаётган Фарғона тинчлик форумлари давлатларнинг сиёсий ҳамкорлиги намойишигина эмас, балки жамиятларнинг ҳам овози, дейиш мумкин.

Бу галги форум “Фарғона водийси: тинчлик, ишонч ва фаровонлик макони” мавзусига бағишланди. Ўзбекистон Республикасининг Фарғона вилояти, Қирғиз Республикасининг Боткен вилояти ва Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти раҳбарлари иштирок этган форумда минтақавий ҳамкорликнинг устувор масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, ривожланиш жараёнларининг олдиндан прогноз қилинадиган ва изчил бўлишини таъминлаш, иқтисодий боғлиқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик, савдо, саноат ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш муҳокамаларнинг марказида бўлди. Нуфузли анжуманда сўз олган халқаро экспертлар ўз чиқишларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари ва сиёсий фаоллигини алоҳида эътироф этишди.

Форумда табиий ресурслар ва экологик ҳамкорлик, ресурслардан оқилона фойдаланиш, чегараолди экологик масалаларни биргаликда ҳал этиш, инсон капитали ва илмий алоқалар, таълим, фан ва таҳлил марказлари ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича қизғин мулоқотлар кечди. Давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигида жамоатчиликнинг иштироки, ёшлар, хотин-қизлар, фуқаролик жамияти ва маҳаллий жамоаларнинг тинчлик кун тартибидаги ўрнини кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги, уч мамлакат журналистлари ва медиа ташкилотлари ўртасида профессионал алоқаларни кенгайтириш масаласи Иккинчи Фарғона тинчлик форумининг алоҳида мулоқот мавзуси бўлди. Муҳокамаларда минтақавий ҳамкорликни таъминлашда журналистлар зиммасига катта масъулият юкланиши таъкидланди. Оммавий ахборот воситалари уч мамлакатдаги ижобий тажрибалар, умумий муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида холис, далилларга асосланган материаллар тайёрлаши орқали халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга ҳисса қўша олиши қайд этилди. Мунозараларда иштирок этган Ўзбекистон, Қирғиз Республикаси ва Тожикистон журналистлари давлатлар ўртасидаги медиаҳамкорлик умумий тарих, муштарак манфаатлар ва минтақавий тараққиёт сари муҳим қадам, деган фикрда якдил бўлдилар.

Дарҳақиқат, бугун уч мамлакат журналистлари олдида халқларимизнинг тарихий яқинлигини замонавий ахборот маконида янада мустаҳкамлашдек муҳим вазифа турибди. Зеро, журналистика нафақат воқеаларни ёритади, балки одамлар ўртасида мулоқот ўрнатади, жамиятда фикр уйғотади, халқларни бир-бирига яқинлаштиради.

Фарғона водийси — шунчаки географик ҳудуд эмас. У асрлар давомида турли халқлар бир маконда яшаб, бир-бирининг маданияти, урф-одатлари ва қадриятларини бойитиб келган ноёб тарихий маскандир. Водий аҳолисининг ҳаёти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Сув ресурслари, экология, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, савдо-сотиқ, таълим, ёшлар бандлиги ва маданий алоқалар — буларнинг барчаси минтақанинг бугунги куни ва эртанги тараққиётини белгилайдиган масалалардир.

Ушбу мавзуларнинг кўпчилиги давлат чегаралари билан чекланмайди. Бир ҳудуддаги экологик ўзгариш, сувдан фойдаланиш ёки иқтисодий фаоллик бошқа ҳудуд аҳолисининг ҳаётига ҳам дахл қилиши мумкин. Шу боис бундай жараёнларни ҳар бир мамлакат журналистлари алоҳида эмас, балки ўзаро ахборот алмашган ҳолда, турли нуқтаи назарларни инобатга олиб ёритиши муҳим. Масалан, журналистларнинг чегараолди савдоси, кичик бизнес, транспорт, туризм ва ёшлар бандлиги ҳақидаги қўшма материаллари минтақадаги иқтисодий алоқаларнинг инсонлар ҳаётига таъсирини очиб беришга хизмат қилади.

Ахборот оқими тезлашган бугунги кунда баъзан текширилмасдан тарқатилган, нотўғри талқин қилинган маълумотлар жамоатчиликда тушунмовчилик ва асоссиз хавотирларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, чегараолди муносабатлари, сув ресурслари, миграция ва ижтимоий масалаларни ёритишда журналистнинг масъулияти янада ортади. Бундай мавзуларда фактларни текшириш, ишончли манбаларга таяниш, воқеаларни тўлиқ контекстда кўрсатиш ва инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш муҳим.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Иккинчи Фарғона тинчлик форумида Ўзбекистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон медиа тузилмалари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги кўп бора эътироф этилди. Таъкидланганидек, уч давлат журналистларининг ўзаро тажриба алмашиши, мураккаб мавзуларда биргаликда ишлаши ва касбий этика масалаларини муҳокама қилиши минтақавий ахборот муҳитининг сифатини оширишга ёрдам беради.

Ҳамкорлик – журналистлар учун янги имконият

Фарғона водийсидаги халқларнинг ўзаро яқин муносабатлари медиа соҳаси вакиллари учун янги уфқлар очади. Масалан, водийнинг бой маданий мероси журналистлар ҳамкорлиги учун яна бир катта имкониятдир. Бу заминда шаклланган адабий, меъморий, ҳунармандчилик ва маънавий анъаналар халқлар ўртасидаги тарихий алоқаларни ўрганишга имкон беради.

Масалан, уч мамлакат журналистлари биргаликда ҳужжатли фильмлар ёки водийнинг тарихий шаҳарлари, буюк алломалари, халқ ҳунармандчилиги ва анъаналари ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлаши мумкин. Бундай лойиҳаларнинг аҳамияти фақат ўтмишни эслаш билан чекланмайди. Улар бугунги авлодга умумий тарихий меросни англаш, маданий хилма-хилликни қадрлаш ва ўзаро ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Айниқса, ёшлар аудиторияси учун замонавий мультимедиа форматларида тайёрланган ҳикоялар, подкастлар, видеолавҳалар ва ижтимоий тармоқлар учун махсус материаллар катта қизиқиш уйғотиши табиий. Бунда тарихий воқеаларни бир томонлама талқин қилишдан қочиш, ишончли манбаларга таяниш ва ҳар бир халқнинг маданий хотирасига эҳтиром билан ёндашиш зарур.

Минтақавий журналистика ҳамкорлигининг келажаги бугунги ёш мутахассисларга яратилаётган имкониятларга ҳам боғлиқ. Янги авлод журналистлари нафақат ахборот тўплаш ва тарқатиш, балки рақамли технологиялар, маълумотлар таҳлили, мультимедиа, халқаро коммуникация ва сунъий интеллект билан ишлаш кўникмаларига ҳам эга бўлиши керак. Ёш журналистлар бир-бирининг мамлакатини, маданиятини ва касбий муҳитини қанчалик яхши билса, келажакдаги ҳамкорлик учун шунчалик мустаҳкам асос шаклланади.

Шу боисдан, форум давомида ёш журналистлар учун қўшма маҳорат дарслари, стажировкалар, ёзги мактаблар ва ёшлар медиалабораторияларини ташкил этиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Бундай дастурларда фактчекинг, журналистика этикаси, медиа ҳуқуқи, рақамли хавфсизлик ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги билдирилди.

2022 йилда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Тожикистон Журналистлар уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Форумдаги муҳокамаларда мазкур ҳужжат доирасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хусусан, журналистлар иштирокида халқаро учрашувлар, конференциялар ва давра суҳбатлари ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Ўзаро халқаро ҳамкорлик лойиҳаларига Қирғиз Республикаси Журналистлар уюшмасини ҳам жалб этиш таклифи ўртага ташланди.

Форумда экспертлар томонидан билдирилган Фарғона водийси медиаҳамжамиятининг доимий фаолият юритувчи ҳамкорлик майдонини ташкил этиш таклифи ҳам эътиборга молик. Ушбу майдон уч мамлакат журналистлар ташкилотлари, таҳририятлар, олий таълим муассасалари ва медиа мутахассисларини бирлаштириши мумкин. Таклифга кўра, ҳар йили ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланиб, қўшма лойиҳалар режалаштирилади ва амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинади.

Шунингдек, Фарғона водийси медиаҳамжамиятининг йиллик форумини ўтказиш, журналистлар учун электрон ахборот алмашинуви майдонини яратиш, қўшма журналистик материаллар танловини ташкил этиш ва минтақавий медиа мактабини йўлга қўйиш мумкин. Бу ташаббусларни босқичма-босқич амалга ошириш келгусида медиаҳамкорлик соҳасида аниқ натижаларга эришиш имконини беради.

Бугун технологиялар журналистлар учун янги имкониятлар очмоқда. Масофадан туриб ҳамкорлик қилиш, маълумотлар алмашиш, биргаликда таҳлилий материаллар тайёрлаш ва мультимедиа маҳсулотларини турли платформаларда тарқатиш тобора қулайлашмоқда. Фарғона водийси журналистлари ушбу имкониятлардан фойдаланиб, умумий мавзуларда қўшма подкастлар, видеолойиҳалар, электрон махсус саҳифалар ва ҳужжатли фильмлар тайёрлашлари мумкин.

Рақамли ҳамкорлик платформаси эса журналистларга экспертлар билан алоқа ўрнатиш, тадбирлар ҳақида маълумот олиш, материаллар алмашиш ва қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштиришда ёрдам беради. Албатта, рақамли технологиялардан фойдаланиш журналистнинг касбий масъулиятини камайтирмайди. Аксинча, ахборотнинг ишончлилиги, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишнинг шаффофлигига бўлган талабни кучайтиради.

Бизнингча, Фарғона водийси журналистлари ҳамкорлигининг энг муҳим мезони ўтказилган тадбирлар ёки имзоланган ҳужжатлар сони бўлмаслиги керак. Асосий натижа одамларга керакли ахборотнинг кўпайиши, уларнинг умумий муаммолар ҳақида тўғри тасаввурга эга бўлиши ва турли жамоалар ўртасида мулоқотнинг кенгайишида намоён бўлиши лозим.

Биргаликда тайёрланган сифатли журналистик материаллар орқали тадбиркорлар янги имкониятлар ҳақида маълумот олиши, ёшлар таълим ва касб танлашга оид тажрибалар билан танишиши, маҳаллий жамоалар экологик ташаббуслардан хабардор бўлиши мумкин. Шу маънода, журналистларнинг ҳамкорлиги фақат касбий муносабатлар доирасида қолиб кетмасдан, минтақанинг ижтимоий ва гуманитар тараққиётига хизмат қиладиган амалий фаолиятга айланиши мақсадга мувофиқдир.

* * *

Шуни алоҳида айтиш мумкинки, Тожикистон Республикасининг Хўжанд ва Гулистон шаҳарларида бўлиб ўтган Иккинчи Фарғона тинчлик форуми Фарғона водийси халқларини боғлаб турган тарихий қўшничилик анъаналари бугун янги мазмун билан бойиётганини ҳамда уч давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли янги йўналишлари ва фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлигини кўрсатиб берди.

Форумдан келиб чиққан яна бир муҳим хулоса шуки, давлатлараро муносабатларнинг ривож топиши ва мустаҳкамланишида журналистларнинг касбий ҳамжиҳатлиги, очиқ мулоқоти ва биргаликдаги ижодий изланишлари алоҳида ўрин тутади. Зеро, яхши қўшничилик нафақат дипломатик мулоқот ва иқтисодий алоқаларда, балки одамларнинг бир-бири ҳақида қандай ахборот олиши, бир-бирини қандай тушуниши ва умумий келажак ҳақида қандай фикр юритишида ҳам намоён бўлади. Айниқса, Фарғона водийси журналистлари учун бу — янги имконият ва катта масъулият. Уни амалий ҳамкорликка айлантириш эса уч мамлакат медиаҳамжамиятининг муштарак вазифаси, десак, хато бўлмайди.

Шуҳрат ОРИПОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси раиси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × one =