Бунақалар кўпайиб кетяпти!

Йўлга отландим. У машинадан бунисига, бунисидан унисига ўтиб чиқдим. Манзил олис… Аммо гап манзилда ҳам, машиналарда ҳам эмас. Қайси бирига ўтирмай, ҳаммасида сунъий интеллект ёрдамида яратилган қўшиқлар янграётганида. Бу тароналар гўё барча учун бирдек, нейтрал аудиторияга мослаб ишлаб чиқилгандек. Машинада кетаётганда мусиқаси шунчаки қулоққа чалиниб кетса, ёмон эмасдек туюлади. Бир-биридан фарқ қилмайдиган беш-олтита қўшиқни “Шу ҳам санъат бўлдими?” деган кайфиятда тинглар эканман, охири бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб, диққат қилишга қарор қилдим.

Сўзлари ҳам сунъий интеллект маҳсули бўлиб, одамнинг кайфиятини шу даражада бузадики, изоҳга ҳожат йўқ. Осмонда булутлар тўплангани ёки инсонлар тўғри йўлдан юриши кераклиги каби мавзудаги матнларни қандайдир алгоритмлар уюмидан эшитиш кишига алам қилади. Бундай сўзларни ҳеч ким ёдлаб, хиргойи ҳам қилгиси келмайди. Шунчаки йўл-йўлакай чалғиш учун тўқиб чиқарилган қўшиқлар. Шу тобда одам шоу-бизнесдаги энг қолоқ ижодкорга ҳам таъзим қилгиси келиб кетади. Ҳартугул, улар ижро этаётган қўшиқ матни инсон — “ижодкор” қўли билан ёзилган.

Сўнгги пайтларда келажак авлод ёдида сақланиб қоладиган бирор арзигулик нарса қолмаслиги мумкинлиги ҳақидаги хаёл глобал муаммодек кўрина бошлади. Хўш, улар умуман матн ёдлашни хоҳлармикан? Албатта, сунъий интеллектнинг ижобий жиҳатлари ҳам кўп. Лекин бу ҳолат нимаси? Гўё инсоният яна ибтидоий даврдагидек икки тоифага бўлинадиган даврга қараб кетаётгандек: ўқишни биладиганлар ва билиш ҳуқуқи бўлмаганлар…

Дунё аҳолиси айни пайтда ўта муҳим маълумотлар билан бирга улкан кераксиз ахборот уюмини ҳам истеъмол қилмоқда. Бу оқим пухта режа асосида сингдирилмоқда. Оқибатда ахборотнинг муте қулига, мустамлакасига — сунъий интеллект тўқиб чиқарган, хотирада ҳеч нарса қолдирмайдиган қўшиқларнинг шунчаки бир истеъмолчисига айланиб қоляпмиз. Бир нечта “ясама” мусиқадан сўнг магнитофонда янграй бошлаган мумтоз наволар кўзимга шунчалар қадрдон туюлдики! Торнинг жонли садоси, ҳақиқий, жонли ижро!

Нима бўлганда ҳам, санъатни санъаткор яратиб, сўзини шоир ёзса ва уни бастакор оҳангга солсагина, у ҳақиқий ижод маҳсулига айланади. Халқимиз бежизга: “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин”, демаган. Сунъий интеллектнинг маҳоратли ижодкорлар қўшиқларига ишлов берган айрим ишлари менга ҳам маъқул келади. Аммо у ўзидан “ижод” тўқимасин, бизни бошқаришга уринмасин. Биз инсонмиз! Демак, уни биз бошқаришимиз керак! Шундай бўлиб қолсин!

Шаҳзод КЕНЖАЕВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + 5 =