ҚЎШНИ ҚАЕРГА ЙЎҚОЛДИ?

Friendly relationship with neighbours. Happy men shaking hands near house outdoors

Қўшним қаерга кетганидан хабарим йўқ. Қачон кетганини ҳам билмайман. Қанча муддатга кетганини ҳам. Қачон қайтишини ҳам.

Аслида, мен буни билишим шартми?

Халқимизда “Уй олма, қўшни ол”, “Ён қўшним — жон қўшним” ва шунга ўхшаш қўшничилик ҳақида мақоллар бор. Уларда инсоннинг ён-атрофида яшаётган одамлар билан алоқасига алоҳида аҳамият берилган. “Олисдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши” деган мақолда ҳам масофа эмас, инсонга зарур пайтда кўрсатиладиган яқинлик қадрланади. Шу маънода, қўшничиликни бир-бирига яқин жойлашган уйларда яшайдиган одамлар ўртасидаги алоқагина эмас, балки инсоннинг муайян ҳудудда бошқалар билан бирга яшаш тажрибаси сифатида кенгроқ тушуниш керак.

Бу тажриба ҳар бир халқда ўзига хос ифода топган. Ўзбек маданиятида қўшничилик маҳалла тушунчаси билан узвий уйғунлашган. Маҳалла тарихан фақат ҳудуд номи эмас, балки бир жойда яшайдиган одамлар ўртасида алоқалар шаклланадиган муҳит бўлиб келган. Унда бир ҳудудда яшаш, ўзаро ёрдам ва умумий ҳаёт масалалари бир-бири билан чамбарчас туташган. Маҳалланинг вазифаси ва жамиятдаги ўрни эса турли тарихий даврларда ўзгариб борган.

“Қўшни” сўзи ёнма-ён истиқомат қилаётган одамларни англатиш билан чегараланмайди. У маълум бир жойга, хотирага ва одамлар ўртасидаги алоқалар муҳитига дахлдорликни ҳам англатади. Лекин бу ҳолат фақат бизга хос эмас. Қўшничилик турли маданиятларда турлича ном ва кўринишларга эга бўлса-да, унинг замирида бир ҳудудда яшайдиган одамлар ўртасида муайян алоқа пайдо бўлиши ётади.

Японияда маҳаллий ҳаётнинг муҳим шаклларидан бири “чонайкай” деб аталадиган қўшничилик уюшмаларидир. Тадқиқотларда улар аҳоли ўртасидаги ўзаро ёрдам, маҳаллий хавфсизлик ва фаровонлик, умумий муаммоларни ҳал қилиш ҳамда ишончни мустаҳкамлаш билан боғлиқ тузилмалар сифатида ўрганилади. Айрим тадқиқотларда “чонайкай” маҳаллий ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайдиган муҳит сифатида қаралади. Япония мисоли қўшничилик шахсий алоқалардангина иборат бўлмай, муайян даражада ташкиллаштирилган жамоавий ҳаёт шакли ҳам эканини кўрсатади.

Ҳиндистонда эса қўшничиликнинг бошқа бир қирраси кўринади. Бу ерда “маҳалла” ёки “қўшничилик муҳити” айрим тадқиқотларда одамлар ўртасидаги қўллаб-қувватлаш, ўзаро таъсир, обрў ва жамоа меъёрлари шаклланадиган муҳит сифатида таҳлил қилинади. Бундай ёндашув қўшничилик фақат яқинлик ва ёрдамдан иборат эмаслигини кўрсатади. Бир жойда яшайдиган одамлар ўртасидаги алоқалар уларнинг хулқи, обрўйи ва жамоадаги ўрнига ҳам алоқадор бўлиши мумкин.

Шундай қилиб, бир маданиятда қўшничилик умумий ҳаётни ташкил этиш билан, бошқасида ўзаро ёрдам билан, яна бирида жамоа меъёрлари ва одамлар ўртасидаги алоқалар билан кўпроқ боғланган. Демак, қўшничиликнинг ўзи универсал ҳодисадир, аммо унинг мазмуни ҳамма жойда бир хил эмас. Турли жамиятлар бирга яшаш заруратига қараб ўз муносабат шаклларини яратган.

Айнан шу ерда қўшничиликнинг ижтимоий ва психологик моҳияти намоён бўлади. Инсон бошқа одамлар орасида яшайди, лекин яқин яшашнинг ўзи ҳали алоқа дегани эмас. Қачон икки бегона одам бир-бирининг қўшнисига айланади?

Марк Грановеттернинг “Кучсиз алоқалар кучи” (“The Strength of Weak Ties”, 1973) номли асарида “кучсиз алоқалар” назарияси илгари сурилган. Унда инсон ҳаётида яқин қариндошлик ва дўстлик каби кучли муносабатлар билан бир қаторда оддий таниш-билишчилик ҳам муҳим ўрин тутиши илмий асослаб кўрсатилган.

Қўшничилик кўпинча мана шундай “кучсиз алоқа”дан бошланади. Саломлашиш, бир-бирининг юзини таниш, исмини билиш ҳали яқин муносабатни англатмайди. Аммо шу тариқа инсон бошқа одамни ўзининг ижтимоий муҳитида таниб боради. Вақт ўтиши билан бу танишлик муайян вазиятда яқин алоқага айланиши мумкин.

Пьер Бурдьёнинг “Капитал шакллари” (“The Forms of Capital”, 1986), Жеймс Коулманнинг “Ижтимоий капитал ва инсон капиталининг яратилиши” (“Social Capital in the Creation of Human Capital”, 1988) ҳамда Роберт Патнэмнинг “Демократиянинг ишлаши: замонавий Италиядаги фуқаролик анъаналари” (“Making Democracy Work: Civic Traditions in Modern Italy”, 1993) асарларида ривожланган “ижтимоий капитал” тушунчаси бу масалани янада чуқурроқ англаш имконини беради. Ишонч, алоқалар ва ҳамкорлик қобилияти жамиятда муайян аҳамиятга эга ресурсларни юзага келтиради. Қўшнилар ўртасидаги ишонч ҳам шундай ресурслардан биридир. Бироқ ишончни яқинлик билан, яқинликни эса бир-бирининг шахсий ҳаётига чуқур аралашиш билан тенглаштириб бўлмайди. Инсон бир томондан атрофидагилар билан яқин ва илиқ муносабатда бўлишни, иккинчи томондан эса ўзининг шахсий ҳудуди ва дахлсизлигини сақлашни истайди.

Бу хусусият турли маданиятларда турлича намоён бўлади. Японияда қўшничилик уюшмалари жамоавий ҳаётни ташкил этишга ёрдам берса, Ҳиндистонда қўшничилик муҳити жамоа меъёрлари ва одамлар ўртасидаги алоқалар билан боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Ўзбекистонда эса маҳалла тарихи умумий яшаш, ўзаро ёрдам ва маҳаллий жамоа ҳаётининг уйғунлашган шаклларини кўрсатади. Бу моделларни бир-бирига тўлиқ тенглаштириб бўлмайди, чунки улар турли тарихий ва маданий шароитларда шаклланган. Аммо уларни таққослаш орқали умумий макон қандай қилиб ижтимоий алоқага айланишини яхшироқ англаш мумкин.

Бу савол Ғарб социологиясида ҳам анча вақтдан бери ўрганиб келинади. Америка тадқиқотларида қўшничилик кўпинча маҳаллий ҳамжамият, ижтимоий ишонч ва фуқаролик алоқалари нуқтаи назаридан қаралади. Бу ёндашувга кўра, бир ҳудудда яшаш одамларни автоматик равишда жамоага бирлаштирмайди. Умумий макон одамлар ўртасида танишлик, мулоқот, ишонч, ёрдам ва ҳамкорлик пайдо бўлгандагина ижтимоий мазмун касб этади.

Роберт Патнэмнинг ижтимоий капитал ҳақидаги ишларида ҳам ишонч, ўзаро манфаат ва одамлар ўртасидаги алоқалар жамоавий ҳаётнинг муҳим асослари сифатида қаралади. Шу нуқтаи назардан, қўшничиликни бир ҳудудда ёнма-ён яшаш билан чеклаб бўлмайди. Уни қўшнилар ўртасидаги ишонч, мулоқот ва ҳамкорлик мазмунан тўлдиради. Бугунги Америка тадқиқотларида эса одамлар ўртасидаги яқинлик даражаси ўзгараётгани кўрсатилмоқда.

“Pew Research Center”нинг 2025 йилги сўровида 9482 нафар катта ёшли америкалик фуқаро иштирок этган. Уларнинг 26 фоизи қўшниларининг барчасини ёки кўпчилигини танишини, 62 фоизи айрим қўшниларини билишини, 12 фоизи эса ҳеч бир қўшнисини танимаслигини айтган. 2018 йилда қўшниларининг барчаси ёки кўпчилигини танишини айтганлар улуши 31 фоизни ташкил этган эди. Тадқиқотда 2025 йилда 44 фоиз америкалик ўз маҳалласидаги барча ёки кўпчилик одамларга ишонишини билдирган. 2015 йилда эса бу кўрсаткич 52 фоиз бўлган. Бу рақамларни Ўзбекистонга тўғридан-тўғри кўчириб бўлмайди, чунки Америка жамиятининг демографик таркиби, шаҳарсозлик муҳити ва маданий хусусиятлари бизникидан фарқ қилади. Аммо улар замонавий жамиятда қўшничилик алоқалари ўзгараётганини кўрсатувчи маълумотдир.

Европада маҳаллий ҳаёт кўпинча ижтимоий ишонч ва бирдамлик билан боғлиқ ҳолда ўрганилади. “European Social Survey” тадқиқотларида турли мамлакатларда ижтимоий ишонч, одамларнинг ўзаро муносабати ва жамиятдаги бирдамлик каби кўрсаткичлар ўрганилади. Европа мамлакатлари ўртасида бу кўрсаткичларнинг бир хил эмаслиги эътиборлидир. Демак, ҳатто бир қитъада ҳам инсоннинг бошқаларга ишончи, жамоага тегишлилик ҳисси ва маҳаллий алоқалар бир хил тарзда намоён бўлмайди.

Америка ва Европа тажрибаси яна бир жиҳатни кўрсатади. Қўшничиликни фақат “одамлар бир-бирини танийдими?” деган савол билан ўлчаш етарли эмас. Ишонч, маҳаллий муҳитга тегишлилик, алоқалар ва жамоавий ҳаётда иштирок этиш имконияти ҳам муҳим. Бу тушунчалар қўшничиликнинг кўзга кўринадиган томони ортидаги ижтимоий жараёнларни англашга ёрдам беради.

Шаҳарга кўчишнинг кучайиши ва жамият тараққиёти қўшничиликнинг анъанавий кўринишларини ўзгартирмоқда. Илгари инсоннинг турли алоқалари кўпинча бир ҳудудда кесишган бўлса, бугун у бир жойда яшаб, бошқа жойда ишлайди, яна бошқа ҳудудда дам олади. Қариндошлари бошқа шаҳарда, дўстлари бошқа мамлакатда. Инсоннинг ижтимоий ҳаёти яшайдиган манзилидан анча четлашиб кетган.

Шу сабабли “яқин одамлар” билан “яқинда яшайдиган одамлар” орасидаги фарқ бугунги кунда анча сезилиб қолди. Бир бинода юзлаб одам яшайди, аммо уларнинг ҳаёти деярли кесишмаслиги мумкин. Аксинча, бир-биридан узоқ турадиган одамлар рақамли муҳит орқали яқин алоқада бўлиши мумкин.

Бугун инсоннинг ижтимоий доираси ҳам яшаш жойи билан чекланиб қолмаяпти. Одамнинг кундалик ҳаётида унинг ёнида бўлмаган, аммо фикри, касби ёки қизиқишлари билан яқин кишилар ҳам муҳим ўрин тутади.

Илгари қўшничилик, асосан, бир кўча, бир ҳовли ёки бир маҳалла доирасида шаклланган бўлса, энди одамлар бир-биридан узоқда туриб ҳам доимий мулоқот қила олади. Шу билан бирга, бир кўча ёки маҳаллада яшайдиган қўшнилар рақамли гуруҳлар орқали хабарлашиб, кундалик масалаларни муҳокама қилиб, зарур ҳолларда бир-бирига ёрдам беришади. Демак, рақамли муҳит қўшничиликни йўқотмайди, у одамларнинг алоқа қилиш усулини ўзгартиради.

Лекин жисмоний яқинликнинг ўзига хос аҳамияти сақланиб қолади. Инсон муайян маконда яшайди. Шу маконнинг хотираси, овози, кўриниши ва одамлари унинг кундалик ҳаётига сингиб кетади. Психологияда бу ҳолат “жойга боғланиш” тушунчаси билан ўрганилади.

Қўшнининг кўчиб кетиши баъзан муҳитда сезиларли бўшлиқ қолдиради. У билан бирга кўчанинг таниш қиёфаси ўзгаради. Энди эшик олдида ўша одам кўринмайди, саломлашувлар эшитилмайди, кундалик ҳаётдаги одатий бир манзара йўқолади. Инсон яшаб турган маконга айнан шундай майда-чуйда ҳаёт лавҳалари мазмун бахш этади. Шу маънода, қўшничилик инсон хотирасида ҳам ўз изини қолдиради.

Рақамли алоқа жисмоний маконни бекор қилмайди. Инсон ҳали ҳам муайян уйда яшайди, муайян кўчадан ўтади, муайян муҳитга қайтиб келади. Атрофидаги одамлар эса унинг ҳаётида муайян даражада иштирок этади. Қўшничилик инсоннинг шахсий ҳаёти ва уни ўраб турган умумий ҳаёт туташадиган энг яқин ижтимоий муҳитлардан биридир.

Уй — шахсий макон. Атроф — умумий ҳаёт. Маҳалла — шахсий ва умумий ҳаёт кесишадиган муҳит. Қўшничилик эса ана шу икки дунё ўртасидаги алоқани ифодалайди. Шунинг учун қўшничиликни фақат одоб-ахлоқ масаласи деб қараш камлик қилади. У ижтимоий алоқалар, маданий хотира, макон психологияси, ишонч ва инсоннинг яшаш жойига тегишли бўлиш эҳтиёжи туташадиган нуқтадир.

Муҳаммаджон АЛИЕВ,

ёзувчи.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan