“Туркистон қайғуси” асари Францияда чоп этилди!
Маърифатпарвар бобомиз Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг бой маънавий ҳамда тарихий мероси вақт ўтгани сайин жаҳон аҳли эътиборини ҳам янада кучлироқ жалб этмоқда. Алломанинг миллий ўзлигимиз, мустақиллик ва озодлик иштиёқи сингдирилган, ҳар бир сатри ҳақиқат туғёни билан йўғрилган шоҳ асари — “Туркистон қайғуси” шу кунга қадар бир қатор хорижий тилларга таржима қилиниб, халқаро майдонда муносиб эътироф этилганди. Қувонарлиси ва ғурурланарлиси шундаки, айни кунларда ушбу тарихий асарнинг француз тилидаги мукаммал нашри дунё юзини кўрди.
Ушбу китоб ватанимизнинг XX асрдаги фожиали ва мураккаб ўтмишини ҳаққоний ёритиб берган ноёб манба сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилади. Унда собиқ СССР ва ўша даврдаги Хитойнинг Марказий Осиё ҳамда Шарқий Туркистонда олиб борган сиёсати атрофлича ёритилган бўлиб, уйғур, ўзбек, қозоқ, қирғиз ва бошқа мусулмон халқларининг озодлик ва мустақиллик учун олиб борган курашлари акс эттирилган.
Асли чиғатой туркий тилида ёзилган бу битик франциялик таниқли шарқшунос ва соғунийшунос олим, профессор Стефан Дудюанйон (французча – Stéphane A.Dudoignon) томонидан французчага 2024-2026 йиллар давомида таржима қилиниб, нашрга тайёрланди. Таржима жараёнида профессор Дудюанйон Соғуний ҳазратларининг фарзандлари Қутлуғхон ака Соғуний билан фаол ҳамкорлик қилди.
Профессор Стефан Дудюанйон Франция Миллий илмий тадқиқотлар маркази (“CNRS”) катта илмий ходими, тарихчи, шарқшунос ҳамда ўзбек адабиёти ва тарихининг таниқли тадқиқотчиси ҳисобланади. Олим Марказий Осиёдаги ислом тарихи, жамиятлар ва тасаввуф йўналишларини, шунингдек, минтақадаги тарихий шахслар меросини ўрганиш билан шуғулланади.
Стефан Дудюанйон “Туркистон қайғуси” асари европалик ўқувчилар оммасига тушунарли бўлиши учун унга 400 саҳифадан зиёд кенг қамровли шарҳлар ҳам ёзган ва уни китобга илова қилган. Ушбу шарҳлар чуқур таҳлиллар натижаси бўлиб, инглиз, америкалик ва япон турколог доиралари вакиллари томонидан юксак баҳоланди ҳамда мукофотга тавсия қилинди.
Уларнинг фикрича, мазкур китоб Ғарб дунёси учун Марказий Осиё ва Шарқий Туркистон тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
“Туркистон қайғуси” асари Париж китоб ярмаркасида намойиш этилмоқда ва европалик китобхонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Алихонтўра Соғунийнинг ўғли Қутлуғхонтўра аканинг таъкидлашича, француз тилидаги ушбу нашр асарнинг Европа бўйлаб кенг тарқалишидаги илк муҳим қадамдир. Навбатдаги босқичда асарни инглиз тилига таржима қилиш ва нашр этиш режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳа ҳам қисқа фурсатларда амалга оширилиши кутилмоқда.
Алихонтўра Соғуний меросининг француз тилида чоп этилиши ва халқаро эътирофга эришиши нафақат миллий тарихимизни тиклаш йўлидаги улкан ютуқ, балки ўзбек илм-фани ва маданиятининг жаҳон майдонидаги яна бир муваффақиятидир. «Туркистон қайғуси»нинг хорижий тиллардаги талқини дунё жамоатчилигига Марказий Осиё халқларининг ҳақиқий тарихи, озодлик ва маърифат йўлидаги фидокорона курашини холис етказишда бебаҳо кўприк вазифасини ўтайди.
Одил ОЛИМЖОНОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
