Илм-фан ва инновация – янги тараққиётнинг интеллектуал таянчи
Бугун олий таълим олдида турган вазифа фақат замонавий билимга эга мутахассис тайёрлаш билангина чекланмайди. Университет — илм-фан, инновация, технология ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлайдиган, янги ғояларни амалий ечимга айлантирадиган муҳим интеллектуал марказдир. Айниқса, техника олий таълим муассасаси учун илмий фаолиятнинг натижадорлиги нафақат чоп этилган мақола ва тадқиқотлар сони, балки яратилган технологиялар, патентлар, стартаплар, тижоратлаштирилган ишланмалар ҳамда уларнинг реал ишлаб чиқаришдаги самараси билан ўлчанади.
Фарғона давлат техника университетида ҳам ана шу ёндашув асосида илмий изланишлар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, талабаларни тадқиқот ҳамда лойиҳа ишларига кенг жалб этиш, илмий ғояларни амалий натижаларга йўналтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда университетда қарийб 18 минг нафар талаба таҳсил олаётгани, 100 та йирик корхона билан ҳамкорликда дуал таълим йўлга қўйилгани ҳамда 60 та кафедра филиали фаолият юритаётгани илм-фан ва таълимни реал ишлаб чиқариш муҳити билан интеграция қилиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Бундан ўн йил аввал олий таълим тизимидаги илмий фаолият асосан академик тадқиқотлар, илмий мақолалар ва анъанавий изланишлар доирасида тасаввур этилар эди. Бугун эса илмий ғоянинг ҳаётий қиймати унинг амалиётга нечоғли тез ва самарали татбиқ этилиши билан белгиланмоқда. Талаба лойиҳасининг стартапга, профессор-ўқитувчи тадқиқотининг технологик ечимга, илмий ишланманинг эса ишлаб чиқаришдаги муайян муаммони ҳал этишга йўналтирилиши тобора устувор аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, замонавий университетнинг илмий миссияси ҳам кенгаймоқда. Эндиликда илм-фан таълимдан ажралган алоҳида йўналиш эмас, балки таълим, ишлаб чиқариш, бизнес ва жамият эҳтиёжларини бирлаштирувчи ягона экотизим сифатида қаралмоқда. Илмий натижани иқтисодий қийматга айлантиришнинг энг самарали шаклларидан бири эса спин-офф корхоналаридир.
Бугунги кунда университетимизнинг илмий-тадқиқот натижалари, патент ва технологиялари негизида ташкил этилган ҳамда университет таъсисчилигидаги 13 та спин-офф корхона фаолият юритмоқда. Улар қаторида “FARPI HI-TECH ENGINEER”, “FARPI POWER PROJECT”, “FERPI INNO”, “FERPI MECH-TECHNO”, “FARPI ALPHA” давлат муассасалари ҳамда “FERPI GIDROPROJ”, “POLITECHNIKA”, “SILK ROAD TECH FERGANA”, “HONGSHENG TEXNOLOGIK RIVOJLANTIRISH” масъулияти чекланган жамиятлари бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 апрелдаги ПФ–54-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида университет муассислигида яна 4 та — “CERTSTANDART GROUP”, “ADM SPIN OFF”, “FDTU CAMPUS” ҳамда “LANGUAGE ART’S PRO” спин-офф корхоналари ташкил этилди. Мазкур фармон талабларига мувофиқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан янги ишланмаларга асосланган спин-офф корхоналар реестри жорий этилди. Танлов комиссиясининг 2026 йил 15 сентябрдаги қарорига асосан университетимиз муассислигидаги “FARPI POWER PROJECT” ДМ ҳамда “FERPI GIDROPROJ” МЧЖ ушбу реестрга киритилди. Реестрга киритилган корхоналарга қонунчиликда белгиланган тартибда солиқ имтиёзи қўлланилиб, фойда солиғини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлаш имконияти берилди. Бу илмий ишланмаларни тижоратлаштиришдан олинган даромадни яна қайта тадқиқот ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтириш учун қўшимча молиявий манба демакдир.
Ҳозирги технологик тараққиёт шароитида муҳандислик таълими ва илмий изланишларни ишлаб чиқаришдан айро тасаввур этиб бўлмайди. Университетда 3 832 нафар талабанинг дуал таълим тизимига жалб этилгани, 180 нафар малакали амалиётчи мутахассиснинг бевосита ўқув машғулотларида иштирок этаётгани айнан шу интеграциянинг ёрқин намунасидир. Бунда корхона реал муаммони илгари суради, университет ўз илмий салоҳияти билан ечим ишлаб чиқади, талаба эса жараён давомида пухта амалий кўникмага эга бўлади.
Бундай муҳит илмий тадқиқот мавзуларини ҳам бевосита ҳаётий эҳтиёжларга мослаштириш имконини беради. Энергетика, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, телекоммуникация, киберхавфсизлик, автоматлаштириш, қурилиш ва бошқа техник соҳаларда олиб борилаётган тадқиқотларнинг саноат талабларига йўналтирилиши илмий натижаларнинг амалий қийматини бир неча баробар оширади.
Илмий тадқиқотларнинг амалий йўналтирилгани университетда давлат дастурлари доирасида бажарилаётган лойиҳаларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Айни пайтда университетимизда умумий қиймати 9,6 миллиард сўм бўлган 6 та илмий лойиҳа (2 та фундаментал ва 4 та амалий) бажарилмоқда. Уларнинг учтаси Энергетика муҳандислиги факультетига тегишли бўлиб, бевосита қайта тикланувчи энергетика соҳасига ихтисослашган. Хусусан, М.А.Умурзакова раҳбарлигидаги фундаментал лойиҳада қуёш иссиқлик қурилмасининг рақамли эгизак макети яратилмоқда. Н.Р.Авезова раҳбарлигидаги лойиҳада иссиқлик насослари ва муқобил энергия технологиялари асосидаги гибрид иситиш-совитиш тизимларини лойиҳалашнинг илмий асослари ишлаб чиқилмоқда. А.М.Касимахунова раҳбарлигидаги амалий лойиҳа эса қайта тикланувчи энергиядан кенг фойдаланувчи электр тақсимлаш тармоқларининг барқарор ишлаши ва бошқарилиши технологияларини татбиқ этишга қаратилган. Архитектура ва қурилиш факультетида Ш.А.Умаров раҳбарлигида бино ва иншоотларнинг сейсмик барқарорлигини ошириш мақсадида актив сейсмик ҳимоя воситаларини назарий ва экспериментал тадқиқотлар асосида яратиш устида иш олиб борилмоқда. Кимё муҳандислиги йўналишида М.Х.Маматқулов раҳбарлигида балиқчилик тармоғини замонавий талаблар асосида ривожлантириш ва маҳсулот экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида “IPRS” технологиясини жорий этиш лойиҳаси, О.К.Раҳмонов раҳбарлигида эса лантан, европий ва азот билан бойитилган углерод квант нуқталари асосида сувдаги уранни реал вақт режимида аниқловчи қоғоз сенсор ҳамда смартфон орқали мониторинг қилиш тизимини яратиш лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Энергетика, сейсмик хавфсизлик, озиқ-овқат саноати ва экологик мониторинг сингари ҳудуд ва мамлакат учун долзарб масалаларни қамраб олган бу тадқиқотлар илмий изланишларнинг ҳаёт билан нечоғли чамбарчас боғланганини исботлайди.
Халқаро ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан бири — қўшма илмий лойиҳалардир. 2026 йилда университет профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари “LESLIE”, “GREENDT”, “DEBSEUz”, “SIIP”,
“Cosoft” каби “Erasmus+” ва “GIZ” халқаро дастурларига фаол жалб этилди. Хусусан, олийгоҳда ҳар бирининг қиймати 40 минг евро бўлган 2 та “GIZ” лойиҳаси ҳамда умумий қиймати 1,85 миллион еврони ташкил этувчи 3 та “Erasmus+” олий таълим салоҳиятини ошириш (“CBHE”) лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, 2026 йилда умумий қиймати 797 882 евро бўлган “UzEcoDigiT” ҳамда 791 138 евролик “DIGI4ENERGYS” номли янги “Erasmus+” лойиҳалари молиялаштириш учун маъқулланди. Ҳар икки лойиҳа 2026-2029 йилларда амалга оширилади. Мазкур ташаббуслар университет жамоасининг халқаро грант дастурларидаги иштирокини мустаҳкамлаш ва профессор-ўқитувчиларнинг тажриба алмашинув имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашнинг яна бир бош мезони — кадрлар тайёрлаш сифатидир. 2025-2026 ўқув йилида университетни 3 203 нафар талаба тамомлаган бўлса, уларнинг 2 884 нафари иш билан таъминланди. Бу кўрсаткич таълим жараёнининг меҳнат бозори билан узвий мувофиқлаштирилганини намоён этади. Инновацион фаолиятнинг энг муҳим талаби эса янги ғояни амалий натижага айлантиришдир. Шу нуқтаи назардан, талабалар ва ёш олимларни лойиҳа фаолиятига жалб этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хусусан, “Келажак муҳандислари” республика кўрик-танловига университет томонидан 206 та лойиҳа тақдим этилиб, энг кўп иш топширган олий таълим ташкилотлари орасида фахрли 2-ўрин эгалланди. Танлов доирасида 16 та лойиҳа акселерация дастурига, 6 та лойиҳа эса финал босқичига йўл олди. “Энг яхши ғоя” йўналишининг талабалар категориясида Абдуқодир Латифжонов 2-ўринни эгаллаб, 88 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. “Энг яхши лойиҳа” йўналишининг амалиётчи муҳандислар категориясида эса Аҳадхон Ўлмасов ҳам 2-ўринга сазовор бўлиб, 88 миллион сўм мукофот билан тақдирланди. Бу ютуқлар муҳим бир ҳақиқатни кўрсатади: талабада инновацион тафаккурни шакллантиришнинг энг мақбул йўли — унга ўз ғоясини синаб кўриш, лойиҳага айлантириш, ҳимоя қилиш ва амалиётга татбиқ этиш учун тўлиқ шароит яратиб беришдир.
Илмий ва инновацион салоҳиятнинг кенг қамровли эканини талабаларнинг турли танловлардаги иштироки ҳам яққол тасдиқлайди. Ҳисобот даврида университетимизнинг 162 нафар талабаси турли даражадаги танлов ва олимпиадаларда совринли ўринларни қўлга киритди. Уларнинг 38 нафари Механика-машинасозлик, 35 нафари Ишлаб чиқаришда бошқарув, 24 нафардан Кимё технология ҳамда Энергетика муҳандислиги, 21 нафари Архитектура ва қурилиш, 11 нафари Ахборот технологиялари ва телекоммуникация, 9 нафари эса Енгил саноат ва тўқимачилик факультетлари ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳолат инновацион муҳит алоҳида бир йўналишда эмас, балки барча факультетларда тенг ривожланаётганидан далолат беради. Жумладан, “TechnoWays” инновацион ривожланиш марафонининг республика босқичида магистрантимиз “Технологик ечимлар” йўналишида мутлақ ғолибликни қўлга киритди. “Green Spark” халқаро танловида магистрантимиз 3-ўринни эгаллаб, 5 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофотга эга бўлди. “IOKA Case Challenge” танловида олийгоҳ жамоалари 2- ва 3-ўринларни банд этди. Муҳандислик танловларида 8 нафар вакилимиз совриндор бўлиб, улардан 2 нафари “Инновацион ғоя етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланди, 1 нафари эса “THE EYUF AWARDS-2025” доирасида “Йилнинг энг яхши лойиҳаси” эътирофига сазовор бўлди.
Экология ва қайта тикланувчи энергетика йўналишидаги илмий изланишлар ҳам ёшлар орасида тобора оммалашмоқда. “Eko-innovation-2025” кўргазмасида 92 нафар иштирокчи яшил энергия ва тоза технологик ишланмаларини намойиш этди. Унда 9 нафар ёш олим ғолиб деб топилиб, 6,4 ва 2 миллион сўмлик ваучерлар ҳамда дипломлар билан тақдирланди. “Бир талабага — бир лойиҳа” ўқув-акселерация дастури эса ҳар бир ёшга ўз ташаббусини тўлақонли лойиҳа сифатида ривожлантириш имконини бермоқда.
Рақамли технологиялар, киберхавфсизлик ва робототехника соҳаларидаги ютуқлар ҳам салмоқлидир. “CTF-Киберклуб Фарғона” танловларида 3 нафар талабамиз ғолиб бўлиб, умумий қиймати 45 миллион сўмлик ваучерларга эга бўлди. “Олийгоҳ кубоги” доирасида киберхавфсизлик, сунъий интеллект бўйича хакатон, муҳандислик идеатони ва робототехника мусобақаларида 12 нафар талабамиз совриндор бўлиб, жами базавий стипендиянинг 96 баравари миқдорида рағбатлантирилди. “Энг яхши дастурчи” танловида 15 нафар иштирокчидан 3 нафари юқори ўринларни эгаллади. Шунингдек, 80 нафар иқтидорли талаба махсус семинар-тренинглар орқали робототехника ва жамоавий ишлаш кўникмаларини оширди ҳамда кичик роботларни йиғиш бўйича Гиннесс рекорди янгиланди.
Фундаментал билимларсиз муҳандислик инновациясини ривожлантириб бўлмайди. Шу боис фан олимпиадаларига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ал-Хоразмий номидаги III халқаро математика олимпиадасида талабаларимиз 100 дан ортиқ олий таълим муассасаси орасида 12-ўринни, криптология бўйича республика олимпиадасида 20 дан ортиқ олийгоҳ орасида 8-ўринни эгаллади. 2026 йил 25-29 январь кунлари Бухоро давлат университетида ўтказилган халқаро кимё олимпиадасида жамоамиз “Best Interdisciplinary Chemistry Application Award” номинацияси бўйича 3-ўринни қўлга киритди. “Материаллар қаршилиги” ва соҳавий фанлар бўйича ўтказилган баҳсларда эса 46 нафар иштирокчидан 12 нафари ғолиб деб топилди.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашнинг муҳим мезонларидан бири давлат ва номдор стипендиялардир. Сўнгги беш ўқув йилида олийгоҳ талабалари Президент давлат стипендияси бўйича 5 та, Ислом Каримов номидаги — 6 та, Беруний номидаги — 25 та, Навоий номидаги — 6 та, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги — 9 та ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги стипендияси бўйича 3 та, жами 54 та стипендияни қўлга киритди. Энг юқори кўрсаткич 2024-2025 ўқув йилида қайд этилиб, 24 нафар талаба номдор стипендиялар соҳиби бўлди. 2025-2026 ўқув йили танловларига 5 нафар магистрант Президент стипендиясига, 4 нафар талаба Беруний стипендиясига, 1 нафардан талаба Ислом Каримов ва Навоий стипендияларига тавсия этилди. Ёшлар академияси фаолиятини йўлга қўйиш доирасида эса 1 нафар университет ва 7 нафар факультет етакчиси сайланди.
Инновацион экотизимда талаба-қизларнинг фаоллигини ошириш ҳам устувор вазифа саналади. 2026 йил 28 сентябрь куни университетда “IT Queens — келажакни яратувчи қизлар” танловининг университет босқичи ўтказилиб, унда “Мобил иловалар”, “Сунъий интеллект” ва “Рақамли таълим” йўналишларида лойиҳалар ҳимоя қилинди. Иштирокчилар ўз ишланмаларини тақдимот ва амалий намойиш орқали ҳимоя қилдилар. Натижада мобил иловалар бўйича Соҳиба Ғаниеванинг “LibroKids”, сунъий интеллект бўйича Моҳичеҳра Ёқубжонованинг “ImkonAI”, рақамли таълим йўналишида эса Мубийнахон Абдураҳимованинг “TeacherTracker” лойиҳалари 1-ўринга лойиқ кўрилди. Танловнинг рағбатлантириш тизими ҳам истиқболли лойиҳаларни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, 1-ўрин эгалари базавий стипендиянинг 6 баравари, 2-ўрин эгалари 4 баравари, 3-ўрин эгалари эса 2 баравари миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланди. Бу каби молиявий ва маънавий кўмак ёшларнинг ғояларини навбатдаги босқичларга олиб чиқиш учун муҳим омилдир.
Замонавий илм-фанни сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмасиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис олийгоҳда Сунъий интеллект лабораториясини ташкил этиш ва илмий-тадқиқот базасини модернизация қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Лаборатория учун 42 турдаги замонавий қурилмалар харид қилингани олимлар ва талабалар учун амалий тажриба майдонини сезиларли даражада кенгайтирди.
Сунъий интеллектнинг таълим, саноат, энергетика, аграр соҳа, телекоммуникация ва бошқарув тизимларидаги имкониятларини тадқиқ этиш келгусида янги фундаментал ва амалий лойиҳаларга пойдевор бўлади. Университетнинг муҳандислик ихтисосликлари бўйича салоҳияти бу борада тармоқлараро тадқиқотларни чуқурлаштириш учун мустаҳкам замин яратади. Хусусан, “IT Queens” кўригида “ImkonAI”, “SmartWaterControl” ва “Math Guard” каби ишланмаларнинг намойиш этилгани ёшлар орасида сунъий интеллектга бўлган юқори қизиқишдан далолат беради. Бундан ташқари, илм-фан халқаро ҳамкорликсиз ривожлана олмайди: илмий мактаблар ўртасидаги тажриба алмашинувлари, академик ҳаракатчанлик, хорижий олимларни жалб этиш ва қўшма лойиҳалар тадқиқотчиларимизга жаҳон илм-фани ютуқларидан эркин фойдаланиш имконини бермоқда.
Фарғона давлат техника университетида халқаро алмашинув дастурларида 1 200 нафар талаба иштирок этгани, қарийб 200 нафар хорижий профессор-ўқитувчи фаолият юритгани олий таълим муҳитининг халқаро майдон билан интеграцияси кучайиб бораётганини кўрсатади. Шунингдек, 4 та таълим йўналишининг ASIIN халқаро аккредитациясидан муваффақиятли ўтиши сифатни жаҳон андозаларига мослаштириш йўлидаги улкан қадам бўлди. Университетнинг миллий рейтингда ТОП-5, техника йўналиши бўйича эса ТОП-3 қаторидан жой олиши ҳам ушбу изчил ислоҳотларнинг амалий самарасидир. “Times Higher Education Sustainability Impact Rankings 2026” натижаларига кўра, муассасамизнинг 401-600-ўринлар оралиғига киргани халқаро нуфузимиз ошиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Олдимизда турган вазифа эришилган марралар билан чекланиб қолиш эмас. Асосий мақсад — изланишларни янада аниқ натижадорликка йўналтириш, ҳар бир илмий ташаббуснинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва мукаммал инновацион экотизимни мустаҳкамлашдан иборат. Бунинг учун, аввало, илмий тадқиқотларни ҳудудий саноат корхоналарининг реал муаммоларига мослаштириш, стартапларни акселерация ва тижоратлаштириш босқичларига олиб чиқиш, ёш олимларни глобал лойиҳаларга жалб этиш ҳамда замонавий лабораториялардан тўлиқ қувват билан фойдаланиш талаб этилади. 13 та спин-офф корхонаси фаолияти ва уларнинг давлат реестрига киритилиши бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.
Янги Ахборот-ресурс маркази биносининг фойдаланишга топширилиш арафасида тургани ҳам муҳим янгиликдир. Замонавий электрон ва босма ресурслардан фойдаланиш имконияти тадқиқотчилар учун янада қулай интеллектуал муҳит яратади. Олимпия шаҳарчасининг ташкил этилиши эса университет инфратузилмаси нафақат илмий-таълимий, балки талабалар саломатлиги ва жисмоний камолотига ҳам хизмат қилаётганидан дарак беради. Илм-фан ва инновация — давр тараққиётининг асосий двигателидир. Олийгоҳнинг ҳақиқий салоҳияти фақатгина қуруқ рақамларда эмас, балки улар замирида шаклланаётган янги билимлар, технологиялар, инновацион маҳсулотлар ҳамда юқори малакали инсон капиталида акс этади.
Университетда яратилаётган бугунги муҳит жамоамизга катта имкониятлар билан бирга улкан масъулият ҳам юклайди. 206 та лойиҳанинг республика танловига тақдим этилгани, 16 таси акселерацияга, 6 таси финал босқичига чиққани, умумий қиймати 9, 6 миллиард сўмлик 6 та давлат илмий лойиҳаси, Erasmus+ ва “GIZ” дастурлари доирасидаги грантлар, 5 та халқаро қўшма тадқиқот лойиҳаси, 162 нафар талабанинг нуфузли танловлардаги совринли ўринлари, 13 та спин-офф корхона ва уларнинг реестрга киритилиши, шунингдек, Сунъий интеллект лабораториясининг ишга туширилиши — илм-фанни ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғлаш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Эндиги вазифа — мавжуд салоҳиятни ягона, узлуксиз занжирга бирлаштиришдир. Яъни: илмий ғоя — лойиҳага, лойиҳа — технологияга, технология — инновацион маҳсулотга, маҳсулот эса реал иқтисодий ва ижтимоий самарага айланиши шарт. Ана шундагина олийгоҳ шунчаки таълим маскани эмас, балки ҳудуд ва мамлакат иқтисодиётига аниқ ечимлар таклиф этувчи ҳақиқий инновацион марказга айланади. Зеро, бугунги фаолиятимизнинг бош мезони — бажарилган ишлар сони эмас, балки яратилган билим ва технологияларнинг жамият, саноат ҳамда инсон ҳаётига қўшаётган реал нафи билан белгиланади.
Шоҳруҳ ДАВЛАТОВ,
Фарғона давлат техника университетининг
илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори.
