Тил мавсумий мавзу эмас: Тафаккур, таълим сифати ва миллат келажагининг пойдевори

Рақамлар нимани англатади?

“Рақамлар дунёни бошқармайди, улар дунёнинг қандай бошқарилаётганини кўрсатади”, — деган эди немис мутафаккири Иоганн Вольфганг Гёте. Бу фикр тил масаласига ҳам тўлиқ дахлдор. “Давлат тили ҳақида”ги Қонун 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган эди. Шундан бери ўнлаб йиллар ўтди. Бу давр шунчаки тақвимдаги саналар эмас, балки сарҳисоб қилиш, босиб ўтилган йўлга холис баҳо бериш имкониятидир.

Сарҳисоб қилсак, манзара икки ёқлама экани кўринади. Бир томондан, ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлди, нуфузли халқаро минбарлардан янгради, хориждаги ўнлаб университет ва юзлаб мактабларда ўрганилмоқда. Иккинчи томондан эса, кўча-кўйдаги пешлавҳаларда учрайдиган саводсиз ёзувлар, расмий ҳужжатларнинг давлат тилида юритилиши ҳамон пайсалга солинаётгани, ижтимоий тармоқлардаги чала-ярим ёзишмалар ҳамда телеэфирларда адабий тил меъёрларининг бузилиши тилга бўлган муносабатимиз ҳали етарли даражада шаклланмаганидан далолат беради.

Шу сабабли савол бундай қўйилиши лозим: нега тил масаласи фақат октябрь ойида кун тартибига чиқиб, кейин яна “келгуси байрамгача” унутилади? Сабаби, тилга ҳануз “навбатдаги тадбир мавзуси” сифатида қаралмоқда. Ҳолбуки, тил мавсумий кампания эмас. У ҳар куни, ҳар дақиқа ва ҳар қадамда зарур бўладиган ҳаётий эҳтиёждир.

Тил — борлиқнинг яшаш тарзи: фалсафий асос

Тилнинг моҳияти ҳақидаги қарашлар инсоният тафаккури билан тенгдошдир. XIX асрда Вильгельм фон Гумбольдт тилни шунчаки тайёр маҳсулот (эргон) эмас, балки халқ руҳиятининг доимий фаолияти (энергия) сифатида таърифлаган эди. Унинг фикрича, ҳар бир тил ўз соҳибларига борлиқни идрок этишнинг ўзига хос “нигоҳ бурчаги”ни беради. Яъни, тил миллатнинг маънавий ҳаётини шунчаки акс эттириб қолмай, уни бевосита шакллантиради ҳам.

XX аср фалсафасида бу қараш янада чуқурлашди. Мартин Хайдеггер тилни “борлиқнинг маскани” (уйи) деб атаган бўлса, Ҳанс-Георг Гадамер герменевтик фалсафанинг асосий хулосасини шундай ифодалайди: “Тушуниб бўладиган борлиқ — бу тилдир”. Демак, инсон оламни тил орқали англайди, ўзлигини тил орқали англатади ва бошқалар билан тил воситасида алоқа ўрнатади. Тилини йўқотган жамият нафақат сўз бойлигидан, балки фикрлаш уфқидан, дунёни тушуниш имкониятидан ҳам маҳрум бўлади.

Бу ҳақиқат бизнинг миллий тарихимизда ҳам теран илдиз отган. Маҳмуд Кошғарий XI асрдаёқ “Девону луғотит турк”ни яратиб, туркий тилнинг бойлигини жаҳонга намойиш этишни ўзининг тарихий бурчи деб билди. Алишер Навоий эса “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий тилнинг чексиз имкониятларини илмий жиҳатдан асослаб, унинг бадиий-ифодавий қудратини исботлаб берди. Улуғ аждодларимиз тилга мавсумий эмас, балки бир умрлик масъулият деб қараб иш кўрганлар.

Халқимизнинг “Кийимига қараб кутиб оларлар, сўзига қараб кузатарлар” деган мақолида ҳам ана шу ҳикмат мужассам: инсоннинг онг-савияси ва маънавий маданияти унинг нутқида акс этади. Тил миллатнинг ойнасидир. Ўз ойнасига қарамай қўйган халқ эса ўзлигини кўра олмайди.

Тил ва тафаккур: ким қайси тилда фикрлайди?

Тилга юзаки ёндашиш унинг психологик табиатини чуқур тушунмаслик оқибатидир. Психолог Лев Выготский ўзининг “Тафаккур ва нутқ” асарида сўзнинг маъноси тафаккур билан нутқнинг муштарак бирлиги, ички нутқ эса фикр шаклланишининг асосий воситаси эканини исботлаган. Бола тил ёрдамида фикрлашни ўрганади, фикрлаш орқали эса ўз нутқини бойитади. Булар бир-биридан айро бўлмаган, узлуксиз таъсирлашиб борувчи жараёнлардир.

Шу ўринда рус тилининг машҳур изоҳли луғати муаллифи Владимир Далнинг ибратли фикрини келтириш ўринли. У шундай деган эди: инсоннинг у ёки бу миллатга мансублигини на хоҳиш, на диний эътиқод ва на аждодлар қони белгилайди; ким қайси тилда фикрласа, ўша халқнинг фарзандидир. Далнинг отаси даниялик, онаси немис бўлган, аммо у “мен рус тилида фикрлайман” деб таъкидлаган. Бу ҳаётий мисол тил инсоннинг миллий мансублигини белгиловчи бош мезон эканини яққол кўрсатади.

Буни шахсий тажрибамдан ҳам тасдиқлашим мумкин: форс, рус ёки немис тилларида гапирганимда ҳам барибир ўзбек тилида фикрлайман — аввал фикрни она тилимда шакллантириб, сўнгра уни ўзга тилга ўгираман. Тингловчиларга: “Сиз турли тилларда сўзлашингиз мумкин, аммо битта тилда фикрлайсиз”, деганимда кўпчилик таажжубга тушади. Гап шундаки, инсоннинг базавий тафаккури айнан она тили заминида камол топади. Агар она тилидаги фикрлаш пойдевори мўрт бўлса, бошқа тилларда ҳам теран фикрни ифода этиш амримаҳол бўлиб қолади.

“Назарий филология”дан “амалий филология” сари

Бугунги таълим амалиётидаги энг катта камчиликлардан бири — она тилини ўқитишда қуруқ грамматик назариянинг устунлик қилаётгани, нутқ маданияти ва амалиётининг эса иккинчи даражага тушиб қолганидир. Ўқувчи равиш, келишик ёки сўз туркумлари таърифларини ёд олади, бироқ ўз фикрини бир саҳифа қилиб равон ёзиб беролмайди, аудитория олдида эркин ва ишончли гапира олмайди.

Бир манзарани кўз олдимизга келтирайлик. Кўчада ҳасса таяниб бораётган нуроний отахонга “Отахон, қаёққа кетяпсиз?” десангиз, “Бозорга, нос олиб келишга, болам”, деб жавоб беради. Агар сиз ундан: “Ота, “бозорга” сўзи қайси сўз туркумига оид, “-га” қайси келишикнинг қўшимчаси?” деб сўрасангиз, чол уни устидан кулаётганингиздек қабул қилиши мумкин. У фонетика ёки морфология қоидаларини балки билмас, аммо ўз мақсадини сўз воситасида аниқ етказишни аъло даражада эгаллаган. Демак, тил аввало назарияда эмас, амалиёт ва мулоқотда яшайди.

Бу мисол назария керак эмас, деган хулосани бермайди. Аксинча, назария амалиётни қўллаб-қувватлаши шарт. Замонавий коммуникатив ёндашув ўқувчини турли нутқий вазиятларга йўналтиришни, яъни тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмаларини бир вақтда, уйғун ривожлантиришни тақозо этади. Чет тилларини ўқитишда бу тамойил яхши ўзлаштирилган: “CEFR” тизимида тил билиш даражаси ёдланган қоидалар сони билан эмас, балки аниқ нутқий вазифаларни қай даражада бажара олиш билан баҳоланади. Нега энди давлат тили таълимида ҳам шундай мезон қўлланмаслиги керак?

Шу боис қуйидаги йўналишларни амалиётга татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир:

она тили таълимини тўлиқ нутқий фаолиятга йўналтириш: баҳс-мунозара, дебат, тақдимот, эссе, нотиқлик ва оммавий нутқ сўзлаш машғулотларини дарс мазмунининг асосига айлантириш;

ўқитувчиларни нотиқлик санъати, нутқ маданияти ва педагогик мулоқот психологияси бўйича тизимли тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш;

риторик маҳорат мактаби ёки нотиқлик санъати марказини ташкил этиш;

ўзбек тилини билиш даражасини баҳоловчи миллий сертификатлаш тизимини янада такомиллаштириш, бунда назарий тестлардан кўра амалий-нутқий компетенцияларни аниқлашга урғу бериш.

Ишлатилмаган бойлик унутилади

Даниэль Дефо “Робинзон Крузо” романида инсон эҳтиёж туфайли ихтирочига айланиши мумкинлигини кўрсатади. Робинзон 28 йилдан зиёд вақт мобайнида кимсасиз оролда яшаб, зарурат туфайли ҳам овчи, ҳам боғбон, ҳам дурадгор ва деҳқонга айланди. Чунки уни шунга мажбур қилган омил яшаб қолиш эҳтиёжи эди. Тил ҳам шундай: эҳтиёж ва истеъмол бўлмаган жойда ҳар қандай кўникма сўнади.

Социолингвистика фани бу хулосани илмий асослаб берган. Жошуа Фишман тилларнинг заифлашув босқичларини ифодаловчи “GIDS” шкаласини ишлаб чиқди. ЮНЕСКО экспертлар гуруҳи эса тилнинг ҳаётийлигини баҳолашда тўққизта асосий омилни белгилади, улар орасида энг ҳал қилувчиси — тилнинг авлоддан-авлодга табиий ўтишидир. Шу билан бирга, тилнинг қайси ижтимоий соҳаларда қўлланаётгани (оила, таълим, меҳнат муносабатлари, ОАВ, давлат бошқаруви ва фан) муҳим мезон саналади. Бугун дунёдаги мавжуд тилларнинг қарийб 40 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида экани ачинарли ҳақиқатдир.

Бу фикрлар билан ўзбек тили йўқолиш арафасида демоқчи эмасмиз. Ўзбек тили ўн миллионлаб соҳибларига эга, бой тарихий-адабий меросга эга тилдир. Муаммо бошқа жиҳатда: тил истеъмолининг сифати ва унинг соҳалар бўйича тақсимотида. Агар тил фақат оила даврасида чекланиб қолиб, расмий иш юритиш, реклама, илмий мулоқот ва замонавий рақамли технологияларда тўлақонли ишлатилмаса, унинг функционал қиймати пасайиб бораверади. “Тилимиз, сўзимиз қобил, аммо ўзимиз ноқобилмиз”, деган аччиқ ҳақиқатни тан олишимиз керак. Тилимиз ҳар қандай замонавий талабга жавоб беришга қодир, фақат биз ундан унумли фойдаланмаяпмиз.

Бу ўринда оиланинг тутган ўрни беқиёсдир. Айрим ота-оналарнинг ўз тилига бўлган бепарволиги фарзандининг ўзга тилда сўзлаша олиши билан “кўр-кўрона фахрланиш” кайфияти билан уйғунлашиб кетмоқда. Оқибатда бола ўз она тилига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром ҳиссини оиладан ололмай қоляпти. ЮНЕСКО таъкидлаганидек, тилнинг авлоддан-авлодга узатилиши бош мезон экан, бу жараён, аввало, оила бағрида бошланиши шарт.

Тилга муносабат — бу нафақат саводхонлик масаласи, балки келажак авлоднинг миллий қиёфаси билан боғлиқ жиддий омилдир. Она тилини бой бериш миллатнинг ўз руҳиятини йўқотиши билан тенгдир. Бугун бепарво қарасак, эртага тилимизнинг мавқеини йўқотамиз. Бу шунчаки ҳис-туйғу эмас, балки жаҳон тарихи қайта-қайта исботлаган сабоқдир.

Ҳуқуқий ва амалий таҳлил: қонун бор, ижро-чи?

Она тили масаласи шунчаки қуруқ даъват ва маънавий тарғибот билан чекланмаслиги, балки қатъий ҳуқуқий механизмлар билан таъминланиши шарт. Мавжуд қонунчилик базасига назар ташласак, бир қатор бўшлиқлар кўзга ташланади.

“Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига асосан, мамлакатимиз ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади; реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда ҳам такрорланиши мумкин. Амалда эса кўча пешлавҳалари ва ташқи реклама баннерларидаги матнларда давлат тили гоҳ умуман ишлатилмайди, гоҳ қўпол имловий хатолар билан ёзилади. Бундай хатоликлар учун ким жавобгар экани ва назорат механизмлари қандай ишлаши юзасидан саволлар очиқ қолмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахсларга нисбатан жарима чоралари кўзда тутилган. Бироқ мазкур модданинг амалда қандай ишлаётгани, хусусан, нечта мансабдор шахс бу бўйича жавобгарликка тортилгани, муаммоларнинг туб сабаблари қандай таҳлил этилгани борасидаги очиқ маълумотлар жамоатчиликка етарлича тақдим этилмайди. Назорати ва ижроси таъминланмаган қоида эса “қоғоздаги норма” бўлиб қолаверади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган Чакана савдо қоидаларининг 16-бандига кўра, сотувчи, товарлар ва уларни ишлаб чиқарувчилар ҳақидаги маълумотлар харидорларга давлат тилида етказилиши, зарур ҳолларда бошқа тилларда ҳам такрорланиши белгиланган. Бироқ бу талаб ҳам кундалик амалиётда кўпинча эътибордан четда қоляпти.

Бу муаммолар тарқоқ эмас, уларнинг туб илдизи битта: қонун ижроси пухта тизимли назоратга, кенг жамоатчилик иштирокига ва муқаррар жавобгарлик механизмига эга эмас. Тил сиёсати фақат битта идора ёки ташкилот зиммасидаги хизмат вазифаси сифатида қолмасдан, бутун жамият бирдек қайғурадиган умуммиллий ҳаракатга айланиши керак.

Тадбирбозликдан тизимга: нима қилмоқ керак?

Бугунги воқелик шуни кўрсатмоқдаки, тил байрами доирасидаги расмий тадбирлар ва оммавий ахборот воситаларидаги бир марталик чиқишлар муаммони ҳал этмайди. Уларнинг асл самараси оддий бир саволга бериладиган жавоб билан ўлчанади: “Мен кўрган, эшитган ва гувоҳи бўлган воқеа-ҳодиса ҳақида ўз фикримни давлат тилида оғзаки ва ёзма равишда мустақил, равон ҳамда тўлиқ баён қила оламанми?” Қачонки ҳар бир юртдошимиз бу саволга ишонч билан “ҳа” деб жавоб бера олса, давлат тили ҳаётда ҳақиқий кучга эга бўлади.

Бунинг учун қуйидаги тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш лозим деган фикрдаман:

  1. Ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш. “Давлат тили ҳақида”ги қонунни замон талаблари асосида янги таҳрирда қабул қилиш, уни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш; “Реклама тўғрисида”ги, “Фирма номлари тўғрисида”ги ва бошқа соҳавий ҳужжатларни тил қонунчилиги билан мувофиқлаштириш ҳамда қонунбузарликлар учун таъсирчан жавобгарлик чораларини белгилаш.
  2. Институционал механизмларни кучайтириш. Илгари Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият юритган Атамалар қўмитасини қайта ташкил этиш; ҳудудларда давлат тилининг тўлиқ қўлланилишини доимий равишда ўрганувчи жамоатчилик мониторинги тизимини йўлга қўйиш; ҳисоботлар ва хизмат ёзишмаларининг давлат тилида бенуқсон юритилишини таъминлаш.
  3. Таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини янгилаш. Она тили ўқитилишини амалий нутқ компетенциясига тўлиқ мослаштириш; педагогларнинг коммуникатив ва герменевтик маҳоратини ошириш; ОАВ ходимлари учун мажбурий ва тизимли малака ошириш курсларини жорий этиш; радио ва телевидение бошловчилари учун адабий меъёрга риоя қилишни асосий касбий мезонга айлантириш.
  4. Рақамли ва мотивацион муҳитни яратиш. Ўзбек тилини масофавий ва мустақил ўрганишга мўлжалланган сифатли рақамли контент ҳамда видеодарсларни кенгайтириш; тил билиш даражасини аниқловчи замонавий миллий баҳолаш тизимини ривожлантириш; китобхонлик маданиятини юксалтириш, чунки тил завқи ва бойлиги бадиий мутолаа воситасида шаклланади.
  5. Оила ва ижтимоий муҳитни жонлантириш. Тилга ҳурмат, аввало, оиладан бошланишини кенг тарғиб қилиш; ота-оналар билан маърифий учрашувлар ташкил этиш; маҳаллалар, ўқув даргоҳлари ва меҳнат жамоаларида соғлом она тили муҳитини қарор топтириш. “Аризани қайси тилда ёзсам нима фарқи бор, асосийси иш битса бўлди” қабилидаги лоқайд муносабатга жамоатчилик фикри орқали чек қўйиш.

Маънавий масъулият: тил — Ватанга садоқат тимсоли

Дарҳақиқат, тилга муносабат фақатгина ташкилий ёки техник масала эмас, балки ҳар бир инсоннинг виждоний ва ахлоқий бурчидир. Президентимиз таъкидлаганидек: “Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги бўлмайди”. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўзбек тилининг латофати, нафосати ва беқиёс қудратини ҳис этмоқчи бўлганларга она аллаларини, минг йиллик достонларимизни, мақом наволарини тинглашни, бахши ва ҳофизларимизнинг қўшиқларига қулоқ тутишни тавсия этади. Зеро, тилнинг сеҳри ва жозибаси унга чин дилдан меҳр қўйилгандагина тўлиқ намоён бўлади.

Президентимизнинг БМТ минбаридан туриб ўзбек тилида нутқ сўзлагани барчамизнинг қалбимизда чексиз фахр-ифтихор уйғотди. Бироқ бу ғурур қуруқ ҳайрат бўлиб қолмаслиги шарт: биз ҳам ўз кундалик ишимизда, хизмат ёзишмаларимизда, реклама лавҳаларида, илмий тадқиқотлар ва интернет оламида она тилимиздан саводли, мантиқий ва гўзал тарзда фойдаланишимиз керак. Бугунги кунда ўзбек тили АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Туркия каби мамлакатларнинг 60 га яқин олий таълим муассасасида ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилаётган бир пайтда, ўз юртимизда янги қурилаётган бино ва иншоотларга инглиз ёки рус тилларида ном бериш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.

Шу ўринда “манқурт” образини эслаш бежиз эмас. Миллат зиёлилари бу тушунчани ўз халқи ва она тилидан ор қилиб, шахсий манфаатини муқаддас қадриятлардан устун қўядиган кимсаларга нисбатан бежиз қўлламайди. Давлатимиз раҳбарининг ўз она тилини билмайдиган элчи ҳақида айтган: “Бу халқимизга нисбатан хиёнат эмасми?” деган қатъий сўзлари ана шундай юксак маънавий масъулиятдан далолат беради. Тил тақдирига бепарволик шунчаки шахсий нуқсон эмас, балки бутун миллат келажагига рахна солувчи хавфдир.

* * *

Давлат тили масаласининг “мавсумий тадбир” эмаслигини фикримизча қуйидаги омиллар тўлиқ тасдиқлайди:

  1. Фалсафий жиҳатдан: тил борлиқни тушуниш ва миллий ўзликни англашнинг бош шаклидир (Гумбольдтдан Гадамергача бўлган назарий хулосалар буни тасдиқлайди).
  2. Психологик жиҳатдан: тил тафаккурнинг шаклланиш муҳити ҳисобланади (Выготский ва Камминс тадқиқотларига кўра, она тилидаги пухта тафаккур бошқа тилларни осон ўзлаштиришга мустаҳкам замин яратади).
  3. Педагогик жиҳатдан: нутқ маданияти ҳамда ўқитувчининг коммуникатив-герменевтик лаёқати таълим сифатининг бош мезонидир.
  4. Социолингвистик жиҳатдан: тил фақат амалда фаол ишлатилган соҳалардагина барҳаёт яшайди; истеъмолдан чиққан тил эса заифлашади.
  5. Ҳуқуқий жиҳатдан: қонунчилик нормалари ижросининг назорати, жавобгарлик механизми ва жамоатчилик кузатуви янада кучайтирилиши лозим.
  6. Маънавий жиҳатдан: давлат тилига бўлган муҳаббат ва эҳтиром Ватанга садоқатнинг ажралмас кўринишидир.

Шундай экан, йил мобайнида бир-иккита тадбир ўтказиш билан чекланиб бўлмайди. Она тили билан ҳар куни — оилада, таълим даргоҳларида, идораларда, жамоат жойларида ва рақамли маконда тизимли шуғулланиш лозим. Тил изчил давлат сиёсати, амалий таълим, қатъий ижро интизоми ва ҳар биримизнинг шахсий бурчимиз орқали ривожланади. Бугун тилимизга бефарқ бўлсак, эртага ўзлигимизни бой берамиз; бугун уни ардоқласак, эртага миллатимизнинг юксак қудратига гувоҳ бўламиз.

Тилимиз ва сўзимиз бой ҳамда қобил, энди фақат ўзимиз унга ҳар томонлама муносиб бўлсак бас.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини

механизациялаш муҳандислари институти

миллий тадқиқот университети

матбуот хизмати раҳбари,

педагогика фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 3 =