Фарғона: “Зуҳро” маҳалласи аҳолиси ўзгаришлардан мамнун

Марғилон шаҳридаги “Зуҳро” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтган асрнинг 70-йилларида тўқимачилар учун кўп қаватли уй-жойлар қурилган эди. Бироқ йиллар давомида ушбу уйлар эътибордан четда қолиб кетди. Оқибатда иссиқлик, ичимлик ва оқова сув, йўл ҳамда электр таъминоти каби зарур инфратузилма тармоқларида муаммолар тўпланиб қолган эди.

“Обод маҳалла — обод кўча — обод хонадон” тамойили доирасида бошланган ишлар тўқимачилар маҳалласига янги ҳаёт нафасини олиб кирди. Ҳудуд улкан қурилиш майдонига айланди. Йўл солаётган, сув тармоқларини тортаётган, дарахт экаётган фидойиларнинг саъй-ҳаракати бир лаҳза ҳам тўхтагани йўқ. Бунёдкорлик ишлари одамларнинг оғирини енгил қилиб, руҳияти ва қадр-қимматини юксалтирмоқда, бугуни ҳамда эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Куни кеча маҳалланинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, янгиланган маҳалла қиёфасини, амалга оширилган ободончилик ишларини эътироф этди ва ҳудуд аҳлини янгиланишлар билан табриклади.

– Муҳтарам Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик туфайли маҳаллаларимиз обод, фаровон гўшаларга айланмоқда. Ҳар бир маҳалла обод бўлса, юртимиз янада чирой очади, халқимиз турмуш шароити юксалаверади, – деди вилоят ҳокими Х.Бозоров.

Вилоят раҳбари маҳаллада спортни ривожлантириш, аҳоли учун имкониятларни янада кенгайтириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди. Қувончлиси, бу ерда маҳалла аҳли, ёшлари учун барча замонавий талабларга жавоб берадиган ўйингоҳнинг ҳам фойдаланишга топширилгани бўлди.

“Зуҳро” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчилар ҳам бу ўзгаришлардан мамнун бўлиб, шукроналик билдирмоқда.

– Бу ерда амалга оширилаётган эзгу ишларга кўпчилик ҳавас қиляпти, – деди Марҳабохон Мамажонова. – Ҳар бир кунни ўзгаришлар, янгиликлар билан қарши олишга ўрганиб қолдик. Хонадонларимиз тоза ичимлик суви, марказлашган иссиқлик тизими билан таъминланди. Қишда лой, ёзда чанг бўлган ўнқир-чўнқир кўчаларимиз текисланиб, асфальт ётқизилди. Кечалари ҳам кўчаларимиз чароғон бўлиши учун замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Маҳалла ҳудудидаги “Меҳнат” ўйингоҳи йиллар давомида қаровсиз қолиб, унда спорт тўгараклари ва машғулотлар ўтказиш имконсиз бўлиб қолган эди. Бунёдкорлик дастури доирасида мазкур ўйингоҳ замонавий қиёфа касб этди: яшил майдонлар барпо қилиниб, машғулотлар учун барча шарт-шароит яратилди.

Шунингдек, ҳудуддаги 45 та кўп қаватли уй атрофидаги ноқонуний, меъморий талабларга жавоб бермайдиган қурилмалар ўрнига ҳар қандай кишининг ҳавасини келтирадиган иншоотлар қад ростлади. Кўкаламзорлаштириш ишларини таъминлаш учун 1 та суғориш қудуғи қазилди ва 6,5 километрга тенг суғориш тармоғи тортилди.

Маҳалладаги 1,6 километр ички ариқлар бетонланди. Учта болалар ўйингоҳи ва спорт майдончаси, чиқинди йиғиш шохобчаси барпо этилди. Нуронийлар маскани ва унга туташ “Book cafe” эса бугун аҳоли билан гавжум ва файзли масканга айланган.

Барча кўп қаватли уйларнинг фасад қисми базальт плиталари билан қопланиб, тўлиқ таъмирланди ҳамда тунги ёритиш тизими ўрнатилди. Давлат-хусусий шериклик асосида қурилган фуқаролар йиғини биноси таъмирдан чиқарилиб, “маҳалла еттилиги” самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит ҳозирланди. Шу билан бирга, соғломлаштириш хиёбонлари, велосипедчилар ва пиёдалар йўлаклари қурилди. Марказий кўчаларда туну кун фаолият кўрсатадиган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди.

— Маҳалламиз чинакам “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” сифатида қад ростламоқда, — деди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Барнохон Солиева. — Бугун нафақат ободонлаштириш, балки аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш бўйича ҳам кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Маҳалламизнинг ўсиш нуқтаси ҳунармандлик ва тадбиркорликдир. Ҳозирга қадар 100 дан ортиқ фуқаронинг доимий бандлиги таъминланди.

Бу ердаги ҳар бир ўзгариш аҳоли ҳаётига қулайлик олиб кирмоқда. Маҳалланинг фаол ҳунармандларидан бири Нозимахон Юсупованинг иши бунга ёрқин мисолдир. У кўп қаватли уйнинг бўш турган ертўласида чевархона очди. Қаҳрамонимиз 50 миллион сўмлик имтиёзли кредит кўмагида ишни йўлга қўйиб, 15 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлади.

— Маҳалламизни кўпинча ҳунармандлар масканига қиёслашади, — деди тадбиркор Соҳибахон Мамажонова. — Бу ерда ипакдан атлас тўқиш, бежирим либослар яратиш, кўз қорачиғидек Марғилон дўппиларини тикиш ҳадисини олган усталар яшайди. Оилавий устахонамизда 10 та доимий иш ўрни яратганмиз. Бундан ташқари, 30 дан зиёд ҳунарманд билан касаначилик асосида ҳамкорлик қиляпмиз. “Уста-шогирд” анъанаси асосида ёшларга касб-ҳунар сирларини ўргатяпмиз. Юртимиздаги, маҳалламиздаги ободлик бизни янада янги ташаббуслар сари илҳомлантирмоқда.

Марғилондаги “Зуҳро” маҳалласида амалга оширилган бу каби эзгу ишлар нафақат бино ва кўчаларни янгилаш, балки бу жойда истиқомат қиладиган 6 мингдан ортиқ аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш, оилалар фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Расулжон КАМОЛОВ,

журналист.

Шерзод ҚОРАБОЕВ

олган суратлар.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × four =