Фидойиларга эҳтиром кўрсатилди

ОКМКда Автомобиль транспорти ходимлари куни кенг нишонланди

Мамлакатимизда ҳар йили октябрь ойининг сўнгги якшанбаси Автомобиль транспорти соҳаси ходимлари куни сифатида кенг нишонланиши анъанага айланган. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ҳам соҳа фидойиларига эҳтиром кўрсатиш мақсадида кўтаринки руҳдаги байрам тадбири ташкил этилди.

Байрам дастури доирасида комбинат конларида туну кун хизмат қилаётган маҳобатли автогигантлар, оғир юк машиналари ҳамда енгил автомобиллар кўргазмаси бўлиб ўтди. Меҳмонлар ва тадбир иштирокчилари ушбу замонавий транспорт воситаларининг техник имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Бундан ташқари, тадбирга ўзгача файз ва шукуҳ бағишлаган турли спорт мусобақалари ҳамда миллий таомимиз бўлмиш палов танлови ўтказилди.

Тантанали тадбир доирасида соҳа фаолларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан ОКМК бошқаруви раисининг ходимлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Саъди Шерматов барча ишчи-ходимларни самимий муборакбод этди. У ўз нутқида автомобиль транспорти тизими комбинатнинг улкан ишлаб чиқариш занжирида энг муҳим ва стратегик аҳамиятга эга бўғинлардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.

ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсановнинг тегишли буйруғига асосан, кўп йиллардан буён комбинат ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа вакилларига турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони ва Фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди.

“Энг яхши экскаватор машинисти” ва “Энг яхши безатилган автомашина” номинациялари ҳамда палов танлови ғолиблари ҳам ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Халқ сайлига айланиб кетган байрам тадбири давомида “Металлург” маданият саройи ижодий жамоалари томонидан тайёрланган шўх куй-қўшиқлар ва дилрабо рақслардан иборат концерт дастури иштирокчиларга хуш кайфият улашди.

ОКМКда 2021 йилда амалга оширилган ташкилий ислоҳотлар натижасида транспорт тизими Автомобиль транспорти бошқармаси ҳамда Технологик транспорт бошқармаси каби таркибий бўлинмаларга ажратилди. Бугунги кунда ушбу бошқармалар “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг ишлаб чиқариш жараёнлари узлуксизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Айни пайтда Автомобиль транспорти бошқармаси ва Технологик транспорт бошқармасида жами тўрт мингдан зиёд ходим фаолият юритмоқда. Жумладан, Технологик транспорт бошқармасида 2 051 нафар ходим меҳнат қилади. Улар комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, кончилик ишларини самарали ташкил этиш ва стратегик лойиҳаларни белгиланган муддатларда амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Комбинатда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари транспорт тизими зиммасига ҳам янги вазифаларни юкламоқда. Хусусан, йиллик 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга 4-мис бойитиш фабрикаси, унинг негизида барпо этилаётган чиқиндиларни сақлаш омбори ҳамда йилига 300 минг тонна мис маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги металлургия мажмуаси каби йирик лойиҳаларда транспорт таъминоти муҳим аҳамиятга эга.

Транспорт хизматлари самарадорлигини ошириш ва мавжуд техника паркини замонавийлаштириш мақсадида жорий йилда ҳар икки бошқармада ҳам транспорт воситалари ва махсус техникаларни янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу йилнинг ўзида Автомобиль транспорти бошқармаси автопарки 20 та янги транспорт воситаси билан тўлдирилди. Янги транспорт воситалари бошқарманинг хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ходимлар ва юкларни ташиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Технологик транспорт бошқармасида ҳам кончилик ишлари учун мўлжалланган, юқори юк кўтариш қувватига эга карьер самосваллари ҳамда бошқа махсус техникаларни харид қилиш ва ишга тушириш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, юк кўтариш қуввати 221 тоннани ташкил этувчи “HITACHI” русумли 3 та карьер самосвали фойдаланишга топширилди. Яна битта шундай техника учун зарур бутловчи қисмлар келтирилмоқда, яна бирини эса йил якунига қадар етказиб бериш кутилмоқда.

Юк кўтариш қуввати 236 тонна бўлган “NMT-240 KRANTAS” русумли 2 та карьер самосвали ҳам комбинатга келтирилди. Йил охирига қадар яна 2 та шундай самосвал харид қилиниши режалаштирилган. Мазкур техникалар конларда маъдан ташиш жараёнлари самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Замонавий техникалар билан таъминлаш баробарида, транспорт соҳасида илғор ахборот технологияларини жорий этиш, автоматлаштирилган бошқарув тизимларини такомиллаштириш, транспорт ҳаракатини назорат қилиш, ёқилғи-мойлаш материаллари сарфини мониторинг қилиш ҳамда иш жараёнларини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, харажатларни мақбуллаштириш ва транспорт хизматлари сифатини ошириш учун замин яратади. Байрам шукуҳи йиғилганларга ишчанлик руҳини бахш этди.

Муҳаммад КЕНЖА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × one =