132 мингдан ортиқ хотин-қиз ишсиз…

Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва турли жиноятлар содир этилаётгани ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушади. Бугунги очиқлик, шаффофлик сиёсати туфайли улар ҳақида аниқ маълумот бериб борилмоқда ва шу боис ҳам жиноятлар сони кўпайгандек туюлади. Бунинг сабаби эса кўпинча бекорчилик, маблағ етишмаслиги ва бошқа бир қанча важларга тақалиши ҳам аён.

Хўш, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун тегишли органлар қандай чоралар кўрмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ИИВ Ахборот хизмати ташкил этган “Хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган чора-тадбирлар” мав­зуидаги матбуот анжуманида шу каби кўпгина масалаларга эътибор қаратилди.

— Аввало, шуни маълум қилиш керакки, шу йил июль ойидан бошлаб республика, вилоят, туман (шаҳар) ички ишлар органлари тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича 360 та инспектор штати жорий этилди, — дейди ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев. — Бу эса хотин-қизларнинг ижтимоий-сиё­сий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлақонли таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга кўмаклашади. Ана шу ҳамкорликдаги ишлар натижасида ўтган вақт мобайнида республика бўйича 5624 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди, 4807 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди. 2944 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилди. 1106 нафари таълим муассасаларига қайтарилди. 1500 нафари даволашга муҳтожлиги сабаб тиббий диспансерга, 271 нафари эса “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари”га юборилди. Натижада, улар томонидан содир этилган жиноятлар 32, 8 фоизга камайишига эришилди.

Вояга етмаганлар иштирокида содир этилган жиноятлар 32,2 фоизга камайгани ҳам жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлик натижаси экани таъкидланди.

Анжуманда берилган маълумотга кўра, айни пайтда юртимизда 132 мингдан ортиқ хотин-қиз ишсиз. (Аслида бу рақам тегишли идоралар орқали иш излаб рўйхатга олинганлар бўлса керак. Чунки юртимизда ишсиз хотин-қизлар сони аниқ таҳлил этилса, янада катта рақамларни ташкил этса ажаб эмас. Х.А.). Демак, янги ташкил қилинган хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспекторлар ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигидаги тадбирларни янада кучайтириш, самарадорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўриш лозим.

Х. Аҳмаджонова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − two =