Олмон таълим тизими: ҳар кимнинг мустақил ўз фикри бўлсин!

Ҳа, Германия таълим тизимида ўқувчиларнинг мустақил фикрлаши ҳамда кенг дунёқараши шакл­ланишига алоҳида эътибор қаратилади. Таълим тизимига татбиқ этилаётган янгиланаётган ахборот технологияларидан унумли фойдаланганларга тизимни ўрганиш осон кечади. Бу юртда билимсиз одамнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши амримаҳол. Дарвоқе, олмонларга хос темир интизом — “немис машинаси”, бирсўзлилик айнан таълим даргоҳларида шаклланади.

Германияда мактабгача таълим муассасалари давлат тизимига кирмайди. Болалар боғчаси хайрия жамғармалари, маҳаллий ҳокимият ҳамда черков васийлигида фаолият юритади. Шу билан бирга, корхона ва ташкилотлар ҳам ўз боғчасига эга бўлиши мумкин. Мактаб­гача таълим тизими 3 ёшдан 6 ёшгача болаларни қамраб олади. Болаларда ўз фикрини ифодалаш, тенгдошлари ва катталар билан мулоқот қилиш қобилиятини шакллантириш, уларни бош­ланғич таълимга тайёрлашда боғчаларнинг ўрни катта. Шу боис, олмонлар боғчаларни “тафаккур устахонаси” деб аташади.

Германия Конституциясига мувофиқ, мактаб таълими давлат назоратидадир. Мамлакатда 16 та федерал ҳудудлар мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бири ўзининг таълим тўғрисидаги қонунига эга.   Масалан, аксарият ҳудудларда бош­ланғич таълим 4 йил (биринчи синф­дан тўртинчи синфга қадар), мамлакат пойтахти Берлинда эса — 6 йил. Мамлакатда мактаб таълими мажбурий ва бепул ҳисобланади. 6 ёшдан 18 ёшгача фуқаролар мажбурий тартибда таълим олиши шарт. Шундай қилиб, мактаб таълим тизими бошланғич, ўрта ва юқори босқичларга бўлинади.

Болалар 5-6 ёшдан бошланғич мактабга қатнайди. Мактабларда биринчи, иккинчи синф ўқувчиларига баҳо қўйилмайди. Ўқитувчилар баҳо ўрнига боланинг индивидуал, психологик ҳолатининг ривожланиши хусусида ҳисобот тайёрлайди. Бу мактабларда 6 баллик баҳолаш тизими қабул қилинган бўлиб, ўқувчиларга 3-синфдан бошлаб баҳо қўйилади. Бунга кўра, 1 – “аъло”, 2 – “яхши”, 3 – “қониқарли”, 4 – “етарли”, 5 – “етарли эмас”, 6 – “қониқарсиз”. Ўқувчилар фанларни энг камида “4” га ўзлаштириши керак. Бошланғич босқичда болаларга немис тили, математика, табиатшунослик, мусиқа, эстетика фанлари ўтилади.

Олмон таълим тизимининг ўзига хос хусусияти шундаки, ўқувчилар бош­ланғич синфни тугатгандаёқ келажакдаги ҳаёт йўлини аниқлаб олиши зарур. Ана шунга асосланиб, у тегишли мактаб­лардан бирида ўқишини давом эттиради.

Олий таълим муассасаларида ўқиш нияти йўқ бўлган, бирор-бир касб этагидан тутишни кўзлаган ёшлар эса тўққизинчи синфгача ўқитилади. Бу мактаб­ларда базавий билимлар берилади ва асосий эътибор амалий машғулотларга қаратилади. Мактабни тугатган ўсмирлар тугалланмаган ўрта таълим ҳақида шаҳодатнома олади. Ушбу ҳужжат билан касб-ҳунар мактабларига кириш мумкин.

Германияда яна шундай мактаблар борки, у мактабларда математика ва табиий фанларга мойил, келажакда олий маълумотли мутахассис бўлишни ният қилган болалар ўқийди. Ўқиш 5-синф­дан 10-синфгача давом этади. Мазкур муддат мобайнида ёшларга турли фан соҳалари бўйича кенгайтирилган билим берилади. Бу мактабни тугатган ўсмир-ёшлар ўқишни гимназияда давом эттиришади.

Бундан ташқари, ўқувчилар учун ўрта таълимнинг энг муҳим бўғини бўлган билим масканлари ҳам бор. У ерда ўқиш тўққиз йил, яъни – 5-синф­дан 13-синф­гача. Мазкур таълим даргоҳида гуманитар, табиий фанлар ва хорижий тиллар чуқур ўргатилади. Ўқувчилар ўн биринчи синфдан танлаган йўналишидан келиб чиқиб, асосий вақтини бир неча фанни чуқур ўрганишга сарфлайди.

Гимназияни тугатганлик тўғрисидаги имтиёзли шаҳодатнома   университетга имтиҳонсиз кириш ҳуқуқини беради. Аммо имтиёзли шаҳодатномани олиш осон эмас. Ўқувчига ушбу ҳужжатни беришдан олдин унинг ўн уч йил давомида эришган натижалари ҳамда тўртта фан бўйича якуний имтиҳон баҳолари инобатга олинади. Олмонияда талаба бўлиш учун мактабда ўн уч йил яхши натижа билан ўқиш керак. Ана шундан кейингина олий ўқув юртига йўллар очилади.

Бу мамлакатда давлатга қарашли мактаблар билан бирга хусусий таълим масканлари ҳам ривожланган. Хусусий мактаблар ўрта таълим масканларининг 2 фоизини ташкил этади. Ўқув дастурлари анъанавий мактаблардан фарқ қилади. Уларни Федерал таълим ва маданият вазирлиги назорат қилади. Бу мактабларда саноат, тил, косметика, гимнастика, уй хўжалиги каби ихтисос­лашган йўналишларда таълим берилади. Нодавлат таълим масканлари бир-бирини қўллаб-қувватлаш учун хусусий мактаблар уюшмасига бирлашган. Шунингдек, ногирон ва ақлий қобилияти чекланган болалар учун ҳам махсус мактаблар бор.

Немис педагоглари “истеъдодсиз ўқувчи бўлмайди”, деб ҳисоблашади. Шунга кўра, улар ўқувчи онгидаги ҳали очилмаган қирраларни кашф этиш, уларни янгилик ва ихтиролар руҳида тарбиялашга интилади. Масалан, “Фикрлаяпманми, демак, яшаяпман!” — деган эди файласуф Рене Декарт. Олмон мактабларида ана шу нақл олтин қоида сифатида қабул қилинган. Педагоглар биринчи навбатда ўқувчининг, ҳатто хато бўлса-да, мустақил фикри бўлишига эришишни мақсад қилади. Таълим жараёни эса ота-она ва ўқитувчи ўртасидаги узвий ҳамкорликка таянади.

Европада фақат Германиядагина бепул олий таълим олиш имконияти кўпроқ. Нодавлат жамғармалар ҳамда ҳукумат грантлари асосида хорижлик­лар ҳам немис университетларида таҳсил олиши мумкин. Юқорида таъкидлаганимиздек, маҳаллий гимназияларни битириб, имтиёзли шаҳодатномани олган ёшлар университетларга имтиҳонсиз киради. Чет элликлар эса ўқишга кириш учун немис тили бўйича имтиҳондан ўтади. Университетларда бакалавр босқичи тўрт ярим йилгача, магистратура бир йилдан тўрт йилгача, докторантура икки йилдан беш йилгача давом этади. Одатда, бакалавриат ва магистратура талабалари ўқиш якунида давлат имтиҳони топширади ва диссертация ҳимоя қилади. Талаба ўқиш учун қишки ёки ёзги ўқув мавсумини танлаш ҳуқуқига эга. Ёзги мавсум апрель-сентябрь, қишкиси эса октябрь-март ойларини ўз ичига олади.

Германия Гейделберг, Кёлн, Фрайбург, Тюбинген каби қадимий университетлар ватани ҳисобланади. 1386 йилда асос солинган Гейделберг университети кўҳна қитъанинг энг нуфузли олий таълим даргоҳларидандир. Ўрта асрлардаёқ ушбу университетга кириш европалик аслзодаларнинг орзуси бўлган. Германиянинг мўъжазгина Гейделберг шаҳрида жойлашган мазкур университетнинг нуфузи ҳозир ҳам баланд. Бу ердан Гегел, Ясперс каби жаҳон таниган олимлар, ўнга яқин Нобел мукофоти соҳиблари етишиб чиққан. Университет юриспруденция, биология, кимё, тиббиёт йўналишларида кадрлар тайёрлайди. Бу ерда ўқийдиган 25 минг талабанинг 12 фоизи хорижликлардир.

Мюнхендаги Людвиг-Максимилли­ан университети эса Европани тиббиёт бўйича етук мутахассислар билан таъминлайди. Беш асрлик тарихга эга бўлган мазкур таълим масканида айни пайт­­да 45 минг талаба таҳсил олади. Касбий олий мактаблар ёки институтлар   немис таълим тизимининг ўзига хос бўғини сифатида муҳандис, иқтисодчи, дизайнер, машинасозлик, ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари ва соғлиқни сақлаш йўналишларида мутахассислар етказиб беради. Маълумотларга кўра, Германия­нинг 370 дан ортиқ олий таълим муассасаларида 2 миллионга яқин талаба, жумладан, 246 минг хорижлик ёшлар таҳсил олмоқда. Олмон юрти чет эллик талабалар сони бўйича дунёда АҚШ ва Буюк Британиядан кейинги ўринда туриши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ислом АСИЛБЕКОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + 16 =