Айбга буюрмайсиз, кураш йўли бешафқат

Дунё сиёсат майдонида ҳамманинг нигоҳини бир нуқтада жам қилган Америка Қўшма Штатларидаги сиёсий жараёнлар ҳали-ҳамон ниҳоя топмади. Дональд Трамп Оқ уйни ўзига яна ётоқхона қилмоқчимиди, нега ютқазганлигини тан олгиси келмади? Ёки ростан ҳам Жо Байден сайловда ғирромлик қилдими? Дональд Трамп бир неча бор ОАВларига берган интервьюсида сайловда ноҳақлик бўлгани ҳақида гапирди. Аммо қайта текширув натижалари Жо Байденнинг ғирромлик қилмаганини кўрсатди. Қизиқ…

 Чўкаётган одам, соҳил эса йироқ

Жо Байден президентлик қасамёдини ҳали қабул қилмади. AҚШ президенти бўлиб турган Дональд Трамп эса ўз сўзида қатъий турмоқда. У AҚШ Конгресси томонидан тасдиқланган икки кунлик бюджетни ҳам ишонч билан имзолади. Бу ҳақда ТAСС Оқ уйга асосланиб хабар берди.

Ҳозирги кунда барча давлатларни ташвишга солиб турган Covid-19 таслим бўлишни истамаяпти. Шу боис, Жонс Хопкинс университети маълумотларига билдириладиган муносабатлар ҳамманинг эътиборида турибди. Айни кунларда АҚШда коронавирус юқтириш билан боғлиқ ҳолатлар сони 19,1 миллиондан ошган, 330,6 минг киши вафот этган.

Дональд Трамп бундай вазиятдан унумли фойдаланаяпти. У айрим (демократларнинг таъсири кўпроқ) штатларда коронавирус тарқалишига қарши курашиш учун жорий этилган карантин чоралари вируснинг ўзидан ҳам ёмонроқ эканлигини бот-бот таъкидламоқда.

“Демократлар бошқараётган штатлардаги карантин кўплаб инсонлар ҳаётини издан чиқаради. Бу Хитой вируси келтирган зарардан ҳам ёмонроқ. Карантинга қарамасдан, Калифорнияда касаллик юқтиришлар ўсди, Флорида ва бошқа штатлар карантинга ёпилмади, аҳвол яхшиланмоқда”, деб ёзди Трамп “Twitter” саҳифасида. “Йиқилган курашга тўймас”, деб шунга айтсалар керак…

Ҳозирча АҚШ президенти бўлиб турган Дональд Трамп ўзининг “Twitter” саҳифасида АҚШ Федерал қидирув бюроси ва Адлия вазирлигини президент сайловларида содир этилган “мамлакат тарихидаги энг йирик фирибгарлик”ка нисбатан ҳаракатсизликда айб­лади.

Трамп: “Овоз бериш жараёнида содир этилган қонунбузарлик­лар бўйича рад этиб бўлмас далиллар бор”лигини ва бунинг учун юқорида номлари зикр этилган идоралар “уялиши керак”лигини таъкидлаган.

“Тарих эслаб қолади. Ҳеч қачон таслим бўлмаслик керак. 6 январь куни Колумбия округида учрашамиз”, деб ёзган Трамп “Twitter” саҳифасида.

АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларига кўра, Жо Байден ғолиб деб топилганлиги маълум. Трамп эса ҳамон мағлубиятини тан олгиси йўқ.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда AҚШ президентлик сайловларидаги ютқазиш Дональд Трампнинг руҳиятига жиддий шикаст етказганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда италиялик психолог ва психотерапевт Сара Регинелла хабар берган.

Унинг сўзларига кўра, Трамп ўзини камситилгандек ҳис қилгани сабабли жуда оғир руҳий зарба қабул қилиб олган ва бу яра ҳали бери тузалмайди.

Маълумот учун, айнан 17 декабрь куни Трамп ғазабланиб, Оқ уйни тарк этишни рад этгани ҳақида хабар тарқалганди.

Вазият улар ўйлагандек бўлмади

Дунё океан устида қалқиб турган улкан кемага ўхшайди. Кемани бошқаришга талаш давлатлар ичида Франция ҳам борлиги дунё оммавий ахборот воситаларида айтилмоқда. Фаранглар мамлакатида чиқадиган “Charlie Hebdo” сатирик журнали пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламни ҳажв қилувчи беш йил аввал чоп этган карикатураларни яна такроран чоп этиб, гўё Франция давлатининг обрўсини ошириб қўймоқчи бўлганди. Аммо…

Вазият улар ўйлагандек бўлмади. Балки халқлар ўртасида шусиз ҳам ниҳоя топмаётган даҳанаки низоларнинг яна авж олишига сабаб бўлди.

Бу борада, аввалига, Франция президенти Эммануэль Макрон “Charlie Hebdo” сатирик журнали тарафини олди. Дунё ҳамжамияти эса пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг тарафдорларини қўллаб-қувватлади. Буни дарров анг­лаб қолган Макрон ўйланмай босилган қадам ва айтилган гап бошга бало келтиришини билиб қолди ва яна бетарафлик тизгинини қўлига олди.

Бундай ҳолатлар, айниқса, Франция давлати тарихида учраб туради. Ижтимоий тармоқларда доимий хабар тарқатувчилари Франция президенти ножўя ҳаракати боис Covid-19га чалинганини башорат қила бошлашди.

Аммо, энг ачинарлиси, “Charlie Hebdo” сатирик журнали директори Лоран Суриссо: “Биз ҳеч қачон енгилмаймиз, ҳеч қачон таслим бўлмаймиз”, деб ёзди. Аслида, у тинчлик, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, шусиз ҳам чайқалиб турган дунёни жунбушга келтирмаслик тарафида бўлса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳар қандай кескин ҳаракатлар халқлар ўртасида келишмовчилик, бир-бирига ишонч­сизликни юзага келтиришини жаҳон аҳли тушуниб қолган.

 Пашинян кимнингдир кўмагига ишонаяптими?

Шу кунгача, минглаб арман халқининг талабига бўйсунмай, ўз креслосига маҳкам ёпишиб олган Арманистон бош вазири Н.Пашинян эндиликда халқ унинг истеъфосини истаса, бунга тайёрлигини қўрқмасдан маълум қилди. Аммо у ўзининг “Facebook”даги саҳифасида бунинг учун навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказиш зарурлигини айтган.

“Мен халқ қарор қилса, бош вазир лавозимидан кетишга тайёрман. Фақат бу лавозимдан халқ қарори билангина кета оламан”, деб ёзган Пашинян.

Шунингдек, у халқ хоҳиш билдирса, мана шу мураккаб вазиятда Арманистонга раҳбарлик қилишни давом эттиришга тайёрлигини ҳам айтган.

Қизиғи, Арманистон бош вазири сайловларни 2021 йилда ўтказишни таклиф қилгану, аммо қайси санада эканини қайд этмаган.

 Санъатсевар президент нимадан норози?

Кутилмаганда ижтимоий тармоқларда, худди хавф юқоридек, Украина президенти Владимир Зеленский: “Агар Россия Украинага ҳужум қилса, аёллар ҳам армияга чақирилади”, деган хабари тарқалди.

Президентнинг хавфсирашига сабаб, аввалроқ “Қрим-татар халқи мажлиси” жамоатчилик бирлашмаси раҳбари Рефат Чубаров: “Россия Днепрнинг сув ресурсларини ярим ­орол (Қрим назарда тутилган. Таҳ.) эҳтиёжи учун йўналтириш мақсадида Қрим тарафдан ҳужум уюштириши мумкин”, деган эди.

Албатта, халқлар ўртасида нотинчлик бекорга содир бўлмайди. Бундай можаролардан яхшигина фойда кўрадиганлар уруш ўчоғини алангалатиб туришади.

Зеленский воқеаларнинг бундай тарзда ривожланишини даҳшатли, деб атади ва бу юз бермаслигига умид билдирди.

“Акс ҳолда катта уруш бўлади. Биз ҳеч қаерга кетмаймиз, ҳаммамиз жанг қиламиз, барча — эркаклар ҳам, аёллар ҳам сафарбар қилинади. Бу Украина халқи учун ёмон бўлади. Россия буни жуда яхши тушунади деб ўйлайман”, деган Украина президенти.

Можарога янги сабаб шуки, Қрим Россия таркибига қўшилганидан норози бўлган Херсон вилояти ҳукумати ярим оролнинг сув таъминотини тўсиб қўювчи тўғон қурганди.

Украинанинг “тонна”лаб қуроли беларусдами?

Беларусь президенти Адександр Лукашенконинг таъкидлашича, энди Украина билан чегарасидан сичқон ҳам ўтолмайди. Бундай дейишига сабаб, Беларусь ҳудудига Украина орқали “тонна”лаб қурол олиб кирган террорчилар қўлга олингани айтилмоқда.

Шусиз ҳам президентлик сайловлари беларусликларни қониқтирмагани туфайли майдога Ольга Тихоновская чиқиб келиб, А.Лукашенкони ва Беларусь парламентини анча довдиратиб қўйганди. Яхши ҳам О.Тихоновскаянинг бир эмас, балки бир нечта паспорти бўлиб, уларнинг бири Исроил, яна бири Литва фуқароси эканлигини тасдиқлагани масалани анча ойдинлаштирган эди.

Энди мамлакат ичкарисига қирғин қуролларининг олиб кирилиши яна А.Лукашенкога ташвиш келтираяпти. Айниқса, қурол-яроғ Украина чегараси орқали олиб ўтилаётгани хавф бурнининг тагида эканини билдирмоқда. Президентнинг сўзларига кўра, Беларусь махсус хизмати вакиллари “террорчи гуруҳи”ни қўлга олган. Улар бутун Беларусь бўйлаб қонли тўқнашувлар, терактларга тайёрланишган.

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларда келтирилишича, “Яқинда Автуховичнинг гуруҳини қўлга туширдик. Аблаҳлар. Улар Украина орқали “тонна”лаб қурол ташиган. Бутун мамлакат бўйлаб терактлар тайёрлаган ва амалга оширишни бошлаган. Ўзлари ёнишди. Чекистлар бу операцияни милиция билан биргаликда ўтказди. Баракалла! Худога шукр, улар ушланди”, деган Лукашенко.

 Путин Байдендан ўрнак оладими?

Маълумотларга кўра, яқинда AҚШнинг янги президенти Жо Байден ўзини Covid-19га қарши эмлатган. Гарчи, Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков: “Биз ўзини ўзи таъминлайдиган мамлакатмиз, бизда Байдендан кам бўлмаган тажрибага эга, ўзини ўзи таъминлайдиган мутлақ президент бор”, дея Россия президенти Байденга қараб иш юритмаслигини айтган бўлишига қарамай, сўнгги пайт­ларда, Владимир Путин ҳам Covid-19га қарши ўзини эмлатмоқчи эканлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.

Шунга қарамай, Дмитрий Пес­ков журналистларнинг саволларига қатъий йўқ, деб жавоб берган. “Путин доимий равишда Covid-19га қарши эмлаш билан шуғулланади ва бу борада бош­қаларга туртки берадиган “мотор”, деган   Песков.

Интернет материаллари асосида Юсуф Жўраев тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − five =