Ҳаром луқма касри

Пандемия сабаб узоқ сафарларга чиқишнинг имкони бўлмади. Карантин тартиблари бироз юмшагач, ўшанда зарур юмушлар сабаб пойтахтга қараб йўлга чиқишга тўғри келди. Тезюрар Афросиёб поезди вагонида бор йўғи 4-5 киши эдик. Бухородан йўлга чиққан поезд бир зумда Қизилтепага етиб келди.   У ердан чиққан йўловчилар орасида 50-55 ёшлар атрофидаги бемор кишини икки томонидан ёрдамлашиб олиб чиқишди. Аёл ва бемор билан бирга яна бир эркак киши учовлон шерик эдилар.

Бемор кишининг ранглари синиққан бўлишига қарамасдан овози баланд, пўписа аралаш, гапиришидан қаердадир раҳбар бўлиб ишлаши ёки қачондир каттакон ишда ишлагани сезилиб турарди. У киши мен томонга ёвқараш қилиб қараб қўяр экан, буйруқ оҳангида овозини ба­ландлатди.

— Туринг, сиз ўрнингизни бу билан алмаштиринг, — ўзлари билан бирга чиққан аёлни кўрсатди. Ҳали жавоб бериб улгурмасимдан аёл хижолат бўлиб олдимга келди.

— Хафа бўлманг, кўриб турибсиз, Ильич акам касал бўлиб инжиқроқ бўлиб қолдилар. Тошкентга олиб кетаяпмиз, — деди паст овозда қулоғимга пичирлагандек.

“Хўп-хўп, бўпти, ўта қолинг”, деб хаста одамнинг хоҳишига қарадим. “Касал” тинмай гапирарди. Ҳали ҳамроҳлик қилаётган синглисига, ҳали укасига ўшқирар, телефонда кимларнидир “тартиб”га чақирарди. Навбат менга келди чоғи, ҳайриятки, сансирамасдан гап бошлади Ильич ака. (Нега, бунақа исм?! Балки лақабидир, деб ўйладим. Чунки Владимир Ильичдек қўлларини шоп қилганча гапирарканда…)

— Қани, гапиринг-чи, қаерда ишлайсиз?

— Журналистман, — дедим. Лекин шу тобда бирор ножўя гап айтиб қўйса, сабрим етармикан, деган хаёл миямда чарх уриб ўтди.

— Журнолист, журнолистлар… фақат қуруқ гапнинг одами. Кўпчилигининг чўнтаги қуруқ. Чиройли гапиришади, тамом. Мук тушиб китоб ўқишади. Биздаям бор биттаси. Пирнафас деган. Йил ўн икки ой галстуги бўйнида. Ҳаво иссиқ демайди, совуқ демайди югургани югурган… Бизнинг қўрғонимизни олдида уйи капага ўхшайди. Мен … — шу пайт оғриқ тутди шекилли “бой ота” инграб қолди…

— Ака-а, кўп гапириб юбордингиз. Шифокорлар нима деди, фақат тинчлик керак сизга. Самолётда кетайлик десам…

— Вооой, воой, нима… самолётда, 3 кишига қанча пул кетадииии, биласанми… ўзи?..

— Поездга тўладик-ку! Биз ўзимиз тўлардик, — деди укаси.

“Жим туринг”, дегандек сингил кўрсаткич бармоғини лабига теккизиб ишора қилди кичик акага.

Бироз ўзига келгач у:

— Қаерда қолувдик, дея —   суҳбат давомини сўради бемор. Гўё менга жуда зарур ахборотни етказиши шартдек…

— Журналист қўшнингиз ҳақида гапираётган эдингиз, — дедим энсам қотиб.

— Ҳа, ҳа тўғри. Кейин ман дедимки, уйимга келим–кетим кўп, сани ҳовлингдан уяламан. Бизни қўрғонга ёнма-ён турган дево­рингни ремонт қилиб берай десам, — қийналиб бўлсаям кулишга ҳаракат қилиб, ўша бечораҳол қўшнисининг гапларини роль ижро этаётган актёрдек кўзларини ола-кула қилиб тушунтира бош­лади. — “Нима деяпсиз?! Мен сиздек бахил, худбин, иймонсиз одамга қўшни бўлганимни Аллоҳнинг синови эмас жазоси, деб биламан”, дей­ди. Шунақа чиранадиганларга йўқманда, чўнтакда ҳемириси йўғу, ғурурига ўлайми?

— Сиз шунақа ўйлайсизда, ака. Ўша Пирнафас журналистнинг уч фарзанди ҳам давлат грантига ўқишга кирди. Бировнинг ҳақидан ҳазар қилади. Мана, бинойидек хом ғиштдан бўлса ҳам иморатини кўтарди. Ўғли институтни битириб, Англияга кетаётганмиш… Сизники-чи?! — деди ёнидаги укаси жаҳли чиқиб.

— Яна бошладингми, — деди ака қовоғини солиб. — Жиянинг ҳам ўқияпти. Супер кантрактда бўлсаям. Юридикни тугатса, ана ўшанда кўрасан… пул море бўлади… жиянингда… Тавба! Биламан Пирнафас билан ош-қатиқсан. Мани номимдан кечирим ҳам сўрабсан…   Эшитдим.

— Юринг, опа, биз бўш жойларда ўтирамиз, — таклиф қилди аёл. Ўзим ҳам томоғига радио карнай қўйилгандек баланд овозда гапираётган бу одамдан қутула олмай тургандим, дарров ўрнимдан туриб эргашдим.

Акасининг аҳволига ачиниб ҳар замонда бир акалари томонга қараб қўйиб гап бошлади ҳамроҳим.

— Акамни пул, бойлик, мансаб шунақа қаттиқ сўз қилиб қўйди. Ҳаётларини пул издан чиқарди. Фарзандлар тарбиясига қарай олмадилар. Эрта тонгда кетиб ярим тунда қайтардилар. Янгам ўғилларни пулга ўргатиб қўйди. Қизлар тантиқ.   Ҳаммаси нотинч. Мана, буй­раклари билан 7-8 йилдан буён қийналадилар. Раҳбарликни топшир, деб қари отам қистайдилар. Кўриб турибсиз акам пулга, мол-дунёга, ман­сабга меҳр қўйдилар. Беш-олтита дўкон, авто­буслари бор. 200 гектар боғи ҳам бор. Энг ёмони яқинда фарзанд­лари тенги қизни иккинчи хотин қилиб уйланиб олдилар.

— Э, янгангиз-чи, қаршилик қилмадиларми? — дедим ҳайрон бўлиб.

— Нима деяпсиз… Янгам ўзи совчиликка бориб, ўзи куёв янгаси бўлиб тўйлар қилиб олиб келди. Ҳа, энди касал эр унга керак эмас. Ишлари битган. Данғиллама ҳовлилар, мол-мулк бўлса бор. “Акангизни инжиқликларини кўтаришга сира тоқатим йўқ. Ана ёш хотинга уйлаб қўйдим. Энди буёғига у қарасин”, дей­ди. Мана, бир ойдирки акамни соғликларида олдинга силжиш йўқ, икки хотин ўртасида сарсон-саргардон. Лекин мақтанишдан қолмайдилар, — деди уф тортиб… — Акамда молу давлат, бойлик, мансаб, ҳамма нарса бор, аммо…(фаросат ҳам йўқ экан-да, дедим кўнглимда) соғликлари йўқ, — кўзлари ёшланди сингилнинг.

Ўйга толаман. Муштипар сингил акаси чекаётган азоблар Аллоҳнинг жазоси эканлигини англармикан? Ахир, “Текин бир кун тешиб чиқади”, деб бежиз айтишмаганку дониш­мандлар. Бойлик, ҳисоби йўқ пуллар, қатор-қатор машиналар, данғиллама ҳовлилару, пойтахтдан уй, боз устига иккинчи хотин ўз-ўзидан оддий ойлик маош ҳисобидан эмасдир-ку!

Бу ҳаром турли нопок йўллар билан орттирилган давлатмандлик ортида қанчадан-қанча одамларнинг ишини “битириб” бериш учун олинган поралар, таниш-билишлар аралашган имтиёзли кредитлар, ёлғон аукцион савдолари, … яна бизга маълум, номаълум қонунбузилиш­лар, жиноятлар, ноҳақликдан юраги азият чекиб, “илоҳим…”, деган одамлар “оҳ”и бўлса керак… Йўқса, Яратган бу каби дардни бериб синовдан ўтказмасмиди, деб дилимдан ўтказаман.

Лекин вагонда бўлаётган турли гурунглар, турфа феъл-атворли инсонлар, уларнинг ҳаёти, муаммолари, ташвишларига бепарво поезд елдек учиб борар, манзилга шошарди…

Кузатувчи қиз Тошкентга яқинлашганимизни айтаркан, аёл бемор акаси олдига кетди. Негадир, хаёлимда ёш хотин ҳақида савол пайдо бўлди. “Отаси тенги, бемор кишига турмушга чиқишга рози бўлган, боз устига иккинчи хотинликка кўнган, кундоши билан апоқ–чапоқ ёш аёл қанақа инсон экан?”

Вагондан тушар эканмиз, шерикларимнинг сумкаларини кўтаришга ёрдам бериш истагида аёлнинг қўлидан енгилроқ пакетини олдим.

— Қизилтепа томонларга йўлингиз тушса ўтинг, журналист опа,— деди инқиллаб Илҳом ака. (Кейин исмини ўзгартирган эканда..) Кулиб қўйдим. Йўлакдан ногиронлар аравачасини суриб келаётган йигит олдида бошида кепка, калта шим, ҳарир кофта кийган ёшгина жувон бойвачча чол турмуш ўртоғини кутиб олишга чиққан эди… Ёш хотини олдида эса соқол қўйиб олган, кўча “ҳавоси”дан баҳраманд “замонавий” йигитни кўриб Илҳом, яъни ака Ильич асабийлашди.

— Ким бу? — авзойи бузилди унинг…

— Тоғамнинг ўғиллари, бегим… Акам бўладилар… — оғзидаги “звачки”ни айлантириб, “ака”сига кўзини қисиб қўйди қиз…

Ильич ака негадир, тилини ютиб қўйгандек жим бўлиб қолди. У тузалиб кетиши ҳақида ўйлаяптими ёки мол-давлати жонига оро кирмаслигини тушундими, ёхуд қилган хатоларини хотирасидан ўтказаяптими, енгил-елпи ҳаётга ўрганиб қолган фарзандларининг келажагидан хавотирдамикан?.. Балки бир ой олдин Тошкентдаги уйини номига ўтказдириб қўйган ёш хотини ҳақида ўйлаётгандир? Нима бўлганда ҳам, қинғир йўллар билан топилган бойлик буюрмас экан-да! Молу дунё соғлик бўлмаса ҳеч нарсага арзимайди, дейишганку кексалар. Бу ҳаёт ҳақиқатига гувоҳ эдим.

Аммо ёши 50 дан ошиб, ана шу оддий ҳаёт ҳикматларини англамаган, эҳтимол англаса-да, дунёни яхши яшаш, мол-дунё билангина ўлчайдиган бундай каслар бу ҳаётда кам эмаслиги, бундай одамларга гап уқтириб бўлмаслиги негадир юрагимни эзарди…

Моҳира ШАКАРОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + one =