“Матбуот уйи” сотилмайдиган бўлди!

Кеча Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бир гуруҳ босма нашрлар бош муҳаррирлари билан учрашди. Унда босма матбуот — газета ва журналлар фаолиятига оид муаммолар, янги таклифлар муҳокама қилинди.

 

Шунингдек, Шерзод Асадов “Матбуот уйи” номи билан маълум бўлган ва ҳозирда сотувга қўйилган бино узил-кесил сотувдан олингани ҳамда бино келгусида оммавий ахборот воситалари, жумладан, босма нашрларга қолдирилишини маълум қилди.

Сўнгги йилларда пойтахтимизнинг Матбуотчилар кўчаси 32-да жойлашган “Матбуот уйи”нинг сотувга қў­йилиши журналистлар орасида ҳамиша салбий кутиб олингани ва доимий танқидий чиқишларга сабаб бўлаётгани сир эмас.

Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, мазкур масала Президентимиз томонидан назоратга олинган ва ушбу бино замонавий талаблар асосида қайта қурилади ҳамда оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси фойдаланиши учун топширилади.

Бундан ташқари ОАВлари, босма нашрлар ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус қарор лойиҳаси тайёрланаётгани маълум қилинди.

Очиғи, бу ёруғ мужда нафақат пойтахтимизда фао­лият олиб бораётган журналистларни, балки республикамиздаги минглаб ОАВ вакилларини мамнун этди. Бунга ижтимоий тармоқларда билдирилаётган ижобий фикрлар, ҳатто таҳририятимизга бўлаётган кетма-кет қутловли қўнғироқлар ҳам мисол десак, муболаға бўлмас.

Ҳа, Президентимизнинг матбуот ва оммавий ахборот воситаларига кўрсатаётган доимий эътибори, ғамхўрлиги юртимиз ижод аҳлини руҳлантириб келмоқда.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − two =