Бу кўҳна дунёга янги бахт улаш

Икром Искандар

 

Муаллиф ҳақида:

Икром Искандар — 1972 йили Жиззах вилоятида туғилган. Ўзбекис­тон Миллий университетини тамомлаган. Шоирнинг “Ёмғирли фасл”, “Яшил хиргойи”, “Фасллар оҳанги”, “Шамол қўшиғи”, “Висол қушлари”, “Мен сен билан бахтлиман” сингари ўнга яқин китоблари нашр этилган.

 

                   * * *

Йўллар, бу қадим йўллар,

нурдек бир қатим йўллар,

гоҳо олис шафақдек,

гоҳи бир одим йўллар.

Айтгил, равон йўл қайда,

чароғон йўл бормикан?

Юртимнинг йўлларидай

қадрдон йўл бормикан?

Дил тубида порлаган

гўзал орзу сингари,

йўллар чорлайди бизни

келажак манзил сари.

Дилда тугарми орзу,

умидлар ҳам мўл экан.

Асли инсон умри ҳам

паст-баланд бир йўл экан.

Инсонки, гар истаса,

қуш мисоли учгайдир,

самоларга йўл топиб,

юлдузларни қучгайдир,

лекин кўҳна дунёнинг

бир ҳикмати шул экан –

барчасидан бир қалбга

йўл топмоқ мушкул экан.

 

                  * * *

Ашуламас, шуъламас –

Бу шам тўккан кўзёшдир.

Ёруғ олам аслида

Лов-лов ёнган қуёшдир.

 

Нур демагил мозийдан

Кўринганни ярақлаб…

Очсанг ўтмиш китобин,

Ёнаётир варақлар.

 

                              * * *

Нега ҳавас қилмай собитлигингга,

Ҳар баҳор қайтадан гуллай олмоқ – бахт…

Ҳар нечук, заминда қадамларимдан

Сенинг илдизларинг мустаҳкам, дарахт.

 

           МАНЗАРА

Қуёшнинг шашти паст

ё бир ўйга ғарқ,

кўзин қисиб қарар

оламга бефарқ.

Нима бўлаётганин

англолмай карахт,

атрофга безовта

боқар ҳар дарахт.

Шамол эса хушҳол

топгандай тилла –

баргларни бирма-бир

юлқир бу палла.

Парвойига келмай

шамолнинг ўйи,

ишига қунт билан

киришган кўйи,

яшил япроқларга

бериб олтин тус,

боғда кезиб юрар

алкимёгар куз.

 

               БАЛКИ…

Қирқма қирқ ўрим сочни,

Қўй, қирқма қирқ ўримни.

Пўрим бўлай демагил,

Қиз соч билан кўримли.

 

Ўсма тортма қошингга,

Қўлингга хино қўйма.

Гўзал бўлай деб яна

Ўзингга бино қўйма.

 

Шундай дейману, лекин…

Балки, бу пардозмасдир?

Ахир сен деб ақлидан

Озганлар ҳам озмасдир.

 

Балки шудир мақсадинг –

Ошиқ ғамин егайсан,

Ушшоқ учун сочларим

Дор бўлмасин дегайсан.

Упа суртиб юзингга,

Бўяркансан кўзингни,

Пардоз ортига, балки,

Яширгайсан ўзингни.

 

ОЙ ВА ЮЛДУЗЛАР ТЕГРАСИДА

                           I

Дардим сенга етказсин дея,

Айтсин дея соғинганимни,

Ҳузурингга юбордим ойни…

 

Кўп куттирди, бир ой деганда

Чўпдай озиб яна боши ҳам,

Қайтиб келди қадди букилиб.

 

Йўл азоби эздими уни,

Маҳтал қолди эшигингда ё

Етказишдан хижолатдами

Сендан олган хабарни менга?..

 

Яна сенга юбормоқдаман,

Омон қайтсин энди, ой бориб.

 

                                 II

Сен ҳақингда яхши гаплар айтган эдилар,

Ҳузурингга бошлаб келган эдилар мени,

Сени кутар, сени севар, деган бир улкан

Ишончни ҳам юрагимга солган эдилар.

 

Ҳамроҳ бўлиб келган эди ўзлари ҳатто…

 

Мана энди остонангда турибман зор-зор…

 

Чиқармисан, тезроқ чиқа қолсангчи… Ахир,

Кўзларимдан бекинганча чекка-чеккада,

Қоронғуда милт-милт киприк қоқиб,

                                                           жонсарак,

Хижолатдан ерга боқиб турар юлдузлар.

 

                  * * *

Ё ака ёки ука

ёки тенг-тўшми бўлдим –

бир муддат уч азамат

теракка қўшни бўлдим.

Кўксида ҳаво тўла,

адл эди бўйлари,

тун-кун бетин шивирда

акс этарди ўйлари.

Сўздан қайтиш йўқ, деб онт

ичган бўлса керак-да,

бир хил шивир-шивирга

содиқ эди тераклар.

Қушларнинг нағмасига

назар ҳам солмас эди,

на-да шамол аҳдидан

қайтара олмас эди.

Ҳатто бағрин ўйса ҳам

ёмғирнинг найзалари,

асти йўлдан қайтмасди,

борарди орзу сари…

Баъзан турфа туйғулар

эзар экан юракни,

эсга оламан ногоҳ

уч азамат теракни.

 

                                 * * *

Чиққил уйингдан сен – шамол каби ел,

Мана, остонангда турибман пойлаб.

Чиққил уйингдан, мен – ғариб сари кел,

Меҳр уруғини кўксингга жойлаб.

 

Чиққил, изларингга тўлсин кўчалар,

Чиққил, изларингдан унсин гул-чечак.

Ой тўлган палладай ёрисин бир пас

Нурафшон юзингдан қоронғу кеча.

 

Бу кўҳна дунёга янги бахт улаш,

Чинакам баҳорни кўрсин боғлар ҳам.

Токи кўзларингда ёнган севинчдан

Минг йиллик ғуссалар топгайдир барҳам.

 

Олам — олам эмас, зимистон тунда

Бир парча зиёга ташна юракдир.

Бебаҳра қолдирма, сўлдирма бехос,

Чиққил – бу оламга қуёш керакдир.

 

                        * * *

Ҳайрон бўлмангки, бул мунча

кезмиш деб девонавор,

Ишқида чекканим мудом

нолаю ранждир ҳамон.

Гарчи ҳажрида кўпдинки

бузилмиш кўнглим уйи –

Ул вайрона ичра васли

умиди ганждир ҳамон.

 

                   * * *

Ҳузурингга шамолдай

шошилиб боражакман,

шовуллаган қўшиғим –

сенга битган қасидам

авжларидан дарахтлар

ларзага келар, яккам

суратинг кўрингайдир

шаффоф вақт ойнасидан.

 

Бир зум тин олмоққа ҳам

бормиди ихтиёрим,

қачонки дилга васлинг

истаклари жойланар –

имконларни дарахтдай

силкитади қарорим…

Шамолга дош беролмай

тарс синади ойналар.

 

                   * * *

Хаёлимда чорласам гар,

эшитмагин ноламни,

чунки менга сенинг ўйинг,

хаёл ҳам бир оламдир.

Бу оламда сенинг расминг

парилардан қолишмас.

Бу бир лоф ё муболаға,

гапни катта олишмас,

хаёлимда сен бир ҳилол,

нур таратиб тургайсан,

малакларга малоҳатдан

сабоқ бериб юргайсан.

Сўзларимни симиллатиб

соғинчларинг балқиса,

томиримга мадор кирар

ҳар ўйингдан.

   Алқисса,

хаёлимда чорласам гар,

келиб қўйма тағин-ай,

сени тўйиб ўйлаб олай,

мазза қилиб соғинай.

 

                           ҲАНУЗ

Қалбинг – қоядаги мустаҳкам қалъа.

Ҳануз чоғланурман забт этмоқ сари…

Шахдам қадам ташлаб, саф бўлиб

ўтиб борар Вақтнинг лашкари.

 

                    * * *

Кимлар менинг бағримни

зарраларга бўлдилар?

Танимдаги тарқоқлик

охир мени ўлдирар.

 

Мен шу қора тупроқман,

кўнгли яра тупроқман,

мен бир карра гул эдим,

минг бир карра тупроқман.

 

Кафтдай кўнглим ерча кенг

эзгуликни тусади,

кифтимда эса яшнаб

хиёнатлар ўсади.

 

Чанглар менинг оҳимдир,

кўксимни ситолмадим –

зарра-зарра оҳларга

айланиб кетолмадим.

 

Дил бандини тортар мунг,

билмам, қайга етаклар.

Юрагимни силкитсам,

тўкилади эртаклар.

 

                 * * *

Сени бир бор кўрдиму,

мен айрилдим ҳушдан, гул,

осмонлардан юракни

поклаш учун тушган гул.

Эй, эгнида либоси

юракдан ранг олган гул,

гулзор эмас мен билан

саҳроларда қолган гул,

сени севиб қалбимдан

ардоқлашни қўймадим,

ҳар дам ёнимдасан лек

висолингга тўймадим.

 

Эй, юзлари фаришта,

эй, маъсуму бийрон гул,

сен кўкда ой, мен ерда

гунгу лолу ҳайрон, гул.

Эй, қалбимга бахт берган,

ҳам айирган ҳушдан, гул,

осмонлардан юракни

поклаш учун тушган гул,

сени ўйлаб дилимни

бир савол эзар карахт:

мен сен билан бахтлиман,

сен топдингми мендан бахт?

 

                    * * *

Сен томон борар бўлсам,

йўллар ўзи йўл бошлар,

гирдида пояндоз гул

шаклига кирган тошлар.

Семиргайман симирган

сарим – сарин ҳаволар.

Дарахтларнинг мавжида

авжланади наволар –

чамамда, дарахтлар ҳам

сен ҳақда ўйлагайдир,

шохларида жон қуши

васфингни куйлагайдир.

Яқинлашар олислар,

бир ғубор йўқ орада.

Олам чиройга, нурга,

сирга тўлиб боради.

Шабаданинг қатида

чорловинг илғаюрман.

Юрагимни шабнамнинг

сувларига чаюрман.

Кўкайимни соғинчлар

селдай ювар гулдираб,

оқиб кетар ғам-қайғу,

йўқолади кудурат…

 

Кўзида қуёш кулган,

сочи тун, қоши қамар,

сенсан борар манзилим,

ошиқман, ошиқаман.

 

                 * * *

Ойпарчам, гулистарам,

нафаси ялпиз ислим.

Сочлари тарам-тарам,

ўйноқи ирмоқ мислим.

 

Туғён бордир тинида,

боқишидан нур олай –

кипригинг эпкинида

соялар жуфт қуралай.

 

Гуллаётган боғларнинг

қувнаётган жаранги

юрагимга боғланди –

оппоқ кулгунгнинг ранги.

 

Теграмда намойишсан,

кўксимдаги ғулуву

ҳайратимга боиссан,

тарчечак, кунсулувим.

 

                  * * *

Саҳардан кечга довур

қувончга тўлиб-тошган

ташна вужуди билан

баҳра олар қуёшдан.

Қуёш билан бирга у

осмонларда сайр этар –

тонгда тутганча қўлин,

кунботар қадар кетар,

чопқиллайди, бу висол

юрагига завқ солар,

унга ҳеч ғала-ғовур

ва тиқилинч автолар.

Кун ботганда қоронғу

ўйлар ўртаб кўксини,

катта кўча бўйидан

қайтар экан ўксиниб,

таққа қотар ва ногоҳ

тасаввурга қоришар –

кун акси кўз ўнгида

чироқ каби ёришар…

 

Сен кетганда соғинчинг

қадалгандай юракка,

шаҳарнинг чироқлари

уйқу бермас теракка.

 

           ЮЗИНГНИ КЎРГАЛИ

Юзингни кўргали ой уёлмишдир.

Сўзларинг инжу, лабларинг болмишдир.

Агарки ҳусн мулкида баҳс этсалар,

Лайлию Ширин пойингда қолмишдир.

 

Бу не ҳолмишдир, васлинг умидида

кўзларим йўлларинг пойлаб толмишдир.

Орзум рўёби рўё, неча вақтким

бетин вақт каби тинчим йўқолмишдир.

 

Бу не лашкар каби оҳ эмиш, мудом

айрилиқ кўксима лак-лак солмишдир

ким, ҳажрингда гар бир оҳ урса Икром

Искандар каби дунёни олмишдир.

 

* * *

Ёз оқшоми осмоннинг

оқаришиб дараси,

далаларга қуюлар

юлдузлар шаршараси.

Ёришади кўнглим ҳам,

ё шундай туюлади,

хаёлинг юлдузлардай

шовуллаб қуюлади.

Менга шунинг ўзи бас,

шунинг ўзи бахт каби,

фақат оқимга қарши

сакраган балиқ каби

ўйинг билан қонмаган

соғинч ўртар гоҳида…

 

Ўйинқароқ бир юлдуз

сакрар терак шохида.

 

* * *

Кўнглимга қил сиғмас.

Шамол берк деразани

туртар тирсаги билан…

 

 

 

УМР

Баҳор шошқинлиги ўхшайди селга,

Ёз ўтар маҳтал бўп бир тутам елга.

Ҳорғин кўзларингга уринади куз…

У энди сен билан қолишга келган.

 

ПОЛИЗ НАТЮРМОРТИ

Бир тараддуд кезар полизда.

Гарчи ҳали осмон мовийдир,

қайноқ кунлар қолган олисда –

тарқаётган тун салқинида

қовуннинг бадани совийди.

 

Ўтаётган вақт талқинида

тасвир топган қоқ қовоққа боқ.

Мана, энди сувлар тиниди,

қандай етилди у, бир пайтлар

ҳандалакдан олганди сабоқ.

 

Қуёш ҳали ўқимай байтлар,

ҳали қочмай шудрингнинг нами,

тарвуз тонгга саломлар айтар –

тарсиллаган таранг танидан

таралади тароват таъми.

 

 

ЯПРОҚЛАР САРҒАЯР…

Тушунаман, шартмас, албатта, афсус,

ўз вақти-соати бор-ку ҳар дамнинг…

Фақат… нега бунча шошиб келар куз,

нега бунча йўли узоқ кўкламнинг?

 

* * *

Ҳушимни олдими нозу нағмаси,

дардимни айтганим унга нимаси,

қанча паривашу юзида оро,

қанча пардоз бўлса, шунча бепарво –

сенинг тоифангдан гул ҳам чамаси…

 

 

* * *

Мана, йилларки,

ҳузуримга келиб-кетиб юрар,

эски жароҳатларим даволар –

менга унутмоқни ўргатади Вақт.

 

* * *

Ёмғир ёғар…

Қулоқларга

    қочиб

      киради

шитирлаб

ёмғирда

   ивиб кетган

       бир

        Товуш.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =