Ўргилайин “энам”дан…

1 апрель — Бутун жаҳон кулги куни

 

                                 Ўргилайин “энам”дан…

(Ҳажвий шеър)

 

Бир кун эрталаб турсам, бошим гир-гир айланди,

Дўстим дўхтирхонага етаклашга шайланди.

 

Қон босимим ўлчади чиройли ҳамшира қиз,

Сўнг деди у юзланиб: “— Ошибди давленангиз.”

 

Дўхтир йигит қоғозга қандайдир сўзни ёзди.

Ва айтди: “— Бу доридан ичиб турсангиз, создир”.

 

Таблетканинг номини ёзган экан “Энам” деб,

Дорихонага шошдик “Энди бизда йўқ ғам,” деб.

 

“Энам борми?” дедим мен оқ халатли аёлга.

Харидорлар боришди билмам, қандай хаёлга.

 

Таблетка тез топилди, қайтдик дўстим икковлон,

Ҳар галгидек қўллади, азалдан у меҳрибон.

 

Субҳидамда ва шомда ичиб турдим доридан,

Барака топсин ҳамма доим касбу коридан.

 

Қон босимим жойида, бало экан у дўхтир.

Ўргилайин “Энам”дан, энди муаммом йўқдир…

 

                                                                               Ҳасан АБДУВОҲИДОВ.

                                                                                Сирдарё вилояти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + 12 =