Меҳрибонлик (Оилавий ҳангомалардан)
Баҳром АКБАРОВ
Муаллиф ҳақида:
Баҳром АКБАРОВ – 1961 йили Зангиота туманида туғилган. 1983 йилда ҳозирги ЎзМУнинг кимё факультетини битирган. 2009 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Болаларга аталган 15 дан ортиқ китоблар муаллифи. “Митти ботир” номли китоби немис (2018) ва рус (2021) тилида, “Қўрқмас ботир ҳақида эртак” китоби (2021) йилда рус тилида нашр этилган. Шунингдек, “Кичкинтойлар китоби” (2015–2019) “Хаёлимдаги ҳикоялар” (2020), “Ғалати синов” (2019) деб номланган китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Меҳрибонлик
(Оилавий ҳангомалардан)
Ишхонада нимадандир асабим бузилиб, жаҳлим чиқиб ўтиргандим бирдан телефон жиринглаб қолди. Олдим. Хотиним:
– Дадаси, – деди у бироз ялинчоқ оҳангда. Уйга келишингизда картошка билан сариқ сабзи ола келинг. Нон ҳам эсингиздан чиқмасин-а.
– Ўғлингга айт. У олиб келсин! Нима бўлса менга айтасан, – дедим баттар асабийлашиб.
– У ишда-ку, дадаси. Ишли одам. Ишдан ўзи чарчаб келади…
* * *
Қаҳратон совуқ. Эсласам, бунақа совуқ болалигимда бўлган. Шундай кунда қон босимим ошиб, гапиришга ҳам ҳолим йўқ. Ўлиб қоламан шекилли, деб ўйладим-да хотинимга қараб:
– Онаси, ўлиб қоламанов. Ўлсам, адам билан онамнинг ёнига қўйишсин, – дедим зўрға минғирлаб.
– Ўлманг, дадаси. Ўлманг! – деди хотиним қатъий.
Хотинимнинг гапи анча далда бўлди. Руҳим тетиклашди.
– Раҳмат, хотин! Нега бундай деяпсан? – дедим яна ширин гап кутиб.
– Ҳозир ўлсангиз, бу совуқда ўғлингизга қийин бўлади. Уч кун эшик тагида туришни ўзими? – деди у бепарвогина.
* * *
– Ўғлинг кетига кун тушгунча ухлайдими, уйғот! Ҳовлидаги ерни чопишга ёрдамлашсин, – дедим белкуракка суянганча хотинга бироз бақириб.
– Жиминг дадаси, жиминг! Қўшнилар эшитса уят бўлади, – деди хотиним лабини чўччайтириб.
– Қўшнилар билан нима ишим бор?! Соат 11 дан ошди. Ўғлинг ётаверадими?
– Дадаси, – деди хотиним оҳиста ёнимга келиб. Арзимаган ерни ваҳима қилмасдан ўзингиз чопиб қўяқолинг. Ундан кейин-чи, сизга яна бир иш бор…
– Хўш, нима иш экан, ундан кейин? – дедим бироз попугим пасайиб. Хаёлимда негадир хотиним яхшироқ гап айтади, деб ўйлаб.
– Ундан кейин манави ўтинларни ҳам арралаб қўйсангиз яхши бўларди, – деди-да хотиним ошхона томон бурилиб кетди.
* * *
Ишдан келдим. Қорним оч. Ошхонада куймаланиб юрган хотинимдан сўрадим.
– Ниманг бор? Қорин қурмагур сурнай чаляптику?
Хотиним одатдагича фартугини ғижимлаб:
– Кечагидан қолган шўрва бор, иситайми?
– Бошқа тузукроқ овқатинг йўқми?
– Ҳа, э… йўқ, йўқ! Нима дейсиз, шўрвани иситаверайми?
– Бошқа овқат бўлмаса, нима ҳам дердим. Иситсанг, иситақол, – дедим-да ошхонага кирдим.
Шу пайт ошхона эшиги олдида ҳовлиққанча ўғлим пайдо бўлди.
– Мен кечроқ келаман. Чойхонамиз бор эди…
– Бирон нарса еб кет, – деди хотиним шошганча.
– Қорним тўқ. Чойхонага кетяпман, деяпман-ку, – деди ўғлим.
– Ҳозиргина амакингникидан чиққан иссиқ сомса билан норин бор. Озгина бўлса ҳам еб кет.
– Сомса билан норин ҳам борми? – дедим ҳайрон бўлганча хотинимга қараб.
– Кўриб турибсиз-ку, ўғлим шошиб турибди, сиз уйдасиз-ку, – деди у ўғлимнинг қўлига норинни тутаркан…
* * *
Кун совуқ бўлганлиги сабабли ўчоқда овқат пиширадиган бўлдик. Ертўладан темир ўчоқ ва қозонни олиб чиқдим. Хотиним қийналмасин деб темир ўчоқ ёнига қуруқ ўтинларни тахладим-да, уй томон юра бошладим.
– Олов ёқмайсизми? Оловни ким ёқади? – деди хотиним зорланиб.
– Совуқ едим. Ана, тойлоқдай ўғлингга айт. Ўша ёқсин. Бекорга телевизор кўриб ўтирибди.
– Вой, вой, вой. Нималар деяпсиз? – деди хотиним иддао билан. – Ўзингиз телевизор кўрсангиз майли-а, ўғлимга йўқми? Эрта-индин уйланадиган бола, олов ёқаман деб эт-бетини куйдириб олса нима бўлади?..
* * *
Дам олиш куни ошхонада хотиним, мен, ўғлим чой ичиб ўтиргандик. Одатдагича хотиним гап бошлади.
– Дадаси, чой ичиб бўлиб ҳовлида ёйилиб ётган стол ва стулларни бостирма тагига олиб қўйсангиз бўлар экан. Баҳор ҳавосига ишониб бўлмайди. Тағин эртага шариллаб ёмғир ёғса, стуллар расво бўлмасин.
— Тўғри айтасан, хотин. Ёғоч стол-стуллар кўчиб кетиши мумкин.
Бу ишга дарров рози бўлганимга хотиним ҳайрон бўлди.
— Чойингни тез-тез ич ўғлим. Онанг айтган ишларни қилмасак бўлмайди, — дедим қувлигим тутиб. — Столни бир ўзим кўтаролмайман, жуда оғир.
Хотиним бу гапимни эшитди-да:
— Жа, Бруслиман деб мақтанардингиз-ку. Майли, бугун бу ишларни қилишингиз шарт эмас. Эртага ёмғир ёғадими йўқми. Худо билади. Бемалол чойингни ичавер ўғлим, ёмғир ёғгудек бўлса, бошқа куни аданг ўзи олиб қўяр, ўша стулларни…