Ҳаво тўлқинларидаги мавж

Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси томонидан 13 февраль — Бутунжаҳон радио куни муносабати билан “Радиода миллий контентнинг ўрни” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Инновацион тадбиркорлик марказида бўлиб ўтган ушбу тадбирда марказий ва ҳудудий радиоканаллар, ОАВ масъуллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар, чет давлатларнинг юртимиздаги элчихоналари вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси раиси Шерзодхон Қудратхўжа ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бундан 100 йил аввал кашф этилган радио йиллар давомида янада такомиллашиб боргани, фан-техника ривожланиб, технологик кашфиётлар имконияти янада кенгайиб бораётган ҳозирги даврда радио инсоният кундалик ҳаётининг бир қисмига айлангани, шу боис радиода миллий контент масаласи бугунги кунда, айниқса, долзарблигини алоҳида таъкидладилар.

Маълумки, 2011 йилнинг сўнгги ойларида ЮНЕСКОга аъзо давлатлар вакиллари ҳар йилнинг 13 февралида Бутунжаҳон радио кунини нишонлаш тўғрисида келишиб олган эди. ЮНЕСКО Бош Конференцияси томонидан қабул қилинган қарорга биноан ушбу байрам илк бор 2012 йилнинг 13 февралида нишонланган.

Бутунжаҳон радио куни сифатида бу сананинг белгиланиши бежиз эмас. Чунки 1946 йилнинг 13 февраль куни “БМТ радиоси” илк бор ҳаво тўлқинларига узатилган.

Тадбир давомида радио йўналишидаги янги лойиҳалар тақдимоти ҳам ташкиллаштирилди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Ахборот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 10 =