Ҳаёт сабоқлари
Кибр гўё кишининг умуртқа ва бўйин суякларини темирга айлантириб қўяди. Уни букиш учун одам ҳаётнинг ўт-оловида бир эриб, сўнгра муздай сувида совиб олиши керак.
***
Дўстнинг уруғи бемаза бўлса, унинг ҳосили душман деган хавфли мева бўлади.
***
Оналарнинг яхшиликлари сочнинг толасидай кўп, аммо буни фарзандлар кўпинча сочи тўкилганда билади, холос.
***
Миннат тоши отилса, тегмасдан қолмайди.
***
Ҳақиқатни айтиш шунинг учун ҳам қийинки, унинг бир учи айтувчига ҳам тегиб туради.
***
Филни яшириш мумкин, аммо феълни яшириш жуда қийин.
***
Аёлнинг эркинлиги беҳаёлик кўринишида бўлса, эр — кунлик бўлади.
***
Қоғоздаги хатони тузатиш учун қалам қоғоз устида қайта юрса бас, аммо ҳаётдаги хатони тузатиш учун қадам қайта-қайта юргани билан уни қайта тузатишнинг имкони бўлмаслиги мумкин.
***
Раҳбарлардан бири табрик хатларини иккига ажратди: учдан бир қисмини костюмининг чап кўкрак чўнтагига солди, булар ўзимга деди. Дўппайиб турган катта қисмини эса стол тортмасига жойлади. Булар менга эмас, сенга келган деди, — столга қараб.
Шуҳрат Рўзиев.