“Шарқ тароналари” — хорижликлар нигоҳида:

Жаҳон миқёсида нуфузи ошиб бораётган “Шарқ тароналари“ XII халқаро мусиқа фестивалида сайёрамизнинг турли қитъаларидан келган моҳир хонанда ва созандалар, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар билан бирга халқ­аро ташкилотлар раҳбарлари, давлат арбоблари ва таниқли сиё­сатчилар иштирок этишди. Мухбиримиз фестивалда қатнашган хорижлик меҳмонлар билан суҳбатлашиб, уларнинг айримларидан таассуротларини ёзиб олди.

Каушик Дутта, журналист (Ҳиндистон):

— Самарқанд мўъжизалар шаҳри экан. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали мўъжизавий шаҳарнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланибди. Бизнинг мамлакатимиздан келган ансамбллар ушбу санъат байрамида иштирок этиб, миллий мусиқа меросимиз анъаналарини тарғиб этмоқда. Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президентининг иштироки ва табрик йўллагани санъат анжумани қатнашчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

Жон Мак Коллум, мусиқашунос олим (АҚШ):

— Ўзбек диёри билан масофамиз олис, аммо кўнглимиз яқин. “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали бу яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Фестиваль доирасида “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференцияда ўз маърузам билан иштирок этдим. Унда товуш ҳамда ҳаракат тушунчалари хусусида сўз юритдим.

Маърузам сўнггида намуна сифатида қўшиқ ҳам куйлаб бердим ва албатта, тадбир иштирокчилари мени таржимонсиз ҳам тушунди, деб ўйлайман.

Киро Де Роса, блогер (Италия):

— Мен мактабда ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бераман. Мусиқага жуда қизиқаман. Сайтим (www.blogfoolk.com (http://www.blogfoolk.com/))да Италия миллий қўшиқларини жойлаштириб бораман.

“Шарқ тароналари” фестивалида кўпгина давлатларнинг куй-қўшиқларини тинглаш бахтига муяссар бўлдим. Мўъжизавий шаҳар – Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини суратга оляпман.

Шу билан бирга ўзбек миллий мумтоз қўшиқларидан ўз юртимга ҳам эсдалик учун олиб кетяпман. Уларнинг энг сараларини сайтимга жойлаштириб боришга ҳаракат қиламан.

Ясуда Мамико, Токио санъат университети, мой бўёқли рангтасвир бўйича лаборатория илмий ходими (Япония):

— Фестиваль нафақат турли халқлар маданияти, мусиқаси билан танишиш, балки латиф ва бетакрор, муқаддас ва барҳаёт Шарқ дурдонаси — Самарқанд тарихи билан яқиндан танишиш имкони ҳамдир. Куни кеча ислом оламида машҳур Имом Бухорий мажмуасида бўлдим. Руҳий покланиш манзилининг ҳар бир кошинидаги нақшлар, ўт-ўланлар, турли қушлар бу улуғ қадамжо ҳақида хабар бераётгандек, қўшиқ қилиб куйлаётгандек, маърифат улашган алломалар юрти ҳақида сўзлаб бераётгандек таассурот қолдирди.

Рандрианантоандро Клемент, бастакор (Мадагаскар):

— “Шарқ тароналари” фестивалида тўртинчи бор иштирок этаяпман. Илк марта 2011 йилда ўзимнинг ижодий чиқишларим билан ушбу фестиваль танловида 3-ўринни олганман. Шундан сўнг, 2013 йилда яна бир бор мазкур мусиқа байрамида қатнашиш бахтига муяссар бўлдим. 2015 йилда эса ўзим ташкил қилган “HANTA” гуруҳини олиб келдим.

Даики Кобаяши, “Кonkokeizai news” газетаси мухбири (Япония):

— Кўпчилик хориждан келган меҳмонлар таассуротлари ҳақида интервью берар экан, тарихий обидалар, Самарқанд нонлари ҳақида тўлқинланиб гапиряпти.

Мен ҳам шу пайтгача Самарқанддан олган таассуротларимни гапирсам вақт етмайди. Асосийси, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, уларнинг самимийлиги мени жуда хурсанд қилди.

“Шарқ тароналари”дан
Феруза Раҳимова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − seven =