Устоз ношир

Инсоннинг энг буюк кашфиёти — китоб! Китоб одамзотни инсонийлик, эзгулик сари элитувчи йўлчи юлдуз, маънавият манзилига етакловчи маёқ. То ҳаёт бор экан, китоб ўз аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайди.

Китоб қандай тайёрланади, биласизми? Кўпчилик биламан деб ўйлайди. Аммо айнан шу соҳада ишлаб кўрмаган одам соҳанинг икир-чикирларидан бохабар бўлмайди. Яқиндан танишгач эса: “эҳ-ҳей, шунча ишлари борми, машаққат экан-ку”, деб юбориши тайин. Чунки, китоб ўқувчи қўлига етиб боргунча нашриёт, босмахона, яна нашриёт дегандай, поғонама-поғона меҳнат машаққатларидан ўтиб чоп этилади. Тан олиш керак, эл-улусга мақбул келадиган, маънавий-тарбиявий аҳамиятини йўқотмайдиган китоб нашр этиш ўта оғир ва масъулиятли иш. Бунинг учун нафақат меҳнат, балки малака ва савод ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бугун салкам қирқ йилдан буён ана шундай залворли юкни елкасида кўтариб келаётган инсонлардан бири ҳақида икки оғиз сўз юритгимиз келди.

Бойсун тоғлари пурвиқор ва салобатли, адирлардаги ўрмонлардан эсаётган сал­қин ва тоза ҳаводан завқланиб улғайган боланинг орзулари ҳам тоғлардай улкан эди. Отаси ўғлини ўзи каби ўқитувчи бўлишини истади. Тоғаси эса зукко жиянини оқ халатли шифокор сифатида кўз олдига келтириб чарчамади. Аммо ҳаёт йўриғи бош­қа эканда, Ўзбекистон Миллий университети (аввалги ТошДУ) нинг филология факультетини танлаган ўспирин, дипломни қўлга олди-ю журналистиканинг қаттиқ нонини ейишга аҳд қилди. Аввалига “Мулоқот” журнали, сўнгра “Хабар” ва “Моҳият” газеталарида оддий ходим бўлиб ишлади, ўз касбига фидойилиги, ишлаб толмаслиги сабаб меҳнат ва ижод пиллапояларида зинама-зина кўтарилиб борди. Бош муҳаррир ўринбосари лавозимидан “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ Матбуот котиби хизматида малака оширганининг ўзи бир олам.

Ва ниҳоят, 1995 йилда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди, қалам аҳли юрган йўлдан юриб қалами чархланди ва “Ўзбекистон” НМИУ­да иш бошлади. Ўзи ҳам ўнлаб китоблар муаллифи сифатида ноширлик нақадар масъулиятли вазифа эканлигини ич-ичидан ҳис этган Иззат Аҳмедов ноширликда обрў топди.

Тез орада ижтимоий-сиёсий ва бадиий адабиётлар бўлимининг етакчиси ва моҳир муҳаррири сифатида кўпчиликнинг назарига тушди. Жиддий тайёргарлик ва ўта масъулиятни талаб этувчи сиёсий адабиётларни нашрга тайёрлаш Иззат акага юклангани ёш шогирдларнинг ҳавасини келтиради.

Ёнингда тажрибали муҳаррирнинг борлиги, сен қўрқа-писа, иккилана-иккилана қўл чўзаётган қўлёзмани тап тортмай оладиган, шарта-шарта нашрга тайёрлаб ташлайдиган касбдошинг бўлиши катта бахт.

Иззат ака Агата Кристининг “Изқувар Пуаро”, Нодар Думбадзенинг “Ҳисларимни қўзғама” асарини ўзбекчага моҳирона таржима қилган. Китобга ўзгача меҳр қўйган, ноширликни ҳаётининг мазмунига айлантирган устоз ношир — Иззат Аҳмедов шу кунларда олтмиш баҳорни қаршиламоқда.

У кишидаги ғайрат, шижоатни кўрган одам: “меҳнатдан ҳузур топган одамларга олтмиш ёш ҳам қирчиллама ёш экан-да”, дейди. Иззат ака ҳали кўп йиллар нашриёт матбаа ижод уйи­да салмоқли китобларга бош муҳаррирлик қилиб, дунё сара асарларини ўзбек тилига ўгиришда чарчаш нималигини билмайдиган одам.

Тилагимиз — шундай бўлсин! Ва яна ёш муҳаррирларга ўз тажрибасини ўргатиб келаётган касбдошимизни ижод завқи ҳеч қачон тарк этмасин, ҳамиша яшариб юринг деймиз.

Юсуф Абдуллаев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × one =