Халқлар бирдамлигини улуғловчи наволар

Истиқлол шукуҳи кезиб юрган шу кунларда анъанавий тадбирларимиз билан бир қаторда “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалининг бошланиши дунё нигоҳини яна Ўзбекистонга қаратди.

Мана, неча йилдирки, ушбу анжуман турли цивилизациялар, халқлар ва миллатлар ўртасида ўзига хос маданий ҳамкорлик ҳамда мулоқот майдонига айланиб келмоқда. Фестивалнинг Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, турли тамаддунлар бешиги сифатида таърифи етти иқлимга етган қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда ўтказилишида ҳам ўзига хос маъно мужассам. Аждодларимиз илм-фан, бунёдкорлик, меъморчилик каби турли соҳалар билан бир қаторда, санъатга катта эътибор қаратишган. Хусусан, буюк соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида санъатнинг барча соҳалари гуркираб ривожланган. Бугун эса дунё халқларини бир ерга жам қилган ушбу фестиваль ўтадиган муаззам шаҳар ва Регистон майдонида Соҳибқироннинг руҳи кезиб юрган, мусиқанинг сеҳрли кучидан шод бўлиб, юксакларга парвоз қилаётган бўлса ажабмас…

Маълумингизки, 26 август куни фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари меҳмонларни мамлакатимизда кўришдан мамнунлигини билдириб, йиғилганларни мазкур айём билан муборакбод этди.

Биз бу фестивалнинг замирида улуғ ўзбек мутафаккир шоири Алишер Навоий бобомизнинг, олам аҳли, ҳамиша бир-бирингизга дўст бўлинг, Ер юзини ўз меҳнатингиз, истеъдодингиз билан обод қилинг, деган мазмундаги ўлмас даъвати мужассам эканини кўрамиз, — дея таъкидлади Президентимиз ўз маърузаси давомида. — Айни пайтда буюк француз адиби Виктор ГюгонингЭзгулик ва ҳамжиҳатлик – инсон маънавий оламининг қуёшидирдеган ҳикматли сўзлари мана шундай юксак ғоялар билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Бу фикрлар бундан неча юз йиллар аввал айтилган бўлса-да, бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмасдан, бизнинг қалбларимизда, юракларимизда акс садо бермоқда.

Мана шу юксак саҳнага — кўркам ва муҳташам Регистон майдонига қадам қўйган ҳар бир санъаткор, миллати, тили ва динидан қатъи назар, башарият фарзанди сифатида дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди”.

Дарҳақиқат, буни фестивалда иштирок этиш истагини билдираётган мамлакатлар муносабатидан ҳам англаш мумкин.

Маърузада қайд этилганидек, бу йилги фестивалда 75 давлатдан 340 нафар вакил қатнашмоқда. Давлатимиз раҳбари уларни санъатнинг чинакам фидойилари, тинчлик ва эзгулик элчилари деб атади. Шунингдек, маросимда Мус­тақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Банг­ладеш, Польша, Беларусь, Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардан расмий шахслар, фахрий меҳмонлар иштирок этди.

Мамлакатимизда 1997 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур фестивалга йил бошидан тайёргарлик кўрилди. Президентимизнинг жорий йил 26 февралдаги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борада дастуриламал бўлди.

Айни пайтда фестивалда қарийб 300 нафар санъаткор иштирок этмоқда. Тадбир доирасида очиқ концертлар, ижодий учрашувлар, илмий ва матбуот конференциялари шаклидаги дастурлар, тақдимот ва маҳорат дарслари ҳамда кўрик-танловлар, Самарқанд вилояти маданият масканларига саёҳатлар ташкил этилаётир. Турли давлатлардан ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар, бадиий жамоалар танловда қатнашиш билан бирга, шаҳар ва туманлардаги истироҳат боғлари, амфитеатрларда ўз концерт дас­турларини намойиш этадилар.

Ҳа, Президентимиз таъбири билан айтганда, мусиқа санъати маданий феномен сифатида янги авлодни тарбиялаш ва камолга етказиш борасида чексиз имкониятларга эгадир. Санъат билан ошно бўлган ёшларнинг ҳаётга муносабати, миллий урф-одат ва умумбашарий қадриятларга ҳурмати баланд бўлади.

Фестиваль доирасида Самар­қанд шаҳридаги Форумлар саройида 26 август куни “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Юртбошимизнинг ташаббуси билан БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) шафелигида ташкил этилган анжуманда халқаро ташкилотлар ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, дунёнинг 77 давлатидан архитектор, олим ва халқаро экспертлар иштирок этди.

ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хоним мазкур конференциянинг юксак савияда ташкил этилгани учун Ўзбекис­тон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Анжуманнинг Самар­қандда ўтказилиши тарихий аҳамият касб этишини таъкидлаб, бу қадимий шаҳар нафақат Буюк ипак йўли чорраҳасидаги йирик савдо, балки маданият маркази бўлганини эътироф этди.

— Бир неча асрлик тарихга эга обидалар ушбу заминнинг азалдан илм-фан, маданият ривожланган маскани, бу халқ аждодларининг юксак ақл-заковат эгаси бўлганидан далолат беради, — деди Одре Азуле. – Ушбу моддий меросни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш эса барчамиздан юксак масъулият талаб этади. Чунки мазкур обидалар нафақат ушбу минтақа халқлари, балки инсониятнинг бойлиги ҳисобланади. Шу мақсадда ЮНЕСКО Ўзбекистон билан фаол ҳамкорликда иш олиб бориб, моддий ва номоддий меросни асраб-авайлаш борасида ўз тавсияларини бермоқда, амалий кўмак кўрсатяпти. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам замонавий шаҳарсозликда маслаҳатларимизга таянган ҳолда иш олиб бормоқда…

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришнинг кенг кўламли жараёни билан дунё жамоатчилигини таништириш, уни ўрганиш билан боғлиқ фундаментал лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда дунё­га таниқли олимларни бирлаштириш мақсадида 22-27 август кунлари Тошкент, Термиз ва Самар­қанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” мавзуида Маданий мерос ҳафталигида бирлаштирилган қатор аҳамиятли тадбирлар ўтказилди.

Самарқандда ушбу ҳафталик доирасида соҳибқирон Амир Темур даврига мансуб еттита боғдан бирининг намунаси бўйича барпо этилган янги “Боғишамол” боғининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда “Самарқанд — буюк ипак йўлининг юраги” деб номланган тарихий саҳналар намойиши ўтказилди. Ундаги турли саҳналар меҳмонларни шарқона қадимий бозор муҳити, унинг миллий анъаналари, халқ амалий санъати билан таништирди.

Маданий мерос ҳафталиги иштирокчилари ва меҳмонлари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида ҳам иштирок этишди.

Ташриф буюрган меҳмонларнинг таассуротлари билан қизиқдик.

Кодзи Шибазаки —

Айти санъат университети, дизайн ва қўл санъатлари кафедраси профессори (Япония):

— Самарқанднинг, умуман, Ўзбекистоннинг бой моддий ва номоддий мероси ҳақида кўп ўқиганман. Анжуманда Самарқанд ҳақида кўплаб маърузалар қилинди ва таассуротларим, юртингиз ҳақидаги билимларим янада бойиди. Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ қилишга бўлган қизиқишимни янада оширди. Юртингизда ҳали ўрганилиши керак бўлган тарихий объектлар жуда кўп экан. Булар биз учун қизиқ, албатта.

Оҳ Эункюнг,

Донгдук – Хотин-қизлар университети катта профессори (Жанубий Корея):

— Ўзбекистон бўйича илмий иш қилган чоғимда бу диёрга меҳрим тушган. Бу серқуёш ўлкани шу даражада севиб қолдимки, ўзбек тилини астойдил ўрганишга ҳаракат қилдим ва ниятимга етдим. Қисқа фурсат ичида ўзбек халқининг бой маданий мероси борлигини кўрдим, ўргандим, тарғиб қилдим. Барча туркий халқлар, давлатлар билан танишман. Энг бой мерос айнан шу заминда эканлигини англадим. “Шарқ тароналари”нинг очилиш маросимида иштирок этиб, очиғи, юқори савияда ташкил этилган ушбу концерт дастуридан лол қолдим. Ҳеч қачон санъатдан бу қадар лаззат олмаганман. Иштирокчилар дастур устида узоқ ва пухта ишлашгани яққол сезилиб турди. Кейинги дастурларда ҳам иштирок этиш ниятим бор…

Муҳташам Регистон майдонида дунё наволари янграй бошлади. Танлов иштирокчиларидан яна бири Акбар ХОН ўз фикрларини қуйидагича баён этди:

— Мен Покистон фарзандиман. Аммо “Шарқ тароналари“ фестивали очилиш маросимида қатнашиб, унда ижро этилган ўзбек куйларидан англашилган маънони ҳеч бир тилмоч кўмагисиз тушундим.

Фестиваль нафақат турли халқлар маданияти, мусиқаси билан танишиш, ўз ижод намунангни ижро этиш орқали халқинг саломини етказиш, балки латиф ва бетакрор, муқаддас ва барҳаёт Шарқ дурдонаси – Самарқанд тарихи билан яқиндан танишиш имкони ҳамдир. Куни кеча ислом оламида машҳур Имом Бухорий мажмуасида бўлдим. Руҳий покланиш манзилининг ҳар бир кошинидаги нақшлар, гиёҳу сайроқи қушлар бу улуғ қадамжо ҳақида қўшиқ басталаётгандек, маърифат улашган алломалар юрти ҳақида сўзлаб бераётгандек таассурот қолдирди.

Ҳа, Самарқандда бугун ана шундай кўтаринки кайфият ҳукмрон. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, сайёрамизда турли келишмовчи-лик ва қарама-қаршиликлар, уруш ва низолар авж олган таҳликали замонда, одамзот тобора ўз дунёсига ўралиб бораётган бир шароитда мусиқа инсонга инсонлигини эслатиб, унинг қалбида келажакка умид ва ишонч уйғотади.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 13 =