Инвестиция номутаносибликка барҳам беради

Давлатимиз раҳбарининг инновацияларни жамиятимизнинг барча жабҳаларига зудлик билан татбиқ этишни талаб этаётганлиги бежиз эмас. Инновациялар мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиши ва ривожланган давлатлар даражасига эришишида энг асосий омилдир.

Инсоният она заминнинг қаерида яшамасин унинг учун энг олий неъмат бу – мустақилликдир. Халқларнинг озодлик ва эрк учун курашларига неча минг йиллик тарих шоҳид. Дунё харитасидан ўрин эгаллаган мустақил давлатлар халқлари эркин яшаш, ўз тақдирини ўзи белгилаш имконини қўлга киритган кунни муқаддас санайди, байрам сифатида нишонлайди. Иқтисодий жиҳатдан энг қудратли ва тараққий этган давлатлар ҳам асрлар ўтса-да ўз эркига эришган кунни тантана қилишади. Нима учун? Чунки, ҳар қайси миллат ёхуд халқ учун вақт ўтгани сари эрк ва озодликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти юксалиб бораверади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мустақиллигининг  йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, “Мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда”.

Дарҳақиқат, Истиқлол қўлга киритилганининг 28 йиллиги шукуҳи кезиб юрган айни шу кунларда хал­қимизнинг қалбида шукроналик, бугунги тинч-осуда ҳаётимиз, фаровон турмушимиздан ризолик ҳамда ёруғ келажакка чуқур ишонч мужассам, десак муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, бугун қўлга киритган ютуқларимиз асоси бундан 28 йил муқаддам халқимизнинг энг улуғ орзуси – мус­тақилликка эришиш йўлида қабул қилинган тарихий қарорнинг, таъбир жоиз бўлса, ўша таҳликали даврда кўрсатилган жасоратнинг натижаси туфайлидир.

Ўтган чорак асрдан кўпроқ даврда барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг ўрнини таҳлил қилиб кўрсак, меҳнаткаш халқимиз даврнинг мураккабликларидан, турли синовлардан мардонавор ўтиб, дунё ҳамжамиятида ўз мав­қе ва овозига эга бўлиб юксалаётгани барчамизни қувонтиради, албатта.

Айниқса, кейинги уч йилда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ҳаётдан рози қилиш, уларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш, мамлакатимизни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин эгаллашини таъминлашда эришилаётган муваффақиятлар Ўзбекистоннинг янги тарих сари ташланган қадами сифатида эътироф этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъияти ва сиёсий иродаси туфайли жамиятимизда қонун устуворлигига эришиш, адолат ва ҳақиқатни қарор топтириш, очиқлик, ошкораликни таъминлаш, мавжуд муаммоларга кўз юмиш эмас, аксинча, уни бартараф этиш йўлларини топишга алоҳида аҳамият берилгани ўзининг самарасини бермоқда. Айниқса, парламент ва жамоатчилик назорати механизмининг мустаҳкамланаётгани, аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилгани нафақат жойлардаги муаммоларни ўрганиш, балки фуқаролардан қонунчиликни мус­таҳкамлаш юзасидан таклифлар олиш ҳамда қонунларнинг ҳақиқий ижодкори халқимизнинг ўзи бўлишига имкониятлар яратилди. Ўтган қисқа давр­да парламентимиз томонидан қабул қилинган қонунлар айнан фуқароларимиз томонидан билдирилган мурожаат ва таклифлар асосида ишлаб чиқилганлиги фикримиз далилидир.

Мамлакат тараққиётини ҳаракатлантирувчи куч саналган иқтисодиёт соҳасида ке­йинги йилларда изчил янгиланишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Маълумки, хорижий инвестициялар миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига, тармоқларни модернизация қилиш ва диверсификациялаш ҳамда инновацион ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.

Юртимизда ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, қўшимча иш жойлари яратиш, ишлаб чиқариш ва илмий-техникавий коо­перация орқали жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувни кучайтириш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб этишга эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, республикамиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ҳудудий тафовутлар ва номутаносибликларни қисқартиришнинг муҳим воситаси сифатида хорижий инвестициялардан самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар ҳудудларда мавжуд табиий иқтисодий ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали иқтисодиётнинг ҳудудий таркибини такомиллаштиришга имкон яратмоқда.

Хорижий давлатлар ва халқ­аро молия ташкилотлари раҳбарлари, жаҳоннинг етакчи ишбилармонлари билан музокаралар ўтказилиб, мамлакатимизга миллиардлаб инвестицион маблағ жалб этиш бўйича сўнгги йилларда 700 га яқин халқаро  битимлар имзоланди.

Ҳозирда чет эл инвестиция­лари ҳисобидан қиймати 23 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 456 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Сифат ўзгариши шундаки, аввал тўғридан-тўғри хорижий инвести­циялар иштирокида ҳудудий лойиҳалар деярли бўлмаган, биргина жорий йилда ўзлаштириладиган тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг ярми ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади.

Инновацияларни жорий этиш иқтисодий ўсишнинг ва бозорнинг рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим омилига айланди. Бу барча жаб­ҳаларда инновациялар соҳадаги илғор илмий ишланмалар ва техник ютуқлардан самарали фойдаланишни ҳамда ҳозирги иқтисодий салоҳиятнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашни талаб этади.

Республикани инновацион ва илмий-техник ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиё­сатини амалга оширувчи орган ташкил этилди, унинг ҳузурида Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси шакллантирилди.

Давлатимиз раҳбарининг инновацияларни жамиятимизнинг барча жабҳаларига зудлик билан татбиқ этишни талаб этаётганлиги бежиз эмас. Инновация­лар мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиши ва ривожланган давлатлар даражасига эришишида энг асосий омилдир.

Шу боисдан ҳам давр талабига кўра, вилоят раҳбарлари халқ билан бевосита мулоқот пайтида мамлакатимиз Президентининг барча ҳудудда илм-фан рағбатини тиклаш, ҳудудларнинг комплекс ривожланишини таъминлашда мавжуд интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ёшларни илмий-тад­қиқот фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича кўрсатмалари асосида иш олиб боришмоқда.

Умуман олганда, ижобий натижаларни нафақат иқтисодиётимиз тармоқларида, балки жамиятимизнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатиш мумкин. Энг муҳими, ушбу ижобий ўзгаришларни халқимиз ўз ҳаётида, кундан-кунга юксалиб бораётган турмуш даражаси мисолида кўриб, сезиб турибди.

Эътиборли жиҳати бугун жамиятимизда мавжуд муаммоларга кўз юмиш, уни хаспўшлаш эмас, балки аҳолини қийнайдиган ҳар қандай масалага ижобий ечим топишга бўлган интилиш кучайди, қонунлар ижроси устидан жамоатчилик назоратининг таъсири ортиб бормоқда. Айниқса, мансабдор шахсларнинг ва давлат органларининг масъулияти сезиларли даражада ошгани, “Хал­қимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойил ўзининг амалий ифодасини топаётганидан дарак беради.

Жамшид Пирматов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + 15 =