Хориждан ҳам харидор бор…

Қадрдон ота уйим, мунис онам, ҳовлимиз четидаги тандир, иссиқ нонга сариёғ қорилган янчмиш… Бу манзара, соғинч ҳисси, тандир тафтидек қайноқ меҳр ўти қалбимда ҳамиша ловуллаб туради.

Қишлоғимизга кириб борар эканман, яна шу ҳис чулғаб олди. Қуёш тафти кетиб, келинлар ҳовлига сув сепиб, сўрига жой ҳозирлай бошлаган паллада қишлоқ бошидаги кўчага кириб келдим.

— Она қизим, эсон-омон бормисан? — деган овоздан бир зумда хаёлимни йиғиштириб олдим. Меҳриддин Бердиев — донғи кетган тандирсоз уста менга қараб жилмайиб турарди.

— Ассалому алайкум, ўзингиз омонмисиз?

Биз Навоий вилояти, Хатирчи туманидаги “Тошқулоқ” маҳалласида яшаймиз. Уйгача суҳбатлашиб кетдик.

Меҳриддин ака қарийб 35 йилдан буён тандир ясайди. Бугун атрофига шогирдларини йиғиб, кулолчиликнинг нодир намунаси — соз тупроқдан тандир ясаш сирларини ўргатиб келмоқда.

Уйимизда ҳам улар ясаган тандир бор. Унда онажоним мазали нонлар ёпадилар. Умуман қаерда бўлмайин ҳар сафар дастурхонга нон келганида содда ва самимий инсон Меҳриддин ака ясаган тандирлар кўз олдимдан ўтади.

— Тандирни асраш керак. “Одам оғзидан бузилади”, дейди халқимиз, тандир ҳам шундай: оғзидан бузилади. Яхши келин тандир оғзига косовни тирамайди, тандир бошига қопқоғини қаттиқ урмайди. Авайлаб ишлатилган тандир 10-15 йил, ҳатто ундан ҳам кўпига чидайди, — дейди Меҳриддин ака. — Тайёр тандирни ўрнатишда катта гап бор. Унинг ҳар ерига лойни чаплаб ташламасдан авайлаб тоза-покиза суваш зарур.

Устанинг таъкидлашича, битта тандирни ясаш учун 6-8 соат вақт кетади. Сўнг уни сояда сақлаш, офтобда қуритиш учун 3-4 кун керак бўлади.

Тандир ясашнинг ҳам ўзига хос сир-асрори бор. Дастлаб соз тупроқ танлаб олиниб, сув билан аралаштириб, хамир ҳолатига келгунча қорилади. Тайёр бўлаётган лойга юнг ва махсус майдаланган сомон қўшилади. Лой оёққа ёпишмайдиган ҳолга келгач, суви қочирилади.

Тайёр бўлган лойни бироз тиндириб қўйиб, аста-секин тандир кўринишига келтирилади. Ўнг қўлда “тап” билан қаттиқ урилса, чап қўлда “шап” билан унга жавоб қайтарилади (Меҳриддин аканинг айтишича, “лой-хамир”ни урганда чиқадиган “тап-шап” товуши туфайли шундай аталар экан). Кейин тандир тик қилиниб саваланаверади-саваланаверади, натижада пишиқ ва мустаҳкам бўлади.

Тандирнинг пастки қисми тайёр бўлгандан кейин унга қулоқ қисми ўрнатилади. Сўнг сояда бир муддат туради. Икки-уч соатдан кейин тандир тагига мослаб, ички ва таш­қи томони бирдек қуриши учун, тўртта ғишт қўйилади. Қарабсизки, уч-тўрт кунда офтобда яхши қотади. Шундан сўнг, тайёр тандирни бозорга чиқариб сотиш мумкин. Харидорларнинг айтишича, Меҳриддин уста ясаган тандирлар пишиқлиги билан ажралиб туради, шу боис доим бозори чаққон.

— 2008 йили Меҳриддин акадан тандир олганман. Ҳалигача ўшанда нон ёпаман, — дейди қишлоқдошимиз Гулноз Қурбонова. — Ҳафтасига уч-тўрт маротаба нон ёпган кунларим бўлади. Нонга кесак ёпишмайди, тандир тез қизариб, тез оқаради. Бугун яна янги тандир олгани келдик. Ўғлимни уйлантириб, уларга янги ўчоқ-айвон қуриб бермоқчимиз.

Хатирчи иқлимида етти хил тупроқ мавжуд бўлиб, уларнинг атиги икки туридангина кулолчиликда фойдаланиш мумкин. Деҳқончиликда мўл ҳосил берган, қурилишда асқотган тупроқдан тандир ясаб бўлмайди. Тандирсозлик кишидан катта сабр, меҳнат ва эътиборни талаб қилгани учун ҳам кўпчилик бу ишга ўзида куч топавермайди.

Бугун Меҳриддин аканинг ўғли Фарҳод Бердиев ҳам тандирсоз уста.

— Олти-етти йил бошқа соҳада ишладим. Барибир пешонамизга тандирсозлик битилган экан. Шукр­ки, ҳалол меҳнат қилиб, ризқ топиш насиб этди, — дейди Фарҳод ака. — Тандирларимиздан фойдаланган одамлар касб-коримизга барака тилаганида меҳнатимиз самара бераётганидан мамнун бўламиз. Ҳозир нафақат тумандошларимиз, балки Қозоғистон, Россия ва Украина мамлакатларига ҳам тандирларимизни олиб кетишмоқда.

Ҳа, ҳалол меҳнатга нима етсин. “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик”, дейди доно хал­қимиз. Зотан, азалий қадриятларимизни ана шундай ҳалолқўл ҳунармандлар авлоддан-авлодга етказади.

Дилобар Маматова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 4 =