Табиат гултожи – аёлни асранг!

Ҳар бир жамиятнинг маданий ва маънавий даражаси аёлларга бўлган муносабати билан белгиланади. Дарҳақиқат, аёлга бўлган муносабат, эътибор ҳар бир халқ, миллатнинг қай даражада улуғлигини кўрсатувчи омиллардандир.

Мамлакатимизда аёлга муносабат тубдан янгиланиш касб этди. Уларни ички ва ташқи тажовузлардан асраш, конституциявий ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат эътиборидаги масалага айланди.

Афсуски, уруш олови ёниб турган ўлкаларда мутаассиблик либосини кийган аёллар тўғрисида, яъни турли ижтимоий тармоқлардаги “қармоқ”ларга илиниб, жиҳод қилаётган жангари эркакларга ўзини бағишлаган аёллар ҳақидаги хабарларни ҳам ўқиб турибмиз.

Аёлларнинг ушбу мудҳиш оламга кириб қолиши моддий қийинчилик, оиладаги етишмовчилик, аламзадалик, ишсизлик, диний ва дунёвий билимларнинг етарли даражада эмаслигига боғланмоқда. Аммо ўз юрти, ўз уйида яшаб туриб ҳам тазйиққа учраётган аёллар борлиги ҳар қандай соғлом фикрли одамни ўйлашга мажбур этади.

Мисол учун, Фарғона вилоятида ҳомиладор аёл эрининг нав­батдаги зўравонлигидан қочиб, учинчи қаватдаги уйи деразасидан ўзини ташлагани ҳақидаги хабар айрим интернет сайтларида эълон қилинди. Ҳолбуки, Ислом таълимотида инсонга берилган жон Яратганнинг энг буюк неъмати экани уқтирилади. Болалигида отаси чет элга пул топиш учун, онаси эса ўз вазифасини адо этишдан воз кечиб, уйдан чиқиб кетган, оқибатда амакисининг қўлида қолган И. исмли қизнинг аччиқ қисмати ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кўпчиликни изтиробга солди. Бундай мисоллар афсуски, оз эмас. Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг январь ойи давомида юртимизда 1,5 мингдан ортиқ аёл зўравонликдан жабр кўрган.

Ўтган йили мамлакатимизда хотин-қизлар қўмитасининг вилоятлардаги бўлимлари қошида зўравонликлардан жабрланган аёллар учун 130 дан зиёд реабилитация марказлари (шелтерлар) очилди. Ушбу марказлар давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 июлдаги тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилди.

Марказлар фаолияти ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни ҳамда жамиятдаги ва оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатларни қўзғатувчи низолар, депрессив вазиятларни эрта аниқлаш ва олдини олиш чораларини кўришга мўлжалланган. Бу ерга мурожаат қилган аёлларга малакали мутахассислар, психолог, юрист томонидан зарур ёрдамлар кўрсатилади.

Бугунги кунга келиб республикамиз бўйича марказлар сони 165 тага етди. Бу ўз уйи­да бегонадек, хорлик, таҳ­қирлаш азобларига дучор қилинаётган хотин-қизлар тақдирига бефарқ бўлмаган давлатимизнинг ғам­хўрлиги намунасидир.

Жорий йилнинг 2 сентябрида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги икки қонун қабул қилинди. Ушбу қонунлар аёлларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ишларни тартибга солиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асосдир…

— Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 22 июнида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида бу ҳақда гапириб, ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлаган эдилар, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуллажон Ҳамроқулов. — Хусусан, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланаётгани қайд этилиб, яқин вақт ичида иккита янги қонунни қабул қилиш ҳақида маълум қилинганди. Шунингдек, бугунги кундаги ўта муҳим ва долзарб вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги тузилма — Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузиш таклифи билдирилган эди.

Жаҳон тажрибасини олиб қараганда, эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги 143 давлатнинг конституциясида кўрсатилган, 52 мамлакатда эса эълон қилинмаган. Шунга қарамай, бирорта давлатда гендер тенглигига тўла эришилмаган. Аниқроғи, барча мамлакатлар учун модуль бўладиган қонун яратилмаган эди. Албатта, мазкур қонунларни қабул қилишга сабаб бўлган бошқа омиллар ҳам бор. Ўтган йилги маълумотларга қараганда, турли жиноий ҳаракатлар туфайли 932 нафар аёл жабр кўрган. Шундан 215 нафари жинсий эркинликка, 169 нафари ҳаётга ва 366 нафари соғлиққа қарши қаратилган, 182 нафари эса бошқа жиноий ҳаракатлар туфайли тазйиққа учраган. Булар рўйхатга олинганлари. Ҳали рўйхатга тушмай қолганлари ҳам бўлиши мумкин.

Энди қонунчилик соҳасига назар ташлайлик. Хотин-қизларга оид ҳуқуқий нормалар мавжуд бўлган ўттиздан ортиқ қонун бор, аммо тарқоқ ҳолда эди. Уларнинг ижроси, назорати ҳам шунга яраша тўкис бўлмаган. Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида яхлит қонуннинг мавжуд эмаслиги, иш кўрилганда ўша ўттизта қонун ва юздан ортиқ қонуности ҳужжатларни кўриб чиқиш мураккаблик туғдирган. Бундан ташқари, шу йўналишда ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ҳамкорлик, мониторинг олиб бориш механизми ҳам йўқ эди. Мавжуд қонунларда эса асосий тушунчаларга ҳуқуқий таъриф берилмаган.

Янги қонунларни яратишда ўттиздан зиёд қонунлар кўриб чиқилиб, хорижий тажрибалар ўрганилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган махсус гуруҳ, ЮСАИДнинг Ўзбекистондаги вакиллиги хулосалари олинди. Жамоат муҳокамасига қўйилганда биргина “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини 1477 киши кўриб, 45 та таклиф билдирган. Буларнинг ҳаммаси ана шу икки қонунни ишлаб чиқишда ҳисобга олинди. Муҳими эса аёлларимизни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишгина эмас, балки ана шу иллатларнинг олдини олишга қаратилганидир, — дейди А.Ҳамроқулов биз билан суҳбатда.

Мамлакатимизда аёл шундай эътибор ва эъзозга лойиқ кўрилган бир пайтда ҳали ўнлаб давлатларда аёлнинг жамиятда ҳеч қандай ўрни йўқлиги, сайловларда қатнашмаслиги ҳам бор гап. Масалан, беш давлатда сайловларда хотин-қизлар овози чегараланган: Ватикан, Бруней, Ливан, Саудия Арабис­тони ва Бирлашган Араб Амирликлари.

Маълумки, ўрта асрларда хиёнат ёки ўғриликка қўл урганлар тошбўрон қилинган. Айрим мамлакатларда аёлларга нисбатан ана шундай шаф­қатсизларча жазо ҳамон қўлланилмоқда. Ўтган йили “zen.yandex.ru” сайти ўтказган тадқиқотга кўра, айб­дорлар тошбўрон қилиб жазоланадиган давлатлардаги аҳвол махсус карта орқали ўрганиб чиқилган. Баъзи мамлакатларда хиёнаткор аёллар очиқчасига тошбўрон қилиниши қонунчилигида кўрсатилган. Ҳатто тошнинг ҳажми муштдан катта ҳам, кичик ҳам бўлмаслиги кераклиги айтилади. (1994 йилда Францияда чоп этилган шундай жазо тури ҳақида ҳикоя қилувчи Фрейдон Саебжаннинг асари мамлакатда бестселлерга айланди. Аёлларга бўлган бу каби ёввойиларча муносабатни ёзувчи бутун дунё билишини истаган. Аммо уни бошқа давлатларда чоп этишга рухсат берилмади. 2008 йилда француз-эрон журналистининг ушбу асари асосида режиссёр Сайрус Наурасте фильм суратга олган).

Инсоният яралибдики, манфаатлар тўқнашуви, эзгулик ва ёвузлик, адолат ва жаҳолат ёнма-ён юради. Инсоннинг иродаси ана шу икки йўлда синалади. Шукрки, азалдан халқимиз маданияти, умуминсоний қадриятлари юксак даражада шакллангани билан ном қозонган. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолганлар ҳам топилади. Хотин-қизларимизни эндиликда бундай кимсалардан мустаҳкам асосга эга янги қонунларимиз ҳимоя қилади…

Холида Файзиева,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + 10 =