Ўсмирлар жиноятга нега қўл уришмоқда?

Бизни ажаблантиргани, ҳайҳотдай уйда бўйга етган, аммо ҳали никоҳдан ўтиб, турмуш қурмаган ўғил ва қизнинг ёлғиз яшаб келганидан, наҳотки, маҳалла-кўй, участка нозири хабардор бўлмаган? Ишонгинг келмайди…

Фарзандларимизни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган, мустаҳкам ҳаётий позицияга эга, чинакам ватанпарвар инсонлар сифатида тарбиялаш биз учун ҳамиша долзарб масала ҳисобланади.

Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимизнинг бош мақсадига айланди.

Шунга қарамай, баъзи ўсмир-ёшлар яратилаётган улкан имкониятлардан фойдаланиб, ўқиб, изланиб комил инсонлар бўлиб етишиш ёки тадбиркорлик билан шуғулланиб, бир ишнинг бошини тутиб, келажакда жамият ҳаётидан муносиб ўрин эгаллаш ўрнига, турли қинғир йўллар билан тезроқ бойлик орттириб, ҳашамда яшашга интилаётганлари, оқибатда, наинки ўзи, балки ота-онаси, яқинлари учун ҳам иснод келтираётганини англаб етмаяпти чоғи.

Мисол учун, товламачилик қилиб енгил бойлик орттириш йўлига кириб қолган мана бу ўсмир-ёшларнинг хурмача қилиғи маҳалла-кўй олдида оила аъзоларини уятга қўйди. 2019 йилнинг 14 март санасида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди биносида судья М.Юсупов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида Илҳом Кенжаев ва Соҳиб Қўзибоев (исми шарифлари ўзгартирилган) иши кўриб чиқилди.

Ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш илинжида олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб ҳаракатланган айбланувчилар ўтган йилнинг сентябрь ойида Бердимурод Мансуровнинг Олмазор тумани, Жомий мавзесидаги иш жойига келишади. Улар Бердимуроднинг уйнинг ташқи эшиги олдига зина решёткаси ҳамда дастак ясатиш учун уста қидириб юрганидан хабардор бўлган эдилар. Келиб зинани ўлчаб кўришади, решётка ва дастак учун кетадиган материаллар оғзаки ҳисоб-китоб қилинади. Аввалига материал ва иш ҳақига жами тўққиз миллион сўм кераклигини айтишади. Ишни бошлашлари учун эса тўлов тариқасида олдиндан уч миллион сўм беришини уқтиришади.

Қизиқ, бировнинг пулини фирибгарлик билан олиб, бамайлихотир сўлим кафеда маишат қилиш, ўзганинг маблағини ўйламай сарфлаш учун одам қай даражада имонини йўқотган бўлиши керак? Наҳотки, уйи­дагиларининг хабари бўлмаган? Ўғиллари ҳар куни кўчадан овқатланса, бунинг устига уйига ширакайф келса, бу ота-онани қизиқтирмаганига хайрон қоласан киши.

Хуллас, орадан кунлар, ҳафталар ўтса ҳамки, “буюртма”дан дарак бўлмайди. Ҳовли зинаси яланғоч тураверади. Бундан хавотирга тушган буюртмачи қўл телефони орқали улар билан боғланганда ишни тугатишга маблағ етмагани, яна икки миллион сўм берса иш битишини айтишади. “Оғзи куйган қатиқни пуфлаб ичади”, деган мақол бор. Бердимуроднинг ҳали оғзи куймаган чоғи, сўралган маблағни бериб юборади.

Бердимурод Мансуров ўзининг пулини бетайин усталардан шунчаки ололмаслигини билгач, Олмазор тумани ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилади. Оқибатда иш судгача бориб етади. Суд ажримида маълум бўлишича, Илҳом оилавий темирчилик касби, яъни темир-терсакдан турли буюмлар ясаб, аҳолига сотиб, оила рўзғорини тебратаётган ўз акасининг ёнига боради. Ўзаро тил бириктириб, юқорида айтиб ўтилган маблағни ундиришади. Во ажаб, меҳнат ортидан оилавий турмуш кечириб келаётган, ҳеч қандай етишмовчилиги йўқ бу ака-укаларнинг фирибгарлик билан шуғулланишига нима сабаб бўлди экан?.. Тўқликка шўхлик, деб шуни айтсалар керак-да…

Бировнинг ҳақи ошқозонда жим турмайди, ўзлаштирилган маблағлар эгасига қайтарилди. Бунинг устига, улар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Эндиликда белгиланган участкада ишлаб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат ғазнасига ўтказиб туришади. Бу ҳам етмагандек, қўни-қўшни, маҳалла-кўй олдида шарманда бўлишди. Ўтган ҳам, қайтган ҳам қўлини бигиз қилиб “ана фирибгар”, деб кўрсатадиган бўлди.

Афсуски, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳали балоғатга етмаган айрим ёшларнинг енгил-елпи ҳаётга ўрганиб қолаётгани, оила муносабатларига тайёр эмаслиги, бефарқ­лиги ёки умуман тушунчаси йўқлиги сабаб никоҳсиз фарзанд орт­тириб олаётгани бот-бот айтилмоқда.

Ушбу йилнинг февраль ойида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди биносида судья Мусо Юсуповнинг раислигида ўтказилган яна бир очиқ суд мажлисида кўрилган иш ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, десак муболаға бўлмайди.

Эндигина мустақил ҳаётга қадам қўйган, аммо ҳали унинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган балоғат ёшидаги йигит-қизнинг бири онгли, бири эса англамаган ҳолда, гўё келажакда турмуш қуриш баҳонасида, оилавий муносабатларга киришганини ҳар бир онгли одам танасига сингдиролмаслиги турган гап.

Четдан кириб келган “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолаётган, айрим ўсмир-ёшларнинг ҳаётига наҳотки ғарб урф-одатлари шунчалик сингиб бораяпти?! Никоҳсиз оила қуриш нафақат қонунларимизга, балки миллий қадриятларимизга, умуман, муқаддас динимизга ҳам мутлақо ёт бўлган-ку!

Ўйламасдан босилган ножўя қадам оқибатида жиноят содир этилди. 1996 йил 27 январда туғилган Одилова Шаҳло Ихтиёр қизи (исми шарифлари ўзгартирилди) Тошкентга олий таълим муассасасида ўқиш истагида келади. Орадан вақт ўтиб, отасига “Бу йил ўқишга киролмадим, тикувчилик цехида ишлаб тайёрланаман”, деб телефонда айтади, розилигини олиб, шаҳарда қолади. Шаҳло ўқишга “тайёргарлик”ни таниши Арслонбекнинг уйида унинг ҳисобидан яшаш ва хизматини қилиш эвазига бошлайди.

Эндигина 23 ёшни қарши олган Шаҳло ишонган одами — Арслонбек Бектимовнинг алдагани, аслида вақтинча кўнгилхушлик учун уни уйида сақлаб турганини билгач, ундан қасд олиш пайига тушади. 2018 йил 19 декабрь куни соат 18:40 ларда, ўзининг вақтинча яшаган уйи, Тошкент шаҳар Олмазор тумани Беруний массивидаги хонадонга яширинча киради, меҳмонхонадаги гилам тагида сақланаётган, Бектимов Арслонбекка тегишли, 16 800 АҚШ доллари ҳамда меҳмонхонадаги шкаф устида турган, 1 670 минг сўмлик, икки дона “ROLEX” русумли эркаклар қўл соатини ўғирлаб воқеа жойидан яширинади.

Бизни ажаблантиргани, ҳайҳотдай уйда бўйга етган, аммо ҳали никоҳдан ўтиб, турмуш қурмаган ўғил ва қизнинг ёлғиз яшаб келганидан наҳотки маҳалла-кўй, участка нозири хабардор бўлмаган? Ишонгинг келмайди. Зеро, нопоклик йўлини танлаган битта шахс­нинг қилмиши атрофидаги юзлаб ёшларга таъсир ўтказиши мумкин эканлигини эсдан чиқармаслик лозим.

Шу уйда қўшниларнинг балоғатга етган болалари ҳам катта бўлаётгандир. Улар нега бефарқ бўлишди?..

Шундай қилиб “Ҳеч ким кўрмади, энди ҳеч ким билмайди”, деган хаёлга борган Шаҳло Одилова жиноятга қўл урди. Савол туғилади: агар унинг бокиралигига хиёнат қилинган бўлса, қасд олмоқчи экан, нега дарров судга мурожаат қилмади? Отасини огоҳлантирмади?

Ўйламай қилинган иш оқибатида Тошкентда ўқиш, келажакда мутахассис бўлишни орзу қилган Шаҳло, ўз айби билан, кейинги ҳаётига судланган деган қора тамғани бостириб олди. У Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топилди.

Арслонбек Бектимов-чи, унинг тезроқ бойлик орттириш, шоҳона яшаш илинжида Тошкентга келиб, машина бозорида чайқовчилик қилиб топган пулини харом-харишга сарфланаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Унинг ота-онаси ҳам: “Ўғлимиз ишлаяпти, пул топаяпти, энди турмушимиз яхши бўлади”, деб севиниб юришган бўлса, не ажаб.

Ахир, келажакда бизга муносиб фарзанд бўлади дея авайлаб ўстирган ота-онанинг орзусини бир лаҳзалик маишатга сотган ўғилнинг қилмиши нонкўрликдан бошқа нарса эмаслиги аён-ку. Энг ёмони, Арслонбек бир оиланинг юзини ерга қаратди. Бу ҳам камдек, ёшгина қизнинг бахтини-тахтини ўғирлади. Унинг келажагини бадном қилди.

Шаҳлонинг отаси К.Одиловнинг гувоҳлик беришича, аёли вафот этгач, бошқа уйланмайди. Болаларини тарбияли, ўқимишли, уйли-жойли қилиш мақсадида кеча-ю-кундуз ишлайди. Уйда кам бўлади. Қизи Шаҳлонинг Тошкентда ўқийман деганига қаршилик қилмайди. Ота судда гувоҳлик берар экан, бошини ерга қадаганича тик тутолмади. Унинг бу кунларни кўрганидан кўрмагани яхши эканлиги юзига тўкилган кўз ёшларидан ҳам билиниб турарди. Не-не орзу-ҳавас билан фарзанд ўстириб, энди вояга етганда ҳузурини кўриш ўрнига бу аҳволга тушиш ҳеч бир ота-онанинг бошига тушмасин экан…

Шу ўринда айтиш керакки, бугунги техника асрида компьютер-интернет кафелари, уяли алоқа воситалари орқали бузғунчиликни, қўпорувчиликни, фоҳишабозликни тар­ғиб қилаётган видеороликлар баъзи ўсмир-ёшларнинг ҳаётини издан чиқармоқда. Айниқса, теледастурларда берилаётган Ғарбнинг кўрган кишида шаҳвоний ҳирс уй­ғотадиган сериаллари ҳам ёшларни Ғарбга тақлид қилишга ундаётгандек…

Юқоридаги мисолларни келтиришимиздан мақсад, жиноятга жазо муқаррар эканини айтиб, ўсмир-ёшларни қўрқитиш ёки улардаги ҳали очилмаган, яшириниб ётган истеъдод қирраларини камситиш эмас, балки қинғир иш қилишга мойиллиги бор айрим ёшларни ўзини, ота-онасини маҳалла-кўй олдида бадном қилишдан огоҳлантириб ўтиш эди.

Яна бир гап: фарзанд тарбияси, айниқса, қиз фарзандларни вояга етказиб, гўзал одоб-ахлоқ ила ҳаётга йўналтириш, аввало, ҳар бир ота-онанинг бурчидир. Қаердаки, оилада бўшлиқ, эътиборсизлик ва маънавий кемтик сезилса, ўша ерда юқоридаги каби оғриқли муаммолар қалқиб чиқаверади.

Юсуф Жўраев,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 2 =