Ясама қўғирчоқлар саҳнани босди

Кейинги пайтларда “Ойнаи жаҳон”­ни хориж сериаллари бироз тарк этгач, ўзимизнинг миллий сериалларимизни кўра бошладик. Миллий қадриятларимизни қадрлашга ўргатадиган сериалларнинг кўпайгани яхши албатта, аммо очиқ ва дангал айтаман: айрим актрисаларнинг ҳолати таъбимни хира қилди.

Негадир экранда баъзи актрисаларни бир-биридан фарқ­лаш қийин. Тўғрироғи, инкубатордан чиққандек қош-кўзи, лабининг шакли бир хил. Обдон кузатсангиз ўзингиз ҳам ёқа ушлайсиз. Санъаткорларнинг шиширилган лаблари-ю, улама соч ва киприкларига кўниккандик, эндиликда ёш-ёш актрисаларда ҳам бу ҳолат учраётгани, ўзбек қизларида табиийликдан асар қолмаётганини билдиради. Бугунги сериаллардаги актрисаларнинг деярли ҳаммаси ясама “қўғирчоқ” гўё. Аммо гўзалликнинг сохтаси ҳам инсонни чарчатар экан!

Хабарингиз бор, хонанда Озода Нурсаидованинг лицензияси яқинда қайтариб берилди. Катта саҳнага қайтган хонанда мухлислари учун “Аждодлар” деб номланган қўшиғи ва унга ишланган клипни тақдим этди. Шунча йиллик танаффусдан кейин илк клип қанақа чиқибди дея, кўришга чоғландим. Яширмайман, клипни тарихий фильм томоша қилгандек кўрдим. Клип учун танланган актёрлар жамоаси, декорация ва ишлатилган жанг қуроллари ва кийимлар ўтмиш даври руҳиятини очиб бера олган. Бироқ… бош ролда Тўмарис образини ўйнаган хонанданинг “ботокс” лаби ва “растушовка” қилинган қош-киприклари клип қиёфасига сохталик бериб турибди. Ахир, қадимда “ботокс” ва шиширилган лаблар бўлмаган-ку! Майли, бу энди бир санъат асари, клип деб чалғирмиз, аммо ҳозирги кунда ҳатто коллеж ўқувчиларининг ҳам сохта гўзаллик ортидан қувиб кетаётгани одамни жиддий мушоҳада қилишга чорлайди.

Яқинда фейсбук ижтимоий тармоғида интернет фойдаланувчиларидан бири ўз саҳифасида қолдирган “Замона зайли билан чиройли қизларнинг ҳуснига ҳам ишониб бўлмай қолди…” деган фикрига кўзим тушганди. Буни ҳазил тариқасида айтилган, аммо аччиқ ҳақиқат замирида ётган иқрор дейиш мумкин. Ўзбек қизлари нафақат ибо-ҳаёси, андишаси, балки табиий чиройи билан азалдан мақталиб, мадҳ этиб келинган. Афсуски, айни кунда табиий чирой билан кифояланиб қолаётганларга нисбатан “замондан орқада қолган”, деган ошкора нописанд қараш пайдо бўлган. Бу тушунча айниқса, шоу-бизнесда ижод қилаётган хотин-қизлар орасида кенг ёйилганидан ҳар қадамда уларнинг табиийликдан йироқ, ясама гўзаллиги акс этган суратларига дуч келадиган бўлиб қолдик. Энг ёмони, бу тоифадаги юлдузлар кўпчиликни, айниқса, ўсиб келаётган ёшларни сохталикка, сунъийликка ўргатиб, кўниктириб қўяётганидир. Ахир мухлислар орасида уларга маҳлиё бўлиб, ҳусну жамолини мақтаб, олқишлаётганлар, ҳатто салкам гўзаллик маъбудасига айлантириб қўйяётганлар камми? Ҳа, машҳурларимизнинг очиқ-ойдин ғарб юлдузларига эргашаётгани сир эмас. Аммо бизникилар ўз тақлиди билан хорижлик ҳамкасбларини йўлда қолдириб кетаётганига нима дейсиз?

Оддийгина мисол, айни пайтда барча телеканалларда намойиш этилаётган турк сериалларида роль ижро этган актрисалар билан ўзимизнинг киноюлдузларни бир таққослаб кўринг: шиширилган лаблар, сунъийлигини беш метр узоқда туриб ҳам сезиш мумкин бўлган улама киприклар ва чизилган қошлар кимда? Албатта, ўзимизникиларда!

Сиз ҳам эътибор берган бўлсангиз, турк актрисаларининг ҳатто айримлари татуаж у ёқда турсин, қошини термаган. Яна бир аччиқ савол туғилади: кийинишу муомала-муносабатда, яшаш тарзида овропалашиб кетган турк хонимлари ўзининг табиий гўзаллиги билан дунёни маҳв эта олаётганда, нега бизнинг актрисалар сохта гўзаллик таъсирига бу қадар берилиб кетишмоқда?

Энг ачинарлиси, вояга етиб келаётган қизларнинг шу актриса ва қўшиқчиларга ҳавас қилиб, керак бўлса тақлид қилиб ҳали турмушга чиқмаёқ бу “амалиёт”ни қўллаётгани ачинарли эмасми?

Узоққа бормай, бундан икки йил илгари бир танишим тўйидан олдин киприк “эктириб” келди. Аммо тўйдан уч ой вақт ўтмай оғир аҳволда шифохонага тушди. Аниқланишича, киприк “экаётган”да салон ходимлари гигиена қоидаларига амал қилмаган ва оқибатда унга гепатит С касалини юқтиришган. Яширин тарзда организмда ушбу хасталик ривожланиб, қисқа муддат ичида танишимни “йиқитган”. Хуллас, уни яна соғ­лом турмуш тарзига қайтариш осон кечмади.

Мақолада исмини сир тутишни истаган режиссёрнинг фикри:

— Фильм суратга олаётганда, имкон қадар ҳамманинг меъдасига теккан сохта “қўғирчоқлар”ни олиб чиқмасликка ҳаракат қиламиз. Аммо ҳар доим ҳам табиий чиройли ва иқтидорли актрисани топа олмаймиз. «Бизнинг «юлдуз»лар ғарбга эргашяпти» деган фикрингизга унча қўшилмайман. Ғарбликлар ҳам бунчалик килолаб чапламайди. Голливуд киноларида чеҳралар образларга мос. Бизда эса…  ҳатто сериал қаҳрамони реанимацияда ётсаям пардози даҳшат. Бунда режиссёрларни айблашади, табиийсини тополмасак нима қилайлик?

Фильм суратга оладиган режиссёрнинг бу гапидан сўнг ҳафсалам янада пир бўлди. Гапга қаранг-а? “Табиийсини тополмасак нима қилайлик” эмиш.

“Балиқ бошидан…”, деганларидек, кинони олувчи бошлиқнинг аҳволи шу бўлгач, яна кимдан ўпкалайсиз! Қани бу ерда ҳақиқий санъат, қатъий талаб ва ирода?..

Нима ҳам дердим: ясама, бўяма киноларингизни олаверинг, томошабин асабини қақшатаверинг, жаноб режиссёр!

Феруза Раҳимова,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × three =