Бекатни шахсий қилган ким?

Дўконнинг пештоқида кимга қарашли дўкон, қандай фаолият тури билан шуғулланишини ёзиб қўйиш у ёқда турсин, атрофда тўпланиб қоладиган чиқиндилар (дўкондан чиқадиган) учун ҳатто темир қути ҳам қўймаган.

Суратда: “шахсийлаштирилган” бекатнинг кўриниши

Юртимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истовчиларга давлатимиз томонидан бир қатор имтиёз ва қулайликлар яратиб берилмоқда. Лекин ана шу имтиёзлардан нотўғри фойдаланиб, тартиб-қоидаларга амал қилмаётганлар ҳам бор.

Тошкент давлат Аграр университетининг рўпарасида жойлашган Қибрай тумани ҳудудига қарашли автобекатни хусусийлаштириб, савдо фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркор бир қарасанг “бир зумда” лаваш емакхонаси, бироз фурсатдан сўнг компьютер хизмати хонасига айлантирди. Бугунга келиб маиший техникаларни кредитга бериш дўкончаси ташкил этиб, бекатни буткул “ўзиники” қилиб олгани ажабланарли.

Аҳолига маиший техникаларни кредитга бераётгани яхши, лекин бекатни батамом ёпиқ ҳолга келтириб, йўловчилар учун қилинган шароитни унутиб қўйганлигини тушуниш қийин. Бекатни хоҳласа очади, хоҳлаганда қулф­лайди. Йўловчилар бекат ичкарисига кира олмайди. Қишнинг қаҳратонида қариялар, ёш болали оналар тик оёқда автобус кутишга мажбур бўлишмоқда.

Дўконнинг пештоқида кимга қарашли дўкон, қандай фаолият тури билан шуғулланишини ёзиб қўйиш у ёқда турсин, атрофда тўпланиб қоладиган чиқиндилар (дўкондан чиқадиган) учун ҳатто темир қути ҳам қўйилмаган. Ахир бекатларда савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорга мутасаддилар аввал зарур қоидаларга амал қилиши лозимлигини тушунтиришмайдими?

“Тушуниш”ни истамаган ёки хоҳламайдиган бундай шоввозларга тегишли чора кўрилмайдими?

Умуман, фақат ўз манфаати йўлида аҳолига ноқулайликлар келтираётган, бекатни “шахсийлаштирган” бу ўзбошимча ким? Қибрай туман ҳокимлиги  ва Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти масъулларининг бундан хабарлари йўқми? Ёки ўзлари бунга рухсат бериб қўйибдиларми?

Ҳикматулло Қодиров.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + 2 =