Кўчада нима гаплар?

Тил департаменти тузилди. Бошимиз ҳатто етттинчи осмонга чиқиб кетди. Байрам қилдик. Ижодкор дўстлар билан соф ўзбекча гаплашиб юришга келишдик. Агар суҳбатимизга бирорта ажнабий сўз қўшилса, жарима белгиладик. Энг сергап жўраларимиз ҳам камгап бўлиб қолди. Ўзаро даврамизда аҳдимиз мустаҳкамланиб бораётганидан шод юраверибмиз. Бир маҳал ўша еттинчи осмондан бундоқ пастга қараб, қўрқиб кетдик…

“Аптека” ҳалиям аптека экан. “Автомойка” ҳам ўша-ўша. “Ател мод” ҳам. Ҳатто маълуму машҳур “Корзинка” ҳам ўз номида…

Кейин ғазал мулкининг султони, туркий тилнинг асосчиси Навоий ҳазратларининг номлари билан аталувчи кўчага қарадик. Минг афсуски, бу ердаги ажнабий сўзлардан донг қотдик. Ҳатто Бобомиз ҳам уялгандек, (эҳтимол оғрингандир) бошларини бироз эгиб олибдилар.

Навоий бобо бизларни кечиринг!

Сиз улуғлаган, оламга достон қилган тилни бизлар аёвсиз пайҳон қилмоқдамиз. Бизлар шифохонада турнақатор навбатга турамиз, шунда қаердандир бир ажнабий пайдо бўлади-да, ўзининг тилида ниманидир сўрайди. Биз ўттиз ё қирқ кишимиз тезда ажнабий тилида жавоб берамиз. Жавоб бергач, атрофга ғоз қараш қилиб, маданиятли эканлигимизни билдириб қўйгимиз келади.

Бизлар отамизни “пахан” дейдиган бўлдик. Муқаддас нонимизни “хлеб”га, “лепёшка”га айлантирдик. Баҳор неъмати, ўзи номидан, номи ўзидан чиройли ва ширин қулупнайларимизни “клубника” деб қўя қолдик. “гриль” деган сўзни луғатимиздан тополмаяпмиз.

Киши фарзандли бўлса, яхши ният билан унга чиройли исм беради. Ундан умидланади, қарисам коримга ярайди деб бир парчалигидан парвариш қилади. Ёки бир кўчат қадаса эрта мева беради, деб ишонади. Департамент тузилганига 9 ой бўлди. Бу дегани ўша вақт уйланган йигит ота бўлди. Мевасини берди.

Ташкилотларга маслаҳатчилар жорий қилинди. Бу қувонарли, шу билан овунса бўлади. Аммо кўчаларимиздаги ёзувлар…

Шундай ташкилотлар бор, мен у ерларга ҳеч қачон бормаслигимни биламан. Шундай ишхоналар бор, синф­дошим Тўлқин у ерга қадам ҳам босмайди. Лекин Тўлқин Тошкентга келганда кўчаларни айланади. Айниқса, Навоий кўчасига аниқ боради. Мен қишлоққа борганда, Тўлқин билан дарё бўйида гурунглашаётганимда Тошкент кўчаларидаги ажнабий ёзувлардан савол беришини сира истамайман.

Биз аптека — дорихона, ателье мод — чевархона бўлади деб ишонгандик.

Солиқ тўламасангиз, ёки коммунал тўловни кечиктирсангиз, ўша ташкилот ходимлари хижолат чекмай эшигингиз қўнғироғини босади.

Аммо тилимизни бешафқатларча бузиб, ҳурмат қилмайдиганларга департамент ҳеч нарса демайди, эшик қўнғироғини босмайди, жарима солмайди, талаб қилмайди.

Ҳурматли департамент ходимлари! “Кондиционер” — ҳаво совутгич остида ишлайвермасдан, “чиллачиси” йўқ кўчаларга бормайсизми, кўриб, ўрганиб, нимадир қилмайсизми?!

Шаҳарнинг юзи кўча, аммо афсуски ҳозир тилимизнинг ҳам “юзи” шу кўчалар бўлиб қолмоқда.

Санжар Турсунов,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 10 =