Сайилгоҳ кўчасида…
Сайилгоҳнинг нақ “юраги”да ўзини “замонавийман” деб атаган балоғат ёшдагилар енгил-елпи қўшиқларга монанд рақсга тушаётгани ҳайрон қолдирди. Ажаблантиргани, улар орасида эрта-индин битта оилани гуллата оладиган Барчинойдек сулув ўзбек қизлари ҳам бор.
Бизни йўқлаб қишлоқдан пойтахти азимни кўриб кетиш мақсадида келган қариндошларимизни ишдан кейин шаҳар томошасига олиб чиқадиган бўлдим. Ранг-баранг чироқлар билан шаҳарнинг жозибадорлиги янада ошадиган манзилларни кўз олдимга келтириб, меҳмонларни пойтахтимизнинг Сайилгоҳ кўчасига бошладим.
Маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар билан доимо гавжум Тошкент шаҳридаги ушбу маскан кундан-кунга чирой очаётганини эътироф этмай илож йўқ.
Соат кечки 19-20:00лар оралиғи. Сайилгоҳ кўчасида ҳар қачонгидан ҳам ҳаёт қайнаган. Талабалар, фарзандлари билан сайрга чиққан ота-оналар, севишган ёшлар-у, қариялар, хуллас, бу ерда жамиятнинг барча қатламини учратиш мумкин.
Атроф гўзал тус олиб, замонавий ўриндиқлар билан бойитилган. Кўрган одамнинг баҳри дили очилади, аммо бироздан сўнг, таъбимизни хира қиладиган вазиятларга дуч келдикки, буни қаламга олмасликнинг ҳам имкони йўқ.
Сайилгоҳнинг нақ “юраги”да ўзини “замонавийман” деб атаган балоғат ёшдагилар енгил-елпи қўшиқларга монанд рақсга тушаётгани ҳайрон қолдирди. Ажаблантиргани, улар орасида эрта-индин битта оилани гуллата оладиган Барчинойдек сулув ўзбек қизлари ҳам бор. Ҳамманинг нигоҳини ўзига қаратиб, беҳаё рақс тушишига қараганда бу ҳол уларга одатий. Қизларнинг рақсдаги ҳаракатларидан, очиғи, ёнимда турган қариндошларимдан уялдим. Биз-ку, бунақа ҳолатларга ора-сира дуч келамиз, аммо эндигина пойтахтнинг нафасини ҳис қилаётган ҳамқишлоқларим кўзини қаёққа олиб қочишни билмай қолди.
Йўлда чарчагандирсиз деб, уларни ўриндиққа чорладим. Лекин энг сўнгги урфда ясалган ўриндиқларга ҳам ёшларимиз шу қадар “маъноли” сўзларни ёзиб-чизиб кетишганки, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Ўриндиқнинг атрофи турли хил рангларда ёзилган тутуриқсиз номаларга, ишқ изҳорларига тўлиб кетган. Яқиндагина шу замонавий ўриндиқлар сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган манзилларга ўрнатилганида ҳамкасбим билан фахрланиб “Бўларкан-ку”, деганимиз кечагидек ёдимда.
Бугун эса… Аслида кўрганларим ҳолва экан. Хиёбондаги фавворалар атрофи, кичик ариқлар елим идишлар ва ширинлик қоғозлари билан тўлиб тошган. Йўқ-са ҳар қадамда ахлат қутилари турибди. Бироқ инсонлар сайр қилиб, маданий ҳордиқ чиқарадиган маскан узра уюм-уюм чиқиндилар йиғилган. Беихтиёр хаёлингиздан: “Наҳотки инсонлар шу даражага борса? Чиқиндини махсус идишга жойлашга ҳам фаросат ёинки маданият етишмаса буларда?” деган оғриқли ўйлар кечади.
Хорижий давлатлар кўчаларининг фаровонлигига ҳавас қилишимизни матбуот орқали бот-бот билдириб турамиз. Аммо ўзимизда унданда яхши шароитлар яратилганида қадрлай олмаяпмиз. Ободончилик ишларига қанчадан-қанча маблағ-у, пешона тери сарф қилинганини наҳотки бугунги ёшлар ҳис қилмаса? Ўз ор-номусини арзон рақслар билан тўкаётган қизлар-чи? Эртага улардан намунали уй бекаси чиқишига ишониш мумкинми? Фарзандини қаерда, кимлар билан юрганини билмай, дарди фақат моддий бойлик бўлиб қолган кўчадаги “кўча қизлар”нинг ота-оналари эртага афсус қилиб қолишмасмикан?.. Ёки тавба, тавба дейликку, бундайларнинг ота-оналари ҳам инсонийликда фарзандларидан эш эмасмикан? Қайдам. Олманинг тагига олма тушади дейишади!
Тонг саҳарлаб ота-онамиз тенги ёши улуғ фаррошларнинг кўча супуриб юрганини ҳамма кўради. Аммо ҳозирги анча-мунча ёшлар ҳаётга шунчалар бефарқки, уларнинг меҳнатдан қорайган қўллари заҳматини ўзида ҳис қила билмайди…
Феруза Раҳимова.