Эскирмайдиган газета

Газета, журнал қачон суюмли бўлади? Қачонки, муштарий кўнгли тусаб турган гапни топиб айтса. Ҳа, топиб айтса! Айнан ана шу нарса у нашр босма бўладими, электрон бўладими, ўқувчининг меҳрига мушарраф бўлади.

Мустақиллик шарофати билан дунёга келиб катта ададларда босила бошлаган, газетхонлар истаб, сўраб ўқиётган нашрларни сариқ, нурсиз (“жёлтая”) матбуот деб камситишга одатланиб қолганмиз (Аслида, дунё оммаси хусусий газеталарни “сариқ” матбуот дейди А.Б.). Хўп, у “сариқ” бўлса, “нурсиз” бўлса, ўқувчи нега унга талпинади, ютоқиб ўқийди? Қандайдир зиёси, кўнгилга мал­ҳам бўлгулик сувайдоси бордирки, одамлар ардоқлайди-да, демаймиз.

Бу маломатни ҳозир бир тои­фа ўқувчиларга эмас, ўз-ўзимга ҳам айтаётганимни англаб турибман. Таассуфки, каминанинг ўзи ҳам яқин-яқингача бирор партия, вазирлик ёки давлат муассасаси назаридан ташқарида чоп этиладиган нашрларнинг барига, ёппасига “сариқ матбуот” деб қараганимни яширмайман. Ҳайриятки, бундай хуркин тасаввурларим секин-асталик билан (!) бўлса-да, чекиниб бор­япти…

Бу гаплардан муддао ушбу мақолада бундан роппа-роса ўн беш йил илгари (2004 й.) айнан “сариқ” матбуот мақомида ташкил этилиб, тез орада эл оғзига тушган, ўз ўқувчиларининг қалбидан муносиб жой олган бир ажойиб нашр — “Шифо-инфо” ҳақида икки, уч оғиз сўз айтгим келди.

Газета дастлаб бор-йўғи икки минг нусхада чоп этилгани, тез орадаёқ эллик, олтмиш, ҳатто 70 минглик маррани кўзлаб қолганини ашаддий газетхонлар яхши эслашади.

“Шифо…” дунё юзини кўргунгача ҳам республикамизда тиббиёт соҳасига оид қатор газета-журналлар чоп этилган. Бу нашрлар, аввало, сиёсат учун, хўжа кўрсингагина “чиқарилган” экан энди ўйласам. Улар бемор шифо топиши учун асқотадиган материаллар бир ёқда қолиб, тизимга оид қонун ва қарорлар, тиббиёт амалиёти учун мутлақо кераксиз қонун ости ҳужжатлари билан тўлдириб ташланарди. Шифокор тажрибасининг замон талабига мос юксалиб бориши, малакасининг бойишига нафи тегадиган материаллар онда-сондагина, у ҳам бўлса нурсиз ҳолда, кўзга чалиниб қоларди.

“Шифо-инфо” тиббиёт мат­буотидаги ана шу эски тартиб ва кўникмаларга зарба ўлароқ дунёга келди, дейиш мумкин. Бу албатта, ижодий жамоа олдига материаллар мазмун-мо­ҳиятидан ташқари, соҳани ёритиш, муқовани безатиш (дизайн), мақолаларни жойлаштириш борасида ҳам мутлақо ўзгача ёндашувни талаб этди. Қи­йинчилик билан бўлса-да, маҳаллий матбуотда ҳукм суриб келаётган қолип ёндашувларни бузиб, фикри ва қарашларини ихчам, замонавий услубларда намоён қила биладиган, ўз ишига ижодий ёндашувчи қизғин жамоа шакллантирилди. Натижани мана, муштарийлари муштоқ бўлиб кутадиган бугунги “Шифо-инфо”нинг чирой-чиммати, материаллар бадиияти, мазмун-моҳияти, айниқса, муаллифлар геогра­фияси-ю уларнинг интеллектуал салоҳиятида ҳам кўриб турибмиз.

Ҳар қандай нашрнинг муваффақиятида бош омил бу, албатта, унинг муаллифларидир. Янги жамоа бу нарсани жуда яхши илғарди. Шунинг учун бўлса керак, улар жуғрофий қамровни кенг олди. Турли соҳаларнинг юксак малакали, ўринли фикр айта оладиган мутахассис кишиларини назардан қочирмади. Уларни иложи борича “Шифо-инфо”нинг доимий жонкуяр мухлис-муаллифига айлантириб олишга интилди. Ва бунга муваффақ бўлди ҳам.

“Шифо-…”да нафақат тиббиёт ходими, балки бошқа соҳа кишиларининг ҳам дилидаги гаплар турдош нашрларга қараганда ёрқинроқ, жозибалироқ шаклу шамойилларда акс этади. Буларнинг бари “жамоа – газета – муаллиф – муштарий” оралиғида қизғин оқибат ришталарининг вужудга келгани натижаси, дейиш мумкин. Ушбу тажрибани бошқа таҳририятлар ҳам ўрганса, ўзлаштирса арзийди.

Кўп нашрлар Таҳрир ҳайъати ёки Жамоатчилик кенгашини алоҳида урғу билан эълон қилиб боради. Исм-шарифларни ўқиб одамни ваҳм босади: шугина газета ёки журнал орқасида шундай “казо-казолар” турганини кўриб таҳририятга ҳавас қиласан. Бироқ ўз “казо”лари билан сира учрашмайдиган жамоаларни ҳам биламиз. Айрим таҳририятлар ҳайъат аъзоларини йил – ўн икки ой кўрмайдилар, бир бирларини эсламайдилар ҳам. “Фалон мақолани пистончига кўрсатиб олдик” ёки “Ҳайъатимизнинг пистон аъзоси шу сонга фалон нарсани ёзиб беради”, деган гаплар мутлақо қулоққа чалинмайдиган таҳририятлар қанча.

“Шифо-инфо”да бу борада муносабат мутлақо бошқача. Тўғри, бу газета таҳрир ҳайъатида ҳам обрў, мартаба борасида тоши енгил одамнинг ўзи йўқ. Олди бир неча давлатлар фанлар академияларининг академиклари, фахрий профессорлари, фан докторлар. Энг камида фан номзоди-доцент рутбасидаги маълум ва машҳур шахслар. Барчалари “Шифо-…”га парвона, камарбаста, десак муболаға бўлмайди. Ҳар сонда ҳайъат аъзоларидан камида икки, учтаси тиббиётимизнинг энг долзарб мавзуларига бағишлаб жиддий, таҳлилий чиқишлар қилишади. Бундан таш­қари, муштарийни қизиқтирган ташхислар, касалликни бартараф этиш бўйича маслаҳатлари, кишиларни ташвишга солган муаммолар ечимига бағишланган қисқа, содда тилда битилган материаллари билан қатнашадилар.

— Хўжакўрсинга тиркалган ҳайъат аъзоси йўқ бизда! — дейди газетага муассис бўлган хусусий корхона директори Фар­ҳоджон Норматов. — Аввало, ҳайъат аъзолари ижодий имкониятларидан унумли фойдаланолмаётган бўлса, газета жамоасининг ўзи айбдор. Нашр учун жон куйдирмайдиган, таҳририят билан мунтазам алоқада турмайдиган ҳайъат аъзоси билан хайр­лашиш керак… Биз шундай қиламиз!

Қани энди, ана шу тамойилга барча таҳририятлар ҳам амал қилсалар!..

“Шифо-инфо”ни оммабоп-ҳаммабоп қилган жиҳатлардан яна бири халқ табобатига катта эҳтиром билан ёндашиши, назаримизда. Дейлик, бир касалликка қарши замонавий тиббиёт қандай курашади-ю худди шу дардга халқ табобати қандай ёндашади: ҳар икки тажрибага ҳам ёнма-ён, бақамти жой тақдим этилиши мумкин. Демак, жамоа тиббиётимизнинг янада юксак парвозлари учун баравар хизмат қиладиган бу икки қанотни бир-биридан асло айро тасаввур этмайди. Ва тўғри қилади!

Аслидаку, табобатнинг миллати йўқ. Аммо миллий табобат бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Акс ҳолда, Шарқ табобати, Ғарб табобати, Ҳинд табобати, Чин табобати, Турон, Тибет табобатлари деган сирли, фалсафий иборалар пайдо бўлмаган бўларди. “Шифо-инфо” уларнинг ҳар бирига катта ҳурмат билан ёндашади. Кейинги пайтларда бир ой давомидаги сонларини алоҳида бир халқ табобатига бағишлаб бораётгани ҳам ўқувчиларни мамнун қиляпти.

Ҳар бир сони қатидаги бирон бир касаллик ташхисидан тортиб даво жараёнигача бўлган жараённи ўзида жамлаган қўшимча саҳифа (вкладыш)лар ҳам ўқувчи учун ажойиб қулайлик. Зарурат туғилса ажратиб олиниб, китобча шаклида қўлма-қўл ўқилиши мумкин.

Ижодий жамоанинг газетанинг тили устида ишлаши, материалларнинг қизиқарли ва ўқишли чиқиши учун чекадиган заҳматлари борасида ҳам айтадиган гапларимиз кўп эди. Аммо мақола ҳажми билан боғлиқ андиша боис сўзни мухтасарроқ қилишга мажбурмиз. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун ҳеч бўлмаса, материалларга қўйилган сарлавҳалардан мисол келтирамиз. “Йўталиб кўрингчи… ёҳуд касалликни овозидан таниш…”, “Мен саратонни енгдим, енгилмадим”, “Узоқ яшашни истайсизми? Унда севинг!”, “Сиз “Шифо-инфо”ни ўқияпсизми? Демак…”.

Ажойиб, топилма сарлавҳалар, шундай эмасми?

Ҳа, “Шифо-инфо” асли тиббиётга бағишланган нашр. Лекин унда ўз чиқишлари билан иштирок этаётган муаллифлар силсиласини кўриб, “Шифо-инфо” ҳамманики – бутун халқники, дейиш мумкин.

Дарҳақиқат, газетанинг шакл­ланишида сиёсат, жамоат арбоблари, олиму уламо, шоиру шуаро, санъатимизнинг машҳур намояндаларидан тортиб, оддий қурувчи ва деҳқонгача ўз ҳиссаларини қўшишини кўриб, газета ҳақиқатан халқнинг суюкли минбарига айланганига ишонасан!

Одатда, шифоталаб инсон риёзат тортиб докторга боради. “Шифо-инфо” билан дўст тутунганлар эса ўзининг кўп касалликларини уйидан чиқмай ўзлари даволаши мумкин. Чунки газета билан мамлакатнинг энг машҳур докторлари, хозиқ табиблари ҳолингизни сўраб, уйингизга ўзлари “кириб келишади”. Бу гапни мен шахсий тажрибасидан ўтказган одам сифатида айтаяпман.

Каминанинг ҳам кўп йиллардан буён қийнаб келаётган дард­лари бўларди. Лекин қайси бир хозиққа олдин боришини билмай, йиллар ўтарди. Бир куни “Шифо-инфо”да чоп этилган “Тибет ламаларининг беш машқи”га кўзим тушди-ю мушкулимнинг кушодини топгандай бўлдим. Аввали Худо, лекин ана шу машқларга ҳам ихлос қилдимми, тез орада ортиқча бир пудча вазндан, эски дардларимнинг эса аксариятидан холос бўлдим…

Буларнинг барчаси учун ушбу газетанинг ажойиб олижаноб жамоасига айтолмаган раҳматларимиз ҳам бор.

Абдунаби Бойқўзиев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 14 =