Байроғимиз дунёни забт этаверсин!

Миллатимизнинг шаънини, қадр-қимматини, ғурурини ўзида мужассам этган муқаддас байроғимиз дунё минбарларидан мустақил ватанимиз шарафи бўлиб ҳилпирар экан, беихтиёр кўрганда қалбларда фахр-ифтихор туй­ғулари жўш уради.

Айниқса, фанда, маданият ва санъатда, спортда эришилган юксак ғалабалар орти янграйдиган мадҳиямиз ила баробар байроғимиз дунё байроқларидан сарбаланд келганда юракларни чексиз фахр-ифтихор олов бўлиб ёндиради. Бутун вужуд ширин титроқ ичра ҳаяжонга чулғанади. Жисминг руҳинг баробар юксалади.

Бундан 28 йил аввал 18 ноябрь куни  қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун тарихимизнинг олтин саҳифасига муҳрланган бўлса, эндиликда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ҳамжамиятларни бирлаштирган олий идора ҳамда ташкилотлар бошида ҳилпираб турибди. Мустақиллигимизнинг барҳаётлигини, абадийлигини бутун оламга кўз-кўз этмоқда. Аввалдан шундай, тарих силсиласида азалдан мавжуд бўлган, тақдир тақозоси билан бир муддат сояда қолган қадим Турон, буюк Туркистон, она Ўзбекистонимизнинг яна келажаги буюк бўлишига давлат рамз­лари асос яратади.

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб заминдан юксалиб кўкни тўлдириб ҳилпираётган байроғимиз шаънига ўзида фахр туйғуларини мужассам этган оташин нутқлар, жонпарвар шеър ва ҳузурбахш наволар янграмоқда. Кенг ва муҳташам спорт майдонларини, маданият саройларини, истироҳат боғларининг кенг ва ёруғлиги баробар тўлдириб, само узра майин тебранаётган байроғимиз давлатимиз фуқароларининг ифтихори бўлиб юрт кезмоқда.

Истиқлолимиз шарафи, миллатимиз мавжудлиги, элимиз фахри байроғимиз яшиллик, оқлик ва мовийлик билан бурканган. Бу ҳаётнинг абадийлиги, муҳими ўсиш-улғайиш, адолатни маҳкам тутиш, мусаффо осмонни асраш эканлигини ўзида акс эттирганини билдиради. Байроғимиз дунё турганича турсин, нафақат юртимиз, халқаро ташкилотлар биноларида ва яна ҳар бир миллатдошимиз юрагида, қалбида бўй кўрсатаверсин.

Иқбол Мирзо,

Ўзбекистон халқ шоири

Ўзбекистон  байроғи

Қалбимиз тўла сурур,

Тўтиё юрт тупроғи.

Ҳилпираб турар мағрур

Ўзбекистон байроғи.

Ранги – ҳаёт мисоли,

Юлдузлари, ҳилоли.

Мустақиллик тимсоли —

Ўзбекистон байроғи.

Гумбазларда, юксакда,

Пештоқларда, фалакда,

Кўнгилларда, юракда

Ўзбекистон байроғи.

Ифтихор дилимизда,

У йўлдош йўлимизда.

Юксалар қўлимизда,

Ўзбекистон байроғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × four =