Фироғийнинг ташрифи

Маълумотларга кўра, туркман халқининг донишманд шоири Махтум­қули – Фироғий қадимий Хива заминига илк бора 18-асрнинг 50-йилларида ташриф буюрган. Улуғ файласуф шоир орадан 200 йилдан кўпроқ вақт ўтгач, 1966 йили қадим воҳага яна “ташриф” қилган. Бу гал уни хоразмлик қардошлар ҳузурига асли Туркманистонда туғилиб, вояга етган ва воҳада қолиб ижод қилаётган шоир ва драматург Қурбонбой Матризоев (Қурбон Муҳаммад Ризо) бошлаб келади.

Вилоят мусиқали драма ва комедия театри саҳнасида намоён бўлган улуғ шоир сиймосини воҳалик санъат ва ижод аҳллари қизғин олқишлайдилар. Унинг нурли қиёфасини театрда ижод қилаётган таниқли актёр ва хонанда, Ўзбекистон халқ артисти Матёқуб Раҳимов яратган. Қ.Матризоевнинг “Махтумқули” деб номланган ушбу мусиқали драмаси кейинчалик номдор театр ижодий жамоаси намойиш этган энг сара ва мукаммал саҳна асарлари қаторидан жой олди ва тарих саҳифаларига ёзилди.

Улуғ шоир Махтумқули Хоразм театри саҳнасига истиқлол йиллари, аниқроғи, асримиз бошида яна бир бора қайтди. Истеъдодли актёр Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Комилжон Тожибоев тал­қинида саҳнага чиққан Фироғийни хоразмлик мухлислар яна қизғин олқишлар билан кутиб олишди. Спектаклни саҳнага такроран олиб чиқиш билан боғлиқ ижодий жараёнларга ёш режиссёр Жўрабек Рўзиматов, дирижёр ва бастакор Қодир Искандаров, рассом Баҳодир Бекмуродовлар бош-қош бўлишди.

Вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари, режиссёрлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳожи Ортиқов, етакчи саҳна устаси Одамбой Абдуллаев, рассом Ўғилжон Алимова, бош дирижёр Қодир Искандаров, балетмейстер Дилора Нурмоновалар яқинда қайта саҳналаштирилган “Махтумқули” спектаклининг янги талқинини хоразмлик мухлислар ҳузурида яна бир бора гавдалантирди. Унинг нурли қиёфасини бу гал театрнинг истеъдодли актёри Ҳикмат Матёқубов ёрқин намойиш этди. Ёш актриса Нодира Бекчонова асарнинг яна бир таниқли қаҳрамони Менгилхон, Зулфия Отаева — Оққиз, Жавлон Рўзиматов — Човдирхон сувратида намоён бўлдилар. Сўнгги 50 йилдан кўпроқ вақт мобайнида учинчи бора янгича шакл, янгича оҳанг ва янгича мазмунда саҳна юзини кўрган мазкур асарни театр мухлислари, ижодкорлар, театршунос ва саҳнашунос тадқиқотчилар қизғин кутиб олишди.

Тақдимот маросимида сўзга чиққанлар ижодий жамоани ушбу ютуқ билан самимий қутладилар. Бир пайтнинг ўзида ҳам актёр, ҳам хонанда қиёфасида намоён бўлиш саҳна қаҳрамонлари, қолверса, театр­нинг бутун жамоасидан юксак иқтидор ва салоҳият намуналари, катта ижодий меҳнат ва машаққатни талаб этади. Ижодий жамоа бу борадаги истеъдод ва маҳоратини ушбу мусиқали драма асарини томошабинларга тақдим этиш чоғида янада равшан намоён этгани театрнинг яна бир катта ютуғи сифатида эътироф қилинди. Айни пайтда айрим саҳнавий безак ва кўринишларни мухлислар дидига мос ва хос равишда янгилаш, ўзбек ва туркман халқларининг бой турмуши, маданий ва меъморий мероси намуналарини мўйқалам ҳамда турли тасвирлар, безаклар, жиҳозлар кўмагида кенгроқ акс эттиришга қаратилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди. Асар муаллифи Қ. Муҳаммадризо, театр директори Д.Иброҳимова ва бошқалар жамоанинг намунали ижодий салоҳияти, 80 йилдан зиёдроқ вақт мобайнида тўпланган бой тажриба ва анъаналар томошабинларнинг юксак дидига мос саҳна асарларини яратиш гарови эканини таъкидладилар.

Валий қиёфасидаги шоир ва файласуф Махтумқулининг муборак номи бутун ўзбеклар диёри, қолаверса, турк замини бўйлаб янада маълум ва маш­ҳур бўлишида хоразмлик ҳассос қамламкаш Қ.Муҳамадризонинг муносиб ўрни бор. Хоразм театри саҳнасида янгича сувратда яратилган ушбу спекатакл бу борадаги саъй-ҳаракатлар, хайру савоб ишларнинг яна бир ажойиб намунаси бўлди.

Абдулла Собиров,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × three =