Аҳмад бин Саид ал-Касирий: “Ўзбекистоннинг янги парламентини масъулиятли вазифалар кутмоқда”

Ўмон Султонлиги Ўзбекистоннинг араб оламидаги муҳим ҳамкорларидан бири саналади. 2019 йил юртимизда сайлов йили экани маълум. Ўмонда ҳам жорий йил 27 октябрь куни мамлакат парламентининг қуйи палатаси – Маслаҳат кенгашига (Мажлис ал-Шўро) сайлов бўлиб ўтди. Султонликнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад бин Саид ал-Касирийга сайловлар ҳамда ўзаро ҳамкорликка доир саволлар билан мурожаат қилдик.

— Элчи жаноблари, Ўмон Султонлиги сиёсий ҳаётида муҳим ҳодиса — Маслаҳат кенгашига (Мажлис ал-Шўро) сайлов якунлари ҳақида маълумот берсангиз.

— Маслаҳат кенгаши сайлови ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтди. Муҳим сиёсий тадбирда электорат – сайловчилар фаол иштирок этди. Ижтимоий келиб чиқиши, мавқеидан қатъи назар барча номзодлар иқтидори ва салоҳиятига кўра, муносиб овоз олди ва шу тариқа 2020-2023 йилларда фаолият олиб борувчи қуйи палата таркиби шакллантирилди.

Сайлов якунига кўра, Маслаҳат кенгашидаги 86 та ўриндан иккитасини аёл номзодлар эгаллади. 2015 йилда  611 907 сайловчи рўйхатга олинган бўлса, бу гал электорат 713 335 кишига етди.

Мен сайловолди кампанияси уюшқоқлик билан ўтказилганини таъкидлашни истардим. Бу гал олис ҳудудлар ва қишлоқлар аҳолиси ҳам алоҳида фаоллик кўрсатди. Ўмон халқи парламентдаги вакиллари орқали ўз хоҳиш-истагини намоён этишга жиддий эътибор қаратмоқда.  Аҳоли, шунингдек, эркин матбуот ва ижтимоий тармоқлар орқали ўз фикрини эмин-эркин билдирмоқда. Бу эса халқ ва бошқарув идораларини янада яқинлаштирмоқда.

– Хабарингиз бор, жорий йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайлов бўлиб ўтади. Юртимизда кечаётган сайловолди жараёни ҳақида қандай фикрдасиз?

— Албатта, мамлакатингиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараённи оммавий ахборот воситалар орқали кузатиб бормоқдамиз. Сайловолди кампанияси ўзгача кечяпти. Бу борада  “Янги сайловлар — янги Ўзбекистон” шиори танлангани ҳам бежиз эмас.

Менимча, янгидан шаклланадиган парламент аввалгисига қараганда мукаммалроқ бўлади. Депутатлар мамлакатда ва дунёда кечаётган ўзгаришлар билан қадам-бақадам юради. Сир эмас, демократик тартибларга кўра, сиёсат, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага доир муҳим чора-тадбирлар қонун йўли билан амалга татбиқ этилади. Масалан, айни пайтда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги борасида қизғин муҳокамалар кетмоқда. Бу каби халқаро ташкилотлар ва инс­титутлар билан робиталарни ривожлантириш борасидаги сўнгги сўзни барибир парламент айтади. Демак, янги таркибдаги Олий Мажлисни масъулиятли вазифалар кутмоқда.

— Ўзбекистон ва Ўмон ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолатини қандай баҳолайсиз?

— Тарихан Буюк ипак йўлида умргузаронлик қилган халқларимиз ўртасида азалдан савдо-тижорат алоқалари нашъу намо топган. Бугун эса бу борада янги имкониятлар очилмоқда. Яқиндан бошлаб Ўмон бозорида Ўзбекистонда етиштирилган ҳўл мева ва сабзавотлар сотилмоқда. Бу — тижоратни янада кенгайтириш йўлидаги дастлабки ва муҳим қадамдир.

2010 йилда Ўзбекистон ҳамда Ўмон томонидан қўшма инвестициявий фонд таъсис этилган эди. Ўтган йиллар давомида фонд томонидан маҳсулотларни қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш, банк соҳаларидаги кўплаб лойиҳалар молиявий қўллаб-қувватланди. Яқин истиқболда соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларга инвестиция киритиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга татбиқ этилаётган очиқлик сиёсати ва ислоҳотлар мамлакатга хорижлик, жумладан, ўмонлик инвесторларнинг қизиқишини оширмоқда. Масалан, бир гуруҳ ўмонлик сармоядорлар айни пайтда Фарғона водийси вилоятлари — Наманган ва Андижонда инвестиция киритиш имкониятини ўрганмоқда.

Яқинда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раҳбари билан учрашиб, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ривожлантириш учун “йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олдик. “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши муносабатлар ривожига янгидан туртки беради.

Хабарингиз бор, Ўмон Султонлиги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ­шунослик институти биноси қурилишида иштирок этди. Шу мақсадда Султон аълоҳазратлари томонидан грант ажратилди. Ушбу бунёдкорлик лойиҳаси биз учун алоҳида қадрли эканини таъкидлашни истардим. Зеро, кутубхонада сақланаётган нодир қўлёзмалар нафақат Ўзбекистон, балки бутун инсониятнинг маънавий бойлигидир.

Бухоро шаҳри 2020 йилда “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилингани бизни мамнун этди. Келгуси йил ушбу муҳим воқеа доирасида ташкил этиладиган анжуманларда албатта қатнашамиз.

Умуман, маданий-гуманитар соҳа, илм-фан, туризм — барча йўналишларда робиталаримиз мус­таҳкамланиб бормоқда.

– Жорий йил 12 апрель куни Ўмоннинг янги элчиси сифатида Ўзбекистон Президентига ишонч ёрлиғи топширган эдингиз. Ўтган муддат ичида юртимизда ўзингиз учун нималарни кашф этдингиз?

— Мен мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ Самарқанд, Бухоро, Термиз каби қадимий шаҳарларингиз ҳақида илк маълумотларни олганман. Олий ўқув юртидаги таҳсил даврида эса ушбу заминдан етишиб чиққан Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Бухорий, Термизий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби диний ва дунёвий илмларнинг пешқадам вакиллари, улуғ алломалар мероси билан танишганман.

Ўзбекистондаги дипломатлик фаолиятим давомида қадимий шаҳарларни зиёрат қилиб, тасаввурларимни ҳаётий таассуротлар ила бойитдим. Ўзбек хал­қи ўмонликлар каби меҳмондўст, очиқкўнгил ва юксак маданият соҳиби экан. Сирасини айтганда, халқларимизни боғлаб турувчи муштарак ришталар бисёр эканига амин бўлмоқдаман.

Собир Салим

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 7 =